Мақолалар

Қабрдан келган нидо

Пасқамгина дўнгликлардан иборат индамаслар олами. Бу олам шунчалик сокинки,  хокисор тупроқ устида юрган чумолилар ва бошқа ҳашаротлар ҳам бехавотир, ўз ташвишлари билан банд. Бу макон гапирмасдан насиҳат қилувчи, тошбағир қалбларни эритгувчи, маъсият ботқоғига ботган вужудларни огоҳлантирувчи макон. Бу дўнгликлар бағрида не-не азиз инсонлар мангу қўним топган.

Собир ака кўрган одамнинг сўқи кирадиган машинасидан тушаркан, иссиқ ҳавонинг тафти юзига урилди, тўлагина қўллари билан қуёш нурини тусди.

Қабристон ҳовлисига кираркан ҳайратдан тўхтаб қолди. Кўзлари билан отасининг қабрини излай бошлади. “Э, воҳ, отамнинг қабри қаерда?” Юраги тўрга тушган беданадек безовталанар, кўзлари қиблагоҳи қабрини ахтарар эди. Нарироқда гўр қазиётган гўрков амакидан, отамнинг қабри қаерда?- деб сўрашга ийманди. Дўппайиб турган қабрлар оралаб бораркан, қабртошдаги таниш чеҳрага кўзи тушди.

 – Ия, бу устоз Олимжон аканинг қабри-ку.

Қабр сомон сувоқ қилинган, оёқ томондаги арча ва яшнаб турган беш-ўн туп гуллар, ақли расо, оқибатли фарзандларидан далолат  бериб турибди. Қабртошдаги сиймо гўё фарзандларидан миннатдордек жилмайиб турарди.

Ногаҳон қўшни қабрга кўзи тушди-ю, қалби вайрон бўлди. Бел баробар ўсган ёввойи тикон ўтлар “ўтганни илиб оламан” деяётгандек, атрофга бўй чўзган. Пастроқдаги бир қулоч судралиб юрувчининг пўстини қўрқинчли тус олганди. Тиконлар ортидан кимдир мўралаётгандек. Собир ака тиконни оҳиста эгди.

– Эҳ, наҳотки?! Ахир бу Ғофир аканинг қабри...

Тошдаги чеҳранинг ортида қолганлардан норози бўлгандек қовоғи солиқ эди.

– Ҳа, пешонасига тушган бу ажинлар ортида фарзандлар учун чекилган    не-не машаққатлар тарихи яширин. Тиконларга тўр ёйиб пайт пойлаётган ўргимчаклар ваҳимали кўринарди.

– Э-э, аттанг... “Кўзингни ёғ босса, қабристонни зиёрат қил” деб бежиз айтишмаганда.

Девдек ўғлининг кўчани тўлдириб юриши, яна чойхонада ҳаммага насиҳат қилиши-чи...

Хаёллар оғушига берилди чоғи, беш-олти қадам наридаги қабрдан нидо келгандек бўлди ва беихтиёр ўгирилди.  Қабрни одам бўйи қуриб-қақшаган қамишлар қоплаган. Қушлар ҳам қўнишга қўрққандек узоқдан учишмоқда. Жувадек калтакесак пойлоқчидек атрофга боқмоқда ва тилини чиқариб ҳашаротларни овламоқда. Қамишларнинг қабрга қадалган томирлари мўъжазгина қамишзор оролини эслатарди.

– Э воҳ! Оқибат шу экан-да. Ўғил-қиз фарзанд кўрдим, қувончимнинг чеки йўқ, хурсандчилигимни тўкин дастурхон атрофида дўслар билан баҳам кўрдим. Фарзандларимнинг алпанг-талпанг қилиб юриб, бийрон тили билан “дадажон” деб гапиришларидан, қилиқларидан осмону фалакда сузардим. Елкамга кўтарганимда қиқирлаб кулишига маст эдим. Йиллар ўтган сайин кичкинтойларим вояга ета бошлади. Ҳеч кимдан кам бўлмасин деб кечки сменада ҳам ишлай бошладим. Бироз толиқсам-да, бўйим тенги ўғил-қизларимни кўриб барчасини унутардим.

Эсимда, костюмим униқиб кетганди. Ўғлим “дада, велосипед оберинг”, деганда ҳеч иккиланмай олиб бердим. Фарзандларимнинг бахти учун меҳнатга шўнғидим. Кетма-кет тўйлар, уй-жойлар, орзу-ҳаваслар... Йиллар шу тарзда ўтаркан, бир кун ойнага қарасам, соч-соқолимга оқ оралабди, қаддим дол, белдан куч-қувват кетган, кўз нурим хиралашган, юзимдаги ажинларни ушласам, бармоқларим қалтираётгандек... Элчи келганини ҳам сезмай қолибман.  Тўрт оёқли чубун отга солиб мени қабрга олиб келишди. Лаҳаднинг на туйнуги, на эшиги, на томи бор –зимистон.

Собир ака нидони тингларкан, қабр бошидаги эски тунукадаги ёзувни таниб, аъзойи бадани титраб кетди.

Қалбидаги тилига кўчди “Ахир, бу отамнинг қабри-ку”, дея ҳаяжондан уйғониб кетди. “Хайрият, тушим экан”, деб кўксига туфлаб қўйди.

 Нотушта қилаётганда болаларига “Бугун бобонгизнинг қабрини зиёрат қиламиз”, деди.

Ота қабридаги тикон ўтлар тозаланиб, паст тарафига  гул кўчатлар ўтқазилди. Кичкинтойларга отаси ҳақидаги хотиралардан сўзлаб берди. Тез-тез зиёрат қилишликни ният қилди.

Собир ака бугун яна туш кўрди. Тушида отаси “Балли ота ўғил, экканингни ўрасан”, деяётгандек жилмайиб турарди.

Ҳа, азизлар, бу ўткинчи дунёда барчамиз меҳмонмиз. Ўтганларимизнинг руҳларини шод қилишда кичикларга ўрнак бўлайлик.

 

Тойиржон ТУНГАТОВ

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4847 times

Мақолалар

Top