Мақолалар

Шарқ олимлари асарларида ҳадислар талқини

Қадимий Турон, Мовароуннаҳр, Туркистон ҳудудида яшаган аждодларимизнинг асрлар мобайнида яратиб, авайлабасраб келган ва келинаётган мифлари, эртак ва ривоятлари, термалар, достонлар, мақол ва маталлари, тўй ва сайил-ларда, йиғинлар, байрамлар ва сафарларда ижро этган қўшиқ ва лапарлари, маданият, маънавият, маърифатга оид бўлган жамики мерослари, урф-одатлари, анъаналари маънавиятимизнинг ривожланиши учун манба бўлиб хизмат қилиши шак-шубҳасиздир .

Шарқнинг кўплаб шоир-мутафаккирлари тасаввуф таълимотидан куч-озиқ олиб ижод қилдилар. Натижада кўпгина пандномалар, ҳикматлар ва бошқа камолотга ҳидоят қилувчи асарлар пайдо бўла бошлади. Кўп шоирларда дунёвийлик билан илоҳий, яъни ирфон қўшилиб зуҳур этди. Ҳофиз Шерозий, Саъди Шерозий, Камол Хўжандий, Жомий ва Навоий ижодида дунё гўзаллиги, илоҳий ҳусн-у жамолнинг давоми ва моддий ифодаси сифатида олиб қаралади. Навоий “Ҳамса”сида яхши одам ҳушахлоқ, одил ва оқилдир деб талқин қилади. Яхшиларнинг яхшиси – ер-у кўкни бир назар билан қамраб олган Баҳоуддин Нақшбанд ёки орифлар орифи Абдураҳмон Жомийларни комиллик тимсоли деб кўрсатади.

Шарқ оламининг ўзига хос тафаккури, тарбияси ва эътиқоди мавжуд бўлиб, бу асрлар давомида шаклланиб, равнақ топиб, мукаммал башарий тарбияга айлангани ҳеч кимга сир эмас. Бу тарбия ўзининг теранлиги ва ҳаётийлиги билан ҳам, бугунги кунда фақат Шарқ олами эмас, балки Ғарб олами педагогларининг ҳам диққатини ўзига жалб этмоқда. Зероки, Шарқнинг қайси бир аллома-файласуфи ёки имом ва муҳаддислари асарларини ўрганмайлик ва тадқиқ қилмайлик, албатта инсонни тўғри йўлга ҳидоят қилувчи, сабр-тоқатга ундовчи, киши кўнглига таскин ва ишонч бағишловчи теран маъноли сатрларни топамиз .

     Имом Исмоил ал-Бухорий ўзининг “Ал-адаб ал-муфрад” номли ахлоқ ва одоб масалаларига доир ҳадислар тўпламида:

عن ابي سعيد الخدري عن النبي عليه السلام قال: “خصلتان لا يجتمعان في مؤمن البخل و سوء الخلق

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки хислат мўмин кишида жам бўлмайди. Биринчиси бахиллик, иккинчиси бадхулқлик ”,-дедилар”.

Бу икки нарса, жуда ёмон нарсалардан. Биттаси бўлиши мумкин экан, бироқ иккови ҳам мўмин кишида жам бўлиши мумкин эмас. Демак, мўмин киши бахилликдан узоқлашиб, сахий бўлишга, бадхулқликдан узоқлашиб, ҳусни хулқ билан сифатланишга қаттиқ киришмоғи керак.

Алишер Навоий мана шу ҳадисни шундай талқин қилганлар:

Ҳирсдин кечгил ул ғинодурким,

Ҳадд-у ғоят эмас анга пайдо.

Тут қаноатки, ул эрур моле

Ки, ниҳоят эмас анга пайдо .

Яна бир ҳадисда:

عن أنس بن مالك قال: كان رسول الله صلى الله عليه وسلم يتعوذ يقول “اللهم إني أعوذ بك من الكسل وأعوذ بك من الجبن وأعوذ بك من الهرم وأعوذ بك من البخل

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга дуо қилиб, дангасалик, қўрқоқлик, қарилик ва бахилликдан паноҳ беришини сўрардилар ”.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари замирида инсонпарварлик, халқпарварлик, ватанпарварлик ғоялари устуворлик қилади. Бадхулқлик, бахиллик, золимлик, манманлик, такаббурлик цингари салбий хислатлар қораланади. Албатта бунинг замирида катта мантиқий маъно ётади.

Алишер Навоий сабр-қаноат хусусида шундай деганлар:

“Кимки сабр-қаноатни ўзига касб қилган бўлса, балки бу уни бой қилади.

Олтин-кумуш билан зеб-у зийнатларни бойлик деб билма, балки ҳақиқий бойлик сабр-қаноат олтинларидир.

 Қаноат олтини ҳеч қачон йўқолмайди, ана шу олтинни қўлга киритиб, шу орқали бойишга ҳаракат қил.

 Кулбада қаноат қилиб ўтирган дарвеш тамагир подшоҳдан афзалдир. Қаноат қилганнинг жойи иззат тахтидадир ”.

Ҳазрат Алишер Навоийнинг бу фикрлари эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу ҳадиси шарифларининг талқинидир:

عن ابن عمر عن النبي عليه السلام قال: “المؤمن الذي يخالط الناس و يصبر على اذاهم خير من الذي لا يجالط الناس و لا يصبر على اذاهم”.

Ибни Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

“Одамларга аралашиб, уларнинг озорларига сабр қилиб юрадиган мўмин одамларга аралашмай, уларнинг озорларига сабр қилмайдиган мўминдан афзалдир “.

Инсон иродаси кўп нарсага қодир бўлган кучли бир қуюндир. Ундан тўғри фойдаланиш ва ақл билан бошқара билиш катта аҳамиятга эга бўлиб, кўзланган мақсадга эришишга ишонч ҳосил қилдиради. Ваҳоланки, иродали кишилар ҳеч қачон шошма-шошарлик ва сабрсизлик билан иш бажармайдилар. Ҳар қандай ғам-ташвиш ва азоб-уқубатларни вазминлик билан ўтказадилар.

Алишер Навоий “Маҳбуб-ул қулуб”да ёзган: “Нодон эшак, балки эшакдан ҳам баттар. Эшакка нимани юкласанг кўтаради.Қаёққа ҳайдасанг ўша ёққа боради, унда ақл-фаросат даъвоси йўқ, бермасанг оч, берсанг тўқ. Бу бир бечорадур, юк ташувчи, ўтин, чўп ташувчи, балки ғалла ташувчи. Нодон – юқоридаги сифатлардан холи: зоти билим либосидан маҳрум. Нодоннинг иши такаббурлик, кеккайиш, хаёлида юз хил беҳуда ташвиш ”.

Адабиётимиз тарихида нодонлик деб аталмиш офатдан Аҳмад Яссавийчалик ранж чеккан шоир бўлмаса керак. Нодон -халқнинг кулфати, нодон – ўзига хос ёвузлик. Нодон – ақл жаллоди, деб билади. Мана шунинг учун Аҳмад Яссавий:

Дуо қилинг нодонларни юзин кўрмай,

Ҳақ Таоло рафиқ бўлса бирдам турмай.

Бемор бўлса нодонларни ҳолин сўрмай,

Нодонлардан юз минг жафо кўрдим мано .

-деб ёлворган.

Яссавий бу фикрга тўғридан тўғри келган эмас, у ўз ҳаётида бир қанча нодонларни кўрган. Улар билан муомала-ю муносабатда бўлган. Яссавий ана шундай калтабин ва худпараст кимсаларни нодон санабгина қолмай, ўзини  олимман деб, китоб ўқиб, маъносини уқмаганларни ҳам фикрсиз нодонлар деб билган. Ҳадисларнинг барчасида одамлар ҳаётларини илму маърифат асосида олиб борсалар доимо юксакликка эришишларига ишора қилинган. Нодон киши эса ўзига бино қўяди, қилган ишини миннат қилади, дўстман деб душманнинг ишини бажаради. Нодонга ошно бўлиб, кейин пушаймон қилма. Нодонлар андиша, сукут сақлашни билмайди, ўз тилини тиймайди, ўзларини ақлли билиб, ўзгаларга сўз бермайди, сирингни ошкор, ўзингни бадном қилади.

Илм инсон қалбини офтобдек ёритувчи ҳарорат манбайи. У инсонни қаро тупроқдан зар, буюк тоғлар бағридан маъдан, тубсиз денгизлар қаъридан жавоҳир олишга қодир этувчи қудратли воситадир. У инсонни юксакликка кўтариб, ўзга сайёраларга қадам қўйишига замин пайдо қилади.

Абу Лайс ас-Самарқандий ўзининг “Бўстон ул-Орифин” асарида келтиради: “Илм ибодатдан афзалдур, чунки у динни тутиб турувчидир. Билим олмоқ икки тоифага бўлинур, яъни бири қалбан илмга ташналикдур, бу фойдали илмдур. Бундай илм киши ҳаётини тоабад нурафшон қиладур. Иккинчи хилдаги илм эса фақат тилдагидир (яъни ўзини билағон қилиб кўрсатишдир), бу тоифадаги толиблар Тангри ҳузурида банда  бўлмоқликка далилдур”. Буюк мутафаккир ва донишманд шоир Огоҳий илмга катта эътибор бериб, бир ўринда:

“Илм андоқ ганжи нофеъдур бани одамға ким,

 Кимда ул бўлса , икки олам бўлур обод анго”, -деб келтирган эди.

Инсоннинг энг юксак фазилати бўлган камтарлик ҳам доимо эъзозланади, такаббурлик, манманлик пасткаш деб ҳисобланади .

عن عمر ابن شعيب عن ابيه عن جده عن النبي عليه السلام: “يحشر المتكبرون يوم الفيامة امثال الذر في صورة الرجال يغشاهم الذل من كل مكان يساقون الى سجن من جهنم يسمى بولس تعلوهم نار الانيار و يسقون من عصارة اهل النار”.

Амр Ибн Шуаъйбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мутакаббирлар қиёмат куни маҳшаргоҳга одам суратида қизил чумолига ўхшаш ҳолда келтирилади. Уларни ҳар тарафдан хорлик қоплаб туради. Уларни жаҳаннамдаги Бўлас деб номланган қамоқхонага ҳайдаб кетилади. Устларидан оловнинг шиддатлиси ёниб туради.Улар Дўзах аҳлининг йирингидан ичирилурлар”, – дедилар ”.

Бу дунёда ўзини катта олиб, мутакаббирлик қилиб юрганлар у дунёда бунинг акси ила жазоланар экан. Уларни маҳшаргоҳга кичкина қизил чумоли ҳажмидаги одам сифатида йиғилар экан.

Халқимизда эса: “Ким нима экса шуни ўради”, деган мақол мавжуд. Шу боис Аҳмад Дониш:

Сен отангга ҳарна қилдинг яхшилик,

Кут болангдан яхшиликка яхшилик,

-деса,

 Абдулла Авлоний эса:

Туғуб ташлов билан болъмас бола, бўлғай бало сизга,

Вужуди тарбият топса бўлур  ул раҳнамо сизга.

Темурчилар боласи тарбият топса бўлур олим,

Бузулса хулқи  Луқмон ўғли бўлса, бўлғучи золим,

-деб ёзади.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: ” إِنَّ أَكْبَرَ الذَّنْبِ أَنْ يَسُبَّ الرَّجُلُ وَالِدَيْهِ “، قِيلَ لَهُ: يَا رَسُولَ اللهِ، وَكَيْفَ يَسُبُّ الرَّجُلُ وَالِدَيْهِ ؟ قَالَ: ” يَسُبُّ الرَّجُلَ، فَيَسُبُّ أَبَاهُ، وَيَسُبُّ أُمَّه”.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Киши ўз ота-онасини сўкиши энг катта гуноҳдир”,-дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, киши ўз ота-онасини сўкадими?”- деб сўрашганда, Расулуллоҳ:  “У киши бир одамни сўкади, у одам ҳам аввал сўккан кишининг отасини ҳам, онасини ҳам сўкади”, – дедилар ”.

Ушбу ҳадиснинг моҳиятига эътибор берсангиз, қуйидаги хулосага эга бўласиз:

а) ўз ота-онасини қадрлаган киши ўзгалар ота-онасини сўкмаслиги ва ҳақорат сўзлардан ўзини сақлаши лозим;

б) инсонлар ўртасидаги муомала-муносабат қанча чиройли ва одоб доирасида бўлса, унинг ота-онаси ҳам шунча роҳат ва ҳурматда бўлади.

Яна бир ҳадисда ота-онага оқ бўлиш гуноҳи кабира экани баён қилинган:

عن عبد الرحمن بن أبى بكرة عن أبيه قال قال رسول الله صلى الله عليه و سلم :” ألا أنبئكم باكبر الكبائر ثلاثا قالوا بلى يا رسول الله قال الإشراك بالله وعقوق الوالدين وجلس وكان متكئا ألا وقول الزور ما زال يكررها حتى قلت ليته سكت”.

Абдураҳмон ибн Абу Бакра розияллоҳу анҳудан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки: “Гуноҳи кабираларнинг энг катта 3 тасини айтайми? – деб сўрадилар.  Айтинг ё росулуллоҳ, дедик. Атдиларки: Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, – ён бошлаган эдилар, ўтириб олдилар – огоҳ бўлинг, ёлғон гувоҳлик беришлик, деб қайтаравердилар, тўхтамадилар, шоядки сукут қилсалар дедим ”.

Демак ислом динида ота-онанинг ҳурматини жойига қўйиш бу иҳтиёрий иш эмас, кўпчилик ўйлаганидек, балки мажбурийдир ва бу учун Аллоҳнинг ҳузурида жавобгарлик қаттиқ бўлади. Исломдан бошқа ҳеч бир жамиятда ота-онанинг мартабаси бу даражада улуғланмайди.

جابر بن عبد الله  قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم من كان له ثلاث بنات يؤويهن ويكفيهن ويرحمهن

وجبت له الجنة البتة فقال رجل من بعض القوم وثنتين يا رسول الله قال وثنتين

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу  айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Кимнинг учта қизи бўлиб уларни ўз қўлида тарбия қилиб, катта қилса ва уларга марҳамат назари билан қараса жаннатга кириши албатта муқаррардир”, дедилар. Шунда бир киши: “Ё Расулуллоҳ!  Унинг қизи иккита бўлсачи?” – деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иккита бўлса ҳам “, дедилар. Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, оиласида икки ва ундан ортиқ қиз туғиладиган  кимсалар   баъзан хотини ва бошқа оила аъзоларига тазйиқ ўтказиши нотўғридир.   Аксинча, кўп қизлари бор хонадонда одоб-ахлоқ меъёрлари тўғри йўлга қўйилса, уларга марҳамат назари билан қараб тарбия қилинса, улар кўп катта савобларга эга бўладилар.  Боиси, ҳар бир қиз эртанги кунда бир оиланинг бекаси бўлади. Одоб-ахлоқли ва яхши тарбия кўрган қиз шу хонадонни обод қилади, оила аҳлининг мақтов ва олқишларига сазовор бўлади. Бу эса икки оиланинг яқинлиги ва дўстлигини оширади.

Нафс ва унинг бадкирдорлиги ҳақида Сўфи Оллоёр “Сабот ул-ожизин” асарида қуйидагиларни келтиради:

Кел, эй кас, бўлма акнун тобий нафс,

Сўлур ахшом сафо бу гардани ғафс .

Ҳама тоатларинг хуби-ю софи,

Яқин билсанг эрур нафснинг хилофи.

Алломаларимизнинг юқоридаги фикрларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  қуйидаги ҳадислари асос бўлган:

عن ابي هريرة عن النبي علبه السلام قال: ليس الغنى عن كثرة العرض و لكن الغنى غنى النفس

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бойлик матоҳнинг кўплигида эмас, бойлик нафснинг тўқлигидадир ” дедилар”.

Шунинг учун инсоннинг биринчи вазифаси ўз нафсини жиловлаб олиш лозим. Қаноат ва саховат, ҳиммат ва ботиний фақр билан инсон ўзининг улуғлигини карамли қилиб яратилганлигини англаса, энг айёр душмани нафси эканлигини англайди.

“Киши учун саломатлик керак, мол-дунё эса топилади,

Қушга ҳаёт керак, дон эса топилади.

Инсон тирик бўлса, унинг тилаги равшандир,

жон ва бош омон бўлса, орзу яқиндир”.

(Юсуф Хос Ҳожиб).

“Хушҳаёт омили бешга етади,

Барча доно шунга қилур ишорат.

Соғлиг-у омонлик ҳам, фаровонлик,

Яхши суҳбатдош дўст , дилга фароғат “.

(Абдураҳмон Жомий)

Бир сўз билан айтганда, халқимизнинг азалий одати болаларни одобли қилиб тарбиялаш эканлигини унутмаслигимиз лозим. Бунинг учун сабр-қаноатли бўлиб, ҳаётнинг аччиқ чучугига бардош берадиган, садоқат билан оила тутадиган одамлар керак. Ана шунда фарзандларини ақлли, ахлоқ-одобли қилиб тарбиялайди. Сабрли кишида меҳр-мурувват, инсоф-диёнат мавжуд бўлади. Бойликка учмайди, турли-туман сўзларга бардош билан чидайди.Инсоннинг фазилати ҳам ана шундадир.   Аждодларимиз меросидан ҳар бир ахлоқий қоида кишиларга маънавий комилликка ва бахт-саодатга эришиш ҳақида сабоқ беради. Ўн гўзал хислат: ҳаё, мурувват, садоқат, тавозе, меҳнат, сахийлик, омонатга вафо, адолат, юмшоқ феъллик, шижоат одамга бахт-саодат келтиради. Ҳасад, адоват, бахиллик, хиёнат, такаббурлик, ёмонлик, мунофиқлик, чақимчилик, жоҳиллик ва ялқовлик эса одамларни фалокатга судрайди. Ҳикматлар, ҳикоялар, мақоллар ва маталлар, эртаклар ва достонларнинг ҳаммасида инсон нақадар улуғ зот эканлиги, оламнинг обод ва гўзаллиги, унинг ақл-идроки, тафаккури, амалий фаолиятига боғлиқлиги таъкидланади. Энг асосийси эса алломаларимиз асарларидаги ушбу тушунчалар негизида динимиз асослари бўлган Қуръон ва ҳадис ётади.

Робия САИДХОНБАЛОВА

«Хадичаи Кубро» ўрта махсус ислом билим юрти

талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4644 times

Мақолалар

Top