Мақолалар

Ғафлатда қолманг: тақдирлар, қисматлар белгиланадиган кеча яқинлашмоқда

Дастлаб, Бароат сўзи ҳақида тўхталиб ўтсак. Хўш, Бароат сўзи қандай маънони англатади? “Бароат” сўзи араб тилида “озод бўлиш”, “нажот топиш” деган маъноларни англатади. Бу кечанинг бароат, яъни нажот топиш, озод бўлиш кечаси дея номланишига сабаб, унда Аллоҳ таолонинг раҳмати сабабли беҳисоб инсонлар дўзахдан нажот топадилар. У Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасига тўғри келади.

Бароат кечаси қандай кеча?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Эй Ойша) бу кеча қандай кеча эканини биласизми?” дедилар. Мен: “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ”, дедим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ азза ва жалла бу кеча Ўзининг бандаларига раҳмат назари билан қарайди ва мағфират сўровчиларни мағфират қилади, раҳм сўровчиларга раҳм қилади, дилларида мусулмонларга нисбатан гина, адоват сақловчи кишиларни қандай бўлса, шундай ҳолатда қўйиб қўяди”, дедилар.

Бу кечада нималар содир бўлади?

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Бу кечада (шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида) нималар бўлишини биласизми? дедилар.

Оиша розияллоҳу анҳо: “Ё Аллоҳнинг Расули, бу кечада нималар бўлади?” дедилар.

У зот: “У кечада Одам болаларининг бу йилда туғиладиганлари ва бу йилда вафот этадиганлари ёзилади ва у кечада уларнинг амаллари кўтарилиб, ризқлари нозил бўлади”, дедилар. 

Бу кеча гуноҳлар мағфират қилинади.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси дунё осмонига (Ўзининг шаънига мувофиқ) тушади ва Аллоҳга ширк келтирган ва қалбида гина, кудурат бор кишидан бошқа барчани мағфират қилади”.

***

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида раҳмат назари билан қараб, ширк келтирувчи ва қалбида бирорта мусулмонга нисбатан гина-адоват сақловчи кишилардан бошқа барча махлуқларини мағфират қилади”.

***

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси Аллоҳ таоло бандаларига раҳмат назари билан қарайди. Иккита шахсдан бошқа барчани мағфират қилади: бири гиначи, бошқаси ноҳақ одам ўлдирувчи”, дедилар. 

Бу кеча дуолар қабул бўлади.

Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қачон Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, бас, (Аллоҳ таоло тарафидан) бир нидо қилувчи нидо қилади: «Бирорта мағфират сўровчи борми, Мен уни мағфират қиламан! Бирор нарса сўровчи борми, Мен унга бераман”, дейди. Шу вақтда ким (қалбидан) сўраса, унга (ўзининг шаънига мувофиқ) берилади. Зинокор ҳотин ва мушрикдан бошқа (Булар ўзларининг ёмон амаллари сабабидан Аллоҳ таолонинг неъматидан маҳрум бўлгандирлар).

***

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бизга шу гап етдики, беш кечада дуолар қабул қилинар экан: жума кечаси, ийдул азҳо кечаси, ийдул фитр кечаси, Ражаб ойининг аввалги кечаси ва Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси”. 

Бу кеча одамлар дўзахдан озод қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Жаброил алайҳиссалом менинг олдимга келиб, айтдилар: “Бу Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ таоло бу кечада кўп одамларни дўзахдан озод қилади. Уларнинг адади Калб қабиласи қўйларининг жунларидан ҳам зиёда бўлади. Фақат бу кечада Аллоҳ таолога ширк келтирган, гиначи ва қариндошлик алоқаларини узувчи, изорини (манманлик билан) тўпиғидан пастга тушириб юрувчи, ота-онасига оқ бўлувчи ва хамр ичувчи кишиларга раҳмат назари билан қарамайди”. 

Бу кеча қандай амалларни бажариш лозим?

  1. Хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан адо этинг;
  2. Тавба ва истиғфор айтишга эътибор қилинг;
  3. Ўзингиз ва барча уммат учун хайрли дуолар қилинг;
  4. Тоқатингиз етганича зикрлар, нафл ибодатлар, Қуръон тиловати қилинг;
  5. Имкон топсангиз Шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутинг. 

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қачон Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар. Чунки ўшанда Аллоҳ қуёш ботиш пайтида дунё осмонига тушади ва то тонг отгунича: “Қани, истиғфор айтувчи борми, уни мағфират қиламан. Қани, ризқ сўровчи борми, унга ризқ бераман. Қани, балога учраган борми, унга офият бераман. Қани фалон, фалон” (дейди) дедилар (Имом Ибн Можа ривояти). 

Бу кечани бедор ўтказганга жаннат вожиб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бешта кечани бедор ўтказса, жаннат унга вожиб бўлади – тарвия, арафа, қурбонлик, фитр ва Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаларидир”, дедилар.

Аллоҳ таоло бу ойда холис ниятлар ила қиладиган жамики амалларимизни қабул қилсин. Ўзи дуоларни ижобат қилувчи ва гуноҳларни мағфират қилувчи Зотдир.

 

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4883 times

Мақолалар

Top