Мақолалар

«Қайғу чекса, йигит киши чол бўлар». Махтумқулининг ғамгин тақдири

Бизда Алишер Навоий, қозоқларда Абай, тожикларда Абдураҳмон Жомий қанчалик улуғланса, туркманларда Махтумқулининг шунчалик ҳурмати баланд. Аслида адабиёт миллат танламайди, бу буюк ижодкорларнинг бари бугун умуминсониятнинг фахрига айланган. Уларнинг шеърларини дунё ҳамжамияти ўзиникидай қабул қилади. Жумладан, биз ҳам. Айниқса, Махтумқулининг «Намасан?», «Айрилдим», «Ошиқ бўлмишам», «Устодингдан айрилма», «Кўринг» сингари шеърлари Комилжон Отаниёзов, Бобомурод Ҳамдамов, Ортиқ Отажонов каби ардоқли санъаткорларимиз томонидаи маромига етказиб ижро этилгани туфайли халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.

Ҳар йигитнинг аслин билай десангиз,

Маракада ўтур-туришин кўринг.

Биров билан ошно бўлай десангиз,

Аввал иқроринда туришин кўринг.

Махтумқули ҳаёти ҳақида икки оғиз маълумот.

Мутафаккир шоир 1733 йилда Туркманистонга қарашли Ҳожи-говшан қишлоғида дунёга келган.  У оилада учинчи ўғил бўлиб, бўш вақтларида пода боқиб, отасига кўмаклашган Махтумкули 9 ёшидан шеър ёзишни машқ қила бошлайди. Кейинчалик у Бухоронинг Кўкалдош, Хиванинг Шерғозий мадрасаларида таҳсил олган.

Туркман халқи тарихининг энг нотинч ва оғир даврида яшаб ўтган Махтумқули оилавий ҳаётда ҳаловат топмаган. Ўша даврда Човдурхон бошчилигида Афғонистонга вакил қилиб жўнатилган акалари Абдулла ва Муҳаммадсафо шафқатсизларча ўлдирилади. Катта хонадоннинг рўзғор юки Махтумқули елкасига тушади. У мударрислик қилиш, ота-бобосидан мерос ёначилик касбини давом эттириш билан бирга, темирчилик ва заргарлик ҳунарларини ҳам эгаллайди. «Гўзал Шерғози» шеъридан маълум булишича, у Хивада таҳсил олаётган даврида бирин-кетин отаси ва онасидан жудо бўлган.

Унинг муҳаббат қиссаси ҳам эртакнамо тугамаган. Махтумқули Менгли исмли қиз билан болаликдан бирга ўсиб, икки ёш бир-бирига кўнгил қўйган. Адабиётшунос олим А. Ҳамдамовнинг ёзишича, шоирнинг отаси ва икки акасининг бевақт ўлими оилани моддий жиҳатдан оғир аҳволга солиб қўйган. Махтумқулининг қалин пулини тўлашга қурби етмаслигини билган Менглининг акалари сингилларининг розилигини ҳам сўрамай, уни бошқага узатиб юборишган экан. Қиз ночор қон йиғлаб, бошқа оилага келин бўлиб тушади. Бунинг устига, қадимий урф-одатга кўра, Махтумқулини катта акасининг бева қолган хотини Оққизга никоҳлаб қўядилар. У Оққиздан икки ўғил кўради. Аммо бир ўғли 7 ёшида, иккинчиси 12 ёшида вафот этади. Аввал акалари, ота-онасидан, севгилисидан, кейин нуридийдаларидан жудо бўлган шоир чуқур қайғуда қолиб, бутун умрини бадиий ижодга бағишлайди. Баъзи тадқиқотчиларнинг таъкидлашларича, шоирнинг ўзига Фироғий тахаллусини танлаши айни шу жудоликлар билан боғлиқдир.

Энди шоир шеъриятига қайтсак. Унинг шеърларида панд-насиҳат руҳи билан бирга, халқ нақллари, мақолларидан фойдаланиш ҳолатлари ҳам учрайди. Қолаверса, ҳаёт ҳақиқатлари юмор тилида баён этилган ўринлар ҳам мавжуд. Мисол учун, мана бу сатрларга эътибор беринг:

Юз номард жойини босмас бир марднинг,

Чекар ташвишини мард элу юртнинг.

Қилган қилиғини кўринг номарднинг

Жангми дея қочар туман учраса...

Мард кутар меҳмонни очиқ юз билан,

Номард қочиб қолар меҳмон учраса...

Шоир ижодида мард ва номард образи етакчилик қилади. Унинг фикрича, мард одам барча яхши фазилатлар эгаси, номард эса иккиюзламачи, ёлғончи, маккор...

Яна бир гап. Махтумқули улуғ башоратчи тимсолида ҳам намоён бўлади. У бир шеърида шундай ёзган:

Парвардигор Ўзи – фақирга паноҳ!
Ул кимдир, бўлмагай тилида сано?!
Қайси юртда агар кўпайса зино,
Ерлари қимирлаб, ларзона келгай.

Махтумқули, турсам сўзим сочмоққа,
Англамаслар шайланади қочмоққа,
Қайси халқ кўникса шароб ичмоққа,
Юртда ўлат тарқаб, вайрона келгай!.

Хулоса шуки, Махтумқули нафақат туркман шоири, балки умуминсониятни эзгу йўлга чорловчи улуғ мутафаккирдир. Баъзан у ўз китобхонларига панд-насиҳат қилса, баъзан безиён эркалаб қўяди. Мана бу сатрларида шу руҳни сезиш мумкин:

Кел, эй дўстим, чекма қайғу-ғамни сен,
Оқтирмагил кўзларингдан намни сен,
Бу дунёда ғанимат бил дамни сен,
Қайғу чекса, йигит киши чол бўлар.

Зуҳал РЎЗИЕВА

Read 7065 times

Мақолалар

Top