Мақолалар

Ҳайрат ва ҳавас оғушида

Регистон. Қадимий ва ҳамиша навқирон бўлган Самарқанд фахри – Регистон кўплаб халқаро анжуманларга ошиён бўлган.У ер юзининг барча қитъаларидан келган сайёҳларнинг доимий  эътиборида.

Халқаро конференция қатнашчилари ҳам  бу муҳташам гўшага ташриф буюришди. Маҳобатли Шердор, Тиллақори ва Улуғбек мадрасаларини томоша қилаётган минглаб сайёҳлар қаторига улар ҳам қўшилишди. Дунёга не-не улуғ зотларни етказиб берган бу мўътабар маскан ҳар қандай кишида ҳайрат ва ҳавас уйғотади.

  • Самарқандга илк бор бундан 35 йил илгари келиб кетган эдим, – дейди Афғонистон Республикаси Иш берувчи ва ишчиларнинг миллий иттифоқи раиси муовини Ғулом Али Барёр. – Бу қадимий шаҳар ўша даврларда кўзимга мунғайиб, тарихий обидалар нурсиз аҳволда кўринган эди. Бугунги Самарқанд тароватидан эса қадимий аждодлар меросига бўлган ҳурматдан ақлим лол қолди. Регистонни асл ҳолатига келтиргунча озмунча муҳнат қилинмагани кўриниб турибди. Бу ердаги ободончилик, бунёдкорлик ишлари ўта нозик дид билан амалга оширилган. Самарқанд ҳақиқатдан ҳам инсон бир кўрмаса армонга айланадиган шаҳар бўлибди.

Тиллақори мадрасасида Хитой  Касаба уюшмалари халқаро бўлими мудири Ан Жин Хул билан мулоқотда бўлдик.

  • Ўзбекистонга биринчи марта ташриф буюришим, – дейди у. – Дунёда гўзал юрт ва шаҳарлар кўп, аммо улар орасида бу мамлакат менда бошқача таассурот қолдирди. Меҳмондўст, самимий, юзларидан нур ёғилиб турган одамлар билан учрашганимдан ҳаяжонимни яширолмаяпман. Бугун Регистонда туриб, юрагимга бир тилакни тугдим: келгуси гал Самарқандга ота-онамни ҳам олиб келаман. Улар бу ажиб диёрни кўриб ҳайратга тушиши аниқ.

Халқаро конференция қатнашчилари  бу ерда уч гуруҳга бўлинган ҳолда шаҳардаги Мирзо Улуғбек обсерваторияси, Хўжа Дониёр мақбараси, Сиёб бозори ва бошқа зиёратгоҳлар, тарихий масканлар, ишлаб чиқариш корхоналари ва маҳаллаларга йўл олишди.

Read 3621 times

Мақолалар

Top