muslim.uz
Она тарбияси – буюкликка йўлланма
Илм олиш динимизда улуғ ибодат саналади. Ислом дини жаҳолатга қарши илм-маърифат билан курашишга катта эътибор қаратган. Илк нозил бўлган ваҳийнинг “Ўқи” деб бошланиши сўзимиз далилидир. Ўқиш – илмнинг калити. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Ҳар бир мусулмонга илм талаб қилиш фарздир”, дедилар.
Динимизда дунё ҳаёти учун лозим бўлган барча илмларни ўрганиш фарз даражасига кўтарилган. Занжий ибн Холид раҳматуллоҳу алайҳ айтади: “Болалик чоғимизда Зуҳрийнинг ҳузурига кирган эдик, у зот бизга:” Илм талаб қилинглар. Шунда сиз дунёни истасангиз унга етишасиз, охиратни истасангиз ҳам унга етишасиз”, дедилар
Дарҳақиқат, дунёвий илмларни эгаллашга жидду жаҳд этмаган инсон ҳаётининг саодатли кечишини тасаввур этиб бўлмайди.
Аллоҳ таоло илм ўрганишга хотин-қизларни ҳам тарғиб этган. Негаки, жамиятнинг ярмини аёллар ташкил этади. Уларни илмсиз қолдириш жамиятни илмсиз қолдириш демакдир. Чунки келажак авлод тарбияси хотин-қизларнинг қанчалик маърифатли эканига боғлиқ. Улар илмли бўлса, келажак авлод ҳам билимли бўлади. Улар одобли бўлса, келажак авлод ҳам одобли бўлади. Бир одам донишманднинг олдига бориб: “Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Иккаласини ўқитишга қурбим етмайди, фақат биттасини ўқитишга имконим бор, қайси бирини ўқитай?” деб сўрабди. Донишманд унга: “Қизингни ўқит, чунки у келажакда фарзанд тарбия қилади. Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг, бутун жамиятни ўқитган бўласан”, деб жавоб берган экан.
Ана шу ҳикоятнинг исботи кўзи ўнгимизда: қанчадан-қанча алломаларни оналар тарбиялаганига барчамиз гувоҳмиз.
Жамиятимизнинг салоҳияти ва равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанади. Қайсики, жамиятда илмга ташналик сусайса, илм ўрганишга эътибор камайса, ўша жамият тараққиётдан ортда қолиб, маънавий инқирозга юз тутади.
Ҳар бир жамиятнинг олимлари, зиёлилари, ота-оналар миллатнинг маънавий дунёси қашшоқланмаслигига, ахлоқи бузулмаслигига, сохта ва бузғунчи эътиқодлар, маданиятлар таъсирига тушиб қолмаслигига масъулдир. Фарзандларимизга мактабга бориб таълим олишнинг ибодат эканини билдиришимиз керак. Устоз, ўқитувчи ва мураббийлар ҳам ўзларига юклатилган бурч ва масъулиятни англаб, таълим-тарбияни пухта олиб боришлари даркор. Мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш ҳар бир ота-она ва устознинг зиммасидаги масъулиятдир. Болаларни ўз ҳолига ташлаб қўйиб, қаерда юргани, кимлар билан ўртоқлашаётгани, нималарга қизиқаётганидан огоҳ бўлмаслик яхшиликка олиб бормайди. Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий “Ҳайратул-Аброрда” зикр қилганидек:
Ҳар нафасинг ҳолидан огоҳ бўл,
Балки анга ҳуш ила ҳамроҳ бўл.
Ғафлат агар бўлса бу ишдин, даме,
Ким йўқ анингдек кишига мотаме.
Фарзанд тарбиясида, айниқса, она жонсарак бўлмоғи лозим. Илм бериш ва тарбия қилишда яхши гап манфаатли бўлади. Доно халқимиз: “Яхши гапга илон инидан чиқар, ёмон гапга пичоқ қинидан” дейди.
Электр чироқни кашф қилган Томас Эдисон болалигида мактабдан келиб онасига устоз бериб юборган мактубни тутқазди ва “Буни ўқитувчимиз сизга бериб юборди”, деди. Она мактубни ўқир экан, кўзларидан ёшлар оқди. Бундан хижолат ёш Томас хавотирга тушиб йиғининг сабабини сўради. Онаси меҳрибонлик ила жавоб берди: “Сенинг кучли қобилиятинг бор экан. Мана эшит: “Ўғлингиз ўта иқтидорли, мактаб унга ва унинг қобилиятига торлик қилади. Шунинг учун ўғлингиз уйида таълим ола қолсин!”. Шундай қилиб, Эдисон ўз уйида онасидан таълим-тарбия ола бошлади. Орадан йиллар ўтди. У лампочкани ихтиро қилди. Вақти-соати етиб онаси вафот этди. Онасининг вафотидан кейин олим онасининг нарсалари турадиган жавондан мактуб топиб олди. Анча йил ўтган бўлса-да, мактубни дарров таниди. Бу – ўша, мактабдаги устози ёзиб берган мактуб эди. Бир зум тарих оғушида қолган Эдисон хатни ўз кўзи билан ўқий бошлади. Унда бундай деб ёзилган эди: “Ўғлингиз ўта беақл ва қобилиятсиз бола. Эртадан бошлаб мактабга келмасин!”. Эдисон анча вақтгача йиғисини тўхтата олмади. Сўнг хотиралар дафтарига қуйидаги сўзларни битиб қуйди: “Эдисон ҳақиқатан калта фаҳм бола эди, бироқ онасининг гўзал тарбияси сабабли истеъдод соҳибига айланди”. Она тарбияси – буюкликка йўлланма.
Болаларимизни китоб ўқишга тарғиб қилиб, уларни китобхон, китобсевар қилайлик. Бир олим айтган экан: “Агар бирор қимматли нарсангизни ҳеч ким топа олмайдиган жойга бекитмоқчи бўлсангиз, китобнинг орасига солиб қуйинг, чунки бугунги одамлар китоб очмайдиган бўлиб кетди”.
Фақат интернет билан чекланиб, илмни юзаки ўрганмасдан, китоб мутоаласига ҳам эътибор қаратайлик. Фарзандларимизнинг илм маърифатли бўлишида энг катта масъулият биз ота-оналар зиммасида эканини зинҳор унутмайлик.
Озод НАЗАРОВ,
Самарқанд вилояти, Пастдарғом тумани бош имом-хатиби
Тани жонга тажовуз – осийлик
Инсонга берилган ҳаёт неъмати, муборак жисми-жони – Аллоҳнинг омонати. Зеро, Аллоҳ таоло яратган барча махлуқотлар ичида энг мукаррам ва азизи инсондир. Бу ҳақда У: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик...” (Исро, 70), деб хабар берди. Омонатга хиёнат қилувчи – Яратганга исён қилувчидир. Шу боис одам фарзандининг танасига тажовуз қилувчи барча зарарлар ҳаром қилинди. У хоҳ ақлига, хоҳ жисмига: қайси аъзосига зарар етказишидан қатъи назар гуноҳи азим деб ҳисобланди. Бандага гуноҳ саналган осийликдан сақланиш фарз ҳисобланади.
Эътибор қилсангиз, Қуръони каримда бандаларни ўзи ва бировларнинг яшаш ҳуқуқларига тажовуз қилмаслик тўғрисида:
“...Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара, 195); “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо, 29), деб бундай ноинсоний тажовузга қўл уришдан қайтаради. Ҳаёт неъматига тажовуз қилишдан сақланиш лозимлигини такрор-такрор таъкидлайди. Негаки, бу дунёда инсон учун ҳаёт неъмати мукофот қилиб берилган. Тирик жон учун ҳар бир олган ва чиқарган нафаси қанчалик бахт-саодат экани баён қилинган.
Ўз жонига қасд қилганларга нисбатан ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Бандам ўзини ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”, деганини Имом Бухорий раҳматуллоҳу алайҳ ривоят қилганлар.
Луқмони Ҳакимдан: “Сиз ҳаётни нима деб биласиз?” деб сўрадилар. У киши: “Агар фаразан курраи заминни айлантираётган ер ўқини менинг бошимга ўрнатса-ю етти қават ер бошим устида айланса, мен шу ҳолда ҳам яшаб турсам, вафот этганимдан яхшироқдир”, деб жавоб қилди.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳажжатул вадоъда:
“Эй одамлар, хоҳ ўзингизнинг, хоҳ бир-бирингизнинг қонингизни тўкишингизни Аллоҳ таоло сизларга ҳаром қилди;
Эй одамлар, бир-бирингизнинг мол-мулкингизга тажовуз қилишни ҳам Аллоҳ таоло сизларга ҳаром қилди;
Эй одамлар, ушбу арафа кунида одам ўлдириш ва бошқалар жонига қасд қилиш қанчалик ҳаром бўлса, мол ва жонингизга тажовуз қилиш ҳам шунчалик ҳаромдир”, деб жиддий огоҳлантирдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу каби муборак ҳадисларда ҳар бир инсоннинг яшашга бўлган ҳуқуқи муқаддаслигини ёритиб бердилар. Хусусан, бу қутлуғ насиҳат ила инсоннинг ўз жонига қасд қилиши ҳаром ва гуноҳи кабира эканини яна бир бор таъкидладилар.
Айнан шу ҳадисдан Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз умматларига нақадар меҳрибон бўлганлари, уларни гумроҳликдан, ақлсизликдан, ҳаёт неъматига беписанд бўлишдан қайтарганига гувоҳ бўламиз.
Ушбу ояти карима ва ҳадиси шарифларга амал қилган ҳолда юртимизда яшаётган барча мўмин-мусулмонларга тавсия қиламизки, Аллоҳ таолонинг тақдирига имон келтирганмиз, турмушда учрайдиган яхши-ёмон синовларга сабр-тоқат қилишга буюрилганмиз. Аллоҳ таоло ато этган ҳаёт неъматини зое қилмаслик фарз эканига ишонганмиз. Унутмаслик керакки, ҳар бир етган азият ва мусибат учун сабр-бардошимиз эвазига ажру савоблар ато этишига умид боғлаганмиз.
Ҳозирда адашган фирқалар ўзларининг нопок мақсадларига етиш учун пуч даъволар қилиб, ғаразли мақсадларини бажариш учун ўз жонига қасд қилган кимсани “шаҳид” деб эълон қилишлари фитна-фасод, кўрнамакликдан бошқа нарса эмас. Аслида бу ҳаракатлар негизига назар солсангиз онги паст кимсанинг ўз ҳаётига тажовуз қилгани, Аллоҳнинг амрига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига қарши бўлганини кўрасиз холос. Ўз жонига қасд қилиш муқаддас динига, она юртига, жамиятига кўр-кўрона душманликдир.
Аллоҳ таоло барчамизга берган ҳаётини яшашни, бу неъматга шукрона келтиришни насиб этсин. Имон-эътиқоддан жудо қилиб қўювчи балолардан Ўзи асрасин!
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилояти вакили
Ҳаёт – улуғ неъмат
Ҳаёт – инсоннинг тириклиги, атроф оламдаги ҳаракатни ҳис қилишидир. Инсон Аллоҳ таоло берган неъматларни бардавом ва зиёда бўлишини ҳоҳлайди. Ҳаётни қадрлаш – умрни савобли ишларга сарфлаш, Аллоҳ таолонинг олдида тавозели бўлишдир. Дунё ҳаёти ибодат, хайрли амалларни бажариш учун берилган фурсат. Аллоҳ таоло инсонга ана шу фурсатдан фойдаланиш учун унга ҳаёт берган. Ҳаётда Роббисини таниб Унинг амрларни бажариб яшаш ҳаётнинг шукридир.
Аллоҳ таолонинг беҳисоб наъматларига ношукрлик билан ҳаёт кечириш неъматларни инъом этувчи Аллоҳ таолонинг ғазабини уйғотади. Ҳаётнинг қадрини билмай, ўз жонига қасд қилган инсонни Аллоҳ таоло кечирмайди.
Суиқасд – Ислом динидаги энг катта гуноҳлардан бири саналади. Аллоҳ Қуръони каримда бундай дейди:
وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا (29) وَمَنْ يَفْعَلْ ذَلِكَ عُدْوَانًا وَظُلْمًا فَسَوْفَ نُصْلِيهِ نَارًا وَكَانَ ذَلِكَ عَلَى اللَّهِ يَسِيرًا
“Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир. Ким ҳаддан ошиб, зўравонлик билан шундай қилса, Биз уни дўзахга киритажакмиз. Бу Аллоҳ учун осон бўлган ишдир” (Нисо, 29-30).
Бу ояти каримадан мусулмон кишига ўзини ўлдириши ва кўра-била ҳалокатга отиши ҳаром экани маълум бўлади.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асарининг “Ўз жонига қасд қилиш ҳақида келган ҳадислар” бобида қуйидаги уч ҳадисни ривоят қилган:
عن ثَابِتِ بْنِ الضَّحَّاكِ رضي الله عنه ، قال : قَالَ النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم: «مَنْ حَلَفَ بِمِلَّةٍ غَيْرِ الإسْلامِ كَاذِبًا مُتَعَمِّدًا ، فَهُوَ كَمَا قَالَ ، وَمَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِحَدِيدَةٍ عُذِّبَ بِهِا فِى نَارِ جَهَنَّمَ»
رواه البخاري
Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким исломдан бошқа миллат номига қасддан, ёлғондан қасам ичса , у ўзи айтганидекдир. Ким ўзини темир билан ўлдирса, жаҳаннам ўтида ўша билан азобланади” дедилар;
عن الحسن حدثنا جندب رضي الله عنه في هذا المسجد فما نسينا وما نخاف أن يكذب جندب عن النبي صلى الله عليه و سلم قال جُنْدَب، عن الرسول، قَالَ: « كَانَ بِرَجُلٍ جِرَاحٌ فَقَتَلَ نَفْسَهُ، فَقَالَ اللَّهُ تَعَالَى: بَدَرَنِى عَبْدِى بِنَفْسِهِ، حَرَّمْتُ عَلَيْهِ الْجَنَّةَ » . رواه البخاري
Ҳасандан ривоят қилинади: “Жундуб розияллоҳу анҳу бизга шу масжидда сўзлаб берган эди – биз (буни) эсдан ҳам чиқармадик, Жундуб Набий солаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидан ёлғон гапиради, дея қўрқмаймиз ҳам. “У зот бундай дедилар: “Бир кишининг жароҳати бор эди. У жонига қасд қилди. Шунда Аллоҳ: “Бандам жони хусусида Мендан “илгарилаб” кетди. Унга жаннатни ҳаром қилдим, деди”;
عن أبي هريرة رضي الله عنه ، قَالَ صلى الله عليه وسلم : «الَّذِى يَخْنُقُ نَفْسَهُ، يَخْنُقُهَا فِى النَّارِ، وَالَّذِى يَطْعُنُهَا، يَطْعُنُهَا فِى النَّارِ »
رواه البخاري
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзини бўғ(иб ўлдирган)ган дўзахда ҳам бўғади. Ўзига санчган дўзаҳда ҳам санчади”, дедилар”.
Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ “Саҳиҳи Муслим” асарининг “Иймон китоби”да “Инсоннинг ўз жонига суиқасд қилиши улкан ҳаромлардан экани ҳақида боб”ида қуйидаги ҳадисларни ривоят қилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : (مَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِحَدِيدَةٍ فَحَدِيدَتُهُ بِيَدِهِ يَجَأُ بِهَا فِي بَطْنِهِ فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا وَمَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِسُمٍّ فَسُمُّهُ بِيَدِهِ يَتَحَسَّاهُ فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا وَمَنْ تَرَدَّى مِنْ جَبَلٍ فَقَتَلَ نَفْسَهُ فَهُوَ يُرَدَّى فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا) رواه مسلم
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ўзини темир асбоб билан ўлдирса, жаҳаннам оташи ичида ҳам ўзини абадул абад ўша темир асбобини қўлида тутиб, ўз қорнига уриб туради. Ким ўзини заҳар билан ўлдирса, жаҳаннам оташи ичида ҳам ўзини абадул абад ўша заҳарни қўлида тутиб, ундан ичиб туради. Ким ўзини тоғдан ташлаб ўлдирса, жаҳаннам оташи ичида ҳам ўзини абадул абад тоғдан ташлаб туради”, дедилар;
عَنْ يَحْيَىَ بْن أَبِي كَثِير أَنّ أَبَا قِلاَبَةَ أَخْبَرَهُ أَنّ ثَابِتَ بْنَ الضّحّاكِ أَخْبَرَهُ أَنّهُ بَايَعَ رَسُولَ اللّهِ صلى الله عليه وسلم تَحْتَ الشّجَرَةِ. وَأَنّ رَسُولَ اللّهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "مَنْ حَلَفَ عَلَى يَمِينٍ بِمِلّةٍ غَيْرِ الإِسْلاَمِ كَاذِبا فَهُوَ كَمَا قَالَ. وَمَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِشَيْءٍ عُذّبَ بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ. وَلَيْسَ عَلَى رَجُلٍ نَذْرٌ فِي مَا لاَ يَمْلِكُهُ". رواه مسلم
Яҳё ибн Абу Касирдан ривоят қилинади. “Абу Қилоба розияллоҳу анҳу хабар беради. Собит ибн Заҳҳок Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дарахт остида байъат қилганларида Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Исломдан бошқа миллат номи билан ёлғондан қасам ичса, у айтганидек бўлади. Ким бирор нарса билан ўз жонига қасд қилса, қиёмат куни ўша нарса билан азобланади. Киши мулки бўлмаган нарсада назр қилишга мажбур эмас”, дедилар;
عَنْ ثَابِتِ بْنِ الضَّحَّاكِ الْأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ وَأَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : َلَيْسَ عَلَى رَجُلٍ نَذْرٌ فِيمَا لَا يَمْلِكُ وَلَعْنُ الْمُؤْمِنِ كَقَتْلِهِ مَنْ قتل نَفْسَه بشيء عُذِّبَ به يوم القيامة مَنْ ادَّعَى دَعْوَى كَاذِبَةً لِيَتَكَثَّرَ بِهَا ، لَمْ يَزِدْهُ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ إلَّا قِلَّةً
رواه مسلم
Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Расулуллоҳу соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши эга бўлмаган нарсасида назр қилишга мажбур эмас. Мўминни лаънатлаб сўкиш уни ўлдириш кабидир. Ким ўз жонига бирор нарса билан қасд қилса, қиёмат куни ўша нарса билан азобланади. Ким “ўзида йўқ нарса билан” кўп кўрсатиш мақсадида ёлғон даъво қилса. Аллоҳ таола унга фақат йўқчиликни зиёда қилади. Ким фужур қасам ичса ҳам, ана шундайдир ”, дедилар;
عن أَبي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ: شَهِدْنا مَعَ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم خَيْبَرَ، فَقالَ لِرَجُلٍ مِمَّنْ يَدَّعِي الإِسْلامَ: هذا مِنْ أَهْلِ النَّارِ، فَلَمّا حَضَرَ الْقِتالُ قاتَلَ الرَّجُلُ قِتالاً شَديدًا فَأَصابَتْهُ جِراحَةٌ، فَقِيلَ يا رَسُولَ اللهِ الَّذِي قُلْتَ إِنَّهُ مِنْ أَهْلِ النَّارِ فَإِنَّه قَدْ قاتَلَ الْيَوْمَ قِتالاً شَدِيدًا، وَقَدْ مَاتَ، فَقالَ صلى الله عليه وسلم: إِلى النَّارِ قَالَ فَكادَ بَعْضُ النَّاسِ أَنْ يَرْتابَ؛ فَبَيْنَما هُمْ عَلى ذلِكَ إِذْ قِيلَ إِنَّهُ لَمْ يَمُتْ وَلكِنَّ بِهِ جِراحًا شَدِيدًا، فَلَمّا كانَ مِنَ اللَّيْلِ لَمْ يَصْبِرْ عَلى الْجِراحِ فَقَتَلَ نَفْسَهُ: فَأُخْبِرَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم بِذلِكَ، فَقالَ: اللهُ أَكْبَرُ أَشْهَدُ أَنّي عَبْدُ اللهِ وَرَسُولُهُ، ثُمَّ أَمَرَ بِلالاً فَنادى في النَّاسِ: إِنَّه لا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ إِلاّ نَفْسٌ مُسْلِمَةٌ، وَإِنَّ اللهَ لَيُؤَيِّدُ هذا الدِّينَ بِالرَّجُلِ الْفاجِرِ
رواه مسلم
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васалам билан бирга Ҳунайн ғазотида эканимизда у зот Исломдалигини даъво қилувчи бир кишини “Бу дўзах аҳлидандир”, дедилар. Урушда бўлганимизда ўша киши қаттиқ урушиб жонбозлик кўрсатди ва жароҳатланди. Баъзилар “Эй Аллоҳнинг Расули! Сиз ҳозиргина дўзах аҳлидан, деган одам бугун қаттиқ уришиб вафот этди” дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам: “У дўзахга (тушади)”, дедилар. Бу сўзларидан баъзи одамларда шак пайдо бўлишига оз қолди. Улар шу ҳолда туришганида “У киши вафот этмабди, лекин қаттиқ жароҳатланибди”, деб айтилди. Кеч кирганида у киши жароҳатига чидай олмасдан ўз жонига қаст қилди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар берилганида, у зот “Аллоҳу акбар, мен Аллоҳнинг қули ва расули эканимга гувоҳлик бераман”, деб, кейин Билол розияллоҳу анҳуга буюрдилар. У киши одамларга қарата: “Жаннатга фақат мусулмон нафсгина киради. Албатта, Аллоҳ таоло бу динни фожир киши билан ҳам қувватлаб қўяверади”, деб жар солдилар”.
Имом Темизий раҳматуллоҳи алайҳ “Заҳар ёки ундан бошқа нарсалар билан ўз жонига қасд киши ҳақида келган ҳадислар боби”да қуйидаги ҳадисларни ривоят қилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : (مَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِحَدِيدَةٍ فَحَدِيدَتُهُ بِيَدِهِ يَجَأُ بِهَا فِي بَطْنِهِ فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا وَمَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِسُمٍّ فَسُمُّهُ بِيَدِهِ يَتَحَسَّاهُ فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا وَمَنْ تَرَدَّى مِنْ جَبَلٍ فَقَتَلَ نَفْسَهُ فَهُوَ يُرَدَّى فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا)
رواه الترمذى
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ўзини темир асбоб билан ўлдирса, жаҳаннам оташи ичида ҳам ўзини абадул абад ўша темир асбобини қўлида тутиб, ўз қорнига уриб туради. Ким ўзини заҳар билан ўлдирса, жаҳаннам оташи ичида ҳам ўзини абадул абад ўша заҳарни қўлида тутиб, ундан ичиб туради. Ким ўзини тоғдан ташлаб ўлдирса, жаҳаннам оташи ичида ҳам ўзини абадул абад тоғдан ташлаб туради” дедилар”;
عَن عَن أَبِي هُرَيْرَةَ عَن النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِسُمٍّ عُذِّبَ فِي نَارِ جَهَنَّمَ وَلَمْ يَذْكُرْ فِيهِ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا
رواه الترمذى
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир санадда “Ким ўзини заҳар билан ўлдирса, жаҳаннам оташи ичида азобланади” дейилиб, у ривоятда “абадул абад ўша азобда қолиши” зикр қилинмаган.
Ўзини-ўзи ҳалок қилишдан Қуръони карим ояти қатъий қайтармоқди. Муҳаддисларнинг улуғлари Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ва бошқалар ривоят қилган ҳадисларда Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ-ойдин қайтармоқда. Уломаларимиз ўзини ҳалок қилишни энг катта гуноҳ дейдилар. Ҳатто бошқа кишининг жонига қасд қилишдан каттароқ гуноҳ дейдилар. Мусулмон киши ўзини ўлдириши эмас, балки ўзига ўлимни сўраши ҳам гуноҳ экани айтилган.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا يَتَمَنَّ أَحَدُكُمْ الْمَوْتَ إِمَّا مُحْسِنٌ فَيَزْدَادَ إِحْسَانًا وَإِمَّا مُسِيءٌ فَلَعَلَّهُ أَنْ يَسْتَعْتِبَ
رواه احمد
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз ўлимни талаб қилмасин! Агар яхши бўлса ўлими орқага сўрилиб яхшилиги зиёда бўлади. Агар ёмон бўлса эҳтимол тавба қилади”, дедилар”.
Хуллас, мўмин ҳаётни яхши кўрсин, яхшиликлар, солиҳ амал қилиш учун бу ҳаётни бир фурсат билсин!
Жалолиддин ХОЛМЎМИНОВ,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Зиё масканида маърифат тақдимоти бўлиб ўтди
2017 йил 5 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университетида Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулеповнинг “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” номли китобининг тўлдирилган қайта нашрининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон мусулмонлар идораси билан ҳамкорликда ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов, Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғли, “Мовароуннаҳр” нашриёти ходими Илҳом Маърупов ҳамда университет профессор-ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.
Мазкур тақдимотни ўтказишда ёшларни маънавий таҳдидлардан огоҳлик руҳида тарбиялаш ва уларни ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш борасида профессор-ўқитувчиларга услубий ёрдам бериш асосий мақсад қилиб белгиланган. Бинобарин, бугунги глобаллашув жараёнида ахборот хуружлари ҳар жиҳатдан инсон онги ва қалбини эгаллашга қаратилганлиги билан характерлидир. Айниқса, глобал тармоқ ҳисобланган интернет орқали бўлаётган таҳдидларнинг хавфи ва таҳдиди ортиб бормоқда. Бу таҳдидлардан ёшларни ҳимоялашда миллий мафкурани сингдириш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва бу борада маънавий-маърифий ишларни фаол олиб бориш лозимлигини тақозо этади. Ўтказилган тақдимот тадбири ҳам шу жиҳатга қаратилганлиги билан муҳим ва долзарбдир.
Тақдимот тадбирида сўз олганлар “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобининг тўлдирилган қайта нашри юзасидан фикр-мулоҳаза билдирар экан, асарнинг мазмун-моҳияти, унинг бугунги глобаллашув жараёнларида турли информацион таҳдидлардан ҳимояланишдаги ўрни ва аҳамияти ҳамда ёш авлод онгу шуурини ёт ғоя ва қарашлардан асраш, ҳимоялашда муҳим қўлланма эканилигини таъкидлаб ўтдилар.
Тадбир сўнгида мазкур китобдан тадбир иштирокчиларига ҳамда университет Ахборот-ресурс марказига тақдим этилди. Ўтказилган тақдимот тадбири диний-маърифий, шу билан бирга илмий қиймати юқори эканлиги билан аҳамиятлидир.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади