muslimuz
Шубҳалардан узоқ бўлмаслик - 60 қисм
Кўпчилик инсонлар баъзи тақиқланган нарсаларга сира эътибор бермайдилар, уларни бузишга ҳам бемалол журъат қиладилар. Бундай даҳшатли касалликка чалинганлар абадий ҳаётда ҳалок бўладилар.
Муолажа услуби
Бундай иллатнинг олдини олиш учун, аввало шубҳали нарсалар ва ҳаракатлардан сақланиш лозим. Чунки шубҳа ҳаромга олиб бориши мумкин. Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
سمعتُ رسولَ اللهِ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّمَ يقول : وأهوى النعمانُ بإصبعَيه إلى أُذُنَيه : إنَّ الحلالَ بيِّنٌ وإنَّ الحرامَ بيِّنٌ وبينهما أمورٌ مُشتبِهاتٌ لا يعلمهنَّ كثيرٌ من الناس فمنِ اتَّقى الشُّبُهاتِ استبرأ لدِينِه وعِرضِه ومن وقع في الشُّبهاتِ وقع في الحرامِ كالراعي يرعى حول الحِمى يوشكُ أن يرتعَ فيه ألا وإنَّ لكلِّ ملكٍ حمًى ألا وإنَّ حمى اللهِ محارمُه ألا وإنَّ في الجسدِ مُضغةً إذا صلُحتْ صلُح الجسدُ كلُّه وإذا فسدتْ فسد الجسدُ كلُّه ألا وهي القلبُ
“Ҳалол аниқ, ҳаром аниқ. Аммо уларнинг ўртасида шубҳали нарсалар бор. Кўп одамлар уни билмайдилар. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, дини ва обрўсини сақлабди. Ким тўсиқ атрофидаги чўпонга ўхшаб шубҳали нарсаларга ўралашиб қолса, унга тушиб қолади. Огоҳ бўлингларки, ҳар бир подшоҳнинг чегараси бўлади. Аллоҳнинг Ердаги чегараси У Зот ҳаром қилган нарсалардир. Огоҳ бўлингларки, танада бир парча гўшт бор. Агар у тузалса, бутун тана тузалади. Агар у бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлингларки, у қалбдир”, деганларини эшитганман» (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Аҳмад, Имом Доримий, Ибн Ҳиббон, Имом Байҳақий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда емоқ, ичмоқ, киймоқ, никоҳдаги ва бошқа ҳамма соҳалардаги нарсаларнинг ҳалол бўлиши қоидасини баён қилиб берганлар.
Имом Ибн Арабий раҳматуллоҳи алайҳии айтади: “Биргина ушбу ҳадиснинг ўзидан ҳамма аҳкомларни чиқариб олиш мумкин”.
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ эса: “Бу ҳадис ҳалол ва бошқа нарсаларни батафсил равишда ҳамда барча амаллар қалбга боғлиқ эканини ўз ичига олгандир. Шунинг учун ҳам барча аҳкомларни унга солиштириб кўриш мумкин”, деган.
Шунинг учун, қалб жисмга нисбатан подшоҳ кабидир, дейилади. Подшоҳдан яхши амр чиқса, фуқароларга яхши бўлганидек, юракдан яхши ниятлар чиқса, жисмнинг бошқа аъзоларига ҳам яхши бўлади.
Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.
Норозилик ва доимий шикоятлар - 59 қисм
Нафснинг яна бошқа касаллигининг белгиси – инсоннинг ўз ҳолатидан норозилиги ва бу ҳақда ҳаммага шикоят қилиши ҳисобланади. Бундай дардга чалинган одам ўзини сабрли деб билади-ю, аммо доимо ўз тақдиридан нолиган ҳолда бошқаларга шикоят қилиб юради ва буни ҳатто ўзи сезмайди ҳам.
Муолажа услуби
Бу касалликдан фақат Аллоҳ таолонинг раҳматига шукр қилиш орқали қутилиш мумкин. Инсон уни ўраб турган ҳамма нарсада Аллоҳ таолонинг буюк неъматларини кўришга интилиши лозим. Бу ҳақда Абу Усмон раҳимаҳуллоҳ: “Аслида ҳамма одамлар у ёки бу тарзда ҳаётидан норозилик билдирадилар ва тақдиридан шикоят қиладилар, лекин уларнинг барчаси ўзларини сабрли деб ҳисоблайдилар”, деган.
Яҳё ибн Муоз раҳматуллоҳи алайҳии айтади: «Қиёмат кунида фақирлик ва бойлик амаллар тарозисига қўйилмайди. Унда фақатгина сабр ва шукр бўлади. Ўша кунда уларга: “У камбағал эди, у бой эди”, демаслар, балки: “У сабр қилди ёки шукр қилди”, дерлар».
Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.
Мутакаббирлик - 58 қисм
Мағрур нафс – касалликка чалинган нафсдир. Бу иллат бир лаҳзалик завқ олиш истагида ва ўз хоҳиш-истакларини қондириш учун бошқаларнинг хоҳишларига зарар етказишда намоён бўлади.
Муолажа услуби
Шуни унутмаслик керакки, Аллоҳ таоло бойлиги билан одамларни камситувчи, уларга пастназар билан қарайдиган инсонларни ёқтирмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Қорун Мусо қавмидан эди. Бас, у (қавм)ларга кибр қилди. Биз хазиналардан унга калитлари бақувват жамоатга ҳам оғирлик қиладиган нарсаларни ато этган эдик. Ўшанда қавми унга: “Мағрурланмагин! Чунки Аллоҳ мағрурланувчиларни суймас”» (Қасос сураси, 76-оят).
Қорун Мусо алайҳиссаломга амакивачча эди. Тавротни яхши ўқиб, ўрганган бўлса-да, Сомирийга ўхшаб мунофиқ, ҳасадгўй ва мутакаббир эди. Бойлиги шу қадар беҳисоб эдики, хазиналарининг калитлари олтмишта хачирга юк бўларди. Аммо имтиҳон ўлароқ берилган мол-дунёси билан ғурурга кетди. Аллоҳ ва Мусо алайҳиссаломга осийлик ҳамда мутакаббирлик қилгани учун уни ер ютди. Аллоҳ таолонинг лутф ва эҳсонига ношукрлик қилган ва кибрга кетган инсонлар ана шу Қорунга ўхшатилади.
Демак, мўмин киши ўткинчи дунёнинг зеб-зийнатларига муҳаббат қўймаслиги, мол-дунёси билан одамларга мағрурланмаслиги, улардан ўзини устун деб билмаслиги керак экан. Балки ўз нафсини поклаш, ахлоқини сайқаллаш билан машғул бўлиши, қилган гуноҳларига афсус-надомат чекиши ва Аллоҳнинг олдида ҳар бир амали учун жавоб беришини унутмаслиги лозим. Ҳамиша ўз нафсини ҳисоб-китоб қилган, айб-нуқсонларини ёдидан чиқармаган инсоннинг қалби синиқ бўлади. Бундай бандада мағрурланиш, кибрланиш иллати йўқолади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзига хос ахлоқлари – доимо камтар ҳолда юрардилар.
Буюк олим Молик ибн Динор айтади: "Ғамгин бўлмайдиган қалб ҳалок бўлади, худди ҳеч ким яшамайдиган уйга ўхшайди".
Ато Сулаймонийдан: “Нима учун ғамгин кўринасиз?” деб сўрашганида, у киши: “Ахир ўлим – бўйнимдаги (аниқ йўлиқадиган) ҳақ нарса бўлса, қабр – уйим бўлса, Қиёмат куни ҳар бир амалим учун ҳисоб-китоб қилинсам, жаҳаннам кўприги эса ўтишим керак бўлган йўлим бўлсаю, шу ҳолда менинг ҳолим энди нима бўлишини билмай турсам, қандоқ маҳзун бўлмайин?” деб жавоб бердилар.
Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.
Халқаро мусобақада ўзбекистонлик қори қатнашмоқда
Шу йил 8-10 ноябрь кунлари Россия Федерациясининг Москва шаҳрида “XXI Москва Халқаро Қуръони карим тиловати” мусобақаси ўтказилади.
Мазкур мусобақада қатнашиш учун Россия пойтахтига Яқин Шарқ, Aфрика, Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёнинг 30 та давлатидан энг кучли қорилар етиб келган. Улар Қуръони каримни ёддан ўқиб бериш ва тажвид қоидаси асосида чиройли тиловат қилиш йўналишларида ўзаро беллашади.
Танловнинг асосий қисми 8-9 ноябрь кунлари Россия Федерациясидаги Москва жоме масжидида (Выползов кўчаси, 7) бўлиб ўтади.
Энг яхши ҳофиз 10 ноябрь куни соат 18:00 да “Космос” меҳмонхонасида XXI Москва халқаро қироат танловининг ёпилиш маросимида чиқиш қилади. Унда Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий, Шайх Равил Гайнутдин ва Ислом олами давлатларидан келган фахрий меҳмонлар қатнашади.
Мазкур мусобақада Тошкент ислом институти битирувчиси Ҳабибуллоҳ қори Олимжонов Ўзбекистон вакили сифатида иштирок этади.
Аллоҳ таоло Ватанимиз шаънини ҳимоя қилаётган Ҳабибуллоҳ қорига улкан зафар ва муваффақиятлар ато этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзини устун деб билиш - 57 қисм
Инсон ўз нафсини атрофидаги бошқа одамлардан яхшироқ деб ҳисоблаши нафс касаллигининг белгиси саналади.
Муолажа услуби
Кимки бу хасталикдан шифо топмоқчи бўлса, ўзини ҳам, нафсини ҳам доимо назорат қилишга одатлансин. Чунки ҳар бир нафс эгаси камчиликларини ўзи билганчалик бошқа ҳеч ким билмайди. Шунинг учун инсон бошқалар ҳақида ҳамиша яхши гумонда бўлиши ва ўзини улардан устун қўймаслиги лозим.
Гуноҳ ва камчиликларини ёдида тутиши, бошқалар ундан яхши эканига ишониши керак. Бобом менга Абу Абдуллоҳ Сижжий раҳимаҳуллоҳнинг ушбу сўзларини айтиб бергандилар: “Ўзингни ҳаммадан устун (фазилатли) деб ҳисобламасанг фазл эгасисан, ўзингни фазилатли деб билсанг, сенда ҳеч қандай фазл йўқ”.
Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.