muslimuz
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қарз олганларми?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қарз олганларми?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жуда зарур бўлган ҳолатдагина қарз олганлар. Масалан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда бўлганларида саҳобаларнинг биридан қарз олганлар. Мадинадага қайтганларида дарҳол қарзларини қайтариб, саҳобанинг ҳаққига: “Аллоҳ молингга ва ақлингга барака берсин”, дуо қилганлар ва “Қарзнинг ҳаққи – уни қайтариш ва Аллоҳга ҳамд айтиш”, деганлар.
Бугунги кундачи? Қарз олган одамдан ялиниб ўз қарзингизни сўрайсиз, гўёки ундан ўз ҳаққингизни эмас, эҳсон сўраётгандек бўласиз. Борди-ю, қарзингизни қайтарса ҳам, худди сизга яхшилик қилаётгандек, қовоғини солган ҳолатда, сиздан раҳмат айтишни талаб қилгандек ўзини тутади. Аслида қарздор одам сизга ташаккур айтиши, ҳаққингизга дуо қилиши керак. Зеро, қарздор одамнинг одоби шундай бўлади.
Қарз берувчининг одоби
Қарз берувчининг одобларидан бири бу – қарзни талаб қилишда сабрли бўлишдир. Кунларнинг бирида бир бадавий араб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қарзини талаб қилиб келди-да, баланд овозда: “Эй Муҳаммад, қарзингни тўла, эй Абдулмутталиб қавми сизлар чўзиб юрувчи қавмсиз”, деди.
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қиличларини қинидан олиб: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу мунофиқнинг бўйнига уришимга рухсат беринг”, дедилар.
Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Умар сен менга қарзни гўзал тарзда адо этишни ва унга эса қарзни гўзал одобда талаб қилишни айтсангиз яхши бўларди”, дедилар.
Қарз талаб қилишда ҳам хушмуомала бўлиш лозим. Тўғри қарз берган одам талаб қилишга ҳақли саналади. Лекин ҳар бир ишда гўзал хулқли бўлиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатларидир.
Қарз беришнинг фазилати
Қарзни қайтариш, уни олиш каби оғирдир. Аммо қарз беришнинг савоби кўпдир. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: “Жаннатнинг эшигида садақа ўн баробар, қарз эса ўн саккиз баробар савоб билан мукофотланади деган ёзувни кўрдим”. Қарз бериш ана шундай фазилатли амалдир, чунки қарз беришда миннат бўлмайди.
Қарздорга муҳлат бериш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Бани Исроил қавмидан бир киши вафот этиди. Унинг қилган барча амаллари тарозида тортилди. Лекин бирорта солиҳ амали топилмади. Уни дўзахга ташламоқчи бўлишди. Аллоҳ таоло ундан: “Бирор яхшилик қилганмисан?” деб сўради. У “Йўқ, бирорта солиҳ амал қилмаган. Лекин одамларга қарз берганимда муҳлат берардим ва кечиб юборардим”, деди. Аллоҳ таоло унга: “Биз сендан кўра муҳлат беришга ва раҳм қилишга ҳақлироқмиз”, деди. Бой одам қарздорларга муҳлат бергани, қарзидан кечгани учун Аллоҳ ҳам унинг гуноҳларини кечириб юборди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким танг ҳолатда турган инсонга қарз муҳлатини чўзиб берса ёки уни кечиб юборса, Аллоҳ таоло қиёматда унинг ҳисоб-китобини осон қилади”. Бошқа ривоятда “Қиёмат куни Ўз арши соясида соялантиради”, деганлар.
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бирор кишига қарз берган бўлса, сўнг уни бироз муддатга узайтирса, кечиктирган ҳар куни учун унга садақа савоби ёзилади”, деганлар.
Тасаввур қилинг, сиз бир одамга 100 минг сўм қарз бергансиз. Қарзни қайтариш вақти келганда муҳтож одамга яна бир ой муҳлат берсангиз, сиз ҳар куни 100 минг сўмдан садақа қилганнинг савобига эришасиз. Сизга сабр қилганингиз учун берган қарзингиз миқдорича ҳар куни садақанинг савоби берилади. Бу қарз бериш, одамларга яхшилик қилиш ва сабр этишга бериладиган улкан ажр ҳамда мукофотдир.
Ким бу дунёда ҳам, охиратда ҳам рохат-фароғатда яшашни истаса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашсин. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: «Айтинг (эй Муҳаммад): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади”».
Даврон НУРМУҲАММАД
Жаноза намозида бажариладиган суннатлар
- Аллоҳга ҳамд айтиш:
“Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва таъала жаддука ва лаа илаҳа ғойрук”
“Аллоҳим! Сенга ҳамд айтган ҳолда Сени пок деб ёд этаман. Исминг муборакдир. Улуғлигинг юксакдир. Сендан ўзга илоҳ йўқдир!”
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга киришганда: “Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва таъала жаддука ва лаа илаҳа ғойрук”, дер эдилар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш:
“Аллоҳумма солли аъла Муҳаммадин ва аъла оли Муҳаммадин, кама соллайта аъла Иброҳийма ва аъла оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум мажийд. Аллоҳумма барик аъла Муҳаммадин ва аъла оли Муҳаммадин, кама барокта аъла Иброҳийма ва аъла оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум мажийд”
“Ё Аллоҳ, Иброҳим ва унинг оиласини раҳмат этганинг каби, Муҳаммад ва ул зотнинг оиласини ҳам раҳмат эт, Сен ҳамду мақтовга лойиқ улуғ Зотсан. Ё Аллоҳ, Иброҳим ва унинг оиласини муборак этганинг каби Муҳаммад ва ул зотнинг оиласини ҳам муборак эт. Сен ҳамду мақтовга лойиқ улуғ Зотсан”.
Саҳобалар розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Ё Расулуллоҳ сизга салавот айтиш қандай бўлади?” деб сўраганларида У зот алайҳиссалом: “Аллоҳумма солли аъла Муҳаммадин ва аъла оли Муҳаммадин, кама соллайта аъла Иброҳийма ва аъла оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум мажийд. Аллоҳумма барик аъла Муҳаммадин ва аъла оли Муҳаммадин, кама барокта аъла Иброҳийма ва аъла оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум мажийд”, деб айтинглар, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
- Дуо қилиш:
“Аллоҳуммағфир лиҳаййинаа ва маййитинаа ва шааҳидинаа ва ғоибинаа ва соғийринаа ва кабийринаа ва закаринаа ва унсанаа. Аллоҳумма ман аҳйайтаҳу миннаа фа аҳйиҳи аълал Ислам ва ман таваффайтаҳу миннаа фатаваффаҳу аълал ийман”
“Аллоҳим! Тиригимизни ва ўлигимизни, ҳозиримизни ва ғойибимизни, кичигимизни ва каттамизни, эркагимизни ва аёлимизни мағфират қилгин. Аллоҳим! Биздан кимни яшатсанг, Исломда яшатгин. Биздан кимни вафот эттирсанг, иймонда вафот эттиргин”.
Абу Иброҳим Ашҳалий отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маййитга жаноза намоз ўқисалар: “Аллоҳуммағфир лиҳаййинаа ва маййитинаа ва шааҳидинаа ва ғоибинаа ва соғийринаа ва кабийринаа ва закаринаа ва унсанаа”, дер эдилар».
Даврон НУРМУҲАММАД
Қачон қарз олиш мумкин? (1 қисм)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар омонликда бўлсангиз ўзингизни хавфга ташламанг” деган маънодаги ҳадисни айтгандилар, саҳобалар розияллоҳу анҳум: “Қандай қилиб, ё Расулуллоҳ?” дейишди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Қарз (олиб)”, деб жавоб бердилар.
Қарз
Қарз инсон ҳаловатини ва тинчини бузади. Кечалари ташвишга, кундузлари эса, хорликка сабаб бўлади. Шунинг учун мусулмон банда имкон қадар қарз олишдан сақланмоғи лозим. Қарздорлик оғир масъулият ва жавобгарликдир. Жобир розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зиммасида қарзи бўла туриб вафот этган одамга жаноза намози ўқимас эдилар. Бир маййит олиб келинди. Шунда у зот алайҳиссалом:
“Унинг зиммасида қарз борми?” дедилар.
“Ҳа, икки динор”, дейишди.
“Соҳибингизга ўзингиз жаноза ўқинг. Зиммасида қарзи бор одамга жаноза ўқимайман”, дедилар.
Бу ишдан саҳобалар қаттиқ ҳайратландилар. Шу пайт саҳобалардан бири: “Ўша икки динор менинг зиммамга, ё Аллоҳнинг Расули”. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у(маййит)га жаноза ўқидилар.
Аллоҳ таоло фатҳлар ато этганидан кейин, мусулмонлар бойликларга эга бўлишгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен ҳар бир мўмин учун унинг ўзидан ҳам яқинман. Ким қарз қолдирса, уни адо этиш менинг зиммамда”, деганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг қарзларини тўлашда ҳам отамиздан кўра меҳрибонроқ эдилар.
Набавий огоҳлантириш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир нарсани ўз номидан бошқа ном билан аташдан қайтарганлар. Бугунги кунда рибо бошқа ном билан, қарз эса бўлиб тўлаш, яна қайндайир хайрия ташкилотлари каби номлар билан аталмоқда. Лекин қандай аталмасин қарз бу – мажбурият, инсоннинг зиммасидаги оғир масъулиятдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қарздорликдан паноҳ сўрардилар
Ақлли инсон имкон қадар агар ўта муҳтож ёки зарур бўлмаса қарз олмайди. Афсуски бугунги кунда эса қарз олиш одатий ҳолатга айланди. Қарз бериш осонлашди, унинг турлари кўпайди. Ҳар қадамда, кўчаларда, ОАВ, ҳатто қўл телефонингизда ҳам “Ҳашаматли уйга, янги машинага эга бўлинг деган” қарз олишга тарғиб қилувчи рекламалар тўлиб-тошди. Аммо унутмангки, қарз фақатгина муҳтож бўлинган ҳолатда олинади. Лекин баъзи одамлар ортиқча нарсалар, ҳаттоки дам олиш, сайёҳатлар учун ҳам қарз олишмоқда. Инсон буларнинг барчасидан эҳтиёт бўлиши лозим.
Инсон имкон қадар борига қаноат қилмоғи лозим. Масалан, эҳтиёжини қондирадиган машинани ҳайдасин. Қимматбаҳо машинани қарзга олиш шарт эмас. Кейин зиммасидаги қарзларни узолмай қийналиб юради.
Агар қарздор бўлсангиз, уни узишга шошилинг!
Агар бир инсон қарз олишга ўта мажбур бўлиб қолса, қарз олаётганида узиш ниятида бўлиши шарт. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки бировдан қайтариб бериш ниятида қарз олса, Аллоҳ унга қарзини узишга ёрдам беради. Кимки молига талофат етказиш мақсадида олса, Аллоҳ унинг ўзига талофат етказади”, деганлар. Шунинг учун, қарздор қарзни яхши ниятда олиши лозим. Зиммасида қарзи бор одам Исломнинг рукни бўлган – ҳаж амалини адо этишга қарз олиб, эътибор беринг, ҳатто фарз ибодатни бажаришга динимиз буюрмаган. Балки қарзни узиш ёки қарз олган одамдан рухсат сўраш талаб этилади.
Бой одамнинг қарзни узмаслиги зулмдир
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бой (қодир) бўлатуриб қарзни кечиктириш зулмдир”, деганлар.
Ким қарзни қайтаришга имкони бўла туриб, қарзини узмасдан, қарз берган одамни “Худа хоҳласа бераман” деб сарсон қилса, унга зулм қилган бўлади. Бундай ҳолатлар бугунги кунда нафақат инсонлар, балки йирик ташкилот ва муассасалар ўртасида ҳам кўп кузатилмоқда.
Даврон НУРМУҲАММАД
Қабр зиёратида бажариладиган суннатлар
- Аввало ниятни тўғриламоқ, ихлос билан, холис Аллоҳ учун зиёрат қилиш.
- Таҳоратли бўлиш.
- Қисқа муддат бўлса ҳам дунё машғулотини тарк этиб, охиратни ўйлаш.
- Зиёратгоҳда виқор билан сокин юриш.
- Қабр аҳлига бундай салом бериш:
“Ассаламу ъалайкум, йа аййуҳал-қубур. Йағфируллоҳу лана ва лукум, антум салафуна ва наҳну бил-асари”
“Ассалому алайкум, эй қабр аҳли! Аллоҳ бизни ва сизларни мағфират этсин. Сизлар биздан олдин келгансиз, биз ҳам сизнинг ортингиздан келамиз”.
- Оёқ томонидан бориб, маййитга яқин ва юзма-юз ўтириш.
- Қабрни сийпаш, ушлаш, ўпиш ва айланиб тавоф қилишдан узоқ бўлиш.
- Қабр бошида “Ёсин” сурасини ёки ўзи билган бошқа сура, оятларни ўқиш.
Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ота-онаси ёки улардан бирининг қабрини ҳар жума куни зиёрат қилиб, “Ёсин” сурасини тиловат қилиб, унинг савобини уларга бағишласа, сурадаги ҳар бир сўз ва ҳарф ададича Аллоҳ таоло уларнинг гуноҳларини мағфират қилади”, дедилар (Имом Дайламий ривояти).
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўликларингизга “Ёсин” сурасини тиловат қилинг”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
- Ихлос сурасини ўқиш.
- Марҳумнинг яхши сифатларини эслаш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
- Қабрни босмаслик лозим. Қабр усти маййитнинг ҳаққидир. Қабр устидан ёки қабристон ичидан ўтиш зарур бўлса, тасбеҳ, таҳлил, такбир, дуо ва истиғфор айтиб ўтиш.
- Зиёратдан ибрат ва насиҳат олиб қайтиш.
Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жанозада ҳозир бўлганларида қайғулари ортар, ниҳоятда кам гапирар, фикр-мулоҳазага ғарқ бўлар эдилар” (Имом Ҳоким ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Мақтов-олқишга бўлган муҳаббат - 45 қисм
Одамларнинг мақтов (мадҳ, кўкларга кўтариш)лари ва сохта хушомадларига алданиш – қалб касаллигига чалинган одамларнинг “фазилати” саналади.
Муолажа услуби
Ҳар бир инсон ўзининг хато-камчиликлари ва қилган гуноҳларини бошқалардан кўра яхшироқ билади. Шунинг учун хушомад ва мақтовга алданиб қолмаслик учун ўз камчиликларини ҳеч қачон унутмаслиги керак.
Қолаверса, одамлар кимни қанчалик мақташмасин унинг қандай инсонлигини Аллоҳ таоло жуда яхши билади. Зеро, Аллоҳ таолога ҳеч нарса махфий эмас, У Зот яширин ва ошкора барча нарсаларни билувчидир.
Шундай экан, инсон доимо сохта мақтовларга учишдан эҳтиёт бўлсин. Одамларнинг олқишлари Қиёмат куни уни қилган гуноҳларига бериладиган жазодан, у кундаги шармандаликдан қутқариб қолмайди.
Маъруф Карҳий ўзгаларни ҳаддан ортиқ мақтайдиган одамларни огоҳлантириб бундай деган: “Тилингизни туҳматдан сақлаганингиздек, уни ортиқча ва ўринсиз мақтовдан ҳам сақланг”.
Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.