muslimuz
Шафоат ва унинг турлари
Шафоат – Аллоҳ таолога тазарру қилиб, ёлвориб ўзгага яхшиликни тилаш ва ундан ёмонликни дафь этилишини сўрашдир.
«Ким яхши шафоат қилса, ундан ўз насибаси бўлур. Ким ёмон шафоат қилса, ундан ўз насибаси бўлур. Аллоҳ ҳар бир нарсанинг баҳосини берувчи Зотдир» (Нисо сураси, 85-оят).
Бу ояти каримада яхши шафоатдан мурод мусулмонни ҳаққи риоя қилинган, ёмонликни ундан дафь этилгани шафоатдир. Ёки Аллоҳ таолонинг розилигини истаб мумкин бўлган ишларда бирор нарса олмай мусулмонга яхшилик келтиришдир. Ёмон шафоат яхши шафоатнинг аксидир (Замахшарий).
Аллоҳ таолонинг изнисиз қиёмат куни ҳеч ким гапираолмас, шафоат ҳам қилолмас.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Улар фақат У зот рози бўлган шахсларгагина шафоат қилурлар. Улар У зотнинг қўрқинчидан титраган ҳолда турурлар» (Анбиё сураси, 28-оят).
«У кунда Раҳмон унга изн берган ва сўзидан рози бўлганлардан бошқанинг шафоати фойда бермас» (Тоҳа сураси, 109-оят).
«Сен уларни яқинлашгувчи Кундан огоҳлантир. Ўшанда жонлар халқумга келиб, ғам-ғуссага тўлиб турарлар. Золимлар учун ҳеч бир дўст ҳам, итоат қилинадиган шафоатчи ҳам йўқ» (Ғофир сураси, 18-оят).
«Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар мавжуд, уларнинг шафоати ҳеч фойда бермас. Магар, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ва рози бўлганларга изн берса(гина бўлур)» (Нажм сураси, 26-оят).
«Улар фақат У зот рози бўлган шахсларгагина шафоат қилурлар. Улар У зотнинг қўрқинчидан титраган ҳолда турурлар» (Анбиё сураси, 28-оят).
Аллоҳ таолонинг изни билан қфиёмат куни пайғамбарлар, фаришталар, солиҳ мўминлар шафоат қилинади.
Набий алайҳиссалом марҳамат қиладилар: «Рўза ва Қуръон бандага шафоатчи бўлади. Рўза: “Ё Раббим! Мен кундузи уни таом ва шаҳватдан ман қилдим, энди мени унга шафоатчи қил”, дейди. Қуръон: “Мен уни тунда уйқудан ман қилдим, мени унга шафоатчи қил”, дейди» (Имом Аҳмад ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Бирор мусулмон вафот этса ва унинг жанозасида Аллоҳга ширк келтирмаган қирқ киши қоим бўлса, Аллоҳ уларни бу бандага шафоатчи қилади”, деганларини эшитдим» (Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар муаззинни (нг азонини) эшитсангиз, унинг айтганларини такрорланг, сўнг менга салавот айтинг. Ким менга битта салавот айтса, Аллоҳ унга ўнта салавот айтади. Кейин Аллоҳдан мен учун васийлани сўранг. У жаннатдаги бир мартаба бўлиб, Унга Аллоҳнинг бандаларидан биттасигина эришади. Ўша мен бўлишимни умид қиламан. Ким мен учун васийлани сўраса, унга шафоат ҳалол бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Турсунбой МАТКАРИМОВ,
“Имом Фахриддин ар-Розий”
ўрта махсус ислом билим юрти
мударриси
Хитойда “Ўзбек тили дўстлари” клуби ташкил этилди
Мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонаси ҳузурида ташкил этилган “Ўзбек тили дўстлари” клубининг биринчи йиғилиши ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда элчихона ходимлари ва Хитой олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ватандошлардан иборат клуб аъзолари иштирок этишди.
Сўнгги йиллар давомида мамлакатимизда давлат тилини равнақ топтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга оид атрофлича маълумотлар тадбир иштирокчиларининг эътиборига ҳавола қилинди.
Хусусан, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши, Давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши ва уларда белгиланган вазифалар миллий тилимиз тараққиётида янги даврни бошлаб бергани қайд этилди.
Шу ўринда, 2019 йил 21 октябрда қабул қилинган Ўзбекистон Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳияти ҳақида фикр юритилди.
Мазкур хужжат асосида Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан беш жилддан иборат “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китоби чоп этилганлиги ҳам тилга олинди. Мазкур тўплам 80 мингдан ортиқ сўз ва сўз бирикмаларидан иборатлиги, давлат ташкилотлари ва муассасаларида фаолият юритаётган ходимларнинг давлат тилида иш юритиш саводхонлиги ва малакасини ошириш, билимларини бойитишга кўмаклашаётгани қайд этилди.
Шунингдек, тадбир иштирокчиларига 2021 йил 10 февралдаги Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш, шунингдек, барча вазирлик ва идоралар таркибида иш юритиш, идоралараро ҳужжатлар айланиши давлат тилида бўлишини тўлиқ таъминлаш ва бу жараёнда давлат тилига қатъий амал қилиш белгиланганлиги таъкидланди.
Хурмонинг фойдали хусусиятлари
Хурмо ниҳоятда мазали, ширин ва фойдали мевадир. У тамр (туршак) ҳолига келгунча уч босқичдан ўтади. Биринчи, хом ва ғўра босқичида балаҳ деб аталади. Бунда меванинг ранги сарғиш, устки қавати эса қаттиқ ва қарсилдоқ, мазаси бироз тахир ва оғизни қамаштирувчи бўлади. Кейин сарҳил ва сувли бўлиб пишган ҳолати рутоб дейилади. Ундан кейин қуритилиб, экспорт қилинадиган шакли тамр деб аталади.
Қуритилган хурмо ейилгандан сўнг тезда глюкозага айланиб, танага қувват бағишлайди. Истемол қилинган бир дона хурмонинг ярим соат ичида инсон ақлий қобилиятини ошириб, қувватини тиклаши олимлар томонидан тасдиқланган.
Унда озуқавий толалар миқдори юқорилиги учун ҳам қоринни тўқ тутади. Шу боис ҳам диетологлар хурмо парҳезини тавсия қиладилар. Бунда асосан, хурмо ва сув билан озиқланиш кўзда тутилади.
Ҳар куни умумий миқдорда беш-олтита хурмо еб юриш инсон жисмига ижобий таъсир кўрсатади. Жумладан, ошқозон-ичак тракти яхшиланади. Юрак-қон томир хасталиклари ҳамда альцгеймер хасталигига чалиниш хавфини камайтиради, жинсий қувватни оширади. Қабзият ва исҳолдан азият чекувчиларга ҳам хурмо тавсия қилинади. У озғинликдан азият чекувчиларга ҳам фойдалидир.
Хурмоларнинг энг олий навлиси ажвадир. Ҳадиси шарифда ҳам айнан ажва хурмоси зикр қилинган.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким (оч қоринга) эрталаб ажвадан етти дона еса, ўша куни унга заҳар ҳам, сеҳр ҳам зарар қилмайди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистоннинг гастрономик ва зиёрат туризм соҳаларидаги имкониятлари Саудия Арабистони матбуоти нигоҳида
Жорий йилнинг 12-19 июль кунлари Саудия Арабистони оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Ўзбекистонга инфотур ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Жидда шаҳридаги Бош консулхонамиздан маълум қилишларича, Ўзбекистондаги “Real Dreams” туркомпанияси орқали ташкил этилган ушбу ижодий сафар доирасида саудиялик журналист ва блогерлар Тошкент ва Самарқанд шаҳарларининг диққатга сазовор жойлари билан яқиндан танишганлар. Шунингдек, Саудия ОАВ вакиллари 17-18 июль кунлари пойтахтимизда ўтказилган туризм кўргазмасида ҳам иштирок этишган.
Инфотур доирасида “Swift News” электрон нашрида ва “Snapchat” ижтимоий тармоғида Ўзбекистоннинг гастрономик ва зиёрат туризми соҳаларидаги имкониятларига бағишланган қизиқарли мақолалар ва видеороликлар жойлаштирилди.
“Араб таомлари ва от гўшти билан машҳур бўлган ўзбек ресторани” сарлавҳали мақолада саудиялик газетхонлар эътиборига Ўзбекистоннинг пазандачилик санъати тўғрисида ҳикоя қилинади.
Самарқандда 2000 йилларда ташкил этилган “Иброҳим Бек ресторани”нинг ўзига хос жиҳати сифатида унинг барча тоифадаги хўрандалар учун мазали ҳамёнбоп таомлар таклиф қилиши айтилади.
“Ресторанда оилавий ўтириш хоналари билан бирга, очиқ ҳавода жойлашган сўлим боғли гўшалар ҳам мавжуд. Тўловни ўзбек сўмида нақд ёки “Visa card” орқали амалга ошириш мумкин”, деб ёзади “Swift News” нашри мухбири.
Навбатдаги мақола “Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги” доирасида жорий йилнинг 17 июль куни Ўзбекистон туристик агентликлари ассоциацияси томонидан Тошкент “UzExpo” марказида ташкил этилган “Зиёрат туризм” кўргазмасига бағишланган.
Таъкидланишича, ушбу кўргазмада Саудия Арабистони Подшоҳлиги ва бошқа араб давлатларидан 100 нафардан ортиқ йирик сайёҳлик компаниялари, авиакомпаниялар ва меҳмонхоналар вакиллари иштирок этишган. Мазкур кўргазма Саудия Арабистони компаниялари учун умра зиёрати бўйича Ўзбекистон компанияларга ўз хизматларини кўрсатиш учун қулай майдон эканлиги урғуланган.
“Swift News” электрон нашри мавзуни давом эттириб, “Ўзбекистон туристик агентликлари ассоциацияси томонидан “UzExpo” марказида ташкил этилган “Зиёрат туризм” кўргазмасини Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси раҳбарияти вакили очиб берганини маълум қилган.
Шунингдек, “Saudi Vision 2030” дастури ҳамда ҳаж мавсумида “Подшоҳ меҳмонлари” дастури ижросини таъминлаш доирасида Подшоҳлик тегишли чора-тадбирларни фаол амалга ошираётгани, хусусан, “умра” масумида зиёратчилар сонини 2030 йилга бориб 100 миллионга етказишни мақсад қилгани таъкидланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Дубай – дунёдаги энг яхши сайёҳлик маскани
Дубай (БAA) 2023 йилнинг биринчи ярим йиллик натижасига кўра, дунёнинг энг йирик сайёҳлик йўналишида биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда валиаҳд шаҳзода, Ҳамдан бин Муҳаммад бин Рошид ал-Мактум амирлиги ижроия кенгаши раиси маълум қилди.
Рашид ал-Мактум ўзининг “Твиттер” саҳифасида маълум қилишича, 2023 йилда Дубай 8,5 миллиондан ортиқ сайёҳни қабул қилган ва йилнинг энг яхши сайёҳлик йўналиши деб топилган. Сайёҳлар орасида россияликлар энг кўп ташриф буюрган.
Қайд этиш жоизки, БAA коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида киритилган чекловлар туфайли юзага келган пасайишдан сўнг туризм соҳасини тезда тиклади.
2022 йили Россия Туроператорлари ассоциацияси маълумотларига кўра, БAA Россия Федерациясидан келган сайёҳлар сони бўйича Туркиядан кейин иккинчи ўринни эгаллади. Кейин бу мамлакатга ташриф буюрган руслар сони 1,1 миллион кишини ташкил этган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати