muslimuz

muslimuz

Четвер, 20 июль 2023 00:00

Бойлик афзалми ё фақирлик?

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Кишилар фақирликнинг бойликдан афзал экани борасида ихтилоф қилишди. Баъзилар фақирликни, баъзилар бойликни яхши дейишди. Масалан, солих бой афзалми ё солиҳ фақир афзалми хусусидадир. Баъзилар солиҳ бой афзал деса, бошқалар солиҳ фақир афзал дейишади. Биз солиҳ фақирни афзал санаймиз”.

Бойликни афзал дейдиганлар бу ояти каримани ҳужжат қилишади: «Сизни камбағал ҳолда топиб, (Хадичага уйланишингиз туфайли) бой қилиб қўймадими?!» (Зуҳо сураси, 8-оят). Ояти каримада Пайғамбарига бойлик лутф-марҳамат ўлароқ зикр этилган. Агар бойлик яхши бўлмаганида, Аллоҳ таоло уни  бу ўринда зикр қилмаган бўлар эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бойлик тақво билан нақадар гўзалдир”, “Яхши мулк яхши киши учун нақадар ярашиқлидир!” деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Улуғлар айтишган: “Мол-мулк ғурбатда ватан, фақирлик ватанда ғурбат. Ким фақирлик кўрпасига ўранса, қаерда бўлса ҳам ғарибдир”.

Муҳаммад ибн Каъб Қуразий: “Агар давлатманд киши тақво соҳиби бўлса, Аллоҳ унинг мукофотини икки ҳисса қилиб беради”, деди ва ушбу оятни ўқиди: «На молларингиз ва на фарзандларингиз сизларни Бизнинг даргоҳимизга яқин қилувчидир. Фақат имон келтирган ва солиҳ амал қилган зотлар – айнан ўшаларгагина қилган амаллари сабабли неча баробар мукофот бордир ва улар (жаннатдаги) кўшклар узра осойишталикда бўлурлар» (Сабаъ сураси, 37-оят).

Бу ояти каримадан аёнки, имон келтирган ва эзгу ишларни қилиб ўтганлар ва ўз бойликларини Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида сарфлаган, фарзандларига яхши тарбия бериб, дину диёнат, илму маърифат соҳиблари бўлишига моддий ва маънавий жиҳатдан жидду жаҳд қилганларга Аллоҳ таоло ажрларини кўпайтириб берар экан.

Фақирлик афзал, деганларнинг ҳужжати бундай:

«Дарҳақиқат, инсон ҳаддидан ошар. (Бунга) сабаб ўзини бой – беҳожат санашидир» (Алақ сураси, 6–7-оятлар). Яъни, бойлик кишининг ҳаддидан ошишига сабаб бўлади.

Исо алайҳиссалом бундай деган: “Фақирлик дунёда машаққат, охиратда қувончдир. Бойлик дунёда қувонч, охиратда машаққатдир”.

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ё Аллоҳ, мени фақир ҳолда яшат ва шу ҳолда жонимни ол. Қиёмат кунида йўқсиллар билан бирга жамла”, дедилар. Ойша розияллоҳу анҳо: “Нега, ё Расулуллоҳ?” деб сўради. Шунда у зот: “Чунки фақирлар бойлардан қирқ йил илгари жаннатга киришади. Эй Ойша! Йўқсил сўраб келса, яримта хурмо бериб бўлса ҳам, унинг қўлини бўш қайтарма. Эй Ойша! Йўқсилларни яхши кўр, уларга яқин бўл. Аллоҳ қиёматда сени жаннатга яқин қилади”, дедилар» (Имом Термизий. “Зуҳд”).

Фақиҳ раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Фақирлик бойликдан афзалдир. Аммо бой бўлиш ҳам айб эмас. Кузатсангиз, улуғ саҳобалар орасида ҳам бойлар бўлган. Уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бойликларидан воз кечишни буюрмадилар. Агар бой бўлиш ёмон бўлганида, уларни бой-бадавлат бўлишдан қайтарган бўлар эдилар. Демак, айб бойликда эмас, бой бўлгач, Аллоҳ таолонинг амирларига зид иш қилишдадир”.

 Абу Лайс Самарқандийнинг

“Бўстонул орифин” асаридан

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ

таржимаси

Таассуфки, баъзи бир сабаблар туфайли, жумладан, динимиз йўриқларини яхши билмаслик, ташқи аралашув боис мусулмонлар ўртасида бир-бирларини ҳурмат қилмаслик, куфрда айблаш, низолашув ҳолатлари учраб турибди. Ваҳоланки, биз мусулмонлар ўзаро низолашувдан қайтарилганмиз.

Имом Абу Довуд “Сунан”ида Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий алайҳиссалом бундай марҳамат қиладилар: «Кимнинг охирги сўзи “Лаа илаҳа иллаллоҳ” бўлса, жаннатга киради». Убода ибн Собит розияллоҳу анҳу ривоят қилади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким “Лаа илаҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан расулуллоҳ”, деб иқрор бўлса, Аллоҳ унга дўзахни ҳаром қилади”, деб марҳамат қилганлар» (Имом Муслим ривояти).

“Ақийдатут Таҳовийя” китобида бундай келади: “Модомики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган нарсаларга ишониб, у зотнинг сўзларию хабарларини тасдиқлар эканлар, қибламиз аҳлини мўмин-мусулмон ҳисоблаймиз… ва қибла аҳлидан кимдир ҳаромни ҳалол санамас экан, уни гуноҳи туфайли кофирга чиқармаймиз”.

“Хулоса” асарида айтилади: “Агар мўмин кишини кофир ҳисоблашга бир қанча далиллар бўлган ҳолда, мўмин эканига битта далил бўлса, уни кофир эмас, деб фатво бериш муфтийга вожиб бўлади”.

“Баззозия”да: “Агар мусулмон киши очиқ, аниқ куфрга далолат қиладиган гап-сўзни айтса, у мусулмон ҳисобланмайди”, дейилади.

Шундан маълум бўладики, мусулмон киши диндан экани аниқ собит нарсаларни инкор қилиш билан кофир бўлади. Яъни, намоз, закот, рўза, ҳаж каби фарз ибодатларни инкор қилиш, ароқ, зино, қотиллик каби Аллоҳ ҳаром қилган ишларни ҳалол санаш, ҳалол нарсаларни ҳаромга чиқариш шуларга мисол бўлади.

Мусулмон киши мунозара вақтида одобга риоя қилиб, биродарини ҳурмат қилиши ва унинг шаънини топтамаслиги лозим. Хусусан, биродарини кофирга чиқаришдан ва уни куфрга ундайдиган ҳолатга солишдан сақланиш вожиб бўлади.

 Манбалар асосида

Имом Бухорий номидаги

Тошкент ислом институти

талабаси Нодирбек ШЕРБОЕВ

тайёрлади.

Сўнгги икки йил ичида икки ҳамкор мамлакат — Ўзбекистон Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси муносабатлари ривожланиб бормоқда. Бу борада икки давлат ўртасидаги илм-фан, маданият, гуманитар соҳадаги алоқаларни таъкидлаш ўринли. Ўзбекистондаги Ибн Сино жамоат фонди томонидан Эрон Ислом Республикасига ташкил этилаётган ўзбек-эрон I халқаро илмий-амалий экспедицияси ушбу йўналишдаги тадбирларнинг дебочасидир.

Таъкидлаш керак, жорий йилнинг 18 июнь санасида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисийнинг таклифига биноан расмий ташриф билан Теҳрон шаҳрига келган эди. Олий даражадаги музокаралар якунида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб йўналишлари юзасидан ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатларнинг салмоқли тўплами имзоланди. 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Ибн Сино жамоат фонди ва маҳаллий олимлардан иборат илмий делегация аъзолари Абу Али ибн Сино меросининг намуналарини ўрганиш учун Эрон Ислом Республикасининг Теҳрон шаҳрига етиб келди. 

Делегация раҳбари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров илмий экспедициянинг мақсадлари тўғрисида ўз фикрларини билдирди.

— Маълумки, Эрон Ислом Республикасига ўзбек-эрон I халқаро илмий-амалий экспедицияси биринчи бора ташкил этилмоқда. Ундан кўзланган асосий мақсад нима? 

— Ҳаммамизга маълумки, кейинги йилларда илмий маърифий меросимизга жуда катта эътибор берилмоқда. Ибн Сино шахси ҳамда шахсияти ўзгача. Уни маърифат осмонидаги энг ёрқин юлдуз десак, муболаға бўлмайди. Биринчидан, аждодларимиз орасида тиббиёт илми билан шуғулланганлар саноқли. Дарҳақиқат, бу йўналишда дунёни забт этгани деярли йўқ. Шу сабабли, Ибн Синога муносабат алоҳида. Албатта, барча замонларда тиббиёт бўлган. Барчамизга маълум, Ибн Сино ҳазратлари Бухородан кейин Туркияда, сўнг Эронда умргузаронлик қилган ва у инсондан қолган илмий мерос ҳам қўлёзмалар шаклида асосан Туркия ва Эрон кутубхоналарида сақланмоқда. Бу эса табиий ҳолат. Шунингдек, уларнинг жуда катта қисми Европа ҳамда дунёнинг бошқа мамлакатларига тарқалиб кетган. Лекин энг катта мерос бугунги кунда Эронда сақланмоқда. Шунингдек, Ибн Синонинг мангу қўним топган манзили ҳам Эрон Ислом Республикасининг Ҳамадон шаҳрида жойлашган. 

Буюк алломалар мероси — умумбашарий мерос. Шу боис яқин ҳамкор ва дўстимиз Эрон Ислом Республикасидаги кутубхоналар, Ибн Сино халқаро жамғармаси фаолияти билан танишиш, Ибн Сино юрган йўллар, асарлари тарқалган манзиллардан юриш ва кўриш, асарларидан нусхалар олиш, йиллар мобайнида Эронда олиб борилган Ибн Сино илмий мероси бўйича илмий тадқиқотларни, чоп этилган китобларни ўрганиш мақсад қилинмоқда.

Экспедициялар доимо махсус мезонлар ва вазифаларни кўзда тутади. Бу сафарги экспедициянинг мақсади Ибн Сино мероси ва фаолиятига қаратилган. Эслатиб ўтиш жоизки, Халқаро Бобур фонди раҳбари Зокиржон Машрабов бошчилигида биринчи бор “Бобур изидан..." деб номланган экспедиция уюштирилганди. Бу фаолият туфайли Бобур тўғрисида жуда катта маълумотлар тўпланди. Умид қиламизки, Ибн Сино тўғрисида ҳам янги ва қизиқарли маълумотлар олиб келинади. 

— Биламизки, Ибн Сино меросини ўрганиш Эрон Ислом Республикаси илмий давраларида долзарб масалалардан ҳисобланади. Экспедиция давомида ўзбек илм аҳли учун қандай янги маълумотлар тўплаш режалаштирилган?

— Биз Ибн Синога ватандош экангилимиздан фахрланишга ҳақлимиз. Аллома тўғрисидаги ҳар қандай янги маълумот нафақат олимлар учун, балки юртдошларимиз учун ҳам фойдали бўлади. Таъкидлаганидек, Ибн Сино тиббиёт соҳасида юлдуз мисол. Айниқса, биринчи Ренессанс алломалари ким бўлишидан қатъи назар, аввало энциклопедист ёки қомусий олим бўлишган. Фақатгина бир йўналиш билан чекланиб қолишмаган. Ибн Сино ўз хотираларида "16 ёшимда инсоният яратган барча билимларни ўзлаштириб бўлдим”, деб ёзади. Таъкидлаш керакки, дин, бу – фалсафа. Ислом дини ҳам таълимот. 

Исломни фалсафани ўзлаштирмасдан яхши ўрганиб, моҳиятига етиб бўлмайди. Руҳ, жон, тан деган тушунчалар динда ҳам бор. Ана шу нуқтаи назардан Ибн Сино фалсафани ўрганган ва Ал-Форобийнинг Аристотел “Метафизика”сига ёзилган шарҳларига мурожаат қилган. Инглиз тилида ёзилган бир китобни мутолаа қилиш вақтида бир жумлага диққатимни қаратдим. Яъни Ибн Сино айтяпти: “Инсон мушоҳада қилмасдан яшай олмайди. Чунки, мушоҳада қилиш хулоса чиқаришга олиб келади. Мушоҳадасиз хулоса бўлмайди".

Бунга ўз ўрнида фалсафий мезон сифатида қараш мумкин. Лекин бундай тўхтамга келиш учун даҳо бўлиш керак. Демак, фалсафа ва инсон руҳиятининг ўрганилиши шунчалик чуқурки, унинг моҳиятини англаш комилликка олиб келади. Бундай ташқари аллома мусиқа, астрономия, тилшунослик каби кўплаб фан йўналишларида ижод қилган. Демак, олдимизда жуда кўплаб ўрганишимиз керак бўлган вазифалар турибди. 

— Эрон Ислом Республикасининг фондларида аллома меросига оид ноёб китоблар қўлёзмаси мавжуд. Уларнинг факсимил ва электрон нусхаларини юртимизга олиб келиш борасида амалий ишлар режалаштирилганми? 

— Эрон миллий кутубхонаси дунёнинг жуда бой кутубхоналардан бири. Мен у ерда бўлганман. Таъкидлаб ўтишим жоизки, эронлик ҳамкорларимиз 40 жилдлик Жаҳон қўлёзмалари каталогини марказ кутубхонасига ҳадя қилганлар. Бу Эрон умумбашарий меросга катта эътибор қаратишининг далолатидир. Шу боис ушбу экспедиция ҳам маънавий-маърифий, ҳам дунёвий илмлар сифатида жуда ҳам фойдали бўлади деб ўйлайман. Шунингдек, биз Эронга ўзимизда нашр этилган китоблар, қўлёзмаларнинг каталоглари билан келдик. Учрашувлар давомида илмий нуқтаи назардан ўз маънавий билимларимиз билан фикр алмашишга ҳаракат қиламиз. 

Ибн Сино кўп тармоқли ижоди, бой мероси билан жаҳон маданияти тараққиётида катта роль ўйнади. Ўз ижоди, илмий фаолиятида Ибн Сино Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларидаги юқори маданий кўтаринкилик, маданий “уйғониш”нинг маънавий ютуқларини мужассамлаштира олди. Бу билан эса бутун Шарқ ва Европадаги маърифат, маданият силсиласига катта таъсир кўрсатди. У ўз даврида Шарқ ва Европада “Шайх ур-раис”, “Олимлар бошлиғи”, “Табиблар подшоҳи” каби энг буюк номларга сазовор бўлди. Бугунги кунда Абу Али Ибн Сино жаҳонда Авиценна номи билан ҳам машҳур. Сафар ҳақидаги айрим фикрлар билан Ибн Сино жамоат фонди бошқарув раиси Нозимхон Маҳмудовга юзландик. 

— Ибн Сино илмий меросини ўрганишда эронлик олимларнинг ўрни ниҳоятда аҳамиятли. Бу борада қайси ташкилот ва олимларни ушбу экспедицияга жалб этиш режалаштирилган?

— Бир неча йиллардан буён Ибн Сино жамоат фонди қатор хорижий ташкилотлар ва олимлар билан ҳамкорлик қилиб келади. Хусусан, эронлик олимлар билан ҳам. Айниқса, Ибн Синонинг фалсафий қарашлари Эронда жуда катта иштиёқ билан ўрганилади. Улар Ибн Сино жамоат фонди томонидан ташкил этиладиган конференция ва тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда. Сафар давомида Эрон Ислом Республикасида жойлашган кутубхона, архив, шунингдек, Ҳамадон шаҳрида жойлашган Халқаро Ибн Сино фондининг фаолияти билан яқиндан танишиш ва ўзаро илмий платформа яратишни мақсад қилганмиз. Бундан ташқари,  жорий йилда Бухоро шаҳрида “Ибн Сино ўқишлари” доирасида ўзбек-эрон илмий форумини ўтказишни режалаштирганмиз. Экспедиция олдимизга қўйган мақсадларнинг асосийлари ана шулардир.

— Ҳамадон шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган даври суҳбати қандай мавзуларни қамраб олади?

— Таъкидлаб ўтишим зарур, Ўзбекистон делегацияси таркибидаги барча олимлар ўз йўналишлари бўйича етук изланувчилардир. Улар Теҳрон ва Ҳамадон шаҳрида ўтиши режалаштирилган давра суҳбатларига биздаги мавжуд билимлар асосида маъруза матнларини тайёрлашган. Шунингдек, эронлик олимлар ҳам ушбу жараёнда фаол иштирок этади. Қувонарлиси шундаки, ҳозирга қадар 30 дан зиёд маъруза матнлари мавзуларини кўриб чиқишга муваффақ бўлдик. Албатта, бу Ибн Сино шахсиятига бўлган катта қизиқиш ва иштиёқдан далолат беради. Зеро, мақсадимиз ҳам шу.

Таъкидлаш керакки, Эрон Ислом Республикасига ташкил этилаётган ўзбек-эрон I халқаро илмий-амалий экспедицияси доирасида Теҳрон, Қум, Исфаҳон ва Ҳамадон шаҳарларидаги кутубхона ҳамда фондларда тадқиқот ишларини амалга ошириш,  Янги Ўзбекистонда буюк аждодлар меросига берилаётган алоҳида эътибор, амалга оширилаётган илмий-маърифий ислоҳотлар мавзусида давра суҳбати ўтказилиши режалаштирилган. 

Шунингдек, сафар давомида “Oʼzbekiston tarixi” телеканали ижодкорлари томонидан ҳужжатли фильмлар, туркум илмий-оммабоп кўрсатувлар ва видеороликлар тасвирга олиниши кўзда тутилган. Эслатиб ўтамиз, экспедиция бир ҳафта давом этади. 

Хуршида Носирова,
“Oʼzbekiston tarixi” телеканали мухбири

Aмман (Иордания) университети профессори, Булғор Ислом академияси ўқитувчиси, Шайх Абдураззоқ Саъдий  жамиятда оилавий муносабатларда юзага келаётган муаммоларнинг асосий сабаблари сифатида қуйидаги омилларни келтиради:

- ёшлар оила тушунчаси, эр ва аёлликнинг бурч ва масъулиятини тўлиқ ҳис этмаслиги;

- айрим ота-оналарнинг фарзанд тарбияси ва таълимига масъулиятсизлик билан қараши;

- оиланинг моддий-маънавий ҳолати: камчилик, борига қаноат қилмаслик, ўзаро тушуниш, сабр-тоқатнинг етишмаслиги;

- эр ёки хотиннинг хиёнати, аёлга нисбатан зўравонлик;

- интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали оила қадриятларига ёт бўлган омилларнинг таъсири;

- жинсий муносабатларда тиббий нуқсонлар ва ҳоказо омиллар сабаб бўлмоқда.

Мазкур муаммоларнинг ечими сифатида эса қуйидаги тавсияларни келтиради:

- ёшлар оила қуришдан аввал бўлажак турмуш ўртоғининг мол-давлати, шон-шуҳратига эмас, тарбияси ва ахлоқи, маънавий гўзаллигига эътибор қаратиши лозим;

- оилавий муносабатларда ўзаро келишмовчилик келиб чиққан ҳолатларда, шошма-шошарлик билан ажралиш учун тараддуд кўриш керак эмас, ўртани ислоҳ қилиш ва яраштириш учун ҳаракат қилиш керак;

- оилада иқтисодий танглик ҳолатида борига қаноатли ва сабрли бўлиш;

- сўзи таъсирчан ҳамда намунали оила вакиллари томонидан оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, талоқнинг оқибатлари каби мавзуларда тушунтириш ишларини тизимли ташкил этиш;

- диний идора тизимида оилаларда вужудга келаётган ноҳақлик, зулм ва ажримларнинг олдини олиш мақсадида фиқҳий илмга эга бўлган етук мутахассислар ҳайъатини тузиш ва муаммоларга ўз вақтида ечим топиб бериш мақсадга мувофиқ бўлади.

 iiau.uz манбаси асосида тайёрланди

Середа, 19 июль 2023 00:00

Эътиқодда адашмайлик

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган, халқлар ва миллатлар бирлиги ҳамда осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида огоҳлантирган эдилар: “Умматимдан қайси бири умматимга карши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фаркига бормаса, мўминга зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!” (Муслим ривояти).

Динимиз душманлари диннинг асл моҳиятини бузиб кўрсатиш, ундан ўз манфаатлари ва қабиҳ режалари йулида фойдаланишга уринишлари дунёда авж оляпти. Бу ғаразли ҳаракатлар таъсиридан минтақамиз ҳам четда қолаётгани йуқ. Кейинги пайтларда айрим диний сиёсий ва экстремистик кучлар динни сиёсийлаштиришга, шу йул билан одамлар хусусан ёшлар онгига таъсир ўтказишга зўр бериб интилаётгани ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Бу ҳаракатлар эса Исломнинг инсонпарваплик ғояларини обрўсизлантиришга сабаб бўлмоқда.  Ислом дини зўравонлик қон тўкиш ёки бузғунчиликка тарғиб қилмаслиги, аксинча, бу дин тинчлик, инсонпарварлик, кенгбағирлик, эзгулик дини эканини яхши тушинмоқ лозим. Бугунги кунда одамларимизга соф диний манбалар асосида ташқи кучларнинг дин омилидан манфаатлари йулида фойдаланиш учун олиб бораётган ҳаракатларини мохиятини очиб бериш керак.  Мана шу жиҳатдан олиб қарайдиган булсак, имон ва куфр масаласи ҳам Исломдаги энг нозик, аҳамиятли масалалардандир. Бир инсонинг мусулмонлик даъвосида ростгуй экани ёлғиз Парвардигоргагина аён. Шунинг учун ҳам ўтмишдаги буюк алломаларимиз, мутафаккирлармиз ўзларича фараз қилишдан сақланишган, муайян бир шахсни кофирга ҳукм қилиш борасида жуда эҳтиёткор бўлган. Бугунги кунга келиб куфр масаласида ўта журатли бўлиб кетди энг ачинарлиси ҳали. Исломни чуқур ўрганмаган, етарли билим олмаган баъзи ёшларимиз уларга кўр кўрона эргашиб, залолат ва жоҳиллик йулига кириб кетиши инсонни ўйлантиради.

Аллоҳ таоло ўз бандаларини сўзларнинг энг гўзалига фойдалисига эргашишга чақиради «бас (эй Мухаммад)Менинг шундай бандаларимга хушхабар берингки, улар гапни тинглаб, сўнг унинг энг гўзалига эргашадиларАйнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят этган зотлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир.»(зумар сураси 17-18оятлар) .

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайхиссаломдан ривоят килинган ҳадисларда ҳам инсонлар яхши амаллар қилишга, ёмонликлардан қочишга чақирилади.  «Мусулмон ким?- унинг қўлидан ва тилидан ҳеч ким зиён кўрмаган киши . Мўъмин ким? — бошқаларнинг моли ва жонига тажоввуз этмайдиган кишиМуҳожир ким?— гуноҳ ва маъсиятларни тарк этган кишиАллоҳ йулида мужоҳид ким?—  нафсига қарши курашишга киришган киши  »  

Мана бизга Ислом нимани ўргатаяпти. Бирор шахс ёки бутун бошли жамиятни кофирга чиқариш ўта қалтис иш бўлиб, бунга кўр кўрона муносабатда бўлиш ярамайди. Чунки бунинг ортида куфрга чиқараётган ёки чиқарилаётганлардан бири учун дахшатли оқибат ётибди. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят килган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салам бундай деганлар «Киши ўз биродарига «эй кофир»деса куфр  иккисидан бирига қайтади ». ҳадисдан кўриниб турибдики, ўзгани кофирга чиқариш  оддий ҳақорат сўзи эмас, аксинча бировнинг тақдирига аралашиб, ўз охиратини бой бериб қўйиш эҳтимолини туғдириш мумкин бўлган хатарли масалалардан бири экан. Мусулмон кишини бирор гуноҳи ёки билмасдан килган хатолари учун кофирга чиқариш ёки кўпчилик аҳолиси мусулмон бўлган ўлкаларни «куфр диёри» деб аташ динимиз таълимотига мутлақо зиддир. Буюк мазҳаббошимиз имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ақидага оид «Фиқҳул акбар» китобида баён этилган қуйидаги фикрларни келтириб ўтиш мақсадга мувофиқдир «Бирор мусулмонни қилган гуноҳи учун кофирга чиқармаймизгарчи у гуноҳи кабира бўлса ҳам . Башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса ундан имон исмини олиб ташламаймиз уни ҳақиқий мўмин деб атайверамизУни фосиқ мўмин деб аташ мумкин , аммо кофир деб эмас.».

Яратган буюк  аждодларимизнинг бой маданият ва маърифат булоқларидан баҳраманд бўлган халқимизнинг  диний бағрикенглик  дину-диёнат, иймону-эътиқод, одобу-ахлоқ, меҳру-мурувват, оила, фарзанд тарбияси, ота-она ҳурмати ва иззати борасида ҳам ўзига хос кенг феъллик, саҳоват ва мўътадиллик тамойилларига амал қилишни бардавом қилсин. Юртимизда тинчлик-хотиржамлик бардавом бўлсин, ўзаро тотувлигимиз, иноқлигимиз янада мустаҳкам бўлсин!

Сирдарё вилояти бош имом хатиби  Ҳабибуллоҳ  ЗОКИРОВ

Мақолалар

Top