muslimuz
Нима учун ҳар куни қатиқ ичиш керак?
Қатиқ – организмга жуда осон сўриладиган маҳсулот. Ушбу неъмат сурункали уйқусизликда шифо бўлади, чарчоқни олади. У уйқу дорисидек таъсирга эга бўлгани боис шифокорлар уни кечаси ётишдан аввал ичишни тавсия қилишади.
Айниқса, ёғсиз кефир турли касалликларга тавсия қилинган диеталарнинг ажралмас қисми сифатида ишлатилади.
Қатиқ таркибида кальций ва фосфор дармондорилари мўл бўлиб, суяклар, тишлар ва тирноқларни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Юз терисининг тиниқ бўлишини ва мушакларнинг соғломлигини таъминлайди. Яна у ингичка ва йўғон ичакларни ва қон томирларини тозалашда иштирок этади. Холестеринни, яъни ортиқча хилтларни йўқотишда организмга кўмаклашади.
Дисбактериоз ва диареяни даволашда ҳам қатиқдан фойдаланиш мумкин. Шунингдек, у танамизни бир қанча касалликлардан ҳимоялайди. Антибиотик билан даволаниш жараёнида қатиқ ичиш ичак микрофлорасини яхшилаб, организмнинг иммун тизимини мустаҳкамлайди. Ичаклардаги фойдали бактерияларни тиклашда ёрдам беради. Шунингдек, организмнинг зaрарли микроб ва бактерияларга қарши кучини оширади.
Олимларнинг аниқлашича, доимий равишда қатиқ ичиб юрувчиларнинг танасига саратон хасталиги яқин йўламас экан. Болаларда учрайдиган бир қанча инфекцион касалликларнинг олдини олишда, рахит касаллиги, камқонликни даволаш жараёнида, аллергик касалликларда, турли яллиғланиш билан кечувчи хасталикларда ва иштаҳа йўқолганда қатиқ ичиш мақсадга мувофиқ.
Болаларга тишларининг соғлом ўсиши ва суякларининг бақувват бўлиши учун сут ва қатиқ маҳсулотларини кунлик овқатланиш тартибига киритиш лозим. Бир суткада 0,5 л қатиқ ичиш боланинг соғлом ўсишига ёрдам беради. Шифокорлар ҳомиладор аёлларга ҳар куни 1 стакан қатиқ ичишни тавсия этади.
Соғлом бўлишни истаган киши бир ёки икки кунни қатиқли парҳез куни сифатида ажратиши мақсадга мувофиқ. Бунда рационда 30–40 г оқсил, сут, қатиқ, творог, 200–300 г углевод ҳамда 20–30 г ёғ бўлади. Натижада ортиқча вазн ва ёғлардан халос бўлинади, юрак-қон томирларидаги ҳаракат меъёрлашади, хавфли шишлар сўрила бошлайди.
Оғир турдаги меъда хасталиги бўлган беморлар ҳам шифокор гастроэнтеролог маслаҳати билан қатиқ истеъмол қилиши мумкин.
Шоира БЕКЧОНОВА,
тиббиёт фанлари номзоди,
олий тоифали шифокор
Кимда уч хислат бўлса...
Динимиз кишиларни бир-бирларига меҳр-оқибатли ва ҳар доим ўзаро яхши муносабатда бўлишга чақиради. Айниқса, ака-ука, опа-сингил, қариндош-уруғлар билан алоқаларини мустаҳкамлаш, улар ўртасида силаи раҳмни кучайтиришга буюради:
«Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди» (Нисо сураси, 36-оят).
Афсуски, бугун турмуш ташвишлари билан бўлиб, қариндошлик алоқаларига беэътибор бўляпмиз. Туғишганларнинг телефон орқали ҳол-аҳвол сўрашишлари одат тусига кирди. Улар билан фақат тўй-маъракаларда юз кўришилмаса, бошқа маҳал бир дастурхонда жам бўлиб, дийдорлашиш йўқ. Меҳр кўзда деганлардай, кўз кўзга тушмаганидан кейин ака-укачилик, қариндошлик алоқалари узилиб кетмоқда.
Яна бир гап. Бугунги кунда олди-берди ва шу каби баъзи сабаблар билан юзкўрмас бўлиб кетаётганлар бор. Бу каби инсонлар йиллар давомида гина-кудурат сақлаб, ўз ака-укаси ёки бошқа яқини билан гаплашмайди.
Яқинда қўшнимиз уйида эҳсон ўтказди. Шунда барча қўни-қўшни бир дастурхонда жам бўлди. Аммо мезбоннинг бир уй нарида турадиган укасига кўзимиз тушмади. Ҳайрон қолдик. Кейин билишимизча, уларнинг орасига совуқчилик тушган экан.
Яна шундайлар борки, катта-кичик маросимларни ўзининг туғишганлари қолиб, синфдошлари, касбдошлари ва бошқа улфатлари билан нишонлайди. Ахир буни ота-она, ака-ука ҳамда опа-сингиллар билан бир давра атрофида ўтириб, суҳбатлашиб ўтказишса, қандай яхши! Уларнинг бир-бирига бўлган меҳри, муҳаббати ошади. Бошқа пайтларда ҳам мўминлар жигарлари ҳузурига, уларнинг ҳолидан хабар олишга шошилишлари, агар аразлашган бўлишса, бир-бирларини кечиришлари лозим. Зора, Аллоҳ уларнинг гуноҳларидан ўтса. Шунда ўртадаги келишмовчиликлар ўз-ўзидан бартараф бўлиб, бир-бирига меҳр-муҳаббати ошиб, кўплаб ажру савобларга эга бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимда уч хислат бўлса, Аллоҳ қиёматда унинг савол-жавобини осонлаштиради ва уни Ўз раҳмати билан жаннатга киритади”, дедилар. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг расули! Бу уч нарса нима” деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сени маҳрум қилганга сен илтифот кўрсатасан. Сен билан қариндошлик риштасини узганларга силаи раҳм қиласан. Сенга зулм қилганларни кечирасан. Агар мана шуларни қилсанг, Аллоҳ сени жаннатга киритади”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ризқи мўл-кўл қилинишини ва умри узайтирилишини истаса, силаи раҳм қилиб қариндошлар билан алоқани боғласин” деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Дилмурод СОДИҚОВ
«Хива – 2024 йилда Ислом дунёсининг туризм пойтахти» халқаро тадбирига тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари тасдиқланди
Ўзбекистон Президенти «Хива – 2024 йилда Ислом дунёсининг туризм пойтахти» халқаро тадбирига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ҳужжатда Хива шаҳри 2024 йилда «Ислом дунёсининг туризм пойтахти» деб эълон қилинганлиги муносабати билан ҳамда Хива шаҳрининг туристик салоҳиятини халқаро майдонда фаол тарғиб қилиш мақсадида бир қатор муҳим вазифалар белгиланди.
Хусусан, қарор билан халқаро тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланди. Шунингдек, чора-тадбирлар режаси белгиланди.
Жумладан, 2024 йил март ойида халқаро тадбирнинг расмий очилиш маросими ҳамда май ойида Хива шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар туризм вазирларининг XII сессияси ўтказилади.
Хива шаҳрининг туристик салоҳиятини халқаро майдонда фаол тарғиб қилиш мақсадида 2023-2024 йилларда «Taste of Uzbekistan Festival» шиори остида гастрономик фестивали, Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган «Strongmen» халқаро баҳодирлар ўйини мусобақаси, «Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги» тадбирлари ўтказилади.
Фанлар академияси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Хоразм Маъмун академияси билан биргаликда халқаро тадбирга ташриф буюрадиган хорижий меҳмонлар фойдаланиши учун Хива шаҳри ҳақида ўзбек, рус, инглиз, араб ва француз тилларида қўлланма ишлаб чиқилади.
Хоразм вилояти ҳокимлиги, Маданий мерос агентлиги билан биргаликда Хива шаҳрининг туризм ва маданий мерос объектлари, ислом дунёси ва илм-фаннинг ривожланишида тутган ўрни ва тарихи, маданияти, яшаш тарзини акс эттирувчи фото- ва видеоматериаллар («Guidebook») тайёрлайди.
Давлатимиз раҳбари қарорига мувофиқ, шунингдек, 2023-2024 йилларда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғида «Хива – 2024 йилда ислом дунёсининг туризм пойтахти» шиори остида кенг тарғибот акцияси амалга оширилади.
Бундан ташқари, 2023-2024 йилларда Ислом ҳамкорлик ташкилоти томонидан ташкил этиладиган халқаро тадбирлар ҳамда республикада ўтказиладиган туризм йўналишидаги кўргазма ва конференцияларда «Хива – 2024 йилда ислом дунёсининг туризм пойтахти» шиори остида тарғибот ишларини амалга ошириш вазифалари ва бошқа масалалар ҳужжатда қайд этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Россиянинг Урал федерал округида ватандошларимиз билан қатор учрашувлар ўтказди
Жорий йил 28 июнь – 10 июль кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили, Тошкент вилоятидаги Зангиота туманида жойлашган “Абу Бакр Сиддиқ” жомеъ масжиди имом-хатиби Нурилла Мавлонов Россиянинг Урал федерал округидаги Свердловск, Челябинск, Курган ва Тюмен вилоятлари бўйлаб амалий сафари давомида ушбу ҳудудларда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ҳамюртларимиз ва ўзбекистонлик талабалар билан учрашувлар ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Қурбон ҳайити куни Свердловской вилоятининг Верхняя Пишма шаҳрида, кейинги икки жума намози кунлари Екатеринбург ва Тобольск шаҳарларидаги жомеъ масжидларида ўзбекистонлик диний уламонинг маърузалари тингланди.
Мамлакатимиз Бош консуллигида Урал тоғ-кон университети ва Урал федерал университетида таҳсил олаётган талабаларимиз билан маънавий-маърифий суҳбат ҳам ўтказилди.
Сафар доирасида Иккинчи жаҳон уруши даврида Свердловск вилоятининг Невьянск шаҳридаги қурол-аслаҳа ишлаб чиқарувчи заводларида “меҳнат армияси” сафида хизмат қилиб, турли сабаблар билан вафот этган ҳамюртларимизнинг жамоавий қабри зиёрат этилиб, Қуръон тиловат қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакилининг Қуръони карим ва Пайғамбаримиз ҳадисларига асосланган, Ватанга муҳаббат, ота-она ва фарзанд ҳамда рафиқага муносабат борасидаги миллий ва диний ижтимоий одоблар билан йўрғаланган маърузалари ватандошларимизда катта таассурот қолдирди.
Учрашувлар савол-жавобларга бой бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугунги имом қандай бўлиши керак?
Шу йил 13 июль куни пойтахтимиздаги "Шайх Зайниддин" жоме масжидида "Бугунги имом қандай бўлиши керак?" мавзусида имом-хатиблар учун маънавият соати бўлиб ўтди.
Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган имомлар қатнашган тадбирни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳор домла Юнусов олиб борди.
– Бугунги имом – Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг меросхўрлари, дин ходимларидир, – деди Абдуқаҳҳор домла Юунсов. – Халқимизнинг диний эҳтиёжлари кун сайин ошиб, савияси юксалиб боряпти. Улар билан тенгма-тенг мулоқот қилиш, ўз ортидан эргаштириш учун, албатта, имом етарлича билим ва малакага эга бўлиши керак. Бунинг учун имом замон билан ҳамнафас бўлиб, ўзининг касбий маҳоратини ошириб бориши, сўнгги фатволардан хабардор бўлиши, кўпроқ диний-маърифий, бадиий ва турли адабиётлар мутолаа қилиши даркор. Имомнинг илмий салоҳияти, нотиқлиги юқори бўлса, қавмнинг ҳам ҳурмати, меҳр-муҳаббати шунга яраша бўлади.
Агар сутга бир қил тушса, дарров кўзга ташланади. Имомлик ҳам шундай: биргина доғ барчага намоён бўлади. Шарафли касбни оқлаш учун меҳробнинг масъулиятини ҳис қилиши керак. Чунки имомлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мерос. Ҳар бир имом доим шуни ёдда тутиб, фаолият юритиши лозим. “Агар Расулуллоҳ ҳаёт бўлганларида, у кишининг атрофида қандай жамланган бўлар эдик?”, “У зот имом бўлиб турса, ўзимизни қандай тутардик?” Мана шу саволларни ҳар бир имом ўзига бериши керак.
Маънавият соати сўнгида имомларнинг саволларига жавоб қайтарилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати