muslimuz
Бу амал сабабли: ғам-ташвишлар арийди ва гуноҳлар кечирилади
Аллоҳ таоло ва фаришталар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтадилар.
«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!» (Аҳзоб сураси, 56-оят).
Салавот айтинг! Ғам-ташвишларингиз арийди ва гуноҳларингиз кечирилади. Убай ибн Каъб: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! Мен сизга кўп салавот айтаман. Дуойимдан қанчасини сиз учун салавот айтишга ажратай?” деб сўради. У зот алайҳиссалом: “Истаганигча”, дедилар. “Тўртдан бирини бағишласам-чи?” деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хоҳлаганингча, агар зиёда қилсанг, яхши бўлади”, дедилар. “Учдан бирини бағишласам-чи?” деди. У зот: “Хоҳлаганингча, агар зиёда қилсанг, яхши бўлади”, дедилар. “Иккидан бирини бағишласам-чи?” деди. У зот алайҳиссалом : “Хоҳлаганингча, агар зиёда қилсанг, яхши бўлади”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! Дуоимнинг ҳаммасини сизга бағишласам, нима дейсиз?” деди. У зот: “Унда барча ғам-ташвишларинг арийди, мақсадинг ҳосил бўлади ва гуноҳинг кечирилади”, дедилар.
Салавот айтинг! Бахил бўлмайсиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳузурида зикр қилинсам, менга салавот йўлламаган киши бахилдир”, дедилар (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).
Салавот айтинг! Дуоингиз қабул бўлади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир дуо Пайғамбарга салавот айтилмагунча, осмон ўртасидаги парда туфайли ерда тўхтаб туради, салавот айтилса, ўша парда кўтарилади”, дедилар.
Салавот айтинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига эришасиз.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга жума кунида ва жума кечасида кўп салавот айтинглар, бас ким шундай қилса, мен унга қиёмат куни гувоҳ ва шафоатчи бўламан”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Салавот айтинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўласиз.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта, менга кўп салавот айтганлардир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Салавот айтинг! Аллоҳ таоло гуноҳингизни мағфират этади, даражангизни кўтаради.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади. Унинг ўнта гуноҳи ўчирилади. Ўн даража юксалтирилади”, дедилар (Имом Насоий ривояти).
Салавот айтинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизни эшитадилар.
Абдуллоҳ ибн Абу Вафо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жума куни менга салавотни кўпайтиринглар. Албатта, менга етказилади ва мен эшитаман”, дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).
Соллаллоҳу алайка йаа Расулаллоҳ.
Аллоҳумма солли ва саллим ва барик аъла саййидина Муҳаммад…
Даврон НУРМУҲАММАД
Рамазонни қандай ўтказишим керак ?
- Саҳарлик қилишдан аввал таҳажжуд намозини ўқиб олинг.
- Турли чалғитувчи нарсалар: телефондаги бекорчи ўйинлар, телевизордаги кераксиз сериаллардан узоқ бўлинг.
- Интернетда бефойда ўтиришдан тийилинг.
- Нафл ибодатларни кўпайтиринг.
- Ҳар куни имкониятингиз борича садақа ва эҳсон беришга одатланинг.
- Қуръондан кунлик вазифаларингизни кўпайтириб боринг.
- Аллоҳни кўп зикр қилиш билан машғул бўлинг.
- Кўпроқ дуо қилинг.
- Имкон қадар муҳтожларга ёрдам қўлини чўзинг.
- Қавм-қариндошларга силаи-раҳм қилинг.
- Ота-онангизга яхшилик қилинг.
- Қазо намозларингизни ўқинг.
Даврон НУРМУҲАММАД
Фитр садақаси: кимлар нима учун ва кимларга, қачон ва қанча миқдорда беради?
Фитр садақаси рўзадан чиқиш муносабати билан бериладиган садақадир. У рўзадор учун Рамазон ойи давомида айтган беҳуда гап-сўзлари, қилган хато ва камчиликларини ювиш ҳамда камбағал-мискинларга таомланиш имконини бериш мақсадида жорий қилинган. Ҳанафий мазҳабида фитр садақаси вожиб амал ҳисобланади.
ҚАЧОН БЕРИЛИШИ КЕРАК?
Фитр садақасини Рамазон ҳайити куни тонг отгандан бошлаб ҳайит намозига чиқишдан олдинги вақтга қадар бериш вожиб ҳисобланади. Рамазоннинг аввалидан берилса ҳам бўлади.
Аммо Ҳайит намозидан кейинга қолдирмаслик керак. Агарда киши фитр садақасини ийд намозигача бера олмаса, намоздан кейин беради, лекин савоби Рамазон вақтида берганчалик бўлмайди, аммо бериши шарт. Яъни уни беролмай қолган киши зиммасида фитр садақасини бериш вожиб бўлиб қолаверади.
КИМЛАР БЕРИШИ КЕРАК?
Мусулмон эркагу аёл, балоғатга етган-етмаган, хоҳ оқил, хоҳ мажнун бўлсин, нисоб эгаси бўлсалар зиммаларига фитр садақасини бериш вожиб бўлади. Ўзида пул йўқларнинг номидан уларга нафақа бериш лозим бўлган шахслар беради.
Шунга ҳам диққат қилиш керакки, киши балоғатга етган фарзандлари ва хотини учун фитр садақа бериши вожиб эмас. Агар балоғатга етган фарзандлари ва аёли учун, улар айтишмаса ҳам, фитр садақасини берса, улар зиммасидан фитр садақаси соқит бўлади.
Ҳайит кечаси туғилган чақалоқ учун ҳам отаси фитр садақа бериши вожиб бўлади. Ҳомила ва ҳайит кунидан олдин вафот этганлар учун эса вожиб бўлмайди.
КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ?
Фитр садақаси мусулмон камбағал-мискинларга берилади. “Фатавои Ҳиндия” китобида келтирилишича, фитрни беришда энг афзали, аввало, (камбағал) ака-ука, опа-сингиллар ҳисобланади. Сўнгра уларнинг фарзандлари. Улардан кейин амаки-аммалар, сўнгра уларнинг фарзандлари. Тоға-холалар ва уларнинг фарзандлари сўнг юқоридагилардан ташқари қариндошлар. Улардан кейин қўшнилар, касбдошлар, кейин ҳамшаҳарлар ёки қишлоқдошлар ҳақли ҳисобланади.
КИМЛАРГА БЕРИЛМАЙДИ?
Фитр садақаси нисоб миқдорича моли бўлган бой кишига, ўзининг ота-онаси, бобо-момосига, ўзининг ўғил-қизларига ва уларнинг фарзандларига, эр-хотин бир-бирига бериш мумкин эмас.
Шунингдек, ғайридинларга, фисқ ишларини очиқ-ойдин қилиб юрувчи фосиққа, бойга, соғ-саломат ва ишлашга қодир бўлатуриб ишламай юрганга бериб бўлмайди. Бундан ташқари, гуноҳ ва маъсиятга, шунингдек мусулмонларга зарар келтирадиган ҳар қандай ишларга сарфлайдиган кимсаларга берилмайди.
Фитр садақаси муҳтожларнинг қўлларига мол сифатида берилиши лозим. Бу пуллар масжид қурилиши, умумий хайрия ишлари учун берилиши жоиз эмас.
РЎЗА ТУТМАГАНЛАР ҲАМ ФИТР САДАҚАСИНИ БЕРАДИМИ?
Бирор узр сабабли рўза тута олмаганлар ҳам ўзлари ёки улар номидан нафақа бериши керак бўлган одам фитр садақасини бериши керак.
ҚАНЧА МИҚДОРДА БЕРИЛАДИ?
2023 йил учун ҳар бир жон бошига фитр садақасининг миқдори:
- 2 килограмм буғдой 12 000 (ўн икки минг) сўм;
- 4 килограмм арпа 20 000 (йигирма минг) сўм;
- 2 килограмм майиз 100 000 (юз минг) сўм;
- 4 килограмм хурмо 180 000 (бир юз саксон минг) сўм деб белгиланди.
Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя.
Эслатма! Фитр садақаси қийматлари Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланган бўлиб, ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Рамазон рўзасининг суннатлари
Агар тутаётган рўзангизнинг савобини кўпайтиришни истангиз,
Рўза ибодатингизга руҳ киритмоқчи бўлсангиз,
унда рўзанинг суннатларига амал қилинг....
Улардан биринчиси – ҳатто бир ҳўплам сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилиш баракадир. Уни бир қултум сув ичиб бўлса ҳам тарк этманг. Чунки Аллоҳ ва Унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга салавот айтадилар”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
иккинчиси – ифторликни вақти кириши билан тезлаштириш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (шом) намозини ўқимасдан аввал бир неча хўл хурмо билан, агар хурмо хўл бўлмаса, хурмо қоқиси билан, агар у ҳам бўлмаса, бир неча хўплам сув билан оғиз очар эдилар” (Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
учинчиси – ифторликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларини қилиш.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оғзини очсалар: “Заҳабаз зомау вабталатил урууқ ва сабатал ажру, иншааллоҳ”
“Чанқоқ кетди ва томирлар ҳўлланди ва иншааллоҳ ажр собит бўлди”, деб айтардилар (Абу Довуд ривояти).
тўртинчиси – рўзадорларга ифторлик қилиб бериш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади. Бу билан рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
бешинчиси – Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиш.
олтинчиси – Қуръони каримни кўпроқ тиловат қилиш.
еттинчиси – дуо, садақа қилиш, яхшиликка чақириш, ёмонликлардан қайтариш, беморларни зиёрат қилиш, қавм-қариндошлар билан силаи раҳмни боғлаш.
Рамазон ғанимат ойидир. Бу ой иймонни кучайтириш, Жаннатни қўлга киритиш ҳамда дўзахдан омонда бўлиш учун имкониятдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон кирса-ю, сўнгра ой чиққанда гуноҳи мағфират қилинмаган кимсанинг бурни ерга ишқалансин”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло бу ойнинг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд этсин. Рамазондан гуноҳлардан покланган ҳолда чиқимизга тавфиқ берсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
Хурмо ва сув билан оғиз очиш
Салмон ибн Омир розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Сизлардан кимки ифторлик қилса, хурмо билан оғиз очсин, чунки у баракадир. Агар хурмо топа олмаса, сув билан (очсин), зеро сув ўта пок ва тозадир” (Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривояти).
Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига хурмонинг фазилатлари ҳақида хабар бермоқдалар, яъни хурмо, аввало хуштаъм бўлиб, ҳар қандай одам учун севимли озуқадир. У мия фаолиятини яхшилаб, кишига кўп миқдорда қувват бағишлайди. Сув эса, меъда сустлигининг олдини олади, иштаҳани очади ва кишининг соғлигини тиклаб, ошқозон-ичак фаолиятини яхшилайди
нас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (шом) намозини ўқимасдан аввал бир неча хўл хурмо билан, агар хурмо хўл бўлмаса, хурмо қоқиси билан, агар у ҳам бўлмаса, бир неча хўплам сув билан оғиз очар эдилар” (Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Абу Яълонинг ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уч дона хурмо ёки олов тегмаган бирон нарса билан оғиз очишни яхши кўрар эдилар.
“Олов тегмаган нарса” – оловда пиширилмаган ёки сувда қайнатилмаган маъноларини беради.
Оғиз очишда бирдан овқат ёки шунга ўхшаш нарсалардан эмас, балки мева (хурмо, анжир, олма, узум...) ёки сув билан очилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки бу инсон саломатлиги учун ҳам муҳим ҳисобланади.
Демак, биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига амал қилиб, агар имкони бўлса хурмо, бўлмаса, сув билан оғиз очсак, ҳам соғлиғимизни тиклаган ва ҳам кўплаб ажр-савобга эришган бўламиз.
Одилхон қори Юнусхон ўғли