muslim.uz

muslim.uz

Тегишли қонунчиликка кўра, “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилганида фондга бириктирилган тарихий-меъморий аҳамиятга эга зиёратгоҳларни сақлаш, таъмирлаш, ободонлаштириш ва зиёратчилар учун зарур шароитлар яратиш фонднинг асосий вазифаларидан қилиб белгиланган эди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Вақф” хайрия жамоат фонди ахборот хизмати раҳбари Саидаброр Умаров иштирокидаги брифингда шу хусусда сўз борди.

Қайд этилишича, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ўтган 2018-2022 йиллар давомида тарихий-меъморий аҳамиятга эга зиёратгоҳларни ободонлаштириш, таъмирлаш учун 15 миллиард 249 миллион 400 минг сўмдан зиёд маблағ сарфланган. Зиёратгоҳларнинг ишчи-ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ва иш ҳақлари учун 22 миллиард 390 миллион 100 минг сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.

Ўтган 2021 йилда фонд томонидан республика бўйича 15 та объектга жами 2 миллиард 626 миллион 400 минг 950 сўм миқдорида маблағлар ажратилган. Хусусан, Самарқанд шаҳридаги “Шоҳи-Зинда” ёдгорлик мажмуасига 442 миллион 661 минг 808 сўм, Хоразм вилоятидаги “Паҳлавон Маҳмуд” зиёратгоҳига 734 миллион 413 минг 502 сўм, “Саид Аловуддин Пир” зиёратгоҳига 541 миллион 727 минг 470 сўм миқдорида маблағлар ажратилган.

Шундан, Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида жойлашган “Султон Увайс Бобо” мажмуаси қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 700 миллион сўм, “Ҳаким ота Сулаймон Боқирғоний” зиёратгоҳидаги мақбара ва масжид таъмири учун 90 миллион сўм сарфланган.

Жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида республикамиз бўйича жами 16 та объектга 1 миллиард 949 миллион 890 минг 735 сўм ажратилган.

 

Бугун, 28 ноябрь куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Имом Бухорий қаламига мансуб “Саҳиҳи Бухорий” асарининг ўзбек тилидаги шарҳи китобининг тақдимоти ўтказилди.

Унда Президент маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, IRCICA Бош директори маслаҳатчиси, тарих фанлари доктори, профессор Аширбек Мўминов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Академия профессор-ўқитувчилари, таниқли олимлар, диний-маърифий соҳа вакиллари ҳамда илмий-тадқиқот марказлари ходимлари иштирок этишди. Шунингдек, тадбирда қатнашчилар ZOOM дастури орқали орқали онлайн тарзда иштирок этишди.

Тадбир Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда “Ҳилол-нашр” матбаа нашриёти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Маросимни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов олиб борди.

Тақдимотни Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов кириш сўзи билан очиб, ўз нутқида Ўзбекистон – дунё тамаддуни ва ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар, азиз-авлиёлар юрти сифатида шуҳрат қозонганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аждодларимиз меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш юзасидан амалга оширилаётган эзгу ишлар юртимизнинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузини янада оширишга хизмат қилаётганини алоҳида эътироф этди.

Тадбир давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков сўзга чиқиб, Ислом оламида “Имом ал-Муҳаддисийн” (Барча муҳаддисларнинг пешвоси) деб ном берилган ҳадис илмининг буюк олими Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асари Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримдан сўнг асосий манба сифатида эътироф этилиши, бирор ҳадис манбаси “Саҳиҳ ал-Бухорий” китоби каби шарҳланишга мушарраф бўлмагани, унга бир юз элликка яқин шарҳлар ёзилгани, турли тилларга таржима қилингани, хусусан, мазкур нашр тадқиқот, асл матн, илмий-изоҳли таржима ва зарур шарҳлардан иборатлиги, кўп жилдлик шарҳнинг илк тадқиқот қисми эса муҳаддислар султонининг ҳаёти ва ижоди, ҳадис илми тарихи, унинг ривожланиши, у ҳақдаги назарий масалалар, мазкур соҳада қалам тебратган олимлар ва уларнинг асарлари, айниқса, санад силсилаларига бағишланганини алоҳида таъкидлаб, мазкур мўътабар тўплам – “Саҳиҳи Бухорий”нинг илмий-изоҳли таржимаси ва шарҳининг илк нашрини барчамизга манфаатли қилишини сўраб хайрли тилакларни билдирди.

Шунингдек, тақдимотда сўзга чиққанлар буюк алломанинг ибратли ҳаёт йўли ва бой илмий-маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, тадқиқ этиш, кенг афкор оммага, хусусан, ёшларга етказиш муҳим эканини таъкидлашди.

Тадбир ниҳоясида қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

29 ноябрь куни Хивада Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларининг етакчи компаниялари иштирокида туризмни ривожлантириш бўйича "Чегара билмас сайёҳлик" халқаро форуми бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
«Uzbekistan.travel» порталида маълум қилинишича, форум кун тартиби туризм соҳасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини ўз ичига олган. Бундан ташқари, мазкур анжуман Евроосиё иқтисодий иттифоқининг "ички туризм" имкониятларини сезиларли даражада кенгайтириш, туризм соҳасида илмий-техник ва сармоявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, мамлакатлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш бўйича янги ташаббусларни ишлаб чиқиш учун самарали майдонга айланиши кутилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz 

Вівторок, 29 ноябрь 2022 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент вилояти Ўртачирчиқ тумани “Абу Ҳурайра” жоме масжиди имом-хатиби Фазлиддин домла Мусаховнинг акалари Баҳодир Қудратовнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилган марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.

Ҳақ таоло марҳумнинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларга ажру мукофотлар ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳум отахоннинг яқинларига, хусусан, Фазлиддин домла Мусаховга ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Мақолалар

Top