muslim.uz
Турли оқимлар таъсирига тушиб йўлдан адашганлар қисмати (видео)
Мисрда Конституциямизнинг 29 йиллиги нишонланди
Қоҳира шаҳрида Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси томонидан ушбу мамлакатда таҳсил олаётган юзлаб ватандошларимиз иштирокида Асосий қонунимиз – Конституция қабул қилинганининг 29-йиллиги муносабати билан учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирда Мисрда хизмат сафарида бўлиб турган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов иштирок этди.
Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Мансурбек Қиличев 24 октябрь куни бўлиб ўтган Президент сайловида фаол иштироки учун ватандошларимизга миннатдорлик изҳор этди.
Мисрдаги юртдошларимизни улуғ айём – Ўзбекистон Конституцияси куни байрами билан самимий муборакбод этиб, Асосий қонунимиз моҳиятига сингдирилган инсонпарварлик тамойилларини таъминлаш бўйича мамлакатимизда тизимли ва кенг кўламли демократик ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Бош қомусимизда белгилаб қўйилган ҳар бир инсоннинг, жумладан, ёшларимизнинг ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишда адолат принципини амалда таъминлаш бўйича ва айни дамда фаол гендер сиёсати доирасида хотин-қизларимизнинг ижтимоий-сиёсий мавқеини мутаҳкамлаш бўйича жадал ишлар давом эттирилаётгани айтиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбарининг «Янги Ўзбекистон - мактаб остонасидан бошланади» ғояси асосида таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилиш, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт, спорт соҳаларини ривожлантириш, ёшларнинг, айниқса, қизларимизнинг истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш борасида қилинаётган кенг кўламли ишлар таъкидланди.
Буларнинг барчаси халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашга, юртимизда Учинчи Ренессанс – миллий тараққиётимизнинг янги даври пойдеворини ва Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида хизмат қилаётгани қайд этилди.
Чет элдаги ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, мавжуд муаммоларини тезкор ва ижобий ҳал этиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, Ўзбекистон фуқаролари ҳамиша ўз давлати ва Конституцияси ҳимоясида бўлиши ва бу тамойил бундан буён ҳам қатъий амалга оширилишига эътибор қаратилди.
Суҳбатда бугунги кунда мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани, уларнинг таълим олиши, иқтидорини намойиш этиши ва истеъдодини шакллантириши учун барча шароитлар яратилаётгани таъкидланди. Мисрдаги ўзбек талабаларига ушбу имкониятлардан оқилона фойдаланиши, турли хил сохта ғояларга учмаслик лозимлиги уқтирилди.
Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, миллий анъана ва қадриятларимизни ривожлантиришга давлат томонидан катта аҳамият берилаётгани ҳақида сўз юритди. Улуғ алломаларнинг илмий меросини чуқур ўрганиш, ёшларни илм-маърифатли этиб тарбиялаш ҳар бир мамлакатнинг устувор вазифаси эканини қайд этди.
Ўзбекистонда таълим ва илмий фаолиятда эришилган ютуқларга ҳам тўхталиб ўтилди. Талаба ёшларга тинчлик дини бўлган ислом динининг мазмун-моҳияти, юртимизда туғилиб, дунё тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккирларимизнинг бебаҳо маънавий меросини чуқур тадқиқ этиш, халқаро даражадаги замонавий мутахассис кадрларни тарбиялаш давлатимизни устувор мақсади экани айтилди. Ўз навбатида, Мисрда таҳсил олаётган ёшлар илм ўрганиш йўлида бардавом бўлиб, юртимиз равнақи йўлида хизмат қилишлари кераклиги урғуланди.
Тадбирда ўзбек талабалари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди. “Очиқ мулоқот” тарзида кечган учрашув самимий ва кўтаринки кайфиятда якунланди.
Тадбир сўнгида иштирокчилар учун байрам дастурхони ёзилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
10 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун
Халқимизнинг асосий қўшиғи
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг матни ва мусиқаси Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 10 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги Қонуни билан тасдиқланган.
Мадҳиямиз Ўзбекистон Республикаси Давлат суверенитетининг рамзидир. Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов шеъри, Ўзбекистон халқ артисти, атоқли композитор Мутал Бурҳонов мусиқаси асосида ишлаб чиқилган мадҳиямизда мусаффо осмонимиз, бахтли ва фаровон ҳаётимиз, халқимизнинг асрий орзулари, келажакка ёруғ умиди ва мустаҳкам ишончи теран ифодаланган.
Энг қадимий ва энг қисқа мадҳия
Япония мадҳиясининг қўлёзмаси X–XI асрда ёзилган бўлиб, дунёдаги энг қисқа “қўшиқ” ҳисобланади: у жами 6 қатордан иборат.
Кунчиқар юртнинг расмий мадҳияси давлат даражасида 1999 йили тасдиқланган.
Энг узун ва энг зерикарли мадҳия
Уругвайнинг мадҳияси 1833 йили қабул қилинган. У дунёдаги энг узун ва шу билан бирга, энг зерикарли мадҳия ҳисобланади. Мамлакат мадҳиясини тинглаш учун беш дақиқа вақт керак бўлади.
“Худойим, қиролни ва қиролликни асра!”
Буюк Британия мадҳияси шу сўзлар билан бошланади.
Мадҳия расмий бўлмаса-да, ҳеч қандай ҳуқуқий ҳужжатга асосланмаган, лекин уни куйлаш анъанага айланган.
Мадҳия бир неча марта қайта таҳрир қилинган.
Сўз ва мусиқа муаллифи Гэнри Кэри бўлиб, у бир лорднинг ўғли бўлган.
Тайланднинг эски мадҳиясини рус ёзиб берган
Сиам қироллигининг муносабатлари Россия билан яхши бўлган. 1939 йилгача Тайланд “Замонавий Тайланд” деб номланганини кўпчилик билмаса керак. Ўшанда қирол Сиам мадҳияни яратиш учун танлов эълон қилади. Танловда рус бастакори Пётр Андреевич Щуровский ғолиб бўлади. Щуровскийнинг мусиқаси мадҳияга киртилган ва 1939 йилгача мамлакатда куйланган.
1 дақиқадан ошмайдиган мадҳия
Ҳиндистон мадҳиясини Нобель мукофоти лауреати Рабиндранат Таҳур ёзган ва уни “Миллат руҳи”, деб номлаган. Мадҳия бенгал тилида битилган. Мадҳия куйланганда бир дақиқадан ошмайди.
Рус тилидан Т.НИЗОМ таржимаси
Араб университетлари билан илк бор икки дипломли дастур йўлга қўйилади
Тошкент давлат шарқшунослик университети халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Элёр Маҳмудов Қоҳирада икки йирик давлат университети раҳбарияти билан учрашди.
Дастлаб Ҳелвон университетида вице-президент Мона Фуад, шунингдек, таълим, филология, туризм факультетлари деканлари ва халқаро алоқалар бошқармаси раҳбарияти иштирокида мулоқот ўтказилди.
Томонлар 2020-2021 ўқув йили давомида иқтисод, туризм ва араб тили бўйича ўқилган туркум онлайн маърузалар шаклидаги муваффаққиятли ҳамкорликни таъкидлаб ўтдилар.
ТДШУ ташаббуси билан уюштирилган Халқаро анжуманларда Ҳелвон университети олимлари иштирок этиб, профессор-ўқитувчилар томонидан магистрантлар учун иқтисодий фанлар бўйича курслар ташкил этилди.
Учрашувда истиқболдаги шериклик режаси, хусусан, Мисрнинг ушбу олий ўқув юртида ТДШУ араб тили ўқитувчилари учун ўқув курслари, соҳа бўйича онлайн ва оффлайн маърузалар жараёнини йўлга қўйиш, фанлараро дастурлар бўйича ҳамкорлик қилиш масаласи муҳокама қилинди.
Э.Маҳмудов, гарчи, икки университет ўртасидаги Меморандум 2004 йилда имзоланганига қарамай, ҳамкорлик фаолияти фақат 2020 йил сентябрь ойидан бошланганини қайд этди.
Учрашувда томонлар араб тили бўйича қўшма таълим дастурига тайёргарлик жараёни деярли якунига етгани ва бу лойиҳа янги ўқув йилидан ишга тушиши таъкидладилар.
Мазкур икки дипломлик дастур Ўзбекистонда Араб университетлари билан йўлга қўйилаётган илк шундай ҳужжат бўлиши кутиляпти.
Ҳелвон университетида 23 факультет, 48 марказ, 12000 профессор-ўқитувчи ва маъмурий ходим фаолият олиб боради. Талабалар сони 200 000 атрофида.
“TimesHigherEducationWorldUniversityRanking” маълумотига кўра, ушбу олий ўқув юрти рейтингда бир қатор соҳалар бўйича Топ-1000 таликка, “Глобал ривожланаётган иқтисодиёт” соҳаси бўйича эса Топ-350 таликка кирган.
Мисрдаги иккинчи учрашув Араб дунёсида энг қадимий ва юқори рейтинга эга олий таълим маскани ҳисобланган Қоҳира университетида бўлиб ўтди.
Суҳбат давомида томонлар турли йўналишлар бўйича ҳамкорлик истиқболини муҳокама қилиб, Меморандум имзолашга ҳам келишиб олдилар.
Тадбирда университет вице-президенти Абдулраҳмон Закрий ва халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи Хейди Баёуме иштирок этди.
ТДШУ ва ҚУ ўртасида 1997 йил Меморандум имзоланган бўлса-да, ҳамкорлик қониқарли даражада йўлга қўйилмаган. Эндиликда ҳар икки томон қўшма академик фаолиятни жонлантириш, хусусан, алмашинув дастурлари тузиш, олимлар учун ўқув курслари ташкил этиш, илмий марказлар ҳамкорлигини ўрнатиш ва онлайн фаолият юритиш зарурлигини бир овоздан эътироф этдилар.
Қоҳира университети тарихий бинода жойлашган бўлиб, иншоот аввал Миср қироли саройи бўлган ва малика Фатма Исмоил қарори билан университет учун ҳадя қилинган.
Ҳозир Қоҳира университетидаги 26 факультет, 177 марказда 16000 факультет ходими ишлайди ва 262 000 га яқин талаба таҳсил олади.
QS Жаҳон университетлари рейтингига кўра, Қоҳира университети Топ-580 университет сафидан ўрин олган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати