muslim.uz
Динда саволим бор: Майит устига “Ёсин” сураси ёзуви туширилган матони ёпиш
— Инсон ўлганида майит устига “Ёсин” сураси ёзуви туширилган матони ёпиб дафн қилишса, савоби катта эмиш. Шу рост-ми?
— “Ёсин” сурасини ёпиш деган гап шариатда йўқ. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қабристонга кирганда “Ёсин” сурасини қироат қилса, Аллоҳ ўша куни уларга енгиллик беради ва унга ўша ердаги нарсалар ададича ҳасанотлар бўлади”, деганлар.
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўликларингизга Ёсинни қироат қилинг”, деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Насоий, Имом Аҳмад, Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Кўчат экинг, боғ қилинг!
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллиги жамоаси томонидан Косонсой туманида кўчат экиш тадбири ташкил этилди.
Унда вилоят ҳокимлиги масъуллари, имом-хатиблар, нуронийлар иштирок этиб, яхши ниятлар билан дарахт кўчатларини экишди.
Юртимиз бўйлаб кенг миқёсда ўтказилаётган “долзарб 40 кунлик” акциясида амалга оширилаётган бу каби тадбирлар ҳудудлар қиёфасини обод этиш баробарида, табиатни асраш, экологик мусаффоликни таъминлашга кўмак бериши билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакиллиги
Матбуот хизмати
Миссионерларнинг айёрона режаси
имом-хатиби Сабуров Жалолиддин
Франция ОАВси Тошкент Ислом цивилизацияси маркази қурилиши ҳақида
"Musulmans en France" ихтисослаштирилган онлайн нашри бош муҳаррири Жан-Мишель Бруннинг "Ўзбекистонда дунёда ноёб Ислом цивилизациясининг маркази очилмоқда" номли мақоласини чоп этди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Нашрнинг таъкидлашича, Усмон Қуръонининг машҳур нусхаси жойлашган Тошкентда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан замонавий мусулмон дунёсининг дурдоналаридан бири бўлишга мўлжалланган Ислом цивилизацияси маркази биносини қуришга киришишга қарор қилинган.
Қайд этилишича, интерьер дизайни Қатар пойтахти Дохада Ислом санъати музейини яратган франциялик архитектор Жан-Мишел Вильмоттга топширилган.
Келгуси йил охирида эшикларини очиши керак бўлган янги марказ 15 000 квадрат метр майдонга эга катта кўргазма зали, санъат ва китобларни рақамлаштириш ва тиклаш бўлимига эга тадқиқот маркази, шунингдек, 500 кишилик конференция залини ўз ичига олади. Ниҳоят, марказда 200 дан ортиқ талаба магистратура ёки докторантурада ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлган Халқаро ислом академияси жойлашади, дейилади мақолада.
Саккиз галереяда 4 мингдан ортиқ объект, шунингдек, 1000 қўлёзмани намойиш этиш режалаштирилган. Марказда, гумбаз остида VII асрга оид қўлёзма Усмон Қуръонининг жуда қимматли ва нодир нусхаси ўрнатилади, дея хулоса қилади интернет-ресурс.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Эҳсон қилувчиларга охиратда хавф бўлмас!
Аллоҳ таоло берган барча нарсалар бизга омонат. Молу бойлик ҳам. Уни Ўзи буюрган жойларга сарфлаш даркор. Мусулмон киши хайру эҳсон ва садақа қилишда пешқадам бўлишга ҳаракат қилиши керак.
Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир” (Оли Имрон сураси, 92-оят). Бошқа ояти каримада: “Мол (бойлик)ларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида (махсус) мукофотлари муҳайёдир. Уларга (охиратда) хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (Бақара сураси, 274-оят), дейилади.
Шу ўринда айтиш жоиз, Ургут туманидаги “Ғузни” масжиди имом-хатиби Абдуқодир домла Нурмуҳуммедов бошчилигида бир гуруҳ саҳоватпеша инсонлар “Mehr saxovat Urgut” номли жамоага бирлашди. Бундан мақсад эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар, етим болалар ва ногиронларга моддий ёрдам кўрсатиш, сахий инсонларни ушбу хайрли ишга даъват этишдир.
Ҳозирги кунга қадар жамоа минглаб оилалар камчиликлари бартараф этиб келмоқда. Масалан, тумандаги 287 нафар болажонга мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан ўқув қуроллари ва кийим бошлар топширилди. Шунингдек, 50 нафарга яқин етим ва ижтимоий кўмакка муҳтож мактаб ёшидаги болаларга қишки кийимлар олиб берилди. Яна 300 нафар болажонга кийим бош олиб бериш режа қилинган. Ҳар бир болага бош-оёқ кийим қилиш учун ҳомийлар томонидан ўрта ҳисобда 820 минг сўм миқдоридаги маблағ эҳсон қилинмокда.
Бундан ташқари, тумандаги уй жойга муҳтож 5 та оилага янги уйлар қуриб фойдаланишга топширилди. Бемор ва касаллиги бўлган 150 нафар киши тумандаги хусусий шифохоналар ҳамкорлигида даволанди. 500 дан зиёд фуқарога дори-дармон олиб берилди.
Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир” (Бақара сураси, 261-оят).
Ояти каримада бир эҳсон эвазига битта эмас, балки етти юз ва ундан ортиқ савоб бериши мумкинлиги билдирилмоқда. Эҳсон қилувчи киши бу эҳсони эвазига фақатгина охиратда ажр олибгина қолмай, бу дунёда ҳам мукофотларга эга бўлади.
Эҳсоннинг маъноси яхшилик қилишдир. Зеро, эзгу ишларга сарф қилинмаган, балки гуноҳ ва маъсият, одамлар орасини бузиш, ўртага зиддият ва адоват солишга сабаб бўладиган ишларга мол-мулк сарфлаш эҳсон дейилмайди ва қабул бўлмайди. Албатта, эҳсонни ўз жойига, муносиб кишиларга бериш шартдир.
Азиз юртдошлар, ниятимиз сахий инсонларнинг хайрли ишларини ўрнак сифатида кўрсатишдир. Асло уларнинг савобли амалларини кўз-кўз қилиб, риё эмас.
Аллоҳ таоло барчамизни эҳсон қилувчи, сахий ва кўпчиликка ёрдами тегадиган кишилардан бўлишимизни насиб этсин!
Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати