www.muslimuz

www.muslimuz

Субота, 29 Январь 2022 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси кўп йиллар диний-маърифий соҳада хизмат қилиб келган Самарканд вилояти Иштихон тумани Бош имом-хатиби ҳамда “Полвон ота” масжиди имом хатиби Алижон домла Яқубовнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳум домламизни Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло марҳум домламизнинг барча солиҳ амалларини, динимизга қилган хизматларини, илм-маърифат, зиё таратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, чеккан дардларини барча саҳву хатоларига каффорат қилиб, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!

Аллоҳ таоло марҳум домламизнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳум Алижон домла Сайдивали ўғлининг оила аъзолари, фарзандлари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
muslim.uz

ЎЗБЕКИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИ
АХБОРОТ ХАТИ

Ҳурматли иштирокчилар, қадрли ҳамкасблар!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 2021-2024 йилларга мўлжалланган, Ўзбекистон ­Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси асосида ажратган №AJIM-202110011 – “Шарҳ ал-Ақоид ан-Насафия” асарининг академик илмий-изоҳли таржимаси ҳамда унинг андроид ва мультимедиа дастурларини яратиш” мавзусидаги мақсадли илмий-амалий лойиҳа доирасида ­“МАРКАЗИЙ ОСИЁ КАЛОМ ИЛМИ ТАРИХИ: ЯНГИ ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТЛАР ВА ЁНДАШУВЛАР” ­мавзусидаги ­илмий мақолалар тўпламида ўз мақолангиз билан иштирок этишга таклиф этамиз. 

Мазкур тўпламда замонамиз уламолари, таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, докторантлар, мустақил изланувчилар, магистрантлар ва салоҳиятли толиби илмлар ўзларининг илмий мақолалари билан иштирок этишлари мумкин.

Илмий тўпламга қуйидаги йўналишларда мақолалар қабул қилинади:

Калом илми тарихи ва таълимоти, Ўрта Осиёда калом илмининг ривожланиши;
Калом илмининг ўзига хос масалалари;
Адашган оқимларга қарши курашишда калом илмининг аҳамияти;
Мутакаллим уламолари ҳаёти ва ижоди;
Ўрта Осиёда ёзилган калом илмига оид манбалар ва рисолалар;
Мотуридия тарихи ва таълимоти, Имом Мотуридий ҳаёти ва ижоди;
Мотуридийлик ва ашъарийлик ўртасидаги муносабатлар;
Мотуридийликнинг Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Хоразм мактаблари;
Ҳанафийлик ва мотуридийлик ўртасидаги муносабатлар;
Абу Ҳафс ан-Насафий ҳаёти ва ижоди;
Саъдуддин ат-Тафтазоний ҳаёти ва ижоди;
Ислом фалсафаси ва теологияси, Исломда мантиқ илми.

Мақолага қўйиладиган талаблар:
1. Илмий мақоланинг асосий матни 8-10 саҳифадан кам бўлмаслиги, (А-4 формат, ҳарфлар катталиги 14 кегел, қаторлар оралиғи 1.5 интервал; юқоридан, пастдан, чапдан, ўнгдан 2.5 см жой қолдириб, Times New Roman шрифтида расмийлаштирилиши лозим);
2. Мақоланинг номи бош ҳарфлар билан ёзилиши, 12 сўздан ортмаслиги, навбатдаги ­қатордан муаллифнинг исми, фамилияси, бир қатордан кейин илмий даражаси, ташкилот номи ва алоқа учун телеграм рақами кўрсатилиши талаб этилади;
3. Мақолалар ўзбек, араб ёки инглиз тилларида қабул қилинади. Мақолада қисқача ­аннотация, калит сўзлар 5 тадан кам бўлмаслиги лозим;
4. Мақоланинг асосий матни остида анъанавий тарзда сноскаларда манба ва адабиётларга ҳаволалар кўрсатилиши лозим, фойдаланилган манба ва адабиётлар рўйхати эса шарт эмас;
5. Файл номи муаллиф ёки биринчи муаллифнинг фамилияси билан номланиши лозим.
6. Матнда келтирилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва аниқлигига муаллиф ёки муаллифлар жамоаси жавобгар ҳисобланади.

Мақоласи қабул қилинган иштирокчиларга тўплам бепул тақдим этилади.

Изоҳ: кўрсатилган талабларга жавоб бермаган мақолалар таҳрир ҳайъати томонидан чоп этмаслик ҳуқуқига эгалиги ҳамда муаллифларга қайтарилмаслигини маълум қиламиз.

Мақолаларни 2022 йил 1 мартга қадар ташкилий қўмитанинг қуйидаги (телеграм)
@Ilm_ahli_utkirbek манзилга юқоридаги кўрсатилган талаблар асосида электрон вариантда жўнатишингиз лозим. Тўплам ҳақидаги маълумотларни қуйидаги https://t.me/kalom_ilmi телеграм канали орқали кузатиб боришингиз мумкин.

Телефон ва телеграм: +998 (99) 105-05-03;  +998 (93) 569-15-57 Манзил: Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Қорасарой кўчаси 47-уй.  Мўлжал: “Ҳазрати Имом” мажмуаси. 

 

Четвер, 27 Январь 2022 00:00

Умрага боришга тайёрмисиз?

 Умра сўзи қандай маънони англатади? “Умра” сўзининг луғавий маъноси “зиёрат”, шаръий маъноси Байтуллоҳнинг махсус зиёратидир.

 

Умра қандай ибодат? Умра динимизда Байтуллоҳни тавоф қилиб, Сафо ва Марва оралиғида етти марта саъй қилишдир. Ҳанафий мазҳабида умр давомида бир марта умра қилиш – суннати муаккададир. Умра улуғ савобларга эриштирадиган ибодатдир.

 

Умрада қандай амаллар бажарилади? Умра амаллари қуйидагилар:

  • Эҳромга кириш.
  • Каъбаи муаззамани тавоф қилиш.
  • Сафо ва Марва тепаликлари орасида саъй қилиш.
  • Сочни олдириш ёки қисқартириш.

Ҳажнинг шартлари умра учун ҳам шартдир.

 

Умра ибодатини бажариш учун қандай ният қилинади? Умранинг нияти:

“Аллоҳумма инний урийдул умрата фаяссирҳа лий ва тоқаббалҳа минний. Навайтул умрата ва аҳрамту биҳа лиллаҳи таола”.

Маъноси: Аллоҳим, мен умра қилмоқни ирода қилмоқдаман. Уни менга осон эт ва қабул айла. Умрани ният қилдим ва Аллоҳ таоло учун умрага эҳром боғладим.

 

Умранинг суннат амаллари қайсилар? Умранинг суннатлари:

– Эҳром боғлаш олдидан ғусл қилиш;

– Эҳромга кириш олдидан хушбўйликлар суртиш;

– Талбия айтиш;

– Тавоф ул-қудум қилиш;

– Тавофни узлуксиз етти марта адо этиш

– Сафо ва Марва орасида етти марта саъй қилиш;

– Саъйда таҳоратли бўлиш.

 

Зиёратчи сочини қачон ва қандай қисқартиради, аёллар-чи? Зиёратчи саъйни адо этиб бўлгач, сочини таги билан олдиради ёки қисқартиради, афзали таги билан олдиришдир. Аёллар сочларини бармоқнинг бир бўғими миқдорида қисқартирадилар. Улар учун афзали сочларининг ҳаммасини бир жойга тўплаб туриб, учидан бир бармоқ бўғимича қисқартиришдир. Сочни олдириш ёки қисқартириш бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда вожиб амаллардандир, уни тарк қилган киши қурбонлик сўйиши лозим бўлади. Мана шу билан умра ибодати тамом бўлади ва шундан сўнг эҳром ман этган ҳамма нарса мумкин бўлади.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар

Top