Дунё янгиликлари

Махфий келишув фош бўлди

Олимлар АҚШ даги газланган ичимликлар ишлаб чиқарувчи ширкатларнинг яширинча келишувини фош этишди. Бу ҳақда “PLoS Biology” журналида чоп этилган мақолада маълум қилинган.

Тадқиқотчилар шакар ва таркибида шакар мавжуд бўлган ичимликлар ишлаб чиқарувчиларнинг 1960 йилдаёқ шакарнинг атересклероз ва сийдик қопи саратони келтириб чиқариши ҳақида билганлари ва буни оммадан яширганларини тасдиқловчи ҳужжатни топишганини эълон қилишди.

Калифорния университети олими Стентон Гланц (Stanton Glantz): “Илмий хулосаларни бу шаклда сохталаштириш худди тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг алдовларига ўхшаб кетади. Бизнинг тадқиқотимиз, шакар ва шакарли ичимликлар ишлаб чиқарувчилар ҳомийлигида амалга оширилаётган илмий тадқиқотларни шубҳа остида қолдиради. Шу боис, янги чора-тадбирларни ишлаб чиқишда ушбу ҳолатларни жиддий эътиборга олиш лозим”, дейди.

“Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш” ташкилоти маълумоларига қараганда, ўтган асрнинг 80 йилларидан бошлаб дунё бўйича семизлик эпидемияга айланган. Ер курасидаги ҳар учинчи киши, тахминан 1,9 миллиард одам ортиқча вазндан шикоят қилмоқда, уларнинг тахминан 15 фоизи эса семизликнинг оғир шаклидан азият чекмоқда. Мазкур ташкилот маълумотига кўра, 47% касалликлар, жумладан, юрак-қон томири касалликлари, қандли диабет ҳамда саратон бевосита семизлик билан боғлиқ.

Семизлик эпидемиясининг энг асосий сабабчилари, олимлар ва тиббиёт ходимларининг қайд этишича, сўнгги йилларда бутун дунёда оммалашиб кетган шакар ва шакарли ичимликлардир. Икки йил муқаддам АҚШлик тадқиқотчилар газланган шакарли ичимликларни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш ҳар йили 184 минг одамнинг ҳаётига зомин бўлаётганини аниқлашган. Ушбу ўлимларнинг катта қисми АҚШ ва Лотин Америкаси мамлакатларига тўғри келади.

Афсуски, бундай маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар ўз бизнесларидан ҳали бери воз кечиш ёки уни ўзгартириш ниятида эмаслар. Бостон университети олимлари бундай компаниялар АҚШдаги юздан ортиқ соғлиқни сақлаш муассасаларида ўз манфаатларини илгари сураётганлари ва бу йўлда катта маблағ сарфлаётганлари, шунингдек, газли ичимликларга юқори нарх белгилаш ёки уларнинг ҳажмини чеклашга қаршилик кўрсатиб келаётганларини аниқлади.

 


Халқаро алоқалар бўлими ходими

  Абдулҳаким Арипов таржимаси

Read 5722 times
Tagged under

Янгиликлар

Top