www.muslimuz

www.muslimuz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

- ҳайит намознинг ўрнига бошқа намоз ўқишнинг ҳукми қандай?
- тарихимизда жамоат, жума ва ҳайит намозлари ўқилиши аввал ҳам тақиқланганми?
- ҳайит кунлари гуруҳ-гуруҳ марҳумларнинг уйига фотиҳа учун борилади, шу тўғрими?
- ҳайит куни куёв томонга тоғора, сарпо-суруқ юбориш урфга айланган.  Бу каби ишларга шариатимиз нима дейди?
- ҳайит байрамини карантин шароитида қандай қилиб рисоладагидек ўтказиш мумкин?

“Azon.uz” ахборот таҳлилий портали мухбири ана шундай саволлар билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбековга юзланди.

– Ассалому алайкум. Ҳомиджон домла, аввало, Рамазон ҳайити муборак бўлсин. Бугунги кунда бутун дунёда пандемия шароити, юртимизда ҳам карантин эълон қилинган. Мана шундай кунларда Ўзбекистон мусулмонларини қуйидаги саволлар қизиқтиряпти, десак хато бўлмайди: Ҳайит намознинг ўрнига қанақа намоз ўқиш лозим? Уни уйда, оила аъзолари билан бирга ўқиш мумкинми? Бу амалнинг ҳукми қандай, яъни фарзми, вожибми ё суннатми?

– Ваалайкум ассалом. Маълумки, айни пайтда аксар мусулмон юртларининг халқаро ва маҳаллий фатво уюшмалари, уламолари мўмин-мусулмонларнинг жонларини омон сақлаш учун масжидларда йиғилмаслик, хавф ўтиб кетгунча ибодатларни уйда адо этиб туриш қарорига келишган. Бунга етарлича асос борлигини ва масала жиддий эканлигини эслатишган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши фатвосида ҳам жума намози ўрнига уйда пешин намози адо этилиши айтилган. Афсуски, ҳозирги вазият жорий йилда Рамазон ҳайити намозини ўқимасликни тақозо қилмоқда. Бу ҳақда фиқҳий манбаларимизга мурожаат қиладиган бўлсак, ҳайит намози дуруст бўлиши учун ҳайит намозини ўқилишига давлат бошлиғи ёки унинг ўринбосари томонидан одамларга умумий рухсат (изни омма) бўлиши ва ҳайит намозини одамларга муфтий томондан тайинланган киши ўқиб бериши керак эканлиги баён қилинган. Демак, ўз-ўзидан ҳайит намозини уйда ўқилганда мана шу шартлар топилмайди, натижада намоз дуруст бўлмайди. Бу ҳақида Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:
“Умумий рухсат – жомеъ масжиди очилиб, одамлар киришига рухсат бўлишидир. Ҳатто, агар масжидда бир жамоат йиғилиб, эшикни ёпиб олиб жума (ёки ҳайит) намозини ўқисалар, намозлари дуруст бўлмайди” (“Раддул мухтор” китоби). 

Эътибор берилса, бу масалада, умумий рухсат бўлмаганда, ҳатто бир жамоат масжидга кириб, ўзларича жума ёки ҳайит намозларини ўқисалар ҳам, намозлари дуруст бўлмаслиги баён қилинмоқда.

Вазият тақазосидан келиб чиқиб, ҳайит намози адо қилинмаса ҳам, байрам шукуҳини сақлаб қолиш учун Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир суннатларини тирилтириш мақсадга мувофиқдир.

Абу Саъид разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ийд намозидан аввал нафл намоз ўқимасдилар. Қачон уйларига қайтсалар икки ракат намоз ўқирдилар” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Мўътабар ҳанафий фиқҳий манбаларидан бири “Мажмаъул анҳур” китобида шундай дейилади:
“Маълум бўлсинки, ҳайит намози Зуҳо намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал”.

Хулоса ўрнида айтамизки, ҳозирги шароитда ҳаммамиз иттифоқ бўлиб, шариатимиз кўрсатмаларига амал қилиш билан бирга, пандемия давридаги талабларга риоя қилишимиз, Аллоҳ таолонинг синов-имтиҳонларидан гўзал суратда ўтишга ҳаракат қилмоғимиз лозимдир. Шоядки, Аллоҳ таоло тез кунларда фазилатли, катта жамоатларда намозларни адо қилишни насиб айласа, халқимизга хотиржамликни қайтарса. Аллоҳ таоло дунё мусулмонлари, жумладан халқимиздан турли бало-офатларни узоқ қилсин! Омин!

– Умуман, тарихимизда жамоат, жума ва ҳайит намозларини ўқишнинг таъқиқланиши аввал ҳам бўлганми? Охирги марта қачон бўлган?

– Мисрлик Ислом тарихи олими Доктор Айман Фуъоднинг таъкидлашича, тарихда жума намозини манъ қилган аниқ муаййан бир воқеъа мавжуд эмас. Лекин тарихда шундай воқеа ҳодисалар бўлганки, уларга қиёсан жума намознинг тўхтатилгани, тарихда ҳам шунга ўхшаш иш бўлганини англаб олиш мумкин. Бунга мисол тарзида “қора ўлим” номли вабо касалини олиш мумкин.

1250-1517 йилларда Миср, Шом, Ироқ каби араб давлатларига подшоҳлик қилган Мамоликлар даврида (Мамлукийлар салтанати даврида) тарқаган мазкур касаллик оқибатида минг-минглаб одамлар қурбон бўлгани айтилади. Аниқки, бундай вазиятларда касалликни янада авж олишини олдини олиш учун ҳар қандай жамланишлар тўхтатилган. Ўша пайтда бир кунда мингдан ортиқ инсон ўлганлиги айтилади. 

Доктор Фуъоднинг айтишича Фотимийлар даврида ҳам Мисрдаги Нил дарёсининг суви етти йил мобайнида кескин камайиши оқибатида очарчилик, танглик юзага келган. Жуда қаттиқ очарчилик бўлган, одамлар топган ҳайвонларини еб тугатган. Ҳатто мушуклар ва эшакларни ҳам еб тугатишган. Халифа оч қолганидан отасининг қабрига қўйилган тошларни ҳам сотиб егани айтилади. Бу воқеа Ҳижрий V асрнинг иккинчи ярми бошларида бўлиб ўтган (1094-1036).  Бу даврда тирик қолиш катта иш бўлган. Бундай вазиятда ҳам жума намозига тўплана олишмагани келиб чиқади. 

Тақийюддин Мақризий ўзининг “Ас-Сулук лимаърифати дувалил мулук” китобида 749 ҳижрий санада Мисрда кенг тарқалган вабо касаллигининг ижтимоий асоратларини гапириб шундай деган: “Ҳар қандай сурур, хурсандчилик маросимлари, тўй тўлқинлар батамом тўхтаган. Вабо даврида бирор киши зиёфат (хурсандчилик) уюштиргани маълум эмас. Бирор мусиқа товуши эшитилмаган. Жуда кўп жойларда азон ҳам тўхтаган. Машҳур жойлардагина қолган. 

Муаррих Ибн Тангри Берди ҳам Мақризий айтганларни айтади ва қўшимча равишда “Жуда кўплаб масжидлар, хонақолар ёпилган” дейди.
Шариатимиз атрофдагиларга озор берувчи ҳидли нарсани тановул қилган кимсани масжиддан узоқ бўлишга буюради. Балки ундай инсонларни масжиддан чиқариб юборишга амр қилган. Токи одамларга озор бермасин учун. 

Имом Муслимнинг саҳиҳларида келишича: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу жума кунида хутба ўқиб, жумладан қуйидагиларни айтганлар: “Эй одамлар! Сизлар икки тур нарсани ейсизлар. Мен уларнинг иккисини ҳам ёмон деб биламан. Улар пиёз билан саримсоқдир. Мен Пайғамбаримиз алайҳиссааломни шу икки  нарсанинг ҳиди кимда топилса уни Бақиъга чиқариб юборишга буюрганларини кўрганман. У кишини Бақиъга чиқариб юборилар эди. Ким шу икккисини емоқчи бўлса қайнатиб (ҳидини ўлдириб) есин!”.  

Агар ҳид сабабли озорга нисбатан ҳукм шундай бўлса, энди инсоннинг ҳаётига хавф солувчи вабо касаллигини юқтириш сабабли бўладиган озорнинг ҳукми қандай бўлиши мумкин?

Бу борада Ҳофиз ибн Абдул Барр “Тамҳид”да айтадилар: “Масжиддан чиқариб юборишнинг иллати ундан одамлар озор топиши бўлса, демак унга қиёсан олинадиган бўлса масжидда шеригингиз озор топадиган ҳар қандай ҳид масалан, касби кўнчи (тери ошловчи) каби ёки жузом касаллиги ва ҳоказолар сабабли масжиддан манъ қилиш тўғри бўлади.”

– Ҳаммамиз яхши биламизки, халқимизнинг урф-одатлари, анъаналари диний қадриятлар билан чамбарчас боғланиб кетган. Бунинг ижобий томонлари билан бирга салбий жиҳатлари ҳам бор. Жумладан, Ҳайит байрами кунлари гуруҳ-гуруҳ марҳумларнинг уйига фотиҳа учун борилади. Қабристонга бориб, қабрлар зиёрат қилинади. Бу айниқса қишлоқ жойларида кўпроқ учрайди. Мазкур ҳаракатларга динимиз қандай муносабат билдиради? Булар ҳайит байрамининг руҳига акс таъсир қилмайдими?

–  “Ҳайит” куни бу – мўмин-мусулмонлар  байрам қиладиган, яқинларидан ҳол-аҳвол сўраб хурсандчилик ва хайр-саховат қилинадиган кундир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллаҳу алайҳи васаллам: “Бева ва мискинга ғамхўрлик қилувчи Аллоҳ таоло йўлида юрувчи ёки туни билан ибодат қилиб, куни билан рўза тутувчи кабидир”-деганлар.       

Исломдан олдинги жоҳилият даврида мадиналикларнинг байрам қиладиган кунлари бўлган эди. Шунда Расулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу кунларни улардан ҳам яхшироқ кунларга, яъни Қурбон ва Рамазон ҳайити кунларига алмаштирди.”- дедилар.

Ҳайит куни – улуғ байрам, уни азага, мотамга, хафагарчиликка айлантириб олмаслигимиз керак. Баъзи жойларда эркак-аёллар тўда-тўда бўлиб фотиҳага юришади ва азадорларни хонадонларида зиёфатбозлик, исрофгарчиликларга йўл қўйилади. Азадорлар ҳам одамлар келади деб ҳайит кунига махсус тайёргарлик кўриб, имконияти йўқлар қарзга ботадилар.

Ҳанафий мазҳабига оид Ибни Обидийн роҳимаҳуллоҳинг “Раддул-мухтор ала дуррил-мухтор” китобида (1жуз, 663-664 бетлар) баён қилинишича, “..таъзияни уч кун қилиб белгиланиши аслида таъзия билдирувчилар учундир. Жанозада иштирок эта олмаган киши уч кун ичида кўнгил сўраб, ҳамдардлик билдирсин. Кейин келиб маййит соҳибларининг ярасини янгиламасин. Шундагина ваъда қилинган савобга эга бўлади” - дейилган.

Шундан экан, ҳайит кунлари яна таъзия билдириб, маййит эгаларининг яраларини янгилаш жоиз эмас, чунки таъзия бир маротаба бўлади. Айниқса, бугунги карантин кунларида фотиҳахонликка бориш ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам хатарга қўйиш билан баробар бўлиб, шариатга ҳам, шароитга ҳам тўғри келмайдиган иш бўлади. Аслида ўтганларни эслаш, уларни руҳини шод этиб, Қуръон тиловат қилиш, дуои хайр қилиш яхши амаллардан хисобланади. Бироқ, бу ишлар Ҳайит кунининг байрамона кайфиятига асло таъсир қилмаслиги керак.

– Катта-катта шаҳарларимизда, ҳатто қишлоқларимизда ҳам ҳайит куни куёв томонга тоғора, сарпо-суруқ юбориш урфга айланган. Афсуски, мазкур жараён йилдан йилга кўпайиб, авж олиб боряпти. Мана шунинг оқибатидан ҳам кўплаб оилаларнинг дарз кетиши, ўртага совуқчилик тушиши кузатилади. Бу каби ишларга шариатимиз нима дейди?

– Бу жамиятимиздаги катта иллатлардан бўлиб, шариатимиз бундан қайтарган иш ҳисобланади. Аллоҳ таоло бандаларига ҳамиша енгилликни раво кўрган. Биз эса, қийинчилик устига қийинчиликни бўйнимизга ортиб, Аллоҳни эмас, ўзимиз каби бир бандани рози қилиш кетидан овора бўлиб юрибмиз. 

Холбуки, бундай сарпо-суруққа, зўраки эҳсонга асло савоб бўлмайди. Чунки, буни ҳеч бир оила (келин тараф) чин кўнгилдан қилиб бермаслиги барчага кундек равшан. Ўз навбатида куёв тараф бундай нарсаларни келин тарафга юклаш ва уни ҳузур қилиб ейиш, ишлатишдан аввал бу нарсанинг ҳукмини ҳам билиб қўйишлари лозимдир. Келин томонга бу каби мажбуриятларни юклаш, ҳатто юкламаса-да улардан таъма қилиш шариатимизда манъ қилган амал ҳисобланади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Мусулмон кишининг кўнгилдан чиқариб бермаган моли ҳалол бўлмайди” деганлар (Имом Ҳоким ривояти).

Бу иккинчи жиҳатдан келин томонга ўта зулм ҳамда шафқатсизлик ҳисобланади. Аллоҳ таоло зулмни ҳаром қилди, бўлиб ҳам Рамазонда, Ҳайит кунида зулм қилиш етти юз даражагача гуноҳ бўлади. Чунки, яхши амалларга мўл-кўл савоблар бериладиган кунларда, гуноҳ ишларга ҳам шунга яраша жазо бўлади.

Агар бунга кимлардир кўрсин деган ният ҳам қўшилиб қолса риё бўлиб, кичик ширк ишни қилган бўлади. Инсон мол топиб охиратдаги жаннатга эга бўлиш ўрнига ўзгаларга зулм, молни исрофи, Аллоҳга кичик ширк келтиришни сотиб олиши қандай ҳам ёмон. 

Куёв тараф биз айтмасак ҳам ўзлари олиб келишади, деган гапни айтишлари мумкин. Агар ундай ишларни қилмасликни қатъий талаб қилсалар келин тараф бу ишларни қилишга ботина олмайдилар.

Қолаверса, Рамазон ойи охирлаб, улкан савобларга ноил бўлиб олиш ўрнига бозорма-бозор юриб муборак вақтларни савоб бўлмайдиган ишларга совуриш яна бир катта ютқазишдир.

Валлоҳу аълам!

 – Ҳайит байрамини карантин шароитида гўзал ўтказиш бўйича қандай тавсиялар берган бўлардингиз?

– Дарҳақиқат, Рамазон ҳайити бу бутун дунё мусулмонларига йилда бир хурсандчилик билан кутиб олинадиган байрамдир. Афсуски, бу йилги байрам ҳар йилги байрамдан фарқли равишда ҳамма ўз уйларида, оила даврасида ўтказишга тўғри келмоқда. Шундай бўлса ҳамки, бу кун учун ғусл қилиш, хушбўйланиш, ювиниб тоза-озода бўлиш каби амалларни бажариш бир вақтнинг ўзида Аллоҳ таолонинг бандасига берган неъматларини изҳор этиш, шоду хуррамлигини намоён қилиш куни бўлади. Бомдод намозини адо этгандан сўнг биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни, улардан кейин қариндош-уруғларимизни, ёру биродарларимизни уяли алоқа воситалари орқали масофадан бўлса ҳам бу улуғ кун билан табриклаш лозим бўлади. Айниқса, бу кун фарзандларни алоҳида табриклаб, эсда қоларлик совғалар билан исломий шиорларни уларнинг қалбида жо қилиш пайтидир. Валлоҳу аълам!

– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур! Байрамингиз муборак бўлсин...
 

"Azon.uz" мухбири
Абдулазиз Муборак суҳбатлашди

ЗУҲО СЎЗИ ҚАНДАЙ МАЪНОНИ АНГЛАТАДИ?

Зуҳо сўзи – “чошгоҳ  вақти” деган маънони англатади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Қасамёд этурман чошгоҳ вақти билан» (Зуҳо сураси, 1-оят).

ЗУҲО НАМОЗИ ҚАЧОН ЎҚИЛАДИ?

Бу намознинг вақти: қуёш чиққандан таҳминан ярим соат ўтиб, завол (қуёш оғишга келган вақт)га бир соат қолгунча давом этади.

 

ЗУҲО НАМОЗИ НЕЧА РАКАТ?

Зуҳо намози икки ракатдан ўн икки ракатгача ўқилади, энг афзали тўрт ракатдан ўқишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпроқ тўрт ракатдан ўқиганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки икки ракаат зуҳо намозини мунтазам ўқиса, гуноҳи денгиз кўпикларича бўлса ҳам, кечирилади”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом Аҳмад ривояти).

 

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ЗУҲО НАМОЗИНИ ҚАНДАЙ АДО ЭТАРДИЛАР?

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам зуҳо намозини (баъзи кунлар) шундай (узлуксиз) ўқир эдиларки, биз ҳатто, энди бу намозни ҳаргиз тарк қилмайдилар, дердик. Баъзан эса шундай ўқимай ташлаб қўяр эдиларки, биз ҳатто, энди бу намозни ҳаргиз ўқимайдилар, дердик” (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).

 

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ ЗУҲО НАМОЗИДА ҚАЙСИ СУРАЛАРНИ ТИЛОВАТ ҚИЛГАНЛАР?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зуҳо намозида “Шамс” ва “Зуҳо” сураларини ўқир эдилар. 

 

ЗУҲО НАМОЗИНИНГ 5 ФАЗИЛАТИ

  1. Зуҳо намози - энг афзал садақа.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бирингиз бўғин ва суяклар устида тонг оттирганингиз учун бир садақа бор. Ҳар бир тасбеҳингиз – садақа. Ҳар бир тамҳид (Алҳамдулиллаҳ) – садақа, ҳар бир таҳлил (Ла илаҳа иллаллоҳ) – садақа, ҳар бир такбир – садақа, яхшиликка буюришингиз – садақа, ёмонликдан қайтаришингиз – садақа. Энди буларнинг ҳаммаси учун икки ракат зуҳо намоз ўқишингиз кифоя қилади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

  1. Зуҳо намози - Жаннатдан уй.

“Ким икки ракат зуҳо намози ўқиса, ғофиллардан деб ёзилмайди. Ким тўрт ракат зуҳо намози ўқиса, қаноатлилардан деб ёзилади. Ким олти ракат зуҳо намози ўқиса, у ўша кун учун унга кифоя қилади. Ким саккиз ракат зуҳо намози ўқиса, Аллоҳ таоло уни обидлардан деб ёзиб қўяди. Ким ўн икки ракат зуҳо намози ўқиса, у одам учун Аллоҳ жаннатда бир уй барпо қилади”.

 

  1. Зуҳо намози – Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятлари.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Менга Халилим соллаллоҳу алайҳи васаллам уч нарсани васият қилганлар: ҳар ойда уч кун рўза тутмоқни; икки ракат чошгоҳ–зуҳо намоз ва ухлашимдан олдин витр ўқимоғимни” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Насоий ривояти).

  1. Зуҳо намози – Ҳаж ва умра савобига эга бўлиш.

Муоз ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажри тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ берилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

  1. Зуҳо намози – бой бўлишга сабаб.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Наждга қўшин жўнатдилар. Улар Нажддан кўплаб ўлжаларни қўлга киритиб, тез қайтишди. Қўшин билан Наждга бормаган бир киши: “Бундан олдин оз муддат ичида катта ўлжани қўлга киритиб қайтган тўдани кўрмадик”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга оз муддат ичида булардан ҳам кўпроқ бойликни қўлга киритиб қайтган қавмнинг хабарини берайми? Улар бомдод намозини жамоат билан ўқиб, қуёш чиққунга қадар Аллоҳни зикр қилиб ўтирган, сўнг ортга қайтган қавм. Ана ўшалар тез ва катта ўлжа билан қайтган қавмдирлар”, дедилар.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

П'ятниця, 22 май 2020 00:00

Алвидо рамазон...

Кечагина рамазон ойини интизорлик билан кутаётган эдик. Бугун эса у бизни тарк этиш арафасида.

Рамазон! Сен менга ўзимданда суюклисан, кунларинг, дақиқаларинг мен учун йиллардан афзал.

Сен ирфон ойисан, иймон ойисан, Қуръон ойисан. Қалбим сен сабаб Аллоҳга боғланади, файзинг сабаб ҳаловат топади.

Ҳар онинг ибодат, зикр ва истиғфордир. Жаннатдан сўнг, фақат сендагина замин аҳли тили ва дилини туну-кун Аллоҳнинг зикрига бағишлайди.

Сен сабаб юртимизга барака, халқимизга фароғат келади.

Аллоҳ таоло сени мақтаб Ўз Каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. (Бақара сураси, 185 от)

Оятнинг исботи ўлароқ, сен сабаб яна қанчадан қанча адашган, йўлини йўқотган, ғафлатда қолганлар ҳидоят топди, Аллоҳни таниди.

Меҳрибон Аллоҳ кунларинг давомида жаннат эшикларининг барчасини очиб, дўзаҳ эшикларини ёпди.

Шайтонлар занжирбанд этилди, фаришталар замин узра ёмғирдек ёғилди.

Илк кунингданоқ қалбларимизга кириб,  11 ой давомида гуноҳ ва масиятларимиз остига кўмиб юборганимиз иймон, меҳр-муҳаббат, силаи раҳм, шафқат каби туйғуларни яна ниш уриб, гуллашига йўл очдинг.

Дунё ташвишлари ила қалбимиз қаттиқлашиб қолган эди, бизларни ҳудди олов шамни эритгандек юмшатдинг.

Кўзларимиз ҳақни кўришдан, идрокимиз тафаккур қилишдан тўхтаёзган эди. Сен уларни яна ўз ҳоли ва хизматига қайтардинг.

Фақат ва фақат сендагина минг ойдан яхши кеча “лайлат ул қадр” бор, жоним фидо бўлсин бу кечага.

Қалбларимизга шифо берувчи таровеҳ бор.

Фақат сендагина танамаз парҳезкор, саломат ва тунлари ибодатда бўлади.

Фазлу барокатинг ила бойлар ва ўзига тўқлар ночорларга кўмак, ҳақдорларга закот ва садақалар берди. Фарзандлар ота-онасига, қариндошлар жигарларига, қўшнилар бир-бирига меҳр кўрсатди.  

Энди эса сен, дилларимизни маҳзун этиб, бизларни тарк этмоқдасан. Биз эса кўзимизда ёш, ичимизда ҳузун ила ортингдан маюс қоламиз. Сендан унумли фойдаланмаган, сенда гуноҳларни тарк этмаган, сени қадрламаган ва сонияларингни бой берган бўлсак ҳолимизга вой.

Аллоҳдан ўтинчимиз қиёматда бизга шафоатчи бўлишингни насиб этсин!

Алвидо рамазон... Алвидо қалбим қуёши...

Аллоҳ таоло яна сен билан дийдорлашмоқни барчамизга насиб этсин!

 

Саидаброр Умаров

 

 

Азиз юртдошлар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши номидан Сиз азизларни меҳр-оқибат, эзгулик ва саховат айёми бўлган Рамазон ҳайити билан самимий муборакбод этамиз.

Ҳар йили бутун дунё мўмин-мусулмонлари қатори юртдошларимиз Ийдул фитрни кўтаринки кайфият, ўзгача шукуҳ, алоҳида тайёргарлик ва катта хурсандчилик ила нишонлайдилар.

Рамазон ойи давомида адо этилган ибодатлар, эзгу амаллар ва меҳр-саховат ишлари эвазига мўмин-мусулмонлар жуда катта ажр-савобларга эришадилар, инша Аллоҳ.

Рамазон ойида Аллоҳ таоло фарз қилган рўза тутилиб, диёримиз бўйлаб хатми Қуръонлар қилинди. Ёрдамга муҳтож кишилар ва кам таъминланган оилаларга хайру саховатлар қилинди.

Барчага маълумки, бугунги кунда бутун дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам коронавирус касаллиги кенг тарқалди. Ҳозир инсоният мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Юртимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда. Юртимизда бу касаллик кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин ва бир қатор чекловлар жорий этилди.

Қатъий карантин чораларини қўллаш билан мамлакатда касалликнинг қайд этилган ҳолатларига нисбатан ҳам, кунлик янги ҳолатлар ҳам паст даражада сақланиб турибди. Юртимиз ушбу офатдан ортиқча талафотларсиз чиқишга эришмоқда ва вазият барқарорлашгани сари карантин чоралари секин-аста юмшатилмоқда. Лекин, бутун дунёнинг кўплаб мамлакатларида янги турдаги коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда.

Баён этилганлардан келиб чиқиб, 2020 йилги Рамазон ҳайити (Ийдул фитр) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги, мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвоси ва Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги баёнотида қайд этилганидек, эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда жума намози ўрнига уйда пешин намозини, беш вақт намоз ва Рамазон ойидаги таровиҳ намозини уйда ўқиш ҳақидаги тавсиялар айни Рамазон ҳайити намозига ҳам тегишлидир.

Рамазон ҳайити кунлари эпидемик ҳолат мавжудлиги ва одамларнинг ҳаётига хавф сақланиб қолиши сабабли жума ва бошқа намозлар каби Ийд намозини ҳам жамоат бўлиб ўқишнинг иложи бўлмайди.

Бундай вазиятда қуйидаги оят, ҳадис ва шаръий қоидаларда кўрсатилган тавсияларга амал қилишга буюрилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай хитоб қилади:

وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ

яъни: “Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг” (Бақара сураси, 195-оят).

Абу Саъид Худурий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда  Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

لا ضرر ولا ضرار

яъни: “Зарар бериш ва зарар кўриш ҳам йўқ” деганлар.

Мўътабар фиқҳий китобларимизда:

درء المفاسد مقدم على جلب المصالح

яъни: “Зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан олдинга қўйилади”, деган қоида бор.

Юқоридаги баён этилганлардан келиб чиқиб, шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки бутунлай зиммадан соқит қилади. Ийд намози вожиб амал бўлгани боис бугунгидай узрли ҳолатларда ҳайит намози адо этиш соқит бўлади.

Мавжуд вазият тақозосидан келиб чиқиб, Рамазон ҳайити намози адо қилинмаса ҳам байрам кайфиятини сақлаб қолиш учун Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир суннатларини ҳаётга жорий этиш мақсадга мувофиқдир. Абу Саъид разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

لَا يُصَلِّي قَبْلَ اَلْعِيدِ شَيْئًا, فَإِذَا رَجَعَ إِلَى مَنْزِلِهِ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ

яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ийд намозидан аввал нафл намоз ўқимасдилар. Қачон уйларига қайтсалар икки ракат намоз ўқирдилар” (Имом Ибн Можа ривояти).

Ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий манбаларидан бири бўлмиш “Мажмаъул анҳур” китобида шундай дейилади:

اعْلَمْ أَنَّ صَلَاةَ الْعِيدِ قَائِمَةٌ مَقَامَ الضُّحَى فَإِذَا فَاتَتْ بِعُذْرٍ يُسْتَحَبُّ

أَنْ يُصَلِّيَ رَكْعَتَيْنِ أَوْ أَرْبَعًا وَهُوَ أَفْضَلُ

яъни: “Маълум бўлсинки, ҳайит намози Зуҳо (чошгоҳ) намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал”.

Баён этилган шаръий далил ва ҳужжатлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши карантин шаротида Рамазон ҳайитини нишонлаш бўйича қуйидаги тавсияларни тақдим этади:

  1. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши фатвоси асосида масжидларда карантин даврида вақтинча жамоат намозлари тўхтатилганини инобатга олган ҳолда Рамазон ҳайити (Ийдул фитр) намозини ўқиш ҳам мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан соқит бўлади. Юртдошларимизга ҳайит куни қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин ўз хонадонларида тўрт ракатли нафл намози ўқишлари тавсия этилади.
  2. Уламолар ва имом-хатиблар томонидан бугунги вақтинчалик қийинчиликларга қарамасдан, Рамазон ҳайити ҳар доимгидек хонадонларимизга, дилларимизга қувонч, юртимизга файзу барака кириши, бир-биримизга бўлган меҳр-оқибатимизни янада зиёда бўлишига сабаб экани тўғрисида, оммавий ахборот воситалари, теле, радиоканаллар, босма ва электрон нашрларда кенг кўламли тарғибот ишлари амалга оширилсин.
  3. Ҳайит арафасида ва байрам кунлари ёши улуғ кексаларимиз ва беморлар ҳолидан хабар олиш ҳамда ҳайит билан табриклаш ва бошқа миллий урф-одатларимиз билан боғлиқ анъаналаримизни карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда амалга ошириш тавсия этилсин.
  4. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкенг шаҳри ва вилоятларнинг марказларида “Рамазон ҳайити – хайру саховат айёми”, “Рамазон ҳайити – хурсандчилик мавсуми”, “Ийдул фитр – катта шодиёна” мазмунидаги ёзувлар пешлавҳалари жойлаштирилсин.
  5. 2020 йил 24 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Рамазон ҳайити табриги юртимиз аҳлига етказилсин. Ушбу табрикдан сўнг энг табаррук уламолар томонидан Рамазон ҳайити фазилатлари тўғрисида телевидения орқали интервьюлар тизимли равишда давом эттирилсин.
  6. Рамазон ҳайити арафасида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида, ҳомийларни жалб этган ҳолда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати кенг қамровли амалга оширилсин.
  7. Рамазон ҳайити арафасида барча телеканаллар орқали эфирга узатилиши режалаштирилган кўрсатувлар Медиа-режаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти қозиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бош имом-хатиблари ҳамда халқимиз орасида обрўли диний уламоларимиз томонидан ташкил қилинсин ва кенг ёритилсин.
  8. Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти қозиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бош имом-хатиблари томонидан ижтимоий тармоқлар орқали, “Рамазон ҳайити муборак бўлсин!” мавзусидаги маърузаларни Рамазон ҳайити куни онлайн тарзда бериб бориш ташкил этилсин.

Азиз юртдошлар, Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғилиб турган ушбу дамда, қалбимиз юмшаб, ихлосимиз ортиб турган лаҳзаларда дуо қилайлик. Халқимизни, жонажон Ватанимизни офату кулфатлардан, балою қазолардан Ўзи сақлаб, ҳаётимизни бундан-да фаровон қилсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Уламолар Кенгаши,

2020 йил 21 май, Тошкент шаҳри

 

 

Янгиликлар

Top