www.muslimuz

www.muslimuz

Бу ҳақида ўн тўрт асрдан бери айтиб келинади

 

Бугунги кунда дунё бўйлаб коронавирус тарқалиши муносабати билан соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан вирус тарқалишининг олдини олиш бўйича турли кўрсатмалар келмоқда. Энг кўп таъкидланаётган чоралардан бири “Аксириш чоғида оғизни қўл ёки салфетка билан тўсиш” экани эслатилмоқда.

Буни қарангки, аксириш чоғида оғизни қўл ёки бирор нарса билан тўсиш ҳақида севикли Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари келган бўлиб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ушбу кўрсатмаларига амал қилиб, бизга ибрат бўлганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар акса урсалар, оғизларига қўлларини ёки кийимларининг бир учини қўярдилар ва овозларини пасайтирардилар ёки беркитардилар” Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти.

Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аксирганда бажарадиган одоблари зикр қилинмоқда. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам акса урсалар қўллари ёки кийимларининг бир учи билан оғизларини тўсиб, овозларини пасайтирар эканлар.

Киши аксирганда оғзидан таом қолдиқлари, сўлак ва ҳоказо нарсалар ташқарига отилиши, яқинроқда турган кишига тегиши мумкин. Суҳбатдошингиз аксириб, қўли билан оғзини беркитмаганда, ундан учиб чиққан сўлакнинг сизга тегишини тасаввур қилиб кўринг. Қўлни қўйиш ёки бирор нарса билан беркитиш орқали ўша ноқулай ҳолатнинг олди олинади.

Агар аксираётган киши бирор касалликка, жумладан, грипп, коронавирусга чалинган бўлса, аксириш орқали турли зарарли вируслар атрофга учиши, суҳбатдошга етиб бориши, касаллик кенг тарқалишига боис бўлиши мумкин. Қўлни қўйиш ана шу тарқалишнинг олдини олади.

Инсон бехосдан аксирганда овози баландлаб кетади. Бундай кескин ва баланд овоз атрофдагиларни чўчитиб юбориши, кексалар, ҳомиладор аёллар ва ёш болаларнинг қаттиқ қўрқиб кетишига олиб келиши мумкин. Бордию ўша жойда кимдир ухлаётган бўлса, унинг чўчиб уйғониши ва бошқа ҳолатлар кузатилиш мумкин. Овозни пасайтириш орқали эса одамлар чўчиб кетишининг ҳамда  аксирувчининг оғиз бўшлиғидаги баъзи аъзолари шикастланишининг олди олинади. 

Биргина набавий кўрсатмада шунча фойда, одоб бор. Саломатликни сақлаш, турли ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш учун ушбу суннатга амал қилишимиз лозим.

Олимлар, мутахассислар, шифокорлар бугун инсониятга касалликлардан сақланиш чораси сифатида эълон қилаётган кўрсатмалар бундан ўн тўрт аср олдин Ислом динида айтиб қўйилган ва унга амал қилиб келинмоқда.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

 

Вівторок, 17 март 2020 00:00

ДУОНИНГ КУЧИ

Аллоҳ шоҳид, бундан уч-тўрт йил муқаддам кетмон билан ер текислаб турган пайтимда, чап оёқ илигимнинг юқорироқ қисмига нимадир ниш ургандай бўлди. Вужудим титраб кетди. Дарҳол шимим почасини қайириб кўрсам, чаён экан. Депсиниб ерга туширдим. Пойабзалимнинг товони билан босдим. Кетмон мўҳраси билан урдим. Атрофимда ҳеч ким йўқ эди. Бир неча дақиқа газанда чаққан жойни ишқалаб ўтирдим. Оғриқ жисмимнинг юқори қисми бўйлаб силжий бошлади. Қўрқдим, ўрнимдан туриб оқсоқланган ҳолда олисда ўтирган одамлар олдига бордим. Уларга бўлган воқеани айтиб бердим. Улар ишонишмади: «Чаён чаққан одам бундай қилиб юролмайди,» дейишди улар. Мен оғриқ борган сари чап томоним бўйлаб жисмимнинг юқорисига силжиб бораётганини айтдим. Улар менининг умумий аҳволимга қараб баҳо беришарди. Жазавага тушмасдим. Лекин заҳар юрагимга етиб борса, йиқилиб қолсам керак, деган ўйда эдим. Боз устига ҳар қандай шифохонадан анча олисдамиз, машина ҳам йўқ эди.

Одамлар менга беэътибор бўлиб, гапга тушиб кетишди. Оғриқ жисмим-нинг қоқ ярми(умуртқа поғонам)га қадар келганда секинлашди ва иккинчи ярмига ўтмади. Анча хотиржам тортдим. Ўрнимдан туриб, келган еримга қайтдим. Бироз иситма бор эди, холос. Орадан бир ярим соатлар ўтгандан кейин ўзимни яхши ҳис қила бошладим. Шу-шу воқеа эсимдан чиқиб кетди.

Кунлардан бир куни телевизорда бир имом домла маъруза орасида кимки: «Бисмиллаҳиллази ла йазурру маъасмиҳи шайун фил арзи ва ла фис самаи ва ҳувас самиъул ъалим!» дуосини ўқиб юрган бўлса, ҳар қандай бало даф бўлади ва газанда чаққан тақдирда ҳам зиёни етмайди, деб айтдилар. Шукурлар бўлсинки, ушбу дуони мен мунтазам айтиб юрар эдим. Шундан билдимки, ўша куни мазкур дуо сабаб бўлиб, Аллоҳ таоло мени азобдан асраган экан. Азиз биродарларим, ушбу дуони сиз ҳам ёдда сақланг ва кечда ҳамда тонгда, албатта уч бора такрор айтиб юринг.


Муҳиддин ОМАД.

Зилзиланинг нақадар ваҳимали, фавқулодда ҳодиса эканини яхши биламиз. Бевақт ҳамда ҳалокатли зилзиладан чўчимайдиган одамнинг ўзи бўлмаса керак. Лекин менда шундай тасаввур бор: осмонўпар биноларда яшаб-ишловчи японлар, зилзилани худди бешик тебранишидек беозор эркалаш сифатида қабул қилишса, ажаб эмас. Негаки, бу юртда деярли ҳар куни ер силкиниб туради-да!

         Аммо, 2011 йилнинг 11 мартида Япониядаги сейсмик кузатишлар тарихида энг кучли деб баҳоланган ер силкиниши рўй берди. Унинг маркази Токиодан 373 чақирим шимоли-шарқда, энг катта ҳисобланган Хонсю ороли қирғоқларида эди. Рихтер шкаласи бўйича 9 баллик зилзила, баландлиги 10 метрлик ҳалокатли тўлқинлар – цунамини юзага келтирди. Кунчиқар мамлакатдан тарқалган хабарлар ўта таҳликали эди: улкан тўлқинлар энг тараққий этган юрт шаҳарларини босиб, ер юзидан сидириб ташлаётганини бутун дунё аҳли даҳшат билан кўриб турди.

Икки кун ичида кўрилган инсоний талофатлар 13 минг нафардан ошиб кетди. Энг даҳшатлиси – цунами оқибатида дунёдаги энг улкан “Фукусима-1” атом электр станциясида авария юз берди. Дунё, Чернобилда юз берган ҳалокатдан ҳам даҳшатлироқ таҳдид ёқасида қолди. Шундай вазиятда ҳам японлар ўзларини йўқотиб қўйишмади, ортиқча ваҳима ҳам кўтаришмади. Радиацион нурланиш ва қайта цунами юз бериши хавфи туфайли, ярим миллион нафар аҳоли зудлик билан хавфсиз ҳудудларга кўчирилди.   

Япония саноатининг фахри ҳисобланган, дунёга машҳур компанияларининг корхоналари тўхтаб қолди. Жаҳон брендига айланишга улгурган автомобил заводларининг майдонларидаги тайёр маҳсулотларни тўлқинлар ютиб, океан қаърига олиб кетаётганини кузатиш, айниқса ваҳимали эди.

         Япония бош вазири Наото Кан, миллатга фавқулодда мурожаат билан чиқиш қилди. “Мамлакатимиз Иккинчи жаҳон урушидан буён мисли кўрилмаган бўҳронга дуч келди, – деди бош вазир. – Аммо таҳликага ўрин йўқ. Бутун дунё бизга ёрдам бермоқда”.

Бош вазир ўз сўзини, ногаҳоний офатни бартараф этиш учун мардона курашаётган юртдошларига миннатдорчилик билдириш билан якунлади.

Юз берган улкан талофат ва вайронгарчилик – япон миллатининг  беқиёс юксак фазилатларини бутун дунёга яна бир карра намоён этди.

  • Мамлакатда ваҳима, қўрқув, миш-мишлар, ўзига тўқ, бадавлат кимсаларнинг бошқа юртларга киши билмас равишда “қуён бўлиш”и каби хунук ҳолатлар бирор марта ҳам учрамади.
  • Ўғирлик, талончилик ҳақида эса, ҳатто, гап ҳам бўлиши мумкин эмас!
  • Фалокат жойларида сақланиб қолган дўконлардаги нархлар кескин пасайтирилди. Зотан, сотувчиларнинг ўзлари озиқ-овқат махсулотларини ярим нарҳига сота бошлади ва бунга ўзларининг инсоний бурчи сифатида қарашди.
  • Яшашга яроқли барча уйларнинг эшиклари уйсиз қолганлар учун беғараз очиб қўйилди.
  • Ким ва қандай мавқеда бўлишидан қатъи назар, барча одамлар фалокат оқибатларини тугатиш учун ёппасига киришиб кетишди.

Буларнинг барчаси ҳукуматнинг қандайдир қарори ёки император буйруғи асосида, ёинки ҳарбийлар ва полициянинг мажбурлаши остидаги иш эмас, балки, ҳар бир японнинг қон-қонига сингиб кетган инсоний фазилатларнинг намойиши эди!

Ташкилотлар ва фуқаролар “юқори”нинг махсус кўрсатмасини кутиб ўтирмасдан, электр энергиясини тежашга ўтишди: лифтлар, рекламалар ва ўта зарур бўлмаган ёритиш чироқлари ўчириб қўйилди. Бундай ҳаракатлар фақат фалокат юз берган ҳудудлардагина эмас, балки бутун Япония ороллари бўйлаб кенг ёйилди. Машҳур корпорациялар электрни тежаш мақсадида, ўз ишчиларига бир соат олдин ишни тугатиб, уйга кетишларига рухсат берди. Аммо, бунда ишлаб чиқариш кўрсаткичлари пасаймайди: ходимлар барча ишни имкон қадар тезлаштириб, ҳар кунги меъёрни бажаришдилар.

Бироқ, “Фукусима – 1” АЭСидаги вазият ҳамон ўта таҳликали эди. Дастлабки кунларда бу ердаги вазият жилови қўлдан чиққан, бутун дунё аҳли оқибатини тасаввур қилиб бўлмайдиган фожеа юз беришини соат сайин кутиб турарди...

Аммо, метиндек иродали самурайлар авлоди бўлган японлар, шунда ҳам ваҳимага тушишмади. Авария юз берган ва ҳаёт учун ҳалокатли радиация таралиб турган реактор атрофида ишлаш истагидаги кўнгиллиларни топиш қийин бўлмади. Ҳатто, ўз жонини қурбон қилиш эвазига аварияни бартараф этиш учун, ён-атрофдаги ҳудудларгина эмас, балки бутун Япониядан тўпланган ҳақиқий инсонпарвар ҳамда ватанпарварлар пайдо бўлишди.

Хатто, мусибат воқеълигида аёллар ҳам ўзларининг жасоратларини кўрсатади. Токиолик ўт ўчирувчилар гуруҳининг аъзоси Ясуо Сато хотинига: “Атом станциясида ишлашга боряпман”, – деганида, хотини унг ажавобан фақатгина: “Японияни қутқар”, – деб жавоб берган экан.

Япония телевидениеси, цунами ер юзидан ювиб кетган Рикудзентаката шаҳарчаси вайроналарида дайдиб юрган одамни кўрсатади. У – маҳаллий ўт ўчириш қисми раҳбари бўлиб, қўли остидаги 45 нафар ходимни тўлқин олиб кетган эди. Собиқ бошлиқ юзини кўзёшлари ювар, ходимлари ўлиб, ўзи тирик қолганидан хижолатда эканини тинмай такрорлар эди. Бир неча кундан буён у, ақли-ҳушини йўқотган бир алпозда, вайроналар орасидан ўз одамларининг жасадини излаш билан банд экан...

Айни шундай мусибатли кунларда японларнинг расмий ҳукуматга ишончи қай даражада бўлди?

Японлар ўз ҳукуматига ҳар қандай вазиятда ҳам шак-шубҳасиз ишонишади. Бундай самимийлик – уларга бобомерос қадрият саналади. Ҳукумат улар учун барча ишларни имкон қадар амалга оширмоқда. Бу ҳақда, ҳатто, маълумотлар етарли бўлмаса-да, шундай эканига ишонишади. Масалан, авваллари Токиода радиация даражасини кўрсатиб турувчи таблолар бўлгич эди. Фалокатдан сўнг (айни керак вақтида!) улар ўчириб қўйилди. Аммо турли “миш-миш”лар болалаб кетмади. Электр энергиясини тежаш учун шундай қилинди – вассалом.

Иккинчи жаҳон урушини улкан мағлубият ва йўқотишлар билан якунлаган японлар ҳукуматга ишонч ва беғаразлик туфайли, қисқа вақт ичида ақл бовар қилмас ютуқларга эришганлар. Император миллатга мурожаат қилиб, барча қимматбаҳо зебу-зийнатлар ва буюмларни юртни тиклаш учун топширишларини сўраган. Фуқаролар бу чақириқни бир жону-тан бўлиб қабул қилишган. Бунинг натижаси эса бутун дунёга маълум...

Хўш, шунча офатлар келтирган талофот ва вайронгарчиликларни бартараф этиш учун жонсарак японларга қанча вақт зарур бўлади, деб ўйлайсиз? 

Даҳшатли табиий офат, сиртдан қараганда, Японияда инқирозларнинг “занжирли реакцияси”ни бошлаб берганга ўхшайди. Нефтни қайта ишлаш чорак фоизга тушиб кетди. Йўллар вайрон бўлиб, катта миқдордаги техника воситалари яроқсиз ҳолга келгани сабабли, бензин истеъмоли ҳам камайди. Аммо, японларнинг руҳи тушмади, ногаҳоний бало қаршисида қўллари ишга бормай, паришон бўлишгани ҳам йўқ.

 “Япония иқтисодиётининг пойдевори жуда бақувват, – деб баёнот берди иқтисодий ва молия-бюджет сиёсати бўйича вазир Каору Есано. – Бинобарин, юз берган мислсиз офат мамлакатимизни тараққиётдан тўхтата олмайди”.

Бош вазир Наото Кан эса, бу фалокат, “Японияни тиклашнинг кенг кўламли дастури”ни ишга туширишга туртки бўлишини таъкидлади.

“Ерга урсанг – кўкка сапчийди”, – деган ўзбекона иборани эсга олиш шу жойда ўринли бўлса керак. Негаки, бундай балои-офатдан сўнг, унча-мунча давлатнинг “бели синиб” кетиши ҳеч гап эмас-да. Лекин японлар анойилардан эмас. Масалан, айрим оптимист японлар, қайта тикланиш учун атиги... 6 ой зарур бўлишини таъкидлашганди. Бу гапларга ишонмаслик, ёки шубҳа билдиришга, кўпчиликда, ҳатто, журъат ҳам йўқлиги сир эмас...

Хўш биз нега бугун ўтган асрда рўй берган япон ҳалокатини эслаб қолдик. Жавоб оддий: бугун Аллоҳ таоло бутун Ер курраси аҳлини, кўзга кўринмас синов билан балолади. Бу офат бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ.

Бундай вазиятда бир тани бир жон бўлиб ҳаракат қилиш ва офатга қарши курашиш ўрнига халқимиз орасидаги нобакор ўз нафси ва “жиғилдон”идан бошқа нарсани ўйламайдиган, инсонларнинг мусибатидан ҳам чўнтак қаппайтирадиганлар кўпаймоқда.

Озиқ-овқатнинг, тиббий махсулотларнинг нархини ошириб бугун пулимиз кўпаяр аммо, у пул бизга юқармикан? Бизни бугун хавотирга солаётган вирус балоси бошимизга мана шундай ҳаром ва инсонларга озор бериш каби амалларимиз, одамларнинг ғам-қайғу ва мусибатларидан фойда кўриш ҳамда Аллоҳ таолога исён қилишимиз каби гуноҳ ва хатоларимиз эвазига келаётган бало эмасми? Наҳотки биз ўзбеклар, мусулмонлар фақатгина қорин ва чўнтак тўлдириш учун яратилган бўлсак...

Одамлар имкон борида эс ҳушимизни йиғиб, мусибатга қарши биргаликда курашайлик!

 

Саидаброр Умаров

 

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳукумат қарори билан жорий йилнинг 16 мартидан бошлаб юртимиздаги барча таълим муассасаларида таътил эълон қилинди. Табиийки, талабалар ўз уйларига – турли вилоятларга жўнайдилар. Вилоятларга қатновчи такси ҳайдовчилари ҳам инсоф билан нархларни меъёрида ушлаб туришлари чин мусулмонлик ва инсонийликдир.

Афсуски, вилоятларга қатновчи кўплаб такси ҳайдовчилари фурсатдан фойдаланиб қолиш илинжида 50-60 минг сўмлик йўл кира ҳақини 200 минг сўмга чиқариб олганлари юзсизлик ва ноинсофликдан бошқа нарса эмас. Бу бошқаларнинг жароҳатлари устида рақсга тушиш, бировнинг ўлгани устига тепган қилишдан бошқа нарса эмас. Одамларнинг оғриниб, норозилик ва ноиложлик билан берган пуллари ўша инсофсизларга ас қотармикин?! Улар ўша пулга нон олиб, болаларига қандай едираркинлар?! Таътил тугаб, талабалар ўз ўқишларига қайтаётганларида ўша ҳайдовчилар уларга қайси юз билан қараркинлар?! Мазкур ҳайдовчилар ўша талабалар ўрнида ўз ўғиларини тасаввур қилиб кўришлари ҳам мумкин эди-ку! Ўғилларига ўшандай ҳолатни раво кўрармидилар?! Менимча, раво кўрмайдилар. Демак, ўзларига, ўз фарзандларига раво кўрмайдиган ишни бошқаларга, бошқаларнинг фарзандларига раво кўрадиларми?! Ахир бу иш ҳадиси шарифга мувофиқ иймони комил бўлмаганлик аломати-ку!

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Ҳадиси шарифдаги “мўмин бўла олмайди” дегани “комил мўмин бўла олмайди” деганидир.

Ўзига раво кўрмайдиган нарсани бошқаларга раво кўриш мусулмончиликка қанчалик тўғри келади?! Маҳсулотларнинг нархини кўтариб сотаётган сотувчилар, йўл кира ҳақини оширган ҳайдовчилар, уйига икки-уч ойлик озиқ-овқат сотиб олиб, бошқаларни ўйламаётган, дўкону супермаркет расталарини шип-шийдам қилиб кетаётган харидорларнинг бу ишлари мусулмончиликка қанчалик тўғри келади?!

Биз вирус тегиб ўлиб қолишдан шунчалик қўрқяпмиз-у, аммо ўлгандан сўнг бўладиган ҳисоб-китоб, сўроқ-саволлар ҳақида ҳам ўйлаб кўряпмизми?! Ўлим ҳаммамизнинг бошимизда бор. Агар вирус тегиб ўлмасангиз ҳам, қачондир ўласиз. Ҳатто ҳамма томони берк хона ичида бўлсангиз ҳам ўлим сизга етади. Ундан қочиб қутулолмайсиз. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

أَيْنَمَا تَكُونُوا يُدْرِكْكُمُ المَوْتُ وَلَوْ كُنْتُمْ فِي بُرُوجٍ مُشَيَّدَةٍ

“Қаерда бўлсангиз ҳам ўлим сизларни топади, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам” (Нисо сураси 78-оят).

Сотиб олинган маҳсулотлар ортиб қолиши, эскириши, яроқсиз ҳолга келиб, ташлаб юборилиш эҳтимоли йўқ эмас. Бу эса исроф бўлиб, кабира гуноҳлардандир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

يَا بَنِي آدَمَ خُذُواْ زِينَتَكُمْ عِندَ كُلِّ مَسْجِدٍ وكُلُواْ وَاشْرَبُواْ وَلاَ تُسْرِفُواْ إِنَّهُ لاَ يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ

“Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас” (Аъроф сураси, 31-оят).

Мўмин-мусулмон одам бундай пайтларда диндошлари билан елкадош бўлиб, озиқ-овқатни етарли миқдорда олиши, бошқаларни ҳам ўйлаши, нарх-наво ва йўл ҳақини ҳам инсоф билан белгилаши, ўзини бошқаларнинг ўрнига қўйиб кўриши, бундай кезларда “пул ишлаб олиш вақти келди” деб эмас, “инсоф, саховат, яхшиликни бошқаларга ҳам раво кўриш, одамгарчилик, мусулмонлик ахлоқини кўрсатиш, бу борадаги синовдан яхши ўтиб олиш фурсати келди” деб ҳаракат қилиши, ўзининг саховати, қўли очиқлиги, инсонпарварлиги, чинакам мусулмонлиги билан барчага намуна бўлиши керак. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларидан бирида шундай деганлар:

“Мўминлар ўзаро раҳму мурувватда, меҳру муҳаббатда бир жасад кабидирлар, агар унинг бир аъзоси оғриб қолса, қолган аъзолари ҳам бу оғриқни иситма ва бедорлик билан қарши олади” (Имом Муслим ривояти).

Юқорида зикр қилинган сотувчи, харидор ва ҳайдовчилар мўминларнинг биродарларими?! Мўминларнинг бошларига синов келганда улар ҳамдард бўлиш, имкон қадар енгиллик қилиб бериш ўрнига уларни баттар шилиш, тунаш пайидан бўлсалар ушбу ҳадисга қачон амал қиладилар?! Қачон мўмин биродарларининг бошига синов келганда иситмани ҳис қилиб, уларнинг ёнида бедор бўлиб ўтирадилар?!

Мавзуимизга доир Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг мана бу фатвосини ҳам эслатиб ўтсак:

“Бундай вазиятларда озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур воситаларни нархини ошириш, сунъий равишда тақчилликни юзага келтириш ҳамда аҳоли ўртасида турли ваҳимали хабарларни тарқатиш шаръан ҳаромдир”.

Одамлар ўзларини ислоҳ қилмаганлари, инсоф сари юрмаганлари учун ҳукумат идоралари фуқароларга енгиллик қилиш, бозор ва дўконлардаги нарх-наволарни бир маромда ушлаб туриш, нархларни сунъий оширишнинг олдини олиш мақсадида тегишли давлат идоралари, жумладан, давлат солиқ қўмитаси назоратни кучайтириб, нархни сунъий оширадиган, халқнинг қўрқувидан фойдаланиб пул топишни ўйлайдиган кимсаларга нисбатан жиноий жавобгарлик масалалари кўрилишини эълон қилдилар.

Аллоҳ таоло биз мўмин-мусулмонларни турли касаллик, коронавирус каби нарсалардан асрасин! Беморларга комил шифо берсин! Оғир вазиятлардан фойдаланиб, фақат пулини кўпайтиришни ўйлайдиганларга Ўзи инсоф берсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси бўйича фатвоси эълон қилинди

 

Хабарингиз бор, шу кунларда бутун дунёда коронавирус инфекциясининг тарқалиши катта таҳдидга айланди. Бугунги кунда юртимизда ҳам ушбу касаллик юққан фуқаролар аниқланди.

Куни кеча Бош вазиримиз Абдулла Арипов бошчилигида коронавирус мавзусига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Ушбу касалликни кенг тарқалиб кетмаслиги учун барча профилактик чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилмоқда. Хусусан, турли оммавий тадбирлар, сайллар, ўйинлар бекор қилинди. Шунингдек, Ҳукуматимиз томонидан барча диний идораларга диний маросимларни ўтказишни вақтинча чеклаш бўйича тавсия этилди.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши шошилинч йиғилишини ўтказди. Йирик исломий ташкилотлар ва уламоларнинг фатво ва хулосалари ўрганилди. Қуйидаги фатво қабул қилинди.

 

بِسْمِ اللَّـهِ الرَّحْمَـٰنِ الرَّحِيمِ

اَلْحَمْدُ لله رَبِّ الْعَالَمِينَ وَالْعَاقِبَةُ لِلْمُتَّقِينَ وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِ الله محمد وَ عَلَى آلِهِ وَ أَصْحَابِهِ أَجْمَعِينَ أَمَّا بَعْدُ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг коронавирус (COVID-19) инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича

ФАТВОСИ

 

Динимизда инсоннинг жони, эътиқоди, ақли, моли ва обрўсини сақлаш муҳим асослардан биридир. Мана шу жиҳатларга зарар етадиган ҳолатларда шариат ўз кўрсатмаларини инсониятга енгиллатади.

Маълумки, бугунги кунда жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус – COVID-19 ни пандемия деб эълон қилди. Ушбу касаллик асосан, ҳаво-томчи, қўл бериб сўрашиш каби ҳолатларда юқади. Шундай экан, жамоа бўлиб тўпланиш ҳолатлари ушбу хатарли вируснинг тарқалишига сабаб бўлмоқда. Бундай вазиятда қуйидаги оят, ҳадис ва шаръий қоидаларда кўрсатилган тавсияларга амал қилишга буюрилади: Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай баён қилади:

وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ وَأَحْسِنُوا إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ

яъни: “Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг. Эҳсон қилинг, албатта Аллоҳ эҳсон қилувчиларни хуш кўрадир” (Бақара сураси, 195-оят).

Бу оятда ҳалокатга сабаб бўладиган ишлардан тўхташга буюрилган.

Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

"لا ضرر ولا ضرار" (رواه ابن ماجة والدارقطني )

яъни: “ Зарар бериш ҳам ва зарар кўриш ҳам йўқ” деганлар (Имом Можа, Имом Дорақутний ривоятлари).

Демак, ҳадиси шарифда инсон ўзига ёки ўзгаларга зарар келтирадиган сабаблардан узоқ бўлишга буюрилган.

Мўътабар фиқҳий китобларимизда:

درء المفاسد مقدم على جلب المصالح

яъни: “Зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан олдинга қўйилади”.

المشقة تجلب التيسير

яъни “Машаққат енгиллатишни талаб этади” каби фиқҳий қоидалар келтирилган. Шулардан келиб чиқиб, шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ўз кўрсатмаларини енгил тарзда бажаришга рухсат беради.

Шариатимиз кўрсатмаларига кўра, фавқулодда вазиятлар юз берганда, масалан, қаттиқ шамол, изғирин совуқ бўлганда масжид жамоатига чиқмаслик узр ҳисобланади. Бунга қуйидаги ҳадис далил бўлади:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ الحَارِثِ، عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَبَّاسٍ، أَنَّهُ قَالَ لِمُؤَذِّنِهِ فِي يَوْمٍ مَطِيرٍ: "إِذَا قُلْتَ: أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، أَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ، فَلَا تَقُلْ: حَيَّ عَلَى الصَّلَاةِ، قُلْ: صَلُّوا فِي بُيُوتِكُمْ"، قَالَ: فَكَأَنَّ النَّاسَ اسْتَنْكَرُوا ذَاكَ، فَقَالَ: "أَتَعْجَبُونَ مِنْ ذَا؟!، قَدْ فَعَلَ ذَا مَنْ هُوَ خَيْرٌ مِنِّي، إِنَّ الْجُمُعَةَ عَزْمَةٌ، وَإِنِّي كَرِهْتُ أَنْ أُحْرِجَكُمْ، فَتَمْشُوا فِي الطِّينِ وَالدَّحْضِ " (رواه الإمام البخاري والإمام مسلم) 

яъни: Абдуллоҳ Ибн Ҳорис разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Ибн Аббос разияллоҳу анҳу қаттиқ ёмғир ёққан кунда муаззинларига шундай дедилар: “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ”, “Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ”ни айтганингиздан кейин “Ҳаййа ъалас солаҳ”ни айтманг, балки уйингизда намоз ўқинглар деб айтинг”. Шунда баъзи одамлар бундан норози бўлишди. У зот: Бу гапимдан ажабландингизми? Ваҳоланки, бу нарсани мендан кўра яхшироқ Зот (яъни, Расулуллоҳ) қилганлар. Албатта жамоат намози қатъий ҳукмдир, лекин мен сизларни уйларингиздан чиқиб, лой ва балчиқларни босиб юришингизни хуш кўрмайман”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Маълумки, фарз намозларини жамоат билан масжидларда ўқишга шариатимизда тарғиб қилинган бўлиб, одамларга қаттиқ совуқ, кучли ёмғир ёққанда ёки инсонларга зарар етказадиган ҳолатларда жамоатга келмасдан уйда ўқишлари тавсия қилинган.

Ҳадиси шарифда вабо чиққан жойга кирмаслик, агар ўша ерда бўлса, у ердан чиқиб кетмаслик буюрилган. Бу касалликнинг олдини олиш учун энг яхши чорадир. Бунинг устига жамоат жойлари ва бошқа катта тадбирларда бу вируснинг тарқалиш эҳтимоли катта бўлади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши барча мусулмонларни қуйидагиларга чақиради:

  1. Мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашгунгача жума намозлари ўрнига уйда пешин намозини ўқисинлар. Шунингдек, беш вақт намозларни ҳам уйда адо этсинлар.
  2. Жаноза намозлари вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида хонадонларда ўқилсин.
  3. Масжидларда намоз вақтини билдириш учун азон ўз вақтида айтилсин.
  4. Мўмин-мусулмонлар имкон қадар касалликни тарқалишининг олдини олишга ўз ҳиссаларини қўшсинлар.
  5. Ҳар бир мусулмон ибодатлар ва дуоларда Аллоҳ таолодан ушбу касалликни даф қилишини сўраб, ихлос билан илтижо қилишлари лозим.
  6. Динимиз покликка буюрар экан, касалликнинг олдини олиш борасидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тавсия этилган кўрсатмаларга қатъий амал қилиш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир.
  7. Карантин даврида масжидлар ва таҳоратхоналарда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсиялари асосида даврий дезинфекция ишлари ўтказилсин.
  8. Бундай вазиятларда озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур воситаларни нархини ошириш, сунъий равишда тақчилликни юзага келтириш ҳамда аҳоли ўртасида турли ваҳимали хабарларни тарқатиш шаръан ҳаромдир.

Ушбу фатво вирус аниқланган мусулмон мамлакатлар ҳамда бошқа ўлкалардаги йирик исломий ташкилотлар ва уламоларнинг ушбу масаладаги фатво ҳамда хулосаларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинди.

Аллоҳ таоло ушбу касалликни тез кунларда бартараф этишини ҳамда  халқимиз ҳаётини тинчлик ва осойишталикда давом этишини насибу рўзи айласин! Омин!

 

Милодий: 16 март 2020 йил.

Ҳижрий: 21 Ражаб 1441 йил.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Уламолар Кенгаши

 

Бу эҳтиёт чоралари вақтинча бўлиб, мўмин-мусулмонларимиз тўғри тушунишлари лозим. Эпидемик ҳолат барқарор бўлгандан сўнг жамоат бўлиб ибодатларимизни давом эттирамиз, инша Аллоҳ.

Айни вақтда фуқароларимизни карантин билан боғлиқ ҳолатни босиқлик билан қабул қилишга, турли асоссиз ваҳимали хабарларга ишонмаслик ва тарқатмасликка чақирамиз. Шунингдек, тадбиркорларимиздан фуқаролар учун зарур озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа воситаларни нархини оширмасликларини сўраймиз.

Фуқароларимиздан яна бир карра ҳукуматимиз томонидан коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган чора-тадбирларга қатъий итоат қилишларини илтимос қиламиз.

Биз биргаликда ва ҳамжиҳатликда ушбу офатни албатта енгамиз!

Аллоҳ таборака ва таоло халқимизни, юртимизни турли балою-офатлардан, турли касалликлардан, жумладан, коронавирус каби офатлардан Ўзи асрасин! Беморларга комил шифо берсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Янгиликлар

Top