muslim.uz

muslim.uz

Салоҳиддин домла Шарипов - Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) гўзал хулқ соҳиби эдилар

Середа, 06 декабрь 2017 00:00

Қуръон – ҳидоят манбаи

Қуръони каримнинг ўзига хос тавсифини қилишга инсоннинг тили ҳам, қалами ҳам ожиз. Бу улуғ китобнинг энг олий васфи уни нозил қилган Зот Аллоҳ таолонинг китобида келган ояти карималаридир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят этур ва эзгу ишларни қиладиган мўминларга катта мукофот борлиги ҳақида башорат берур», (Исро сураси, 9-оят).

  Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганларингиздир”, дедилар.

Амр ибн Осс айтадилар: “Қуръондаги ҳар бир оят жаннатда бир даража ва хонадонингизда чироқ бўлади”.

    Яна: “Ким Қуръон ўқиса, бас, у нубувватни кўксига жойлабди, фақатгина унга ваҳий қилинмаган”, деганлар.

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу  айтадилар: “Қуръон тиловат қилинган хонадон аҳли учун кенгаяди, хайриятлар кўпайиб, фаришталар у ерда ҳозир бўладилар ва шайтонлар у ердан чиқиб кетадилар. Аллоҳнинг китоби тиловат қилинмайдиган хонадон эса аҳли учун тор, хайриятлари кам, фаришталар ундан чиқиб кетиб, шайтонлар эса ҳозир бўладиган маконга айланади”.

    Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳнинг китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бир ҳасана ёзилади. Ўша ҳасана ўн баробар зиёда қилинади. Мен: “Алиф лам мийм”ни бир ҳарф демайман, балки “алиф” бир ҳарф, “лам” бир ҳарф ва “мийм”бир ҳарфдир”, деганлар.

  Ушбу ҳадисга кўра, Аллоҳ таоло Қуръони каримни тажвид қоидаларига амал қилиб тиловат қилувчи қорига ҳар бир ҳарфни ўқигани учун ўнта савоб ва яхшилик ато қилади.

  Бу ерда Аллоҳнинг китобини тиловат қилиш фазилатли амаллардан бўлиши айтилмоқда. Аллоҳ таоло бандаларига Ўз китобини ўқиш орқали кўп ажр ва мукофатларга эришиш имконятини берган. Бу имконятдан ҳар биримиз унумли фойдаланишимиз керак. Бунинг учун Қуъони каримни ўқиш қоидалари ҳисобланмиш тажвид илмидан дарс қилиш ва уни пухта ўзлаштириб олиш керак.

  Қуръони каримнинг ҳар бир ҳарфини ўқиш орқали ўнта савоб олиш учун Каломуллоҳни тажвид қоидаларига мувофиқ холда қироат қилиш талаб этилади. Қуръон маъноларининг бошқа тилларга қилинган таржималарини ўқиш ҳам савобли иш, лекин ҳадисда келган ваъдалар айнан тажвид илми талабларига мувофиқ холда, соф араб тилида тиловат қилган кишиларгагина тегишлидир.

  Қатода Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан, у зот Абу Мусо Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қуръони ўқувчи мўмин утружжа (мандарин)га ўхшайди. Унинг ҳиди ҳам, таъми ҳам яхши. Қуръон ўқимаган мўмин эса, хурмо кабидир, унинг мазаси яхши, аммо ҳиди йўқ. Қуръон ўқувчи фожирнинг мисоли райҳонга ўхшайди, унинг ҳиди яхши, таъми аччиқ. Қуръон ўқимайдиган фожирнинг мисоли ҳанзалага ўхшайди, мазаси ҳам аччиқ, ҳиди ҳам йўқ”.

  Уқба ибн Омир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар. У зот айтдиларки: “Қуръонни ичида ўқувчи сирли ҳолда садақа қилувчи кабидир, овоз чиқариб ўқувчи садақани ошкор берувчи кабидир”. Демак, жахр билан қироат қилишлик жуда яхши, аммо махфий ўқиш ундан афзалдир.

     Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни маҳорат билан тиловат қилувчи қори элчи, ёзувчи ва фаришталар билан бир мақомдадир. Тили қийналиб тиловат қилувчига икки баробар кўп ажр бўлади”, деганлар.

 Ушбу ривоятда  Қуръони  каримни тщлиқ ёдлаб, уни бирон қийинчиликсиз  ўқий  оладиган, Қуръон  қироатига  моҳир  қори Аллоҳнинг улуғ фаришталари билан бир мақомда экани айтилмоқда.

“Қуръонни маҳорат билан қироат қилиш” деганда, уни тўлиқ ёдлаш, муттасил ўқиб туриш, унга муҳаббат қўйиш ва эътиборли бўлиш тушунилади. Қуръонни тўлиқ ёд олмаган бўлсада, уни бошидан охиригача маҳорат билан бирон хато ва камчиликсиз ўқийдиган қорилар ривоятига ваъда қилинган фазилатга эришадилар, иншааллоҳ!

Уламолар: “Қуръонни маҳорат билан тиловат қилувчи қори элчи, ёзувчи ва фаришталар билан бир мақомдадир” ҳадисини икки хил таъвил қиладилар:

  1. Бундай бандаларга охиратда фаришталар мақоми берилади;
  2. Бундай бандалар фаришталарнинг амалини қилган ва уларнинг йўлидан борган бўладилар.

“Тили қийналиб тиловат қилувчига икки баробар кўп ажр бўлади”. Ривоятнинг давомида айтилишича, Қуръонни қийналиб ўқийдиган қори икки марта кўпроқ ажр олади. У Қуръонни ўқигани ва қироатда машаққат чеккани сабаб савобга эришади. Қозий ва бошқалар: “Бу ҳадис тили қийналиб тиловат қиладиган банда Қуръонни маҳорат билан ўқийдиган қоридан кўра афзаллигини англатмайди, балки моҳир қори афзал ва унга кўпроқ савоб берилади. Сабаби улар фаришталар билан бир мақомдадир”, дейишган.

 Аслида Қуръони карим тилларга осон қилиб қўйилган. Аммо баъзи ҳолларда маълум жумла ёки сўзлар талаффузи тилга оғирлик қилиши мумкин. Ана шундай  ҳолларда мазкур ривоят ёдга олинса, бу йўлда чекилган ҳар бир машаққат чексиз роҳатга, ҳар бир қийинчилик беҳисоб савобга айланади.

 Ибн Масъуд Ансорий Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳу васаллам бундай деганлар: “Қавмга улар ичида Аллоҳ таолонинг китобини яхши ўқийдиган киши имомликка ўтади”.

 Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Умар розияллоҳу анҳунинг  мажлисидаги асҳоблари ва маслаҳатгўйлари ёши улуғ кекса ва ёш қорилардан иборат эди”.

Имом Нававий айтади: “Уламоларнинг фикрича, Қуръон тиловати тасбеҳ, таҳлил ва шу каби бошқа зикрлардан афзалдир”.

Абдуллоҳ ПАРПИЕВ

Халқаро алоқалар бўлими ходими

 

Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турибди.

 

Афғонистон Президенти бугун, 6 декабрь куни Бухоро давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

 

Мазкур университет мамлакатимиздаги йирик билим масканларидан бири ҳисобланиб, ундаги 8 факультетда 7 мингдан зиёд талаба ва магистр таълим олмоқда.

 

Афғонистон Президенти университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳузурида маъруза қилгани маълум қилинди.

 

Бундан ташқари, Муҳаммад Ашраф Ғанига Бухоро давлат университети фахрий доктори унвони берилгани тўғрисида диплом топширилган.

 

“Дунё илм-фани ва ислом оламида катта ўрин тутган Бухорои шарифни зиёрат қилиш орзуим эди. Муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёевга бу имкониятни яратиб бергани учун самимий миннатдорлик билдираман. Ўзбекистон заминидан Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк алломалар етишиб чиққан. Бу ерда таълим олаётган ёшлар мана шундай боболарига муносиб бўлиб вояга етишмоқда”, деди Президент Муҳаммад Ашраф Ғани.

 

Афғонистон раҳбари университетнинг Фахрий меҳмонлар китобига дастхат қўйгани ҳам қайд этилди.

 

Середа, 06 декабрь 2017 00:00

Талаба ёшлар билан учрашув

Жорий йилнинг 6 декабрь куни Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида талаба ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш, уларни ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишдан ҳимоялаш ҳамда диний билимларини мустаҳкамлаш мақсадида “Диний экстремизм, терроризм ва унинг салбий оқибатлари” мавзусида учрашув ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси  ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Бобомурод Рустамов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири Раҳимберди домла Раҳмонов ўз маърузалари билан иштирок этишди.

Тадбирда бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган каттадан-катта ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари ва диний соҳада амалга оширилаётган янгиликлар ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, тинчликка рахна солувчи ёт ғояларни илгари сураётган террорчи ташкилотларнинг фаолиятларии ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Маълумки, ислом дини ҳамиша инсонларни покликка, эзгуликка, яхшилик қилишга чақиради. Зулм‑зўрлик, тажовузкорлик, бузғунчилик каби салбий иллатлар ислом динига мутлақо ёт бўлган тушунчалардир.  Аммо, афсуски, ислом динидан, умуман, диндан баъзи инсонлар маънавий такомилида эмас, балки ўз манфаатлари, мақсадлари йўлида фойдаланаётганлиги ачинарли ҳолдир. Энг ёмони,  янгича кўринишдаги дин ниқоби остида юзага келаётган турли гуруҳ ва ташкилотлар томонидан кўплаб хунрезликларнинг амалга оширилиши ҳамда бу муаммо дунё миқёсида сиёсий кўриниш тусини олаётганлиги тинч давлатларни ташвишлантирмай қолмаяпти. Бу ўринда, инсонларни маънавий етукликка бошловчи ислом динининг эзгу ғоялари манфур кимсаларнинг қуролига айланаётганлигини кўриш мумкин. Шундай экан, онгу тафаккури ҳали шаклланиб улгурмаган ёшларни бундай зарарли, бузғунчи ғоялардан фақатгина маърифат орқалигина ҳимоялашимиз лозим. Бу борада, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида “… муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда”, деб бежиз таъкидламаган эди. Тадбир давомида ана шу масалалар борасида талаба ёшларга атрофлича маълумотлар берилди.

Тадбир якунида талабалар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар.

ЎМИ Матбуот хизмати

Середа, 06 декабрь 2017 00:00

Кўнгил эътибор истар

Яхшилик, хайр-саховат, меҳр-оқибат, силаи-раҳм каби улуғ фазилатлар доимо инсонга зийнат бўлиб келган. Бундай олижаноб хислатларни ўзида мужассам эта олган инсонгина эл-юртнинг оғирини енгил қила оладиган фазилатли шахс ҳисобланади. Бинобарин, инсон эзгулик йўлида саъй-ҳаракат қилса, умрига, ризқига барака киради, ҳаёти осуда, қалби хотиржам бўлади.

Худди шундай фазилатлар халқимизнинг азалий қадриятига айланиб, ота-боболаримиз, момоларимиз ва дилбар аёлларимизнинг жасорати, ҳиммати ва имон-эътиқоди ҳамда ҳаёсида ўз аксини топган. Мазкур умуминсоний қадриятлар муқаддас Ислом динининг асосий манбалари – Қуръони Карим ва ҳадисларда кўп бора таъкидланган. Хусусан, Аллоҳ таоло Қуръон каримда: «Эҳсон–яхшиликнинг мукофоти фақат эҳсон ва эзгулик бўлажак» (Роҳман сураси, 60-оят) деб ўзгаларга яхшилик қилувчиларга дунё ва охиратда улкан мукофотлар борлигини маълум қилган.

Ўтиб бораётган “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да мамлкатимизнинг бош қомуси бўлган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги” кенг нишонланаётган айни фурсатда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги томонидан кенг кўламли хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, вилоят бош имом-хатиби Т.Эрбўтаев бошчилигида Ўзбекистон тумани “Қудаш – аёллар мурувват уйи”га ҳар бири уч юз эллик минг сўмдан бўлган 83 дона қишки кийим-кечаклар ҳомийларни жалб қилган ҳолда тарқатилди. Худди шунингдек, Қўштепа тумани Шомирза  ва Пахтакор МФЙларида яшовчи 17 нафар ёрдамга муҳтож кишиларга ҳам қишки кийим-кечак маҳсулотлари улашилди.

Мазкур фуқаролар кўрсатилаётган ғамхўрликлардан хурсанд эканини уларнинг сиймосидан англаш қийин эмас. Бироқ меҳр-мурувватли инсонларнинг келиши уларни янада мамнун этади.

Вилоятдаги жисмоний имконияти чекланганлар, болалар уйлари, қариялар мурувват уйи, шунингдек, эътиборга муҳтож бошқа тоифадаги мактаб интернатлар ҳам борки, бу масканларда тарбия топувчилар жамиятимизнинг тўлақонли аъзоларидир. Уларни ижтимоий фаол ҳаётга тортиш ҳар бир шахснинг инсоний вазифаси, қолаверса, муқаддас динимиз Исломнинг таълимотлари замирида ҳам ана шундай эзгулик, меҳр-оқибат улашишга бўлган тарғибот мужассам бўлганида ҳам ҳикмат ва фазилат бисёрдир.

Суратлар fargonaziyo.uz сайтидан олинди.

ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги

Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top