muslimuz

muslimuz

Ота-онанинг дуоси шубҳасиз қабул бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳар бир нарса билан Аллоҳ азза ва жалланинг орасида парда бор. Фақатгина “Лаа илаҳа иллаллоҳ” шаҳодати ва ота-онанинг дуоси бундан мустасно", дедилар.

Бошқа ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ота-онанинг дуоси Аллоҳ азза ва жалладан тўсилмайди”, деганлар.


Фарзанднинг ҳаққига қандай дуо қилиш керак?

1. Фарзандингиз намозни қоим қилувчилардан бўлишини сўраб дуо қилинг. Чунки "...намоз фаҳш ва мункардан қайтарур" (Анкабут сураси, 45-оят). Бунинг учун қуйидаги дуони ўқинг:

 

Ўқилиши: "Роббижъалний муқиймас солаати ва мин зурриййатий Роббанаа ва тақоббал дуъааи".

Маъноси: "Роббим! Мени ва зурриётларимни намозни тўкис адо этадиганлардан қилгин. Роббимиз, дуони қабул этгин" (Иброҳим сураси, 40-оят).


2. Фарзандингиз кўзингиз қувончи бўлишини сўраб ушбу дуо қилинг:

Ўқилиши: "Роббана ҳаблана мин азважина ва зурриййатина қуррота аъйунин важъална лил-муттақийна имама".

Маъноси: "Парвардигоро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизга кўз қувончини бахш эт ва бизларни тақводорларга пешво қилгин!" (Фурқон сураси, 74-оят).

Фарзандингиз солиҳ эканини кўрсангиз кўзларингиз қувончга тўлади. Ота-онангиз дуосини олиб қолинг, ота-онаси борлар...

 Даврон НУРМУҲАММАД

 

Вівторок, 26 сентябрь 2023 00:00

Ҳасад - 47 қисм

Инсонларга нисбатан муросасизлик, уларнинг муваффақиятлари, ютуқлари ва бойлигини кўра олмаслик, бир сўз билан айтганда ҳасад қилиш нафснинг энг ёмон касаллигидан биридир.

 Муолажа услуби

Кимки: “Нега унда бор, лекин менда йўқ?!” деб одамларга нисбатан ҳасад қилаётган бўлса билиб қўйсинки, у Аллоҳ таолонинг тақдирига эътироз билдираётган бўлади. Чунки фақат ёлғиз Аллоҳ таоло бандаларнинг ризқини тақсимловчи, уларга неъматларни ато этувчи Зотдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини ҳасаддан огоҳлантириб: “Ҳасаддан сақланинг! Чунки ҳасад яхшиликларни худди олов ўтинни егандек, еб юборади, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Бир-бирингизга ғазаб ва ҳасад қилманг ҳамда бир-бирингиздан юз ўгирманг. Балки Аллоҳ таолонинг бир-бирига биродар бандалари бўлинглар. Ҳеч бир мусулмонга биродари билан уч кундан ортиқ ҳижрон қилиши (аразлаши) ҳалол бўлмайди” (Имом Муслим ривояти).

Яна Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирингизни ёмон кўришдан сақланинг, чунки бу қирувчи нарса. Мен сизга у сочни қиради, демайман. У динни қиради”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Бугунги кунда айрим мўмин-мусулмонларнинг бир-бирига нисбатан муросасизлиги ҳам айнан ўзаро ҳасад қилишдан, меҳр ва муҳаббатнинг етарли эмаслигидан келиб чиқмоқда.

Абдулкарим Қушайрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «“Донишмандлар бундай деб айтардилар: “Кимки ҳасадгўй бўлса, зинҳор бахтли бўлмайди!”».

Буюк халифа Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ: “Ҳасадгўйдан кўра золимроқ одамни кўрмадим. Чунки у доимо ҳасад оловида ёнади ва ҳамиша ўзини ҳамда бошқаларни қоралаб, ҳақорат қилиб юради”, деган.

 

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

Вівторок, 26 сентябрь 2023 00:00

Тавба қилинг! Аллоҳ Сизни кечиради

Аллоҳга қасамки, Аллоҳдан бошқа меҳрибонроқ ва раҳмлироқ Зот йўқдир.

Агар банда гуноҳ иш қилмоқчи бўлса, Аллоҳ таоло уни тўсиб қўйишга, гуноҳдан қайтариш учун ҳатто фариштани юборишга ҳам қодир. Аммо Аллоҳ таоло бандасига ихтиёр берган.

Лекин инсон гуноҳга қўл урса ҳам меҳрибон Аллоҳ таоло бандасининг гуноҳини ҳеч кимга билдирмай, беркитади.

Аллоҳ таоло бандаси гуноҳ қилганидан кейин ҳам унга меҳрибонлик қилади. Бандасини тавба қилишга, гуноҳдан қайтишга чақиради. Агар банда тавба қилмаса ҳам, Аллоҳ таоло унинг тавба қилишини кутади. Ҳатто тавба қилиш учун узоқ йиллар муҳлат беради.

Аллоҳ таоло ҳар кеча бандаларини тавба қилишга, Ўзига қайтишга чақиради. Аллоҳ таоло бандаларининг кундузи қилган гуноҳларини кечириш учун кечалари тавба қилишга, кечалари қилган гуноҳларини кечириш учун кундузи тавба қилишга чақиради. Яъни Аллоҳ таоло ҳамиша тавба қилганларнинг тавбаларини қабул этади, гуноҳларини кечиради.

Аллоҳ таоло ниҳоятда меҳрибон ва улуғ Зотдир. Агар банда тавба қилса Аллоҳ бандасининг хурсандлигидан ҳам кўра кўпроқ хурсанд бўлади.

Субҳаналлоҳ, Аллоҳ таоло беҳожат Зотдир. У бандаларига муҳтож эмас, аммо тавба қилувчи ва Ўзига қайтувчи бандаларини жуда яхши кўради.

 Даврон НУРМУҲАММАД

Мисрлик ёш шифокор Aҳмад қори Aтия Рабиъ Қуръони каримни араб, рус ва инглиз тилларида тўлиқ ёд олишга муваффақ бўлди.

“IQNA” сайтининг “ал-Ватан” нашрига таяниб маълум қилишича, мисрлик ёш қори Aҳмад Aтия Рабиъ “ал-Aзҳар” университети ўрта мактабида ўқиганидан сўнг Қуръони каримни тўлиқ ёд олишга муваффақ бўлган, бироқ университетнинг тиббиёт йўналишидаги таҳсиллари унинг Қуръони каримни ёдлашига тўсқинлик қилмаган.

   Мисрда ўрта таълимни тамомлагандан сўнг Фаюм вилоятидан бўлган ёш қори Қозондаги Россия Федерал тиббиёт коллежига ўқишга кириб, шу ерда рус тилини ўрганди. Қозон шаҳри аҳолиси уни илиқ кутиб олиб, Ислом ва Қуръон ҳақида кўплаб саволлар билан мурожаат қилишди.

   Унинг сўзларига кўра, Қуръони каримнинг рус тилидаги таржимасини ёд олгани унинг рус тилини яхши ўзлаштиришига ёрдам берган ва бу унинг бу мамлакат аҳолиси билан мулоқотини осонлаштирган.     Бошқа томондан Қуръони каримнинг русча таржимасини ёдлаш орқали у Қуръон ва Ислом ҳақидаги саволларга яхшироқ жавоб бера олади.

Aҳмад Рабиъ ҳам Қуръоннинг инглиз тилидаги таржимасини тўлиқ ёдлашга муваффақ бўлди. У инглиз тилининг бутун дунёда кенг қўлланилишини Қуръони каримнинг ушбу тилга таржимасини ёдлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига сабаб қилиб кўрсатади.

Шунингдек, у Қуръоннинг немисча таржимасини ўрганиш нияти ҳам борлиги ҳақида сўзлади. Aҳмаднинг сўзларига кўра, унинг ушбу тилларни яхши билиши, бу тилларда турли миллат вакиллари билан яхши мулоқот қилиши, уларга Ислом ва Қуръон ҳақида яхшироқ маълумот бериш ва уларнинг саволларига жавоб бера олиш имконини берган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими

                                              Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.

 

 

 

П'ятниця, 22 сентябрь 2023 00:00

Мол-дунё тўплашга бўлган ҳирс - 46 қисм

Бойликка чанқоқлик ва уни тўплашга ўчлик – нафс касаллиги аломати саналади.

 
Муолажа услуби

Бу касалликдан шифо топиш учун инсон туну кун тинмасдан ҳаракат қилмасин унга фақат Аллоҳ таоло тақдир этган ризқи келишига, ундан озига ҳам, кўпроғига ҳам эга бўла олмаслигига иймон келтириши лозим.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Аллоҳ бир фариштани бачадонга вакил қилиб қўяди. У: “Ё Роббим, нутфа[1]”, “Ё Роббим, алақа”, “Ё Роббим, музға” деб айтиб туради. Аллоҳ унинг яратилишини ирода қилганда эса “Ё Роббим, у ўғилми, қизми? Бахтлими, бахтсизми? Ризқи қандай? Умри қандай?” дейди. Шундай қилиб, (булар) онасининг қорнидалик вақтидаёқ битиб қўйилади» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Демак, Аллоҳ таоло бандаларнинг ризқини ҳали дунёга келмасларидан олдин битиб қўяр экан.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: Менинг ҳузуримда сўз ўзгармас ва Мен бандаларга зулм қилувчи эмасман” (Қоф сураси, 29-оят).

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

[1] Нутфа – маний, алақа – лахта қон, зулук, музға – тишланган гўшт. Булар ҳомиланинг она қорнида ривожланиш босқичларидир.

Янгиликлар

Top