muslimuz

muslimuz

Четвер, 14 сентябрь 2023 00:00

Жума куни бажариладиган суннатлар

1. Ғусл қилиш хушбўйланиш, энг чиройли либосларни кийиш.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ғусл қилиб, покиза кийим кийса ва мушк билан хушбўйланса, масжидга шошмасдан борса ва имом маърузасини бўлмасдан эшитса ва намоз ўқиса у киши уйга ўтган жумадан бери қилган гуноҳларидан фориғ бўлган ҳолда қайтади”, дедилар.

2. Эрталаб тонгда ушбу дуони ўқиш:

“Астағфируллоҳ аллазий лаа илаҳа илла ҳувал ҳайюл қойюм ва атубу илайҳ”.

“Ҳай ва қайюм сифатига эга бўлган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унга истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни эрталабки намоздан олдин: “Астағфируллоҳаллазий лаа илаҳа илла ҳувал ҳайюл қойюм ва атубу илайҳ”, деб уч марта айтса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини денгиз кўпигича бўлса ҳам, кечириб юборади», дедилар (Ибн Сунний ривояти).

3. Масжидга эртароқ, пиёда юриб бориш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким жума куни ғусл қилиб, масжидга эрта борса, битта туя сўйгандек бўлади. Ким иккинчи вақтда борса, худди битта сигир сўйгандек, ким учинчи вақтда борса, худди битта шохдор қўчқор сўйгандек, ким тўртинчи вақтда борса, худди битта товуқ сўйгандек, ким бешинчи вақтда борса, худди бир тухум атагандек бўлади. Имом (минбарга) чиққанда эса фаришталар хутбани эшитишга ҳозир бўладилар”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа ривояти).

Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки жума куни ғусл қилиб, масжидга яёв борса, жума хутбасини чалғимасдан эшитса ва намоз ўқиса, масжидга сари босиб ўтган ҳар бир қадами учун бир йиллик (нафл) рўза ва (нафл) тунги намознинг ажри берилади”, дедилар.

4. Масжидга киришда ушбу дуони ўқиш:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни масжидга кирсалар, эшикнинг кесакисидан ушлаб:

“Аллоҳуммажъалний авжаҳа ман таважжаҳа илайка ва ақроба ман тақорроба илайка ва афзола ман саъалака ва роғиба илайк”

“Ё Аллоҳим, мени ўзингга юзланувчиларнинг юзланувчироғи, яқин бўлгувчиларнинг яқинроғи, сўровчи ва рағбат этгувчиларнинг афзалроғи қил”, деб айтар эдилар» (Имом Ибн Сунний ривояти).

5. Каҳф сурасини ўқиш. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Каҳф сурасини жума куни ўқиса, қиёмат куни унинг қадами остидан нур чиқиб, осмону фалакни ёритади ва унинг икки жума орасидаги хатолари кечирилади”, деганлар.

6. Кўп дуо қилиш. Чунки жума кунида бир соат борки, унда дуолар ижобат бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ алайҳиссалом жума кунини зикр қилатуриб: “Унда бир соат бор. Бир мусулмон банда намозда қоим бўлса ва бу (ибодати) ана шу пайтга тўғри келиб қолса, Аллоҳ унга сўраган нарсасини беради”, дедилар ва у фурсат жуда оз эканини қўллари билан кўрсатдилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу: “У соат имом минбарга ўтиришидан намозини тугатгунгача бўлган вақт”, деган (Имом Муслим ривояти).

7. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш. Авс ибн Авс Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кунларингизнинг энг яхшиси жума кунидир. Ана шу кунда менга салавотни кўпайтиринглар. Чунки менга шу куни салавотларингиз кўрсатилади”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, сизнинг суякларингиз чириб кетса, қандай қилиб кўрсатилади?” дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло пайғамбарларнинг жасадларини ейишни ерга ҳаром қилди”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Насоий, Имом Ибн Можа ривояти).

8. Ихлос, Фалақ ва Нас сураларини ўқиш. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума намозидан кейин “Қул ҳуваллоҳу аҳад”, “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас” сураларини етти марта ўқиса, Аллоҳ таоло уни кейинги жумагача ёмонликдан сақлайди», дедилар. (Ибн Сунний ривояти).

9. Жума намозидан кейин Аллоҳни кўп зикр қилиш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Энди қачон намоз адо қилингач, ер-юзига тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверинглар. Аллоҳни кўп зикр қилингларки, шояд нажот топурсизлар” (Жумъа сураси, 10-оят).

Даврон НУРМУҲАММАД

Четвер, 14 сентябрь 2023 00:00

Зиқналик ва хасислик - 44 қисм

Ўткинч дунёга муҳаббат қўйиш натижасида инсон нафси оғир дард – бахиллик ва зиқналик билан касалланади.

Муолажа услуби

Бу касалликдан халос бўлиш учун одам дунё ҳаёти қисқа ва ўткинчи эканини унутмаслиги лозим. Бу дунёда ҳеч ким абадий қолмайди. Ҳисоб-китоб куни – Қиёматда эса инсон ҳар бир ҳалол иши ҳақида сўралади ва ҳаром йўл билан қўлга киритган нарсаси учун азобли жазога дучор бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Дунё муҳаббати барча ёмонликларнинг бошидир", деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

Имом Баззор Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: Тўрт нарса бадбахтликдандир: кўзнинг қуруқлиги, қалбнинг қаттиқлиги, орзу-ҳаваснинг узунлиги ва дунёга ҳирс қўйиш, дейилган.

Аллоҳ таоло бандаларига бу дунё ҳаёти вақтинчалик эканини, Қиёмат куни савол-жавоб бўлишининг хабарини бериб бундай марҳамат қилади: "Ҳар бир жон ўлим (аччиғи)ни тотувчидир. Қиёмат кунида, албатта, мукофотларингиз сизларга тўла-тўкис берилур. Бас, (ўша куни) ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилса, демак, у (катта) ютуққа эга бўлибди. Бу дунё ҳаёти эса, фақат ғурур (алдов) матоҳидир" (Оли Имрон сураси, 185-оят).

Бошқа оятда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Билингизки, бу дунё ҳаёти фақат ўйин, беҳудалик, зийнат, ўзаро фахрланиш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдан иборатдир. (У) бамисоли бир ёмғирки, унинг (сабабидан униб чиққан) гиёҳ кофирларни таажжубга солур. Сўнгра у қуригач, уни сарғайган ҳолда кўрасиз. Сўнгра у ўтин бўлиб қолур. Охиратда эса (қай бирларингиз учун) қаттиқ азоб (қай бирларингиз учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Дунё ҳаёти фақат алдов матоҳидир" (Ҳадид сураси, 20-оят).

Шундай экан, эй инсон, бу дунёда зиқна ва бахиллик қилма! Хулқингни сахийлик билан беза ва бойлик тўплашга ошиқма!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг яқин ҳамроҳлари Билолга нақадар ибратли кўрсатма бериб: “Эй Билол, инфоқ қил! Арш Эгасининг камайтиришидан қўрқма!” деган эдилар (Имом Табароний, Имом Байҳақий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Аллоҳ азза ва жалла: “Эй Одам боласи, инфоқ қил, шунда Мен ҳам сенга инфоқ қиламан”, деб айтади» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта қасам ичиб: “Жоним измида бўлган Зотга қасамки, садақа билан мол камаймайди”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом: “Садақа балони даф қилади ва умрни узайтиради”, деганлар.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир" (Сабаъ сураси, 39-оят).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан икки тоғ ораси тўлган қўйларни сўради. Бас, унга ўшаларни бердилар. У ўз қавми ҳузурига бориб: “Эй қавмим, мусулмон бўлинглар! Аллоҳга қасамки, Муҳаммад кўп ато берар экан. Фақирликдан қўрқмас экан”, деди».

Машҳур Ислом олими Абдулкарим Қушайрий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бир киши дўстининг ёнига қарзини узиши учун 400 дирҳам қарз сўраб келди. Дўсти унга дарҳол айтилган миқдордаги пулни бериб жўнатгач, уйига қайтиб кирди-да, йиғлаб юборди. Хотини унга: “Бунчалар қийналар экансиз, нега бердингиз, бирор баҳона топмадингизми?” деди. Шунда у киши: “Пул берганимга эмас, балки ундан хабар олмай қўйганимга, ҳатто муҳтожликдан қарз сўраб келгунигача ҳолидан ғафлатда қолганимга азобланиб йиғлаяпман”, деб жавоб берди. Ушбу мавзуни Бишр Хофий раҳимаҳуллоҳнинг: “Зиқна одамнинг юзига қарасанг, қалбинг қотиб қолади” деган ҳикматли сўзлари билан якунлаймиз.

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

Понеділок, 11 сентябрь 2023 00:00

Ёлғончилик - 43 қисм

Ёлғон – нафснинг энг хавфли касаллиги саналади.

 Муолажа услуби

Бу хасталикдан қутилмоқчи бўлган инсон нафсини ҳақиқатга ўргатиши, ўз сўзлари ва ҳаракатлари билан одамларни рози қилишга ҳаракат қилишдан тийилиши лозим. Чунки айнан одамларнинг розилигини топишга ва улар орасида обрў-эътиборга эга бўлишга уриниш, шунингдек, уларнинг норозилигидан қўрқиш кишини ёлғон гапиришга ундайди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ўзингизга ростгўйликни лозим тутинг, чунки ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Яхшилик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапириб, ростгўйликка амал қилади, ҳатто Аллоҳ ҳузурида “сиддиқ” деб ёзиб қўйилади. Ёлғондан сақланинг, чунки ёлғон гуноҳга бошлайди. Гуноҳ дўзахга етаклайди. Киши ёлғон гапириб, унга риоя қилишда бардавом бўлади, ҳатто Аллоҳ ҳузурида “каззоб” деб ёзиб қўйилади» (Имом Бухорий ривояти).

Шоҳ Кирмоний раҳимаҳуллоҳ: “Истаганингизни қилинг, лекин асло ёлғончига, хиёнатчига ва ғийбатчига яқинлашманг!” деган.

Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Инсонлардаги энг катта каромат бу – ёмон феъл-атворни яхшисига ўзгартиришдир”.

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

П'ятниця, 08 сентябрь 2023 00:00

Ғазаб - 42 қисм

Аллоҳ таолонинг иродасига ва Унинг тақдиридан норозилик – ғазабнинг намоён бўлиш аломати бўлиб, бу ҳам нафс касаллиги саналади.

 Муолажа услуби

Ғазабдан қутилиш учун – нафсни тақдирдан рози бўлишга ва ҳаётнинг турли синовларига сабр қилишга ўргатиш керак. Ғазаб – шайтоннинг инсон қалбига ташлайдиган ёнаётган чўғ эканини унутмаслик лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Менга васият қилинг”, деганида, у зот алайҳиссалом: Ғазабланма, дедилар. Бу киши бир неча марта такрорлаганида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ғазабланма, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Ғазаб инсонни шайтонга яқин қилади ва уни тўғри йўлдан оздиради. Аллоҳнинг амрига итоат қилиш билан банда ғазабдан қутилиши мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ учун ғазабини ютган банданинг ичи иймон билан тўлдирилади” (Имом Аҳмад ривоят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилаётиб шундай дедилар: “Билингларки, ғазаб одам боласи қалбида ёниб турган чўғдир!” (Имом Аҳмад, Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яралган. Агар ғазабингиз келса, таҳорат қилинг!” (Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ривоят).

Муҳаммад ибн Фазл раҳимаҳуллоҳ айтади: “Қуйидаги олти нарсадан келиб чиқиб, одамнинг жоҳил эканлигини билиш мумкин:

1) арзимас нарсага жаҳл қилиб, беҳудага ғазабланади;

2) бекорчи суҳбатлар билан банд бўлади;

3) нотўғри маслаҳат ва кўрсатмалар беради;

4) одамларнинг сирларини ошкор қилади;

5) ҳаммага ишониб кетаверади;

6) дўст ва душманни ажрата олмайди”.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Аллоҳнинг ғазабидан мени узоқ қиладиган нарса нима?” деб сўрадим. У зот алайҳиссалом: “Ғазаб қилма!” дедилар.

Ҳасан Басрий айтадилар: Кимда-ким қуйидаги тўрт хусусиятга эга бўлса, Аллоҳ таоло уни шайтондан асрайди ва дўзахга ҳаром қилади: рағбат, қўрқув, шаҳват ва ғазаб пайтида ўзини қўлга олиш.

Ғазабга берилиш, бир зумда ловуллаб кетиш инсоннинг заифлигини билдиради. Бундай кишилар қанчалик бақувват кўринмасинлар аслида заиф ҳисобланадилар.


Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

  1. Маъқул вақтни танлаш.

Ярим кечаси одамлар ухлайдиган пайтда, жуда эрта тонгда ёки туш пайтида дам олиш вақтида эшик қоқиш одобсизлик ҳисобланади.

  1. Эшикни уч марта тақиллатиш.

Чунки хонадан аҳли биринчи тақиллатганда эшитади, иккинчисида тайёрланадилар, учинчисида эса изн берадилар. Қўнғироқ чалиш ҳам эшик тақиллатиш кабидир. Шунинг учун қўнғироқни ҳам уч мартадан ортиқ чалмайди.

  1. Эшикни мулойимлик билан тақиллатиш.

Эшикни хонадон аҳли қўрқиб кетадиган даражада қўполлик билан тақиллатилмайди. Шунингдек қўнғироқ тугмасини ҳам узликсиз босиб турилмайди, ҳатто хонадон эгаси ўзининг уйини тақиллатганда ҳам қўполлик билан тақиллатмасин. Чунки хонадон аҳли бундай тақиллатишда қўрқинчли бир ҳодисани рўй берганини ўйлаб қолади.

  1. Эшикни уч бор таққилатишда уларнинг ўртасини ажратиш.

Ҳар тақиллатиш орасида бир муддат кутиш лозим. Токи хонадон аҳли тайёргарлик кўришга ёки эшикни очишга ургурсин.

  1. Эшикнинг рўбарўсида турмаслик.

Эшикни тақиллатган шахс эшикнинг ўнг ёки чап тарафида туриши лозим, эшикнинг рўбарўсида турмайди. Чунки эшикни очган пайтда гоҳо уй аҳлининг очиқ-сочиқ, биров у ҳолатда кўришини истамайдиган ҳолати кўриниб қолади.

  1. Эшик тақиллатувчи ўзини танитиши.

Изн сўровчидан хонадон аҳли “ким?” деб сўраса, “мен” деб жавоб бермасдан, исмини айтиб, ўзини танитиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига Жобир розияллоҳу анҳу келиб, эшикни тақиллатди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бу?” дедилар. Жобир розияллоҳу анҳу: “Мен”, деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни (Жобир розияллоҳу анҳунинг “Мен” деган жавобини) хуш кўрмай: “Мен, мен”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

  1. Хонадон аҳлининг изнини кутиш.

Изн сўровчи хонадон аҳлининг уйга киришга изнини кутиши лозим. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз! Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангиз” (Нур сураси, 27-оят).

  1. Изн берилмаса қайтиб кетиш.

Агар изн сўровчига жавоб берилмаса ёки “қайтинг” дейилса ёхуд уйда ҳеч ким бўлмаса, изн сўровчи қайтиб кетиши керак. Бу ушбу оятга мувофиқдир: Бaс, aгaр у (уй)лaрдa ҳeч кимни тoпмaсaнгизлaр, ундa тo сизлaргa изн бeрилмaгунчa улaргa кирмaнгиз! Aгaр сизлaргa “қaйтинглaр” дейилсa, қaйтиб кeтaвeринглaр! шу сизлaр учун энг тoзa (йўл)дир. Aллoҳ қилaётгaн ишлaрингизни билувчидир (Нур сураси, 28-оят).

Чунки хонадон аҳли ҳеч кимни қабул қила олмайдиган ҳолатда бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда изн сўровчи хонадан аҳлига: “Сен хижолат бўлма, балки бирор нарса билан машғулдирсан”, деб хижолатчиликни кетказсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

Янгиликлар

Top