muslimuz

muslimuz

Ўзбекистон Бош консуллиги дипломатлари «Дубай аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш жамғармаси» бошқарма бошлиғи Фатма Ал Бааж Алмоатасем Белаҳ билан учрашдилар, деб  хабар  бермоқда «Дунё» АА мухбиМулоқот аввалида БАА вакилига  давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистонда турли соҳаларда ҳаётга изчил тадбиқ этилаётган ислоҳотлар, баркамол авлодни ҳар томонлама соғлом ва етук кадрлар бўлиб етишишлари учун яратилаётган шарт-шароитлар, миграция сиёсатини такомиллаштириш, хорижда вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ватандошларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида  батафсил айтиб берилди.

Хотин-қизлар ҳуқуқларини мустаҳкам ҳимоя қилиш ва болаларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилишига  қарши кураш соҳасида эришилган  натижалар алоҳида  қайд этилди. Ўзбекистонда  аёллар ва болалар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича  самарали ислоҳотлар халқаро ҳамжамият томонидан  юқори баҳоланаётгани таъкидланди.

Томонлар, одам савдосига оид муаммолар, уларнинг келиб чиқиши сабаблари, бартараф этиш йўллари, ушбу иллатдан жабр кўрганларга зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, айбдорларга нисбатан эса қонуниний чора кўриш амалиётлари билан боғлиқ бир қатор долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Фатма Ал Бааж Алмоатасем Белаҳ, ўз навбатида, дунё бўйлаб олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари, амалий тадбирларга қарамай, ҳозирги кунга қадар кўплаб одамлар «замонавий қуллик» - одам савдоси қурбонига айланиб қолаётганини таъкидлади. У  Ўзбекистоннинг ушбу глобал  муоммага қариши  кураш  бўйича вазифаларини ва  натижаларини  юқори баҳолади. «Одам савдосидан жабр кўраётганлар орасида аёллар сони ортиб бораётгани ҳамда трансмиллий жиноятчилик чегара танламаслиги инобатга олиниб, юқоридаги муаммоларни ҳал қилишда халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳим», - деди Фатма Ал Бааж Алмоатасем Белаҳ.

Бўлиб ўтган  суҳбат  якунида Ўзбекистон  Бош консуллиги ва «Дубай аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш жамғармаси» ўртасида одам савдоси қурбони бўлган аёллар ҳамда ундан жабр кўрганларни ҳимоя қилиш мақсадида икки томонлама Ҳамкорлик  меморандумини ишлаб чиқиш ва  имзолаш тўғрисида келишиб олинди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

П'ятниця, 21 июль 2023 00:00

Суиқасд – энг оғир жиноят

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда қотиллик, “самосуд”, яъни ўзбошимчалик билан бировни жазолаш, таҳқирлаш, калтаклаш ҳолатлари ҳақидаги хабарлар кўпайиб кетди. Наманганда 26 ёшли эркак 23 ёшли талаба хотинини куппа-кундузи таълим муассасаси ҳудудида пичоқлаб ўлдирди... Қашқадарёда бир аёл собиқ эрига турмушга чиққан жувонни кўчада зўравонлик билан таҳқирлади... Тошкент шаҳридаги мактаблардан бирида бошланғич синф ўқитувчиси ўқувчининг онаси томонидан калтакланди... Бу каби воқеаларни эшитиб даҳшатга тушасан.

Сир эмас, “самосуд” пайтида ҳам кучлар тенг бўлмайди, жазоланувчи киши ҳимоясиз, ожиз ҳолатда ваҳшийлик қурбонига айланади. Ўйланиб қоласан, жамиятимизда бу каби ҳолатлар нега тез-тез такрорланяпти, одамларга нима бўляпти ўзи? Кимнидир ўзбошимчалик билан жазолашга, энг даҳшати, ҳаётига қасд қилишга уларни нима мажбур этмоқда?

Бирор кишининг айбдор ёки жиноятчи деб топилиши учун аввало унинг айби маҳкамада гувоҳлар ва далиллар ёрдамида исботланиши лозим. Айби исботлангач, қандай жазо белгилашни ҳам фақатгина қози – судья ҳал қилади. Бошқа ҳеч ким эмас! Бу нарса қомусимизда ҳам таъкидлаб қўйилган:

24-модда. Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир.

25-модда. Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга.

Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас.

26-модда. Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади.

Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.

Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ёки илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас.

Яхши англашимиз лозим, инсонларни ноҳақ азоблаганлар мабодо бу дунёда жазодан қутулиб қолсалар ҳам, охиратда, албатта жазосини олади. Ислом ҳукми бўйича, инсонни ноҳақдан урган, озор берган шахснинг гуноҳи фақат мазлумнинг қасос олиши ёки кечириб юбориши билангина ювилиши мумкин. “Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бировга” деган доно нақл бор. Агар ўзгага нисбатан зўравонлик қилмоқчи бўлган кимса, унга етказадиган жабри миқдорича азоб тортмасдан туриб гуноҳи кечирилмаслигини билса, бу ишга қўл урармиди? Асло!

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким ўз ғуломига тарсаки туширса, бунинг каффорати уни озод қилишдир”, деганларини эшитдим» (Имом Аҳмад ривояти).

Абу Масъуд Бадрий розияллоҳу анҳу айтади: «Бир ғуломимни қамчи билан ураётган эдим. Ортимдан “Эй Абу Масъуд, билгинки” деган овозни эшитдим. Ғазабнинг кучидан овозни танимадим. (Овоз эгаси) менга яқинлашганда қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эканлар. У зот: “Эй Абу Масъуд, билгинки, албатта, Аллоҳ сенинг устингдан сен бу ғуломнинг устидан бўлганингдан кўра қодирроқдир”, демоқда эдилар. Мен дарҳол: “Бундан сўнг ҳеч қачон қулни урмайман”, дедим. У зотнинг ҳайбатларидан қўлимдаги қамчим тушиб кетди: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳнинг розилиги учун у ҳурдир”, дедим. У зот: “Агар шундай қилмаганингда, дўзах сени куйдирган бўлар эди”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Динимизда нафақат бегонага, балки ўзининг қулига (шахсий мулкига!) ҳам куч ишлатишдан қайтарилади. Энди бировларга нисбатан ўзича жазо қўллаётганлар, айниқса, ваҳшийларча қотиллик қилаётганларнинг оқибатини тасаввур қилаверинг. Улар ўзларича адолатни қарор топтиряпман, деб ўйлашади. Аслида эса, дахлсиз бир инсоннинг ҳаётига дахл қилишмоқда. Ҳеч кимнинг ўзбошимчалик билан самосуд қилишга ҳаққи йўқ!

 Тўлқин ШЕРНАЕВ

Абдуллоҳ ибн Абу Рабийъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мендан қирқ минг (дирҳам) қарз олдилар. Кейин у зотга мол келганида уни менга қайтариб бердилар ва: Аллоҳ молингга ва аҳлингга барака берсин. Албатта, қарзнинг мукофоти мақтов ва адо этишдир”, дедилар» (Имом Насоий ривояти).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Исро кечаси жаннат эшигида: “Садақага ўн баробар, қарзга ўн саккиз баробар”, деган ёзувни кўрдим. Жаброил алайҳиссаломга: “Нима учун қарзга садақадан кўпроқ?” дедим. У: “Чунки садақа муҳтожнинг ҳам, беҳожатнинг ҳам қўлига тушаверади, қарз эса, фақат муҳтожга берилади”, деди» (Имом Ибн Можа ривояти).

Ҳақиқатан, муҳтож одамга қарз бериб, мушкулини осон қилиш – улкан савоб. Мўмин киши биродарининг мушкули осон бўлишини кўзлаб қарз беради. Шундай экан, қарз берган одамнинг яхшилигини қадрлаш ва омонатни ўз вақтида эгасига қайтариш лозим.

Афсуски, бугун жамиятимизда қарз олди-бердисига ўта енгил қарайдиганлар кўпайиб кетди: кимдир қайтара олиш-олмаслигини ўйламай қарз олса, кимдир қайтармаслик ниятида олади. Натижада қарз берувчига жабр бўлади. Одамлар ўртасидаги ўзаро ишончга путур етади. Қарз олди-бердисини деб нафақат дўстлик-биродарлик, балки қариндошлик алоқалари ҳам узилиб кетмоқда.

Шундай кишилар борки, ўзларига тўқ бўлатуриб, қарз олишади-да, қайтаришни атайин ортга суришади. Қарз берган кишининг эсидан чиқишини кутишади. Улар ўзларича шу йўл билан қарзларидан қутулмоқчи бўлишади. Баъзилар эса, аввал-бошдан қарзни қайтармаслик ниятида олишади. Қарзни бермаслик учун турли баҳоналарни рўкач қилиб, ўзларини муҳтож кўрсатишади. Охир-оқибат ҳақдор ҳам қарзини кечиб юборишга мажбур бўлади. Улар мана шу йўл билан ўзгаларнинг ҳақини ўзлаштириб олишади.

Баъзида олган қарзларидан тонадиган кимсалар ҳам учраб туради. Улар пулни қайтармаслик учун ҳар қандай ёлғон-яшиқдан тап тортишмайди. Шунинг учун қарз олди-бердисини гувоҳлар ёрдамида ёзиб қайдлаб қўйиш мақсадга мувофиқдир.

Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар! Бир-бирингиздан бирор муддатга қарз олиб, қарз берсангиз, уни ёзиб қўйингиз!» (Бақара сураси, 282-оят), деб марҳамат қилган.

Набий алайҳиссалом марҳамат қиладилар: “Ким қарзини адо қилишни ирода қилиб одамлардан мол олса, Аллоҳ таоло унга тўлаш сабабларини муҳайё қилиб қўяди. Ким талафот етказишни ирода қилиб олса, Аллоҳ унинг ўзига талафот етказади” (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа ҳадисда: “Ким одамларнинг молларини (қарзга) олиб, уни қайтаришни ният қилса, Аллоҳ уни адо этишда ёрдам қилади. Ким йўқ қилишни ният қилиб олса, Аллоҳ уни йўқ қилади”, деб огоҳлантирилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Бадавлат кишининг (бировдан қарз олиб, уни қайтармай вақтни) чўзиб юриши зулмдир, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Ҳар бир мўмин ушбу кўрсатмаларни яхши билиб олиши ва уларга оғишмай амал қилиши зарур. Ўзгаларнинг ҳақини ўзлаштиришдан, ишончини суиистеъмол қилишдан эҳтиёт бўлайлик. Албатта, унинг ҳисоб-китоби оғир бўлади.

 Дилмурод СОДИҚОВ

Четвер, 20 июль 2023 00:00

“Унинг ақли қандай?”

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) деди: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида бир кишини мақтаб, у тўғрида яхши гапларни гапиришди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Унинг ақли қандай?” дедилар. Улар: “Ё Расулуллоҳ, биз ибодати, фазли ва хулқини мақтаяпмиз”, дейишди. У киши: “Унинг ақли қандай? Аҳмоқ аҳмоқлиги билан фожир қилмаган ишни қилиб қўяди. Одамлар алдамчи нарсаларга ақллари даражасига кўра яқин бўладилар”, дедилар». Бизга Жоруд ва Абу Толиб Ҳиравий Абдулҳамид ибн Абдулазиз ибн Раводдан, у Марвон ибн Солимдан, у Сафвон ибн Амрдан, у Сурайҳ ибн Убайд Ҳадрамийдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бирор кишининг қаттиқ ибодат қилаётгани хабари келса, унинг ақли ҳақида сўрардилар. Агар: “Яхши”, дейишса, у киши: “Шундай бўлишини умид қиламан”, дердилар. Агар яхши дейишмаса, “Етолмайди”, дердилар. Кейин Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) айтди: “У кишига саҳобаларидан бирининг қаттиқ ибодат қилаётганини айтишди. У киши унинг ақли ҳақида сўрадилар. Улар: “Унча яхшимас”, дейишди. У зот: “У сизлар ўйлаган даражага етмайди. Улар фитнага учраганлар, алданганлар. Улар шу каби нарсаларга суяниб қолишган. Одамлар кўнглини хотиржам қилиб, Аллоҳнинг динига яхшиликни бера олишмаган”, дедилар».

Яна шунга мисол: Киши бир кишига васият қилади. Васиятида молидан бир миқдорини садақа қилишни ёзади. Ёки ўша киши моли билан ўз билганича иш қилишини айтади. Васийга: “Ўз билганингча иш қилавер, бу жоиз”, дейди. Бу мавҳум гап. Унга: “Бу шаҳвоний, ҳавога мойил нафснинг қараши ёки ботил билан ҳақни ажрата оладиган афзалини, Аллоҳга ёқадиганини биладиган ақлнинг қараши бўлиши мумкин”, дейилади. Унга айтилган гапдан: “Сен ақлинг билан иш қил, очкўзлигинг, шаҳватинг ва васваса билан иш қилма”, дейиш назарда тутилган бўлади. Васий ўша садақани тарқатаётганида нафси қўшнилари, яқинлари, танишларига беришни истаб қолади. Чунки улардан кейинчалик манфаат келишини умид қилади. Маййитнинг яқинлари, танишлари, қўшнилари эса узоқда қараб қолишади. Маййит яқинлари, қўшнилари, ҳақдорлар ҳақидан сўралади. Шу туфайли қабрида азобланиши мумкин. Бу васий эса, садақани нафси истаган жойга, кейинчалик манфаат ёки мақтов келадиган одамларга тарқатади.

Ҳаким Термизийнинг
“Оқиллар ва алданганлар” китобидан

Аслиддин РАҲМАТУЛЛОҲ таржимаси

Жорий йилнинг 10-15 июль кунлари мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказининг музей ва экспонатлар илмий бўлими мутахассислари иштирокида Малайзия Ислом санъати музейида илмий-амалий ва услубий тренинг ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мазкур тренингни ўтказиш жорий йил февраль-март ойларида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Фирдавс Ҳалимов бошчилигидаги делегациянинг Малайзияга сафари давомида келишилган эди.

Тренингни ташкил этишдан мақсад Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мутахассисларининг музей бошқаруви, доимий ва вақтинчалик кўргазмаларни ташкил этиш, тарихий ҳужжат, қўлёзма ва тошбосма асарлар ҳамда экспонатларни консервация-реставрация қилиш йўналишларида малакавий билимларини мустаҳкамлаш, шунингдек, халқаро тажриба алмашишдан иборат.

Ўқув дастури давомида музей бошқарувининг замонавий халқаро стандартлари, доимий ва вақтинча экспозицияларни шакллантириш, музей фаолиятида таълим дастурларини жорий қилиш ва режалаштириш, ушбу дастурларни мактабгача ва мактаб ёшидаги болалар ҳамда олий таълим муассасалари талабалари учун табақалаштириш, музей фаолиятида маркетинг ва музей имижини шакллантириш инструментлари, музей фаолиятининг хавфсизлигини таъминлаш каби мавзуларга бағишланган машғулотлар ўтказилди.

Тренингда музей бош куратори Хеба Наэль Баракат, музей фонди ва кўргазмалар менежери Рекха Верма, таълим, маркетинг, консервация бўлимлари экспертлари маърузачи сифатида иштирок этдилар. Ўқувлар якунида иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилди.
Малайзия Ислом санъати музейи 1998 йилда ташкил этилган. Музей Жануби-Шарқий Осиёдаги Ислом цивилизацияси тарихи ва санъатига бағишланган энг йирик музей бўлиб, майдони 30 мингкв.м.га тенг. Музей коллекциясидан бутун ислом оламининг маданияти ва санъатини акс эттирувчи муҳим экспонатлар ўрин олган. Энг нодир экспонатлардан бири- бу Ўзбекистонга тегишли бўлган VIII асрга оид сўғд ипак либосидир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top