muslimuz

muslimuz

П'ятниця, 05 апрель 2024 00:00

Хатми Қуръонда қилинган дуо қабул

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Қуръон хатм қилинганда ижобат бўладиган дуо бор.

Аллоҳим! Бизни энг гўзал Калом – Қуръони Карим тиловатига мушарраф қилганинг, уни хатм қилишга муваффақ этганинг учун Ўзингга ҳамду саноларимиз бўлсин!

Аллоҳим! Сарвари олам, Саййидул мурсалийн, Ўзингнинг Ҳабибинг, Расулинг Муҳаммад Мустафога, у зотнинг аҳли байтлари, саҳобалари, тобеъинлар ва уларга эргашган мусулмонларга салавоту салом юбор, раҳматинг ва баракотингни зиёда қил!

Аллоҳим! Бизни энг маҳбуб Расулинг умматидан қилганингга шукр.

Аллоҳим! Бизни Рамазонга етказиб, ибодатингга лойиқ кўрганинг учун Ўзингга ҳамду санолар айтамиз! Ўзингнинг Каломингни тиловат ва хатм қилишни бизга муваффақ қилганингга шукрлар келтирамиз!

Аллоҳим! Бизга Сен берган ва бераётган барча неъматларнинг саноғи, фазлу марҳаматинг адоғи йўқ! Барчаси учун Ўзингга ҳамду саноларимиз бўлсин!

Аллоҳим! Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен барча айбу нуқсондан покдирсан!

Аллоҳим! Бизнинг гуноҳларимизни мағфират этгин! Ўзинг мағфират қилмасанг, раҳм қилмасанг, зиён кўрганларлардан бўлажакмиз!

Аллоҳим! Буйруқларингни тўлиқ адо эта олмадик, қайтариқларингдан қайта олмадик, аммо бўйин товлаб эмас, ожизлигимиздан. Ўзинг ожизларга меҳрибонсан, биздан меҳрингни дариғ тутма!

Аллоҳим! Раҳмати билан айбу гуноҳларимизни яширувчи Зот, уларни мағфиратинг ва фазлинг ила кечириб юбор! Гуноҳларимизнинг каттаю кичиги, махфию ошкораси, билганларимиз, билмайдиганларимизни кечир!

Аллоҳим! Сен афвни қилишни яхши кўрасан, бизни афв эт!

Аллоҳим! Сўраганни яхши кўрувчи Зотсан, Сендан сўрамагандан ғазабланасан, ибодат ва дуоларимизни ижобат айла!

Аллоҳим! Ўзинг “Дуо қилинглар, ижобат қиламан”, деб марҳамат қилгансан. Амрингга биноан дуо қилмоқдамиз, ваъдангга биноан ижобат айла! Сен бандаларингнинг қўлларини қуруқ қайтармагайсан!

Аллоҳим! Бизга розилигингни, жаннатингни ҳамда уларга олиб борадиган сўз ва амалларни насиб қил! Ғазабингдан, дўзахингдан ҳамда уларга олиб борадиган сўз ва амаллардан паноҳ бер!

Аллоҳим! Сендан фойдали илм, мақбул солиҳ амал, гўзал ахлоқ, ҳалол ризқ, баракали умр, солиҳ зурриёт сўраймиз!

Ё Аллоҳ! Бизга кенг феъл, кетмас давлат, зикрли тил, шукрли дил ато эт!

Аллоҳим! Ҳар бир ишда Сенга муҳтожмиз,! Ўзингдан ўзгага муҳтож қилма!

Аллоҳим! Қуръони каримни бизга дунёда ҳамнафас, қабрда ҳамдам, қиёматда шафоатчи, жаннатда ҳамроҳ, дўзахдан парда ва барча эзгуликларга етакловчи сарбон қил!

Аллоҳим! Қуръон туфайли бизга раҳм қилгин ва уни бизга йўлбошчи, нур, ҳидоят, раҳмат ва шифо этгин!

Аллоҳим! Қуръон билан қалбларимизни мунаввар қил, Қуръон билан хулқларимизни зийнатла.

Аллоҳим! Ушбу юртни ва бутун Ер юзини тинч-омон, осуда эт!

Аллоҳим! Рамазондан бизга тақво малакаси, Ўзингга қурбат ҳосил қилишни насиб эт! Рамазондан кейин ҳам Рамазондагидек, балки янада зиёда даражада ибодат ва тоатда, ҳидоятда бардавом бўлишни насиб айла!

Ё Аллоҳ! Бизни Қадр кечасини топган, унинг фазилатларидан баҳраманд бўлганлардан қил!

Роббимиз! Бизга дунёда ҳам яхшилик бер, охиратда ҳам яхшилик бер ва бизларни дўзах азобидан сақла!

Аллоҳим! Расулимиз Муҳаммад Мустафога, аҳли оилалари ва саҳобаларига салавот саломларимизни юбор! Бутун оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1. Қуръони карим тиловати билан машғул бўлиш.


2. Нафл намозларни адо этиш.

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтади: “...Бандам Менга нафл ибодатлар билан яқинлашиб келаверади, ҳатто Мен уни яхши кўраман...” (Имом Бухорий, Имом Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти).


3. Аллоҳни кўп зикр қилиш.

“Субҳааналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил ъалиййил ъазийм”.


4. Ота-она, аҳли-оила, яқинлар ва жамики мусулмон умматининг ҳаққига дуо қилиш.

“Роббанағфир лий ва ли ваалидаййа ва лилмуминийна йавма йақуумул ҳисааб”.

Маъноси: “Роббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!” (Иброҳим сураси, 41-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Мусулмон кишининг биродари ҳаққига қилган ғойибона дуоси ижобат қилинувчидир. Қачон биродарига яхшилик тилаб дуо қилса, фаришта: “Омийн, сенга ҳам ўшанча бўлсин”, дейди» (Имом Муслим ривояти).


5. Ушбу дуони кўп қилиш.

“Аллоҳумма иннака афуввун, туҳиббул афва, фаъфу ъанний”.

Маъноси: “Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв қилишни яхши кўрасан, мени афв қил (кечир)гин”.

Олимлардан бири айтади: “Вақт оз, аммо Аллоҳдан сўрайдиган сўровларинг кўп бўлса Аллоҳдан авф қилишини сўра. Агар Аллоҳ сени авф қилса, барча ҳожат ва истакларинг сўрамасанг ҳам олдинга келади”.


6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш.

“Аллоҳумма солли ва саллим ъалаа Муҳаммадин ва ъалаа аали Муҳаммад”.


7. Имконият даражасида мискин-фақирларга садақа бериш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Садақа Аллоҳнинг ғазабини ўчиради”, деганлар (Имом Термизий ривояти).


8. Истиғфор айтиш.

“Астағфируллоҳал аъзийм аллазий лаа илаҳа иллаа ҳувал Ҳаййул Қоййум ва атуубу илайҳи”.


9. Аллоҳдан ибодатларни қабул қилишини сўраш.

“Роббана тақоббал минна иннака антас самийъул аълийм ва туб аълайна йаа Мавлаанаа иннака антат тавваабур роҳийм. Роббанаа аатинаа фиддуня ҳасанатан ва фил ахироти ҳасанатан ва қинаа азаабаннаар. Аллоҳумма аъиннаа аълаа зикрика ва шукрика ва ҳусни ибаадатик”

 Даврон НУРМУҲАММАД

Ифторликка Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходималари, Тошкент ислом институти ва Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчи ва талаба қизлари таклиф этилди.

Тадбирда АҚШ элчиси ўринбосари Пол Политис Ўзбекистонда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида илиқ фикрлар билдирди, аёлларнинг жамиятдаги ўрни, хусусан диний соҳадаги фаолияти аҳамиятли эканини қўшимча қилди.

ЎМИ Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим мудираси Моҳира Зуфарова ҳам сўзга чиқиб, икки давлат ўртасидаги дўстона алоқалар мустаҳкамлиги янада ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Қолаверса, Ўзбекистоннинг диний соҳадаги имконият ва тажрибалари ҳамда ҳамкорликнинг самараси ўлароқ юртимиз қорилари АҚШдаги масжидларда Рамазонда тавровиҳ намозларида Хатми Қуръонга ўтиши анъанага айланган.

Якунда Пол Политис яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити билан йиғилганларни табриклади.

Тошкент Ислом институти Матбуот хизмати ходимаси Ш.Қудратова

 Ўзбекистон Бош консуллиги томонидан Рамазон ойи муносабати билан тантанали кеча ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

Тадбирда Свердловск вилояти маъмуриятининг бир қатор вакиллари, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Уралдаги ваколатхонаси, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон ва бир қанча мамлакатларнинг Екатеринбургдаги консуллари ва дипломатлари, шунингдек, ҳукуматларнинг доимий вакиллари иштирок этди.

Тадбирга ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари тез-тез ташриф буюрадиган “Екатеринбург” ва “Верхняя Пишма” масжидлари имом-хатиблари ҳам таклиф этилди.

Тадбир давомида иштирокчиларга Ўзбекистоннинг зиёрат туризми соҳасидаги сайёҳлик салоҳиятини ёритиб берувчи видеороликлар ва тақдимот ҳавола қилинди. Хусусан, меҳмонларга Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида жойлашган зиёратгоҳлар ҳақида маълумот берилди.

Тадбир меҳмонларига Ўзбекистон шаҳарларида ўзбек ҳунармандлари томонидан ишлаб чиқарилаётган бадиий ҳунармандчилик маҳсулотлари, мамлакатимиздаги гастрономик туризмнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида ҳам батафсил тушунча берилди.

Шубҳасиз, республикамиздаги зиёрат туризми салоҳияти тақдимоти тадбир иштирокчиларида ижобий таассурот қолдирди. Хусусан, Татаристоннинг Уралдаги доимий вакили Хайдар Гилфанов Екатеринбургда Ўзбекистоннинг Бош консуллиги ўз фаолиятини бошлагандан кейин ўзбекларнинг бой тарихи, маданияти ва қадриятлари кенг тарғиб қилинаётганини эътироф этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Саудия Арабистони Подшоҳлиги Макка шаҳридаги “Масжидул Ҳаром”нинг юқори қаватида кексалар ва эҳтиёжманд зиёратчиларга хизмат кўрсатадиган “ақлли” голф машинаси ишга туширилди. “Saudi Gazette”нинг Икки Муқаддас масжид ишлари бўйича бош бошқармасига таяниб хабар беришича, голф аравасидан тавоф қилиш (Муқаддас Каъба атрофида айланиб ўтиш) мумкин.

Департаментнинг таъкидлашича, эҳтиёжманд зиёратчилар голф аравалари жойлашган жойга “Aжад” эскалаторлари ва “Қирол Aбдулазиз” дарвозасидаги лифтлар орқали боришлари мумкин. Голф машинаси иш вақти 12 соат яъни ҳар куни 16:00 дан 4:00 гача.

Қайд этилишича, хизмат фақат тавоф қилиш учун кўрсатилади ва унинг нархи бир киши учун қўшилган қиймат солиғи билан 25 саудия риёлини ташкил этади. Ҳозирда зиёратчилар тавоф қилиши учун 50 та голф машиналари мавжуд, уларнинг ҳар бири 10 йўловчига мўлжалланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

 

 

 

Янгиликлар

Top