muslimuz

muslimuz

Середа, 10 Январь 2024 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси кўп йиллар Cамарқанд вилояти Ургут туманидаги "Паҳмоб" жоме масжидида имом-хатиб вазифасида хизмат қилган Икромхон домла Валихоновнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этамиз.

Аллоҳ таоло марҳум уламони Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари, сафдошлари, шогирдлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!

«Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз У Зотга қайтувчимиз».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Тошкент ислом институти ва Индонезиянинг Кудус давлат ислом институти ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.

Ушбу меморандумни Тошкент ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов ҳамда IAIN Кудус ректори, профессор Абдурроҳман Касдий онлайн тарзда ташкил этилган маросимда имзоладилар. 

Маълумот ўрнида Кудус давлат ислом институти ректори, профессор Х.Абдурроҳман Касдий бошчилигидаги делегация ТИИга 2023 йил ноябрь ойида ташриф буюрган эди. Музокараларда таълим муассасалари ўртасида меморандум имзолаш ҳам кўзда тутилган эди.

Ҳамкорлик ҳужжати профессор-ўқитувчилар ва талабаларни алмашиш, таълим дастурлари ишлаб чиқиш, таълим муассасаларида малака ошириш ва қўшимча ўқув машғулотларини ташкил қилиш, семинар ва конференциялар ўтказиш, биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бориш, китоб ва манбалардан умумий фойдаланиш ва нашр ишларида ҳамкорлик қилиш каби бандларни қамраб олган. 

Oliymahad.uz

Вівторок, 09 Январь 2024 00:00

Мужаддид ва мужтаҳид олим

Мулла Али Қорий (ваф.1014)

Алломанинг тўлиқ исми Нуриддин Али ибн Султон Муҳаммад ал-Маккий ал-Ханафий бўлиб, “ал-Қорий” кунияси билан машҳурдир.

“Ал-Қорий” номининг унга берилишига сабаб, у Қуръони каримни турли қироатларда ўқиш бўйича пешқадамлардан бўлган. Шунинг учун Мулла ал-Қорий номи билан шухрат қозонган.

Али ал-Қорий ҳақидаги маълумотлар олимнинг ўзи томонидан ёзилган асарлар муқаддималарида келтирилади. Шунингдек, унинг ҳаёти ва фаолиятини ёритишда Муҳаммад ал-Муҳиббийнинг “Хулосат ал-асар фий аъён ал-қарн ал-ҳодий ашар” ва аш-Шавқонийнинг “Ал-бадр ат-толеъ” асарлари ҳам асосий манба бўлиб хизмат қилади.

“Хулосат ал-асар фи аъён ал-қарн ал-ҳодий ашар” китобида Али ал-Қорий ўз асрининг беназр олими, ибораларни тузатиш ва тадқиқ этишда моҳир имом, фақиҳ, муҳаддис, усул ва наҳв билимдони, муфассир, мутакаллим, мутасаввиф, тарихчи ва адабиётшунос олим, Суннати набавия борасида етук мутахассис бўлгани баён этилган.

Мулла Али ал-Қорий кўп соҳалар билимдони ҳисобланиб, жуда кўп асарлар ёзган. Манбаларда келтирилишича, уларнинг сони 125 тани ташкил этади ва улар бир неча жилдлик иборат йирик китоблар ва кўплаб саҳифаларни ўз ичига олувчи рисолалардан иборат.

Олимнинг китоб ёзишдаги ўзига хос услуби шундаки, у барча асарлардаги бобларни қимматли маълумотлар ва баҳслар билан бойитган. Ўқувчи учун тушунарли, бошқаларда учрамайдиган йўналиш билан ёзилган бўлиб, мавҳум ибораларсиз ва нодир тадқиқот тарзида амалга оширилган.

Бундан ташқари, Мулла Али ал-Қорий моҳир хаттот ҳам бўлган. Аш-Шавконий “Ал-бадр ат-толеъ” асарида ёзишича, Али ал-Қорий ўнинчи ҳижрий асрнинг мужаддиди ва мужтаҳиддир.

Машҳур фақиҳ Ҳусайн ибн Муҳаммад Саид Абдулғани ал-Маккий ал-Ҳанафий “Иршод ас-сорий ила маносик ал-Мулла Али ал-Қорий” асрида бундай ёзади: “Ўз замонасининг буюк алломаси, машҳур олим, ақлий ва нақлий билимларни ўзида мужассамлаштирган, Қуръон ва ҳадис илми бўйича билдирилган фикрларни асосли тарзда шарҳловчи – тадқиқотчидир”.

Шайх Муҳаммад Зоҳид Кавсарий “Ироқ аҳлининг фақиҳлари ва уларнинг сўзлари” номли рисоласида: “Имом Абу Ҳанифанинг издошларидан Мулла Али ал-Корий ҳофиз, беназир муҳаддис олим эди”, деб ёзади.

Замондошлари уни “Ҳақиқатлар султони, нодир фиқҳий масалалар билимдони, фақиҳ, муфассир, қорию мутакаллим, муҳаддис ҳамда балоғат ва фасоҳат, наҳв илмларининг муаллими” деб тан олишган.

Алломанинг баъзи асарлари неча асрлардан бери ўқув юртларида муҳим дарслик ва қўлланма бўлиб келмоқда. Олимнинг “Анварул Қуръон фий асрорул Фурқон” (“Фурқон сирларида Куръон нурлари”), “Ан-насиху вал-мансуху минал ҳадис” (“Ҳадисларнинг насх ва мансухлари”), “Адиллату муътақади Аби Ҳанифа фи абавайи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам” (“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ота-оналарига доир ақидада Абу Ҳанифанинг далили”), “Ал-асмарул жанийяту фий асмаил ҳанафия” (“Ҳанафий олимларнинг исмлари ҳақида йиғилган мевалар”), “Ал-аҳадисул қудсияту арбаъиния” (“Кирқ қудсий ҳадис”), “Ал-адаб фий ражаб” (“Ражаб ойи одоблари”) ва “Манақибу ал-Имоми Аъзам ва асҳобиҳи” (“Имоми Аъзам ва асҳобларининг маноқиблари”) каби китоблари машҳур.

Аллома Ҳанафий мазҳабининг фиқҳий масалаларига доир қатор рисолалар ҳам ёзган. “Рисалату фий ҳимаяти мазҳабил Имоми Аби Ҳанифа” (“Имом Абу Ҳанифа мазҳабини ҳимоя қилиш тўғрисида рисола”), “Рисалату фир радди ала мин замми мазҳабил Имоми Аби Ҳанифа” (“Имом Абу Ҳанифа мазҳабини ёмонловчиларга раддия рисоласи”) шулар жумласидан.

Аллома ўндан ортиқ китобга шарҳ ёзган. “Шарҳи Саҳиҳи Муслим” (“Саҳиҳи Муслим”нинг шарҳи), “Шарҳу Айнил илми ва зайнил ҳилми” (“Ҳилмнинг зийнати ва илмнинг булоғи” китобига шарҳ), “Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар” (“Фиқҳул акбар”нинг шарҳи), “Шарҳу Муснад ал-Имоми Аби Ҳанифа” (Имом Абу Ҳанифанинг “Муснад”ига шарҳ), “Шарҳу ал-Ҳидоя лил Марғиноний” (Марғинонийнинг “Ҳидоя”сига шарҳ), “Шарҳу ал-Виқоя фи масаилил Ҳидоя” (“Ҳидоя” масалаларидаги “Виқоя”га шарҳ) ва “Мирқотил мафотиҳ шарҳи Мишкатил Масобиҳ” («“Мишкатул Масобиҳ”ни шарҳлашда очилган нозик ўринлар») каби шарҳлари бутун Ислом оламида эътиборлидир.

Ҳанафий мазҳабининг етук алломаси Мулла Али ал-Қорий Имом Абу Ҳанифа, Суфён Саврий ва Фузайл ибн Иёзнинг йўлидан бориб, ҳаётда дуч келган масалаларга асосли жавоблар берган. Аллома 1014 ҳижрий (1636 милодий) сананинг шаввол ойида Маккаи Мукаррама шаҳрида ҳаётдан кўз юмди ва шу шаҳардаги машҳур “ал-Муаллот” қабристонига дафн этилди.

Муфтий Иброҳим Десаи раҳимаҳуллоҳнинг "Ҳадис илмига кириш" китобидан олинди.

Вівторок, 09 Январь 2024 00:00

Ваъдани бажармаслик гуноҳми?

Cавол: Кимгадур бирон нарсани (пул)ни ваъда қилиб ёки бугун тайёр бўлади деб айтилган вақтга қилиб бера олмасам, айтган гапимни устидан чиқа олмасам, бунинг ҳукми қандай бўлади? Жавоб учун олдиндан раҳмат.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мусулмон киши ҳаром бўлмаган бирор ишга ёки нарсага ваъда берса, ваъдасини устидан чиқишга имкон қадар ҳаракат қилиши лозимдир. Бирор киши ваъдасини устидан чиқиш ниятида ваъда бериб, бирор узр сабабли ваъдасини бажара олмаса, гуноҳкор бўлмайди.

عن زيد بن أرقم عن النبي صلى الله عليه وسلم قال إذا وعد الرجل أخاه ومن نيته أن يفي له فلم يف ولم يجئ للميعاد فلا إثم عليه. (رواه أبو داود)

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Киши биродарига ваъдасига вафо қилиш ниятида ваъда берса, лекин ваъдасига вафо қила олмаса, ваъдалашган жойга кела олмаса, у кишига гуноҳ йўқ", дедилар (Имом Абу Давуд ривояти).

Аммо, ваъдани бажаришда сусткашлик қилса ёки бажармаслик ниятида ваъда берса-ю ваъдасини бажармаса, қаттиқ гуноҳкор бўлади. Чунки ваъда бериб, узрсиз уни бажармаслик шаръан ҳаром иш бўлиб, мунофиқлик аломатидандир (“Мирқот ул-Мафотиҳ” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

 

Вівторок, 09 Январь 2024 00:00

Масжид саломи намози

Намозхон масжидга кирганида агар фарз намозлари адо этилмаётган бўлса, масжид билан саломлашиш ниятида ўқийдиган намози “таҳийятул масжид” дейилади.

Бу намоз икки ёки тўрт ракат ўқилади. Афзали тўрт ракат ўқишдир. Таҳийятул масжид намозини масжидга кирган киши ўтирмасдан олдин ўқиши суннат ҳисобланади.

Мабодо ўтириб олинган бўлса ҳам туриб ўқилади. Унда маълум сураларни ўқиш шарт қилинмаган.

Таҳийятул масжид намозини қуйидаги пайтларда ўқиб бўлмайди:

– Қуёш чиқаётган, қиёмга (тиккага) келган ва ботаётган вақтларда;

– Аср намозини адосидан кейин шом намозини ўқиб бўлгунча;

– Бомдод намозини вақти киргандан бошлаб қуёш чиққунигача;

– Имом хутба қилаётган пайтда;

– Ҳайит куни қуёш чиққандан кейин ҳам то ҳайит намози ўқилгунигача.

Таҳийятул масжид намозини ўқиб бўлмайдиган вақтларда масжидга кирган киши Субҳааналлоҳи, валҳамду лиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Аллоҳумма солли васаллим ъала набиййинаа Муҳаммадни айтса масжид ҳаққини адо қилган бўлади.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Бирортангиз масжидга кирса, ўтиришдан олдин икки ракат намоз ўқисин”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Бир масжидга бир кунда бир неча бор кирилса, бир марта ўқилган таҳийятул масжид намози кифоя қилади.

 "Суннатга мувофиқ намоз ўқинг" китобидан олинди.

Янгиликлар

Top