muslimuz

muslimuz

Вівторок, 16 Январь 2024 00:00

Ҳомийим

Аллоҳ отамнинг умрларини узоқ қилсин! Молларига барака берсин. Туғилганимдан бошлаб мени қўлларидан келганча ҳеч нарсага зориқтирмай ўстирдилар. Етмаганига ҳозиргача харажатларимни ўзлари кўтарадилар. Ҳозир 40 ёшдаман. Ҳозиргача зиёратларига келсам, мен уларга беришимнинг ўрнига дарров чўнтакларига қўл солиб, харажатларимга етадиган миқдордаги пулни қўлимга тутқазадилар. “Дадажон, ёшлигимда мени керагидан ортиқ таъминлаб қўйган эдингиз, энди пул бериш менинг навбатим” десам “Қизим, мен бу пулларни гўримга олиб кетармидим, олақол энди, сенга берсам, Аллоҳ менинг молимга барака беради” деб олмаганимга қўймайдилар. Бундан ташқари неваралари билан кўришга борсам, уларнинг ҳам чўнтакларига пул солиб қўядилар. Менга берганингиз ҳаммамизга етади десам ҳам кўнмайдилар. “Булар ҳам бир яйрашсин, музқаймоқ олиб ейишар” деб кулиб қўядилар.

Ҳа, оталар фарзадлари учун пул тугул, жонларини ҳам ўйлаб ўтирмай беришга тайёр бўлишар экан. Аллоҳ бахтимизга оталаримизни саломат қилсин!

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Қашқадарё вилояти мусиқали драма театрида Нафас Шодмонов драмаси асосида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Валихон Умаров томонидан саҳналаштирилган “Абу Муин Насафий” спектакли премьераси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Қашқадарё” нашри. 

Маълумки, алломалар меросини кенг халқ оммасига янада яхши тушунтиришда бадиий ва саҳна асарлари, кинофильмларнинг аҳамияти катта. Тўғриси, бу борада ҳали қилинадиган ишлар талайгина. Шомурод Шарапов қаламига мансуб “Ҳақиқат қиличи” номли роман кам нусхада нашр қилинган, шу номда ҳужжатли фильм яратилган, холос. Филология фанлари доктори, профессор Нафас Шодмонов томонидан ёзилган “Абу Муин Насафий” драмаси бу борада муҳим аҳамият касб этади.
Эътироф этиш лозим, шу вақтгача Нафас Шодмоновнинг “Нуҳ кемаси”, “Қобил ила Ҳобил”, “Широқ”, “Нахшаб афсонаси”, “Оқсарой”, “Нажот дарвозаси” каби 20 дан зиёд тарихий ва замонавий мавзудаги драмалари республика театрларида саҳналаштирилган.

“Абу Муин Насафий” спектаклида алломанинг аҳли сунна вал-жамоа мазҳаби асосида пок ақида ва мусаффо исломга итилиш йўлидаги хизматлари рамзий-ишоравий услубларда акс эттирилади. Ўзларини динда билимдон санаган, бироқ аллома келтирган аниқ далиллар қаршисида ожиз қолган жоҳил гуруҳлар Абу Муин Насафийни жисмонан йўқ қилишга уринади. Асар воқеалари XI асрда Насаф ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтади.

Қуръон оятлари билан зийнатланган, мафкуравий зиддиятларни очиб беришга қаратилган спектакль томошабинни бефарқ қолдирмайди, чуқур мушоҳадага, теран мулоҳазага чорлайди.

Таъкидлаш ўринли, спектаклдаги ролларни вилоят мусиқали драма театрининг актёр ва актрисалари маҳорат билан ижро этишди. Абу Муин Насафий сиймосини таниқли кино ва театр актёри Ғайрат Ҳусаинов гавдалантирган. Алломанинг рафиқаси Ойбаланд, мўътазила оқими етакчиларидан бири Жовид, рофизия фирқасига мансуб катта мулкдор хотин Озар образлари ҳам анча эсда қоларли. Саҳна декорациялари, мусиқа, либосларга ҳам алоҳида аҳамият қаратилган.

Шу ўринда айрим жиҳатларга тўхталиб ўтсак. Маълумки, калом, ақида масалаларини ҳаммаям тушунмайди. Томошабинлар ёш ва савиясини ҳисобга олган ҳолда, нутқ ва савол-жавоблар содда, одамлар тушунадиган, англайдиган мисоллар орқали очиб берилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Қолаверса, мўътазила қарашларини ифодалайдиган Жовид образи етарли даражада очилмасдан қолган. Ваҳоланки, роль ижрочиси Акбар Бердиевни кучли актёр сифатида биламиз. Боз устига мўътазила оқими вакиллари ҳам бу даражада кўр-кўрона ақидага эмас, рад қилиш мураккаб ҳақиқатга таянган эди. Яъни Жовид кучли билимли, бироқ жоҳил – уни шу тарзда кўрсатиш маъқул бизнингча.

Ойбаланд ўлдирилиши саҳнасида ҳам оддий йўлдан борилган. Ортдан бир неча бор пичоқ суқиш саҳнаси ёш болалар, таъсирчан одамларга ёмон таъсир қилиши аниқ – шу сабаб қатл саҳнасини бошқа деталлар ёрдамида ҳам ишонарли тарзда кўрсатиш мумкин.

Булар тўғриласа бўладиган нарсалар. Муҳими, буюк инсон ҳақидаги дастлабки саҳна асари дунё юзини кўрди. Уни бемалол республика театрларида, халқаро саҳналарга намойиш этса бўлади, намойиш этиш керак. Бу спектакль вилоятимиз маданият ва санъат соҳасида катта воқелик.

Қайд этиш жоиз, “Табсират-ул адилла”, “Ат-тамҳийд ли қавоид ат-тавҳийд”, “Қасийдул қавоид фи илмил ақоид”, “Ал-Ифсод ли ҳадъ ал-илҳод”, “Маноҳиж ал-аиммати фил фуруъ”, “Баҳрул калом” сингари чуқур илмий таҳлилга асосланган, мотуридия таълимотининг моҳияти очиб берилган ўнлаб асарлари билан мусулмон дунёсида шуҳрат қозонган зот – Абу Муин Насафий минг йил аввал жаҳолатга қарши маърифат билан курашнинг ўзига хос намунасини кўрсатган эди.

Ислом оламида “Ҳақиқат қиличи” номи билан танилган буюк ватандошимиз ибоҳия, хорижия, мўътазилия, қадария, жабария каби ботил фирқаларга асосли раддиялар берган ва динимиз софлигини сақлашга катта ҳисса қўшган.

Bahriddin Xushboqov, [16.01.2024 10:30]
Айтиш ўринли, Абу Муин Насафий илмий мероси ўрганила бошланганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аллома абадий қўним топган манзил ободонлаштирилиб, мақбара, масжид, кутубхона, музей барпо этилди. “Табсират-ул адилла”, “Ат-тамҳийд ли қавоид ат-тавҳийд”, “Баҳрул калом” асарлари таржима қилиниб, кўп минг нусхада чоп этилди. У зот ҳақида кўплаб илмий асарлар, маърифий мақолалар нашр этилиб, дунёнинг нуфузли олимлари иштирокида илмий конференциялар ўтказилди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Понеділок, 15 Январь 2024 00:00

Яна тўйлар ҳақида...

 

Халқимизда оила ва никоҳ муқаддас саналган. Шу боис ҳам ёшларнинг тўйларига алоҳида эътибор билан қаралган. Фарзанд туғилиши билан турли маросимлар ўтказилади. Ўзбек тўйлари қадимдан халқни маънавий-руҳий томондан тарбияловчи восита бўлиб келган.

Лекин бугунги тўйларимизни режали, кенгашли бўляпти, дея айта олмаймиз. Тўйларимиз борган сари ким ўзарга айланиб бормоқда. 

Касб-коридан барака топган танишимнинг тўйига бордик. Кейинги пайтда ишлари юришиб, тадбиркор бўлганини эшитиб, кўриб, ҳар ҳолда у кишининг бизнес йўлига тушиб кетганидан қувондим. Бир неча йиллар аввал “Ота касбини қадрлаган ўғил” деб ота касби боғбонлигини давом эттиргани ҳақида мақола ҳам ёзгандим. 

Тўйга бориб дастурхонига боқдим. Дастурхонда ҳатто игна қўйишга жой йўқ. Шу маҳсулотларнинг барчаси истеъмол қилинадими? Афсуски, йўқ, буларнинг бари увол эмасми? Бу мисқоллаб йиғиб, миллионлаб сочиш эмасми?!. 
Бутун дунёни ларзага солган касаллик тарқалган пайтда тўйларимиз ихчамлашиб қолганди. Аммо йил сайин ким ўзарга ўтказаётган тўйларимиз аввалгиларидан ҳам кўпайиб кетди. Динимизга, миллий урф-одатларимизга мутлақо тўғри келмайдиган одатлар, миллатимизга хос бўлмаган ҳаракатлар қайта авж олгандек. 

Яқинда бир танишимникига тўйга бордим. Куёвнинг ота-онаси ўзбек, ўқимишли, маданиятли кишилар. Тўйнинг бошида, ҳали никоҳи ўқилмаган келин-куёвнинг муҳаббатини баён этувчи видеоролик намойиш этилди, ҳар хил ҳолатдаги суратлар ва ҳоказо. Тўйнинг ўрталарига келганда эса давра бошининг эълони билан келин-куёв вальсга таклиф этилди. Ёнимда ўтирган меҳмондан “Куёвни ота-онасини-ку ўзбеклигини яхши биламан, келин қайси миллатга мансуб?” деб сўрадим. “Ота-онаси ўзбек, қизи ҳам ўзбекдир-да” дея ҳазиломуз жавоб берилди. Катта бир даврада, бутун элнинг кўзида ўзбек миллатига мансуб ёшлар вальс тушиши миллатимизга, менталитетимизга қанчалик мос?! 

– Халқимизда, маслаҳатли тўй тарқамас, деган ажойиб нақл бор, – дейди Шароф Рашидов тумани “Бувижонлар гуруҳи” раҳбари Дилбар опа Саидова. – Бунинг замирида жуда чуқур маъно яширинган. Гап фақат бир кунлик тўй ҳақида эмас, балки қурилаётган оиланинг бузилмаслиги, келин ва куёвнинг насли-насабини, одоб-ахлоқини, юриш-туришини, сиҳат-саломатлигини суриштириб, кейин маҳалла-кўй билан, қариндош-уруғлар билан бамаслаҳат тўй қилиш, токи шу оила мустаҳкам бўлсин, деган маъно мужассам. Ўтган йили, нуфузли бир оила қиз чиқарди. Наҳорга 800 эркакка, 500 аёлга ош берди. Келиннинг бувиси аввалдан таниш бўлганимиз учун қўярда-қўймай набирасини келин қилиб бирга олиб боришга мени ҳам кўндирди. Ишонсангиз, 3 та юк машина келинни сарпоси, мебелларини куёвникига олиб борди. Куёвнинг уйига борганимизда ўрта ҳол оила экани маълум бўлди. Доно халқимизда бели оғриб нон топмаган, унинг қадрига етмайди, деган мақол ҳам бор. Шунча нарсанинг қадрига ҳали ўзини тўла-тўкис эплаб олмаган келин ёки ҳали бир касбнинг бошини тутмаган куёв етадими? Эртага “Шу лаш-лушу, ашғал-ташғал билан келган келин, шу қайнонани хизматини қилармикан?” деган фикр хаёлимдан ўтди. Охир- оқибат нима бўлди, келин бир ой ҳам яшамай уйига кетди. Отаси келиб сеп деб олиб келган буюмларни игнасини қолдирмай уйига қайтиб олиб кетди. Мен, кўп йиллар қишлоқ фуқаролар йиғинини бошқардим. У даврда онда-сонда, у ҳам бўлса, 10-15 йиллаб яшаб, фарзанд кўрмаган оилалар ажрашмаса, бошқа ажрим деган гаплар йўқ эди. Бирда- ярим гап қочиб, келин-куёв ёки қайнона-келин жанжаллашибди, деб эшитсак, биз оилаларига бориб улгурмай, опоқ-чопоқ бўлиб кетишарди. 

Президентимиз раҳномолигида оилавий ажримларга чек қўйиш, қизларни ҳам йигитларни ҳам турмушга тайёрлаш, ҳам ўқитиб, ҳам касб-ҳунарли қилиб турмуш қуриши лозимлиги тўғрисида қанча фармон ва қарорлар чиқарилмоқда. 2023 йил 21 декабрь санасида “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор имзоланди. Буларнинг барчаси шу халқ, айниқса, ёшлар учун.

– Ана шу тўй-маросимлар, урф-одатларимиз деб умр карвонимиз ўтиб кетаётганини, нафсимизнинг қули бўлиб қолаётганимизни наҳотки сезмаяпмиз? – дейди Фориш тумани “Оқила аёллар” ҳаракати аъзоси Норинисо Ирисова. – Шу тўйларни деб ота-оналаримиз 50 ёшга ҳам кирмай мункайиб қолмаяптимикан? Ўғилларимизнинг ор-номуси йўқолиб, қизларимизнинг тили бир қарич бўлиб бораётганига ҳам ўзимиз айбдор эмасмиканмиз? 

Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб негизида халқ фаровонлиги, мамлакат тинчлиги, оилалар мустаҳкамлиги ва баркамол авлодни тарбиялашдек эзгу мақсадлар ётибди. 

Ўзбек тўйлари ҳақида кўп ва хўб ёздик, ҳали яна кўплаб фикрлар айтилиши, шубҳасиз. Юртбошимиз, ҳукуматимиз томонидан тўйларни ихчамлаштириш, кам харж қилиш, муҳими, оилаларни мустаҳкамлаш, турли ажримларнинг олдини олишдек муҳим ва долзарб масалалар қатор фармон ва қарорларда ўз аксини топмоқда. 

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, тўйларимиз эртасида ким ўзар иззатталаблик мусобақаси эмас, балки фарзандларимизнинг аҳил, тинч-тотув оиласи, муқаддас никоҳи мужассам бўлсин! 

А.Қаюмов,
ЎзА мухбири

Понеділок, 15 Январь 2024 00:00

Ражаб ойидаги амаллар

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар ва Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саломлар бўлсин.

Ражаб ойи тўғрисида одамлар орасида турли нотўғри тушунчалар тарқалиб қолган. Унинг ҳақиқатини тушуниб олиш барча мусулмонлар учун лозимдир.

НАБИЙ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ РАЖАБ ОЙИНИ КЎРГАНДА ҚИЛГАН АМАЛЛАРИ

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا دَخَلَ رَجَبٌ، قَالَ: "اللهُمَّ بَارِكْ لَنَا فِي رَجَبٍ، وَشَعْبَانَ، وَبَلِّغْنَا رَمَضَانَ".

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ражаб ойи кирса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳумма баарик ланаа фий ражабин ва шаъбана, ва баллиғнаа ромазона», дер эдилар» (Байҳақий ривоят қилган).

Таржимаси: «Аллоҳим! Ражаб ва шаъбон ойларида бизга барака бергин ва Рамазон ойига етказгин».

«Рамазон ойига етказгин», деб дуо қилиш Рамазон ойига муштоқ бўлишдир. Ушбу дуо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳиҳ санад билан собит бўлгандир. Шунинг учун ражаб ойи кирганда ушбу дуони қилиш суннат ҳисобланади. Ушбу дуонинг суннат эканини билмаганлиги учун Ражаб ойи кирганида уни ўқимаган киши ражаб ойининг қайси куни бу амал суннат эканини эшитса, ўша куни ўқиса бўлаверади. Бундан бошқа халқ орасида ражаб ойида қилиш керак, деб тарқалган амалларнинг барчасининг асли йўқдир.

 

МЕЪРОЖ КЕЧАСИНИНГ ФАЗИЛАТИ

Халқ орасида ражаб ойининг 27 кечаси меърож кечаси бўлиб, уни қадр кечаси каби ўтказиш керак, деган гап-сўзлар машҳур бўлиб қолган. Ҳатто баъзилар меърож кечасида ўқиладиган мухсус намозлар борлигини ҳам айтиб юришади. Яна айтишларича, меърож кечасида ўқиладиган намозларнинг ҳар бир ракъатида фалон, фалон хос суралар ўқилар эмиш. Меърож кечасида одамлар орасида яна қандай тафсилотга эга намозлар машҳур бўлиб кетганини Аллоҳ билади. Ҳар биримиз яхшилаб билиб олишимиз керакки, бу гапларнинг ҳеч бири шариатда бирор асосга суянган эмас.

 

МЕЪРОЖ КЕЧАСИНИ ТАЙИН ҚИЛИШДАГИ ИХТИЛОФ

Билингки, ражаб ойининг 27 кечаси Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам меърожга чиққанлар, деб аниқ ишонч билан айтиб бўлмайди. Чунки бу борада турли ривоятлар мавжуд. Баъзи ривоятларда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам меърожга робиъул аввал ойида чиққанлар, дейилса, баъзиларида ражаб ойи, яна бошқа ривоятларда эса бошқа ойларнинг номи зикр қилинган. Шунинг учун аниқ ишонч билан «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фалон кечада меърожга чиққанлар», деб айтиш дуруст эмас.

 

НИМА УЧУН МЕЪРОЖ ВОҚЕАСИНИНГ САНАСИ МАЪЛУМ ЭМАС?

Шундан билиб олиш мумкинки, агар меърож кечаси қадр каби махсус кеча бўлганида, албатта, қадр кечаси каби у ҳақда ҳам оят ёки ҳадислар орқали махсус бир ҳукм собит бўлган ва у куннинг тарихини, ойини ёдда тутишга катта эътибор қаратилган бўлар эди. Лекин меърож кечасининг тарихини ёдда тутишга қаттиқ эътибор берилган эмас. Демак, «Ражаб ойининг 27 кечаси меърож кечасидир», деб аниқ тарзда айтиш дуруст эмас.

 

У УЛУҒ КЕЧАДИР

Меърож кечасида буюк воқеалар содир бўлганлигида шак-шубҳа йўқ. Чунки унда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам осмонга кўтарилиб, у зотга «қурб мақоми», умматларга намоз туҳфаси ато этилган. Ҳеч қандай шаксиз у кеча улуғ кечадир. Ҳеч қайси мусулмон у кечанинг улуғлигига шубҳа қилмайди.

 

НАБИЙ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ҲАЁТЛАРИДА МЕЪРОЖ БЎЛГАН САНА ЎН САККИЗ МАРТА КЕЛГАН

Меърож кечаси пайғамбарликнинг бешинчи йили содир бўлган. Шу воқеадан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн саккиз йил яшадилар. Лекин шу йиллар мобайнида у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам меърож кечаси борасида бирорта махсус ҳукмга буюрмаганлар ёки у кечага алоҳида эътибор қаратмаганлар ёки меърож кечаси қадр кечаси каби зиёда ажру савоб кечаси, деган эмаслар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан бу кеча ҳақида на бирор амал собит бўлган ва на у зот даврларида у кечани нишонлашга алоҳида эътибор қаратилган, на Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари у кечага алоҳида эътибор қаратганлар ва на саҳобийлар у кеча ҳақида бирор сўз айтганлар, на алоҳида эътибор билан нишонлаганлар.

 

У КАБИ БИРОР АҲМОҚ ЙЎҚ

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу оламни тарк этганларидан кейин юз йилгача саҳобийлар дунёда мавжуд бўлганлар. Ана шу юз йил ичида бирор саҳобийнинг ражаб ойининг 27 кечасига алоҳида эътибор берганлиги ҳақида бирор нарса собит бўлмаган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида мавжуд бўлмаган нарсалар саҳобийлар замоналарида ҳам мавжуд бўлмаган. Шундай экан, меърож кечасини диннинг бир бўлаги деб айтиш ёки суннат дейиш ёки у билан суннат каби муомала қилиш бидъатдир.

Қайси кеча қандай фазилатга эга эканини ким Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра яхши билувчи ёки саҳобаи киромлардан кўра ибодатга шавқлироқ бўлиши мумкин? Айтниг-чи, у зот айтмаган гапларни айтиб, саҳобалар қилмаган ибодатни қилишга уринган кишидан кўра аҳмоқроқ киши борми?

 

ДИННИ САҲОБИЙЛАРДАН КЎРА ЯХШИРОҚ БИЛУВЧИ БОРМИ?

Саҳобий, тобеъин ва табаа тобеъинлар динга тегишли ҳар бир нарсанинг ҳақиқатини барчадан зиёда билувчи, яхши тушунувчи ва динга мукаммал тарзда амал қилувчи инсонлар бўлишган. Агар бир киши: «Мен уларга нисбатан динни яхши билувчиман» ёки «Диннинг завқини улардан яхшироқ ҳис қилувчиман» ёки «Улардан кўра ибодатлиман», деса, ҳақиқатда у киши телбадир ва диннинг ҳақиқатини тушунмабди.

 

БУ КЕЧАДА ХОС ТАРЗДА ИБОДАТГА ЭЪТИБОР БЕРИШ БИДЪАТ

Ражаб ойининг 27 кечасига хос тарзда ибодат учун эътибор қаратиш бидъатдир. Аслини олганда, Аллоҳ таоло қайси кечада ибодат қилишга тавфиқ берса, нур устига нур. Лекин бир кунни алоҳида ибодатга хос тарзда тайин қилиб бўлмайди.

قال الطيبي وفيه أن من أصر على أمر مندوب وجعله عزما ولم يعمل بالرخصة فقد أصاب منه الشيطان من الإضلال فكيف من أصر على بدعة أو منكر

Тийбий раҳматуллоҳи алайҳ айтди: “Бундан келиб чиқадики, ким мустаҳаб ишда бардавом бўлиб, буни қилмасам бўлмайди деган эътиқодда бўлса ва рухсатга амал қилмаса, шайтон уни адаштиришга муваффақ бўлибди. Энди, бидъат ва мункар ишда қаттиқ туриб олган кишининг ҳоли қандай бўлади” (Мирқотул мафотиҳ).

 

27 РАЖАБ РЎЗАСИ

Шунингдек, 27 ражаб кунининг рўзаси ҳақида баъзи одамлар «Ашуро ва арафа кунларининг рўзаси каби, ражаб ойи рўзасининг фазилати бор», деб тушунадилар. Ражаб ойининг рўзаси ҳақида бир-иккита заиф ривоятлар нақл қилинган. Лекин бу ҳақда саҳиҳ санад билан бирор ривоят собит бўлмаган.

 

УМАР РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ ТОМОНЛАРИДАН БИДЪАТ ЭШИГИНИНГ ЁПИЛИШИ

Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида баъзи одамлар ражаб ойининг 27-куни рўза тутар эдилар. У киши розияллоҳу анҳуга бу ҳақда хабар борди. Диндан бир қадам ҳам силжиш мумкин бўлмаган ўша пайтда кишиларнинг ўша куни рўза тутишларидан хабар топган Умар розияллоҳу анҳу уйларидан шошиб чиқиб, баъзи кишиларнинг олдига бориб, зўрлик билан: «Рўза тутмаганингизни билишим учун менинг олдимда овқат енглар», дедилар. Кишилар орасида тарқаб қолган «Бу кунда тутилган рўза зиёда фазилатлидир», деган эътиқодни бекор қилиш учун Умар розияллоҳу анҳу қаттиқ туриб, ўша куни рўза тутганларни овқат ейишга мажбур қилдилар. Ражаб ойининг 27-куни тутиладиган рўзанинг фазилати ҳам бошқа кунларда тутиладиган нафл рўзанинг фазилати билан бир хил, деган эътиқод билан нафл рўза тутиш мумкин. Яхшилаб билиб олиш лозимки, икки нафл рўза орасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Лекин Умар розияллоҳу анҳу бу ишга бидъат эшигини беркитиш ва кишилар томонидан динга қўшимча киритилишидан сақланиш мақсадида шундай қилдилар.

 

ЎША КЕЧАДА ТУРИШНИНГ ҚАНДАЙ  ЁМОН ТОМОНИ БОР?

Баъзилар: «Ражаб ойининг 27 кечаси туриб, ибодат қилиш, кундузи рўза тутишнинг қандай ёмон томони бор? Ўғрилик қилдикми ёки шароб ичдикми ёки қароқчилик қилдикми? Кечаси ибодат қилиб, кундузи рўза тутсак, бунинг нимаси ёмон?» дейишлари мумкин.

 

ДИН – БУ ЭРГАШИШ

Умар розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ таоло ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан буйруқ ва тавсия бўлмаган кунда ҳар ким ўзининг хоҳиши ва сохта эътибори билан рўза тутиши асл мусибатдир», деганлар.

Дин бу эргашиш ва итоат қилишдир, яъни Аллоҳ таолонинг амрига, Унинг ҳукмларига қулоқ тутиш ва итоат этишдир. Аллоҳ таоло рўза тутмасликда ҳам, рўза тутишда ҳам, намоз ўқимасликда ҳам, намоз ўқишда ҳам бир ҳукмни тайин қилгандир. У Зот бизга «Намоз ўқиманглар», деган ўринларда намоз ўқимаслик ибодатдир. Аллоҳ таоло «Рўза тутинглар» деган ўринларда рўза тутиш биз учун ибодатдир ва Аллоҳ таоло «Рўза тутманглар», деган ўринда рўза тутмаслигимиз ҳам ибодатдир. Агар Аллоҳ таоло «Рўза тутманглар», деган ўринларда рўза тутсак, «Намоз ўқиманглар», деган ўринда намоз ўқисак, динга хилоф иш қилган бўламиз. Билингки, диннинг асли эргашиш ва итоатдир. Агар Аллоҳ таоло шу гапларни дилимизга солса, барча бидъатлар ўз-ўзидан таг-томири билан йўқ бўлиб кетади.

 

ДИНГА ЗИЁДА ҚИЛИШ

Бир киши ражаб ойининг 27-куни рўзасига алоҳида эътибор қаратса, у шахс динга ўз томонидан бир қўшимча киритган бўлади. Шунинг учун ражаб ойида алоҳида эътибор билан рўза тутиш жоиз эмас. Ҳа, агар бошқа ойлар ва кунларда рўза тутиб юрган одам ражаб ойида ҳам рўза тутишни ирода қилса, ҳеч қандай муаммосиз рўза тутиши мумкин ва бундан қайтарилмайди. Лекин аксинча, ражаб ойида рўза тутиш фазилатли, деб тушуниб ёки суннат ёки мустаҳаб ёки зиёда ажру савобга ҳақли деб билиб рўза тутса ёки ражаб ойининг 27 кечасини алоҳида эътибор билан нишонласа, бидъат ишга қўл урган бўлади.

 

РАЖАБ ОЙИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ЗИЁФАТ УЮШТИРИШ

Меърож кечаси бор ҳақиқатдир, яъни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кечада Осмонга кўтарилганлар. Лекин унинг аниқ қайси кунда содир бўлганлиги маълум эмас. Ражаб ойида меърож кечасига алоҳида урғу бериб нишонлашдан бошқа яна бир асли йўқ маросим, яъни ражаб ойи кириши муносабати билан халққа дастурхон ёзиш, фотиҳахонлик удум бўлиб қолган ва ҳатто бу анъана оми халқ наздида фарз, вожиб даражасига ҳам кўтарилиб кетган. Баъзи минтақаларда ражаб ойида дастурхон ёзмаган инсонларни, у хоҳ намоз ўқисин, хоҳ ўқимасин, хоҳ рўза тутсин, хоҳ тутмасин, хоҳ гуноҳдан тийилсин, хоҳ тийилмасин, мусулмонлигига шубҳа қилиб қоладилар. Уларнинг тушунчасида ражаб ойининг биринчи кунида фотиҳахонликка юрмаган, яқинларидан бирортаси вафот этган киши эшигини очиб туришмаганлар ҳақида турли куракда турмайдиган гап қиладилар. Агар бирор киши бу маросимни ўтказишга қаршилик қилса, барча халқ уни маломат қилиб, ҳақоратлайдилар. Лекин ушбу анъананинг ким томонидан жорий қилинганини ҳеч ким билмайди. Аслини олганда ражаб ойи муносабати билан зиёфат уюштириш на Қуръони каримда, на ҳадиси шарифда, на саҳобий, тобеъин ва табаа тобеъинларнинг сўз ва феълларида мавжуд.

 

БИЗЛАР ХУРОФОТГА БОТИБ ҚОЛДИК

Бу нарсалар бизни хурофотга мубтало қилди. Бу ҳақда ушбу шеърий парчада шундай дейилади:

Ҳақиқатлар ривоятда қолиб кетди,

Бу уммат хурофотга ботиб кетди.

Борган сайин асли йўқ нарсалар ортидан изма-из, қадамма-қадам юриб борилмоқда-ю, ҳақиқати бор, амал қилишимиз лозим бўлган нарсалар четда қолиб кетмоқда. Буларнинг қайси бири ҳақиқию, қайси бири сохта экани ҳақида секин-аста дўстларимизга тушунтириб боришимиз лозим. Чунки аксарият халқ бу бидъат-хурофотларни билмай қилмоқда. Улар бу амалларни қайсарликлари сабабли эмас, балки билмаганликлари туфайли қилишмоқда. У бечораларда бундай амаллар ҳақида умуман маълумот йўқ. Улар ражаб ойида қилинадиган зиёфатни қурбонлик каби зарурий ва Қуръони карим ҳамда ҳадиси шариф билан собит бўлган амал деб тушунадилар. Шунинг учун бундай кишиларга бу ҳақда муҳаббат ва шафқат билан хабар бериш ва тушунтириш лозим.

 

ХУЛОСА

Хулоса қилиб айтганда, ражаб ойи борасида юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган «Аллоҳумма баарик ланаа фий ражабин ва шаъбана, ва баллиғнаа рамазона», яъни «Аллоҳим! Ражаб ва шаъбон ойларида бизга барака бергин ва рамазон ойига етказгин», деган дуони қилиш суннатдир.

Абудуманнон Қосимий

Шу йил 11 январ куни “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси раҳбари Марям Абдуллаева “Талабалар" турар жойи масъуллари билан бирга талаба-қизлар билан ўзаро мулоқот қилиш баробарида уларга яратилган шароитлар кўздан кечирилди.

Самимий суҳбат чоғида талаба-қизлар турар жойда яшаш ва илм-маърифатини юксалтириш бўйича барча зарур қулайликлар мужассам эканини мамнуният билан изҳор қилишди. Шунингдек, ушбу йўналишдаги ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини айтиб ўтишди.

Марям Абдуллаева талаба-қизлар билан учрашувда ўқув жараёнларда фаол бўлиш, вақтдан унумли фойдаланиб кўпроқ билим ва малакасини ҳосил қилишга жидду жаҳд қилиш лозимлигини таъкидлади. Бундан ташқари, турар жойда яшаш қоидаларига амал қилиш кераклиги, ота-оналари йироқда бўлгани боис мадараса уларга маъул эканини алоҳида қайд этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top