muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

П'ятниця, 03 ноябрь 2023 00:00

Китоб ўқиш умрни узайтирадими?

Китоб ўқиш ақлий салоҳиятимизни кучайтириб, тасаввуримизни бойитишини ҳаммамиз биламиз. Бу мароқли машғулот саломатликка ҳам ижобий таъсир этади.

АҚШнинг Yale University олимлари мутолаа ва инсон умри давомийлиги боғлиқлиги бўйича тадқиқот ўтказди. 12 йил давом этган ушбу илмий-текшириш ишида уч минг олти юзга яқин кекса ёшдаги эркак ва аёллар қатнашди. Улар орасида ашаддий китобсеварлар ҳам, китобни қўлига фақат уй йиғиштирганда оладиганлар ҳам бор эди.

Аниқланишича, мутолаани севадиган ва бу иш билан мунтазам шуғулланадиганлар бошқаларга нисбатан 2 йил кўпроқ умр кўрар экан. Ҳафтасига 3,5 соатини ва ундан кўпроқ вақтини ўқишга сарфлайдиган кексаларда ўлим хавфи яқин 12 йилда бошқа қарияларга нисбатан 20 фоизга кам бўлади.

“Кунига атиги ярим соат мутола қилиш умрингиз узоқ бўлишига катта таъсир кўрсатади”, дейди тадқиқот муаллифларидан бири Бекка Леви.

Қизиқ томони, “китоб терапияси” даромади, касб-кори, оилавий аҳволи, ирқи ва ҳаёти фаровонлигидан қатъи назар барчага бирдек фойдалидир. Бироқ тадқиқотчилар айнан китоб мутолаасига урғу беришяпти. Газета ва журнал ўқиш у қадар самарали эмас.
Мутолаа асабийлашишни камайтирувчи энг ўнғай усуллардан бири. У кундалик ташвишлардан узилиш имконини ҳам беради. Ўқиш мия узоқ вақт ёш бўлиб қолишига сабаб бўлади, миядаги асаб тизими алоқаларини кучайтириб, ақлий салоҳиятни орттиради.
Қарилик ва Алцгеймер хасталигини (хотирани йўқотиш) ортга суради. Бундан ташқари, мутолаа сиқилишни енгишда қўл келади, муомала-муносабат қобилияти ривожланишига, ижодий имкониятлар кенгайишига ижобий таъсир кўрсатади.

Китоб ўқишнинг юқорида саналган фойдалари олимларга кўпдан аён эди. Yale University мутахассислари унинг бошқа бир муҳим қирраси – узоқ умр кўришга сабаб бўлишини аниқлади. Тўғри, узоқ яшаш жуда кўп омилларга боғлиқ. Лекин инсон ўзига берилган умрни мазмунли, арзирли тарзда ўтказиши ҳам керак. Бу борада мутолаа энг яхши кўмакчидир.

П'ятниця, 03 ноябрь 2023 00:00

Ижтимоий тармоқларнинг хатари

Бугунги кунимизда интернет ҳаётимизга шундай кириб келдики, уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилолмаймиз. Шу билан биргаликда интернетда кенг тарқалиб бораётган ижтимоий тармоқлар ҳам ривожланди. Кўпчилигимиз бу тармоқлардан фойдаланамиз, бу жуда яхши албатта, лекин ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда ҳам эҳтиёткор бўлишимиз керак. Чунки айнан мана шундай тармоқлар орқали оилалар бузилиб кетаяпти, ёшларимизнинг тарбияси бузилаяпти ва энг ачинарлиси, бузуқ ниятли ғаламиз кимсалар бу тармоқларни қармоққа айлантирмоқдалар.

Ижтимоий тармоқларда бўлаётган мулоқотлар аслида виртуал бўлсада, маълум одоб чегараси, ҳудудидан чиқиб кетмаслиги керак. Жуда кўп одамлар виртуал мулоқот деб, ҳақиқий воқеликдан воз кечмоқдалар. Аксар ҳолатларда ижтимоий тармоқлар одамларни ишдан чалғитмоқда, оила тинчлигини бузмоқда. Улар бу ишга шу даражада берилиб кетганидан дўстлари, ҳатто оилаларидан ҳам воз кечиш ҳолатлари нодир бўлмай қолди. Бугун ер юзида миллион-миллион одам виртуал ҳаёт билан бўлиб ҳақиқий ҳаётни унутиб қўймоқдалар. Ижтимоий тармоқларда кўп ўтирадиган одамларнинг иммунитет тизими бузилмоқда, ақли заифлик касалига мубтало бўлиш ҳолатлари содир бўлмоқда. Ҳаттоки, компьютер олдида кеча кундуз ўтириб тўсатдан вафот этганлар ҳам бор.

Инсон жисмидаги мўъжизавий аъзолардан бири юрак бўлиб, у ишламаса ва фаолиятдан тўхтаса, инсон ҳалок бўлади. Инсоннинг юраги бир кунда 100 000 бора уради. Бир йилда ўртача ўттиз беш миллион марта, ўртача умри давомида эса икки ярим миллиард маротаба уради.

Ўртача ёшдаги инсоннинг бош терисида 100 000 соч толаси бўлади. Жигар инсон танасида 500 дан ортиқ функцияларни бажаради. Аммо унинг асосий вазифаси қонни тозалаш ва ёғларни парчалашда асосий рол ўйновчи сариқ суюқлик ишлаб чикаришдир.

Ингичка ичак ошқозон тизимининг энг муҳим қисми бўлиб, овқатни парчалаш ва баданнинг турли қисмларига тарқатиш учун юбориладиган озуқа моддаларини чиқаради.

Қизилўнгачдан таом доимо ошқозонга йўналади. Агар инсон бошини пастга осилтириб туриб еб-ичса ҳам унинг ёрдамчи пайлари сабабли тескари ҳаракатда ошқозон тарафга йўналаверади.

Тананинг энг мустаҳкам аъзоси тиш эмали ҳисобланади.

Буйраклар бир кунда организмдаги қонни 300 марта ювади.

Қизил қон ҳужайралари (эритроцитлар) суяк илигида шаклланиб, тўрт ой яшайди. Ушбу тўрт ойлик умри мобайнида тананинг барча 60 триллион ҳужайрасида озиқланади. Шу сабабли инсон танасида қарийб 250 000 марта айланади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

لَقَدْ خَلَقْنَا الْإِنسَانَ فِي أَحْسَنِ تَقْوِيمٍ

«Батаҳқиқ, Биз инсонни энг гўзал тузилишда яратдик» (Тийн сураси, 4-оят).

Аллоҳ таоло инсоннинг жасадини ҳам, ақлини ҳам, руҳини ҳам энг яхши ҳолатда яратгани ҳаммага маълум.

Мана бу оятда эса Аллоҳ таоло:

أَلَمْ تَرَ إِلَى الَّذِينَ خَرَجُواْ مِن دِيَارِهِمْ وَهُمْ أُلُوفٌ حَذَرَ الْمَوْتِ فَقَالَ لَهُمُ اللّهُ مُوتُواْ ثُمَّ أَحْيَاهُمْ إِنَّ اللّهَ لَذُو فَضْلٍ عَلَى النَّاسِ وَلَكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لاَ يَشْكُرُونَ

«... Аллоҳ одамларга фазлу марҳаматлидир. Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмаслар» (Бақара сураси, 243-оят), деб марҳамат қилган.

Ҳаёт бериб, тирилтириш ҳам Аллоҳнинг бандаларига берган фазлидир. Жонни олиб, ўлдириш ҳам Аллоҳнинг фазлидир. Икковида ҳам одамларга фойда бор. Лекин кўп одам буни тушунмайди ва шукр қилмайди.

Бошқа бир оятда:

وَآتَاكُم مِّن كُلِّ مَا سَأَلْتُمُوهُ وَإِن تَعُدُّواْ نِعْمَتَ اللّهِ لاَ تُحْصُوهَا إِنَّ الإِنسَانَ لَظَلُومٌ كَفَّارٌ

«Ва У сизга барча сўраган нарсаларингиздан берди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассизлар. Албатта, инсон ўта золим ва ўта ношукрдир» (Иброҳим сураси, 34-оят).

 

Аллоҳ таоло бандаларига улар сўраган мол-дунё, фарзанд, сиҳат-саломатлик, роҳат-фароғат каби кўплаб неъматлардан беради.

Хулоса шуки, Аллоҳ таолонинг инсонларга ато этган неъматларини замон ҳам, макон ҳам, саноқ ҳам қамраб ола билмайди. Хўш, маълум замонда, маълум маконда яшайдиган, маълум илмга эга одамлар қандай қилиб уларни санай олади? Шундай бўлгач, барча инсонлар бу беҳисоб неъматлар учун ҳар доим ҳисобсиз шукрлар айтишлари лозим.

Шунча ожиз жисмга мукаммал аъзолар жойлаштириб қўйган Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Фойдаланилган манбалар:

«Тафсири Ҳилол» китоби

«Неъмат эгасини унутма» китоби

 

Хуршид Маъруф тайёрлади

Шайх Рамазон Бутий ҳазратлари 

Сўнгги йилларда жаҳонда кузатилаётган иқлим ўзгариши билан боғлиқ глобал муаммолар, афсуски, юртимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Рўй бераётган чанг-тўзонлар, шунингдек, ёғингарчиликнинг камайиб ёки кўпайиб кетаётгани сўзимиз тасдиғидир. Бу ҳолат ҳар бир ақли расо кишини бефарқ қолдирмаслиги турган гап. 

Аллоҳ таоло инсонни ердан яратар экан, унинг зиммасига яна шу қайтадиган жойи – ерни обод қилиш вазифасини юклади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “У сизларни тупроқдан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди” (“Ҳуд” сураси 61-оят). Бошқа ояти каримада: “Ерни яроқли қилиб қўйгандан кейин унда бузғунчилик қилмангиз!” (“Аъроф” сураси 56-оят), деб келтирилган. Аллоҳ таоло ушбу икки ояти каримада ер ва уни ўраб турган табиатни асраб-авайлашга, ундан оқилона фойдаланишга буюради. Шунинг баробарида унга зарар етказишнинг ҳар қандай туридан қайтаради. 

Ер ва ундаги барча неъматларни келажак авлодга соф ҳолатда етказиш ҳар бир инсон олдидаги муҳим вазифаларидандир. Айниқса, бу имон-эътиқодли кишилар қалбида улкан масъулият ҳиссини оширади.

Динимиз озодалик ва покликка буюради. Ислом дини келган даврларда ҳозиргидек чиқиндилар, турли-туман зарарли тутун ва ҳоказолар чиқарувчи завод-фабрикалар, конлар, кимё заводлари, машина ва ҳоказолар бўлмаган. Одамлар бугунги кунимиздагидек кўп чиқинди ҳосил қилувчи маҳсулотларни ҳам истеъмол қилмаган. Табиат қўйнида, табиий неъматлардан озиқланган. Турли хил сунъий моддалардан тайёрланган хилма-хил ўрам, қадоқ ва бошқа идишлардаги егуликлар емаган. Бу эътибордан уларнинг чиқиндилари ҳам табиат ва муҳитга дўст бўлган безарар чиқиндилардан иборат бўлган. Уларнинг асосийси таом қолдиқлари бўлган, холос. Шундай бўлса ҳам динимиз ўша вақтнинг ўзидаёқ атроф-муҳит тозалиги, шахсий тозалик ва гигиена соҳасида келажак даврларга ҳам манфаатли бўлувчи кўрсатмаларни бериб қўйган.

Шундай экан, уйларимиз атрофи, ариқлар, кўчалар, қабристон ва унинг атрофини ҳашар йўли билан тозалаш, бўш жойларга кўчат экишдек гўзал одат қадимдан халқимиз орасида урф бўлиб келган. Аммо таассуфки, сўнгги пайтларда юртдошларимиз бу қадриятлардан узоқлашаётгандек гўё. Бугун ана шу қадриятларни давом эттиришимиз, динимизнинг поклик борасидаги ҳукмларига риоя қилиш ҳар кунгидан ҳам зарурдир.

Сув – ҳаёт манбаи ҳисобланиб, инсон у билан тирик. Ҳатто танамизнинг аксар қисмини айнан сув ташкил қилиши ҳаммага маълум. Уни исроф ва ифлос қилиш табиатга нисбатан хиёнатдир. Жаноб пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд розияллоҳу анҳуга: “Ҳатто оқиб турган дарёда бўлсанг ҳам, сувни исроф қилма!” дея қилган насиҳатлари бугунги кунда айни долзарб масала бўлиб турибди. Ота-боболаримиз ушбу ҳадисга йиллар давомида амал қилиб келишган. Биз ҳам ушбу ҳикматга, аввало ўзимиз риоя қилишимиз, қолверса, ўсиб келаётган ёш авлодга гўзал тарзда ўргатишимиз керак.

Йўллар ва соя-салқин жойлар барча инсонларнинг ҳаққи бўлиб, уларнинг ҳукми ҳам сув кабидир. Демак, сувни асраган каби соя – дарахтларни ҳам ҳимоя қилиш лозим.

Заминимиз шундай фазилатларга бойки, халқи чин меҳнаткаш, тупроғи тирик жондек  бағрида ҳамма нарса ўниб-ўсиб чиқади. Юртимиз об-ҳавоси ҳам мўътадил, оқар сувлари бор, бу эса деҳқончилик учун жуда ҳам яхши холатдир. Демак Аллоҳ таоло бизга шундай шароитни бериб қўйган экан, биз бу нарслардан унумли фойдаланишимиз керак.

Бундан қарийб икки йил аввал Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга ошириб келинмоқда. Лойиҳа доирасида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди. Эндиликда 25 октябрдан 1 декабргача “кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинди. Бу мавсумда 85 миллион туп кўчат экилиши мўлжалланган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир мусулмон бир дарахт ўтқазса ёки бир экин экса ва унинг меваси ва ҳосилидан инсон ё қуш ёки  ҳайвон тановул қиса унга садақанинг савоби бордир”, дедилар.

Бошқа бир ҳадисда эса пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Сизлардан бирингизнинг қўлида кўчат бўлган ҳолда қиёмат қоим бўлса, қўлидаги кўчатни экишга қодир бўлса, турмасдан кўчатни эксин”, дея марҳармат қилганлар.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда “Ким Аллоҳга ишониб ва савоб умид қилиб қаровсиз ерни обод  қилса, Аллоҳ унинг ишига ёрдам ва барака беради”, дейилган.

Демак, кўчат экиш савобли амаллар сирасига кирар, у киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилгандан сўнг ҳам ҳаққига муттасил равишда савоб бориб туришига сабаб бўлар экан. Шундай экан, бизлар ҳам бу эзгу ишдан четда қолмайлик, ободончилик ва фаровонлик йўлида қўлимиздан келган чораларни кўрайлик!

Убайдуллоҳ Абдуллаев,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби

 

 

 

 

 

 

 

Сторінка 54 з 305

Янгиликлар

Top