muslim.uz

muslim.uz

Вівторок, 14 июнь 2016 00:00

Баҳилликда бахт йўқ

Қашшоқликда кун кечирган, кийишга пойабзали ҳам бўлмаган одам фақирликдан нажот сўраб туну кун дуо қилар, давлатманд бўлишни хоҳларди. “Бойиб кетсам, ҳаммага ёрдам бераман, ҳеч ким оёқ кийимисиз қолмайди”, деб ўзига сўз берарди. Вақтлар ўтиб у жуда бойиб кетди-ю, ўзига берган ваъдаларини унутди. Кундан-кун нафси бойликка ҳакалак отиб борди. Сарф-харажатдан қочиб уйланмади ҳам.

У қирқ ёшга тўлганда хизматкорлари ҳамроҳлигида шаҳар айланишга чиқди. Йўлда кекса, оёқяланг бир кишини учратди. Отидан тушиб унинг олдига келди ва сўради:

– Нега бундай юрибсиз, отахон?

– Пойабзал олишга пулим йўқ, ўғлим, – деб жавоб берди қария. – Аҳволимга раҳми келганлар бурда нон, луқма таом беришади. Менга кунда бир маҳал овқат етади. Биттагина оёқ кийим ҳам бўлсайди, кунимни шукр билан ўтказардим.

– Сиз шукр қиладиган аҳволдамисиз? – ҳайратланди бой.

–  Ўғлим, сен бой одамга ўхшайсан? – ўз навбатида сўради қария ҳам.

– Ҳа, ҳалол ишлаб бойидим. Нима, давлатманд бўлиш айбми?

– Нега айб бўлсин? – деди отахон ва ундан ўзига бир пойабзал олиб беришини илтимос қилди.

– Аллоҳдан сўранг, – тўнғиллади бой отига минаркан. – Мен тиланчиларни ёқтирмайман. Ҳаммага ёрдам бераверганимда, бунчалик бойимасдим.

Унинг ортидан қараб қолган қария хитоб қилди: “Бойлар ҳам ялангоёқ юриши мумкин, буни унутма!”

Орадан ойлар ўтди, қаҳрамонимиз мамлакатдаги энг бой одамга айланди. Аммо ўша отахоннинг гапини ҳеч унутолмади. Оёқяланг юрмаслик учун кўшкининг ҳар тарафини оёқ кийимларига тўлдириб ташлади. Ҳар ер-ҳар ерга пойабзал тўлдирилган сандиқлар қўйдирди. Бу ишдан кўнгли жойига тушди, чунки ҳамма нарсасини йўқотган тақдирда ҳам, умрининг охиригача кийишга етадиган пойабзаллари борлигидан хурсанд эди.

Кутилмаганда у ғалати касалликка чалиниб, оёқ тирноқлари кундан-кунга ўса бошлади, лекин уларни ҳеч нарса билан олиб бўлмасди. Ҳар сафар олдингисидан каттароқ пойабзал ясаттирарди. Тинмай ўсаётган тирноқлари билан уларни кийишга қийнала бошлади ва ялангоёқ юришга мажбур бўлди. Шундай қилса, тирноқлари қисқараётганини сезди. Шаҳар кўчаларини кезар экан, яна ўша отахонга дуч келди. Бойдан: “Менга оёқ кийим олиб берасанми?” деб сўради қария.

– Албатта, истасангиз, юз жуфт олиб бераман.

– Ўғлим, менга бир жуфти етади. Оёқяланг юриш осонмас, буни пойабзали борлар тушунмайди.

– Шаҳарда машҳур косиб бор, – деди бой, – қандай оёқ кийим кераклигини унга айтинг, ҳақини мен тўлайман.

– Мени хурсанд қилдинг, сени Аллоҳ хурсанд қилсин! – чин дилдан дуо қилди отахон.

Ўша кундан сўнг бой ҳаётини фақат яхшилик ва эҳсон билан ўтказа бошлади. Бир муддатдан кейин касали ҳам тузалди ва у яна пойабзал кийиб юрадиган бўлди. 

Наргиза МИРЗАЛИЕВА

тайёрлади.

 

Вівторок, 14 июнь 2016 00:00

Ғанимат кечалар

Юртимизда моҳи Рамазон! Яқиндагина уни интизорлик билан кутаётган эдик. Энди эса бу ойнинг дастлабки ўн куни – раҳмат даҳаси охирламоқда. Алҳамдулиллаҳ, саҳобаи киромлар йил бўйи интизор кутган мағфират ойида турибмиз.

Рамазон руҳан покланиш, ахлоқан юксалиш ойидир. Унда шайтонлар кишанланиб, ёмонликка чорловчи васвасаларига чек қўйилади, инсонларга ўз нафсининг ёмонликларидан қутилиб, гуноҳлардан тикланиш кишиларга ўзларини тарбиялашга имкон берилади. Зеро, бу ойда рўза тутиб, бир қатор ноқулайликларга, машаққатларга қарамай, ўзининг энг муҳим эҳтиёжларини тийган киши сабр ва чидамнинг энг юқори даражаларини ўзлаштиради. Шунинг учун ҳам, ҳадисда: «У (Рамазон) сабр ойидир, сабрнинг савоби эса жаннатдир», дейилган. Ана шу жаннатга эришиш учун эса ушбу ойнинг ҳар бир лаҳзасини ғанимат билиб, улардан имкон қадар кўпроқ савоб олиб қолишдир.

Мўмин кун бўйи рўзадор бўлиб, савоб олади. Кечаси эса ибодат билан ўтказиш, кўпроқ истиғфор айтиб, тавба қилиш, бу ойда гуноҳлардан покланиб олиш учун берилган энг яхши имкониятдир. Бу Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига энг ҳайрли ўлжани – савобларни, мағфиратни, раҳматни  осонлик билан қўлга киритиш онларидир.

Рамазон кечаларига алоҳида файз бағишлайдиган, мўминлар кўнглини илоҳий даргоҳга йўналтириб, ҳотиржамлик индирувчи ибодат бу – таровеҳ намозидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳдан савоб умид этиб, Рамазон намозини (таровеҳни) ўқиса, олдинги гуноҳлари кечирилади”, дея марҳамат қилганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Дастлаб тарқоқ ҳолда ўқилган таровеҳ намози Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) даврларига келиб жамоат ҳолида адо этила бошланди. Таровеҳ” луғатда “ором олдириш, дам бериш” маъноларида келган “тарвеҳа” сўзининг кўплик шаклидир. Истилоҳда Рамазон ойида хуфтоннинг суннати ва витр намози ўртасида ўқиладиган намозга нисбатан ишлатилади. Намознинг ҳар тўрт ракатидан сўнг тўхтаб, дам олингани учун “таровеҳ” деб ном берилган.  Мўминлар ўша даврдан ҳозир шу пайтгача ҳадиси шарифда муждаси берилган савобдан умид қилган ҳолда ана шу ибодатни адо этиб келмоқдалар.

Рамазон ойининг фазилатларидан яна бири бу ойда Каломуллоҳнинг нозил этилганидир. Шу сабаб бу ойда кўпроқ тиловати Қуръон қилиш мўминларнинг қалбини нурлантиради. Қуръони карим Аллоҳ таолонинг муборак каломи ўлароқ қадри баланд, тиловати ибодат бўлган энг улуғ каломдир. Шунга кўра, уни севиш, ўрганиш, тарқатиш, маъноларини ўзлаштириш ўзига хос фазилат бўлиб, Расули (акрам) бу шарафли амалларга Аллоҳ таолонинг алоҳида ажр-мукофотлари ваъда қилинган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Кимки агар Аллоҳнинг китобидан бир дона ҳарф ўқиса, бас, унга бир яхшилик ёзилади. Ва бир яхшилик эвазига ўн баробар унинг мислича мукофот бордир! Мен: “алиф лом мим” бир ҳарфдир, демайман. Балки, “алиф” бир ҳарфдир, “лом” бир ҳарфдир, “мим” бир ҳарфдир!” (Имом Термизий ривояти)

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) яхшилик қилишда одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахий бўлганлари эса, Рамазонда Жаброил мулоқотларига келганда бўлар эди. Жаброил (алайҳиссалом) Рамазон тамом бўлгунча ҳар кеча У зотнинг ҳузурларига келар эди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унга Қуръонни арз қилар (ўқиб берар) эдилар».

Ислом олимлари Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Жаброил (алайҳиссалом)га Қуръони арз қилиб берганлари каби ҳар бир мўмин ушбу муборак ойда Каломуллоҳни бир бир хатм қилиши лозимлигини таъкидлаганлар.

Рамазон ойида ҳар кечани ибодат ва тиловат билан ўтказайлик. Токи, ғанимат бу лайзалар номаи амолимизга савоблар қилинган ой дея битилсин!

Нигора МИРЗАЕВА

Вівторок, 14 июнь 2016 00:00

Шайх ҳазратлари ташрифи

Муборак Рамазон ойи юртимиз бўйлаб кўтаринки руҳда, ўзгача тароват ила давом этмоқда. Юртдошларимиз гўзал ва шинам масжидларда эмин-эркин ибодатларни адо этмоқдалар.

Шундай дамларда самарқандликлар яна бир хурсандчиликка мушарраф бўлишди. 10 июн Рамазон ойининг 5 куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари ташриф буюрдилар.

Авваломбор, Имом Бухорий мажмуасига келиб, бу даргоҳда амалга оширилган бунёдкорлик ва ободончилик ишлари билан яқиндан танишдилар. Сафар жума кунига тўғри келгани боис,  Шайх ҳазратлари Имом Бухорий жоме масжидида жума намозини ўқиб бердилар.

Таровеҳ намозини “Қўшбаққоли” жоме масжидида адо этдилар. Шайх ҳазратлари хатми Қуръондан сўнг намозхонларга тинчлик ва осойишталик неъмати, шукроналик, фарзандларимизни комил инсон этиб тарбиялаш, уларни турли ёт ғоялар таъсиридан сақлаш мавзуларида маъруза қилдилар.

Самарқанд вилоятида олиб борилаётган улкан ўзгаришлар янада равнақ топиши, эл-юрт тинчлиги ва мамлакат ободлиги, ҳаётимиз янада фаровон бўлишини тилаб дуои хайрлар қилдилар.

 

 

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги        

Вівторок, 14 июнь 2016 00:00

Мижозлар ортмоқда

Дубай Ислом банки жорий йилнинг иккинчи чорагида соф даромади 62,8 фоизга ортгани ҳақида хабар берди.

Мазкур уч ойда кўрилган фойда миқдори 1,15 миллиард Амирлик дирҳамини ташкил қилди. Шунингдек, банк вакиллари ҳисоботида биржа бўйича ўтган йилга нисбатан 37 фоиз кўп, яъни 3,84 миллиард доллар фойдага кирганлари келтирилган. Бундан мулоҳаза шуки, исломий банкларнинг янгича ишлаш тизимига қизиқиш тобора ортиб бормоқда.

 

Азизхон ҲАКИМОВ

тайёрлади.

Вівторок, 14 июнь 2016 00:00

Иссиқ 50 0С

Мутахассисларнинг олдиндан берган маълумотларига кўра Рамазон ойи Форс кўрфазида жуда иссиқ келади. Кундуз кунги ҳарорат 50 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.

Рамазон ойи давомида қуёш тонгги 05.02 да чиқиб, кечки соат 19.39 да ботади.

Саудия Арабистонининг айрим ҳудудларида иссиқлик ҳарорати 65 даражагача кўтарилиши мумкин.

Бу йил энг узоқ рўза Дания ва Швецияда тутилади. Улар 21 соат давомида рўзадор бўладилар. Исландия ва Норвегия мусулмонлари 20 соат давомида еб-ичишдан ўзларини тийишга тўғри келади. Аргентина ва Автралия мусулмонлари эса аксинча, атиги 9 соат соим бўладилар.

 

Халқаро алоқалар бўлими

                                                                         М.Зуфарова тайёрлади

Янгиликлар

Top