muslim.uz

muslim.uz

Вівторок, 14 июнь 2016 00:00

Акция бошланди

Бирлашган Араб Амирликларида Рамазони шариф муносабати билан “Мутолаа қилувчи миллат” шиори остида тадбир иш бошлади. Мазкур акция ташаббускори мамлакат бош вазири Муҳаммад ибн Рашид ал-Мактумдир.

Тадбир доирасида қочоқлар ва кам таъминланган оилалардаги болалар учун бепул 5 миллион дона китоб тарқатилади. Бундан ташқари, Амирлик бутун дунё мактаблари бўйлаб 2000 та мактаб кутубхонаси ташкил қилиш ва уларни китоблар билан таъминлашни мўлжаллаган.

 

Янги дастур

 

Уяли алоқа воситалари учун чиқарилган дастур сайёҳларга ҳалол егулик манзилини топишда ёрдам беради.  “Have Halal Will Travel” номли дастур сингапурлик  дастурчилар жамоаси томонидан ишлаб чиқилди.

Дастурни бепул Android русумидаги телефонларга ҳамда Apple қурилмасига юклаб олиш мумкин.

Халқаро алоқалар бўлими

                                                                                   

Вівторок, 14 июнь 2016 00:00

Макка кўргазмаси

Муборак Рамазон ойи давомида Макка шаҳридаги Масжидул Ҳаром ҳамда Мадина шаҳридаги Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) масжидларига бағишланган кўргазма бўлиб ўтади. Унда Ҳаромайн билан боғлиқ жиҳозлар ва қадимий буюмлар намойиш этилади.

Мазкур кўргазма раҳбари Аҳмад ибн Муҳаммад Даҳил кўргазма залида ташриф буюрувчилар учун барча шароитлар яратилганини таъкидлади.

Шунингдек, кўргазма томошабинлари зам-зам сувидан ичиш ҳамда Масжидул Ҳаром бўйлаб саёҳат қилиш имкониятига ҳам эга бўладилар.

 

         Даврон НУРМУҲАММАД тайёрлади.

 

Вівторок, 14 июнь 2016 00:00

Бир ҳадис шарҳи...

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қиладилар:

عن أبي هريرة -رضي الله عنه- أن رسول الله -صلى الله عليه وسلم- قال: ((من صام رمضان إيمانا واحتسابا غفر له ما تقدم من ذنبه)). متفق عليه

“Ким Рамазон рўзасини имон билан ва ажр умидида тутса, олдинги гуноҳлари кечирилади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадисдан бир неча фойдаларни олишимиз мумкин.

Биринчи фойда: ҳадисда имон ва иҳтисоб билан тутадиган киши учун улуғ ажр бор. Бу эса Аллоҳ таолонинг гуноҳларни мағфират қилишидир. Ҳадисдаги “имон” калимасидан мурод рўзани тутиш шарт эканлигини тасдиқлаш ва унинг фарз амали эканлигига эътиқод қилишдир. “Иҳтисоб” калимаси эса Аллоҳ таолодан савоб талаб қилиш маъносида келган. Имом Хаттобий “иҳтисоб”ни шундай шарҳлайди: “У мусулмон кишининг савоб истаб ҳамда нафсини поклашга рағбат қилиб рўзани тутишлиги, рўзани енгил санамаслигидир”. 

Иккинчи фойда: Рамазон ойида гуноҳларнинг кечирилишлиги. Унинг сабаблари кўп:

биринчи сабаб –юқоридаги ҳадис ҳам шунга далолат қилади. Шунингдек, рағбат қилишимиз лозим бўлган бошқа сабаблар борки, унга шаръий далиллар далолат қилади;

иккинчи сабаб – Рамазон ойидаги кечги ибодатлар;

учинчи сабаби – қадр кечасида ибодат қилишлик;

тўртинчи сабаб – катта гуноҳлардан четланишлик.

فعن أبي هريرة -رضي الله عنه- أن رسول الله -صلى الله عليه وسلم-كان يقول: "الصلوات الخمس، والجمعة إلى الجمعة، ورمضان إلى رمضان؛ مكفرات ما بينهن إذا اجتنب الكبائر". رواه مسلم

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Агар гуноҳи кабиралардан беш вақт намоз оралиғида, жумадан жумагача, рамазондан рамазонгача бўлган оралиқларда четланилса, кичик гуноҳлар учун каффорот бордир”.

Учинчи фойда: мўмин киши Аллоҳ таолога барча гуноҳларга тавба қилишлиги доимий вожиб амалларидан ҳисобланади. Сабаби, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таолога доимо тавба қилиб келганлар.

في حديث أبي هريرة -رضي الله عنه- قال: سمعت رسول الله -صلى الله عليه وسلم- يقول: "والله إني لأستغفر الله واتوب إليه في اليوم أكثر من سبعين مرة". رواه البخاري

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан эшитганман, у киши айтадилар: “Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳга бир кунда етмиш маротабадан кўпроқ истиғфор ва тавба айтаман”» (Имом Бухорий ривояти).

عن المزني -رضي الله عنه- أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: ((يا أيها الناس توبوا إلى الله فإني أتوب في اليوم إليه مئة مرة)) رواه مسلم

Музний (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Эй Одамлар, Аллоҳга тавба қилинглар. Мен бир кунда Аллоҳга юз марта тавба қиламан” (Имом Муслим ривояти).

عبد الله بن عمر رضي الله عنهما: "إن كنا لنعد لرسول الله -صلى الله عليه وسلم- في المجلس الواحد مئة مرة: رب اغفر لي وتب علي، إنك أنت التواب الرحيم". رواه أحمد وأبو داود والترمذي وابن ماجه، وصححه الترمذي وابن حبان

Абдулло ибн Умар айтади: «Биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бир ўтиришда юз марта “Роббим мени кечир, тавбамни қабул эт, сен тавбаларни қабул қилгувчи ва раҳмли зотсан” деб айтганларини санар эдик» (Имом Аҳмад, Абу Довуд, Имом Термизий, Ибн Можалар ривоят қилишган. Термизий ва Ибн Ҳиббонлар тасҳиҳ қилишган).

Рамазон ойи бошқа вақтлардек, ҳатто бошқа вақтлардан кўра тавбани янгилаш учун афзал вақтдир. Рамазон ойида солиҳ амалларни бажариш фазилат. Фазилатли ишларнинг биринчиси тавбадир. Аллоҳ таоло ҳам инсонларни иккига тақсимлади ва айтди:

وَمَنْ لَمْ يَتُبْ فَأُولَئِكَ هُمُ الظَّالِمُون

Ким тавба қилмаса, ана ўшалар золим кишилардир (Ҳужурот, 11).

Ибн Қаййим (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Бандалар иккига тақсимланди: тавба қилувчилар ва золимлар. Учинчи тоифа мавжуд эмас. Золим деган ном тавба қилмаган кишининг бўйнига тушади. Сабаби, Раббини танимаган, ҳақини адо қилмаган, ўз нафсининг айбини ҳамда амалларининг офатларини билмаган кишидан кўра золим киши бўлмайди”.

Имом Нававий айтади: “Киши барча гуноҳлардан тавба қилиши вожиб. Шунингдек, тезлик билан бажаришлиги, кечиктирмаслиги лозим. Бу ҳолат гуноҳнинг каттаси ва кичигига ҳам баравардир”.

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, Рамазон ойи кунларида Аллоҳга юзланишимиз, гуноҳлардан фориғ бўлишимиз биз учун шарт. Бу қайтиб келмайдиган бир фурсат эканлигини англашимиз лозим.

 

Мансур НУРУЛЛАЕВ,

Бухоро вилояти бош имом-хатиби

Вівторок, 14 июнь 2016 00:00

Украинага ташриф

Украина мусулмонлари идорасига Ироқнинг расмий делегацияси ташриф буюрди. Уларга мамлакатдаги Ироқнинг фавқулодда ва мухтор элчиси Шураш Холид ҳамроҳлик қилди.

Меҳмонлар Киев шаҳридаги “Роҳма” жоме масжидини зиёрат қилдилар. Украина муфтийси Аҳмад Тамим билан учрашдилар. Муфтий меҳмонларни Киев шаҳрида бунёд этилган биринчи масжид ва диний идора фаолияти билан таништирди. Делегация Украинада турли соҳада эришилган ютуқларни юқори баҳолади.

 

Азизхон ҲАКИМОВ

тайёрлади.

 

Вівторок, 14 июнь 2016 00:00

Рўза қўрғондир

Рўза араб тилида “совм” дейилади, маъноси “тийилиш, маълум нарсадан ўзини тийиш ва уни тарк қилиш” деганидир.

 Шариат истилоҳида “совм” балоғатга етган, ақлу ҳуши жойида бўлган мусулмон шахс имон-ихлос билан Аллоҳ таолонинг ризолигини топиш ва ўз нафсини тақвога ўргатишни ният қилиб, тонг (субҳи содиқ)дан қуёш ботгунча ейишдан, ичишдан ва жинсий алоқадан тийилиш, демакдир[1].

Аллоҳ таоло йилнинг саноқли кунларида Рамазон ойининг рўзасини тутишни мусулмонларга фарз қилиб: “Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”[2], деб марҳамат қилган.

Дарҳақиқат, рўза нафсни покловчи, Парвардигорни рози қилувчи, Аллоҳ таолога ҳам махфий ҳолда, ҳам очиқчасига тақво қилиш учун нафсни тайёрлайдиган, иродани тарбиялайдиган, сабр қилишни, машаққатларни кўтара олишни, қийинчилик пайтида нафсни ушлаб қолиш ва шаҳватни тия олишни ўргатадиган ибодатдир.

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Рўза (совм) сабрнинг ярмидир”, деганлар.

  Тақвога эришиш мақсадида тутилган рўза рўзадор учун  ва у яшаётган жамиятга кўплаб манфаатларни келтиради. Улар қуйидагилардир:

Рўза нафсда махфий ва ошкора ҳолатда ҳам Аллоҳ таолодан қўрқиш салоҳиятини пайдо қилади. Чунки рўзадорни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким кузатиб тургани йўқ. Агар у ўзида кучли очлик ва чанқоқни ҳис қилса, ёки иштаҳани қитиқлайдиган таом иси димоғига урилса, ёки кўз олдидан жилдираган сув кетмаса, ёхуд рўза тутмаганнинг тановулини кўриб оғзининг суви келган пайтда у фақат имони ва Раббига бўлган  қўрқинчи билангина бу хоҳишлар исканжасидан чиқиб кетади, тақвонинг маъноси юзага чиқади. Шаҳватлар унга зийнатланиб кўринган вақтда рўзани ҳурматини тўкишдан қўрқиб ундан юз ўгиради. Шунда рўзадор Аллоҳдан ҳаё қилган ва энг буюк Кузатиб турувчининг назарини ҳис қилган бўлади. Агар ҳою ҳаваслар нафсга ўз ҳукмини ўтказмоқчи бўлса, рўза ўз эгасини тезда эслатиб, огоҳлантириб қўяди ва  ҳақиқий тавбага ундайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Тақво қилгувчи зотларни қачон шайтон томонидан бирон васваса ушласа, (Аллоҳни) эслайдилар, бас (тўғри йўлни) кўра бошлайдилар”[3].

Рўзанинг энг катта руҳий фойдаларидан бири шуки, рўзадор ажр ва савобни фақат ва фақат Аллоҳ таолодангина истайди ва Унинг розилиги учунгина кун бўйи очлик ва чанқоқликни  зиммасига олиб рўза тутади.

Рўза шаҳватнинг кучини синдиради ва унинг таъсири ҳамда ҳукмронлигини камайтиради. Натижада, мижозни мўътадил, феъл-атворни хотиржам қилиб қўяди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уйланишга қодир бўлмаган йигитларга “Ким уйланишга қодир бўлмаса, у рўза тутиб юрсин. Чунки у рўзадор учун бичилишдир”, дедилар[4]. Яъни шаҳватни заифлаштириб қўйгани учун уни гўё бичилиш ўрнига қўймоқда. Имом Насоий Маоз (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Рўза қўрғондир” (яъни, гуноҳлардан сақлайдиган қўрғон), деганлар.

Рўзадор оч қолган пайтда йўқсилларни эслайди ва қалбида уларга нисбатан хайр-эҳсон қилишга ундовчи раҳм-шафқат каби нозик ҳиссиётлар уйғонади. Тафсирларда келишича Юсуф (алайҳиссалом) Миср подшоси бўлса ҳам доим оч юрар эканлар. Бунинг сабаби сўралганда, “Тўқ бўлсам очларни унутиб қўмайин, деб оч юраман”, деган эканлар. Демак, рўза инсонлар ўртасида ўзаро ёрдам, хайр-саховат, ҳамдардлик каби хислатлар сари олиб боради. Ваҳоланки, айни шу хислат Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Фатҳ сураси 28-оятида “...ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар[5], деб мақтаган сифатлардандир.

Рўзани адо этиш борасида бойлар билан камбағаллар, мансабдорлар билан оддий кишилар орасида тенглик маъноси юзага чиқади. Бу ҳам юқорида зикр қилинган хислатлар сингари рўзанинг ижтимоий манфаатларидан яна биридир.

Ҳар кун саҳарлик ва ифторликни бир хил вақтда қилиш жараёнида рўзадор ўзини турмушида тартибга, иродасини мустаҳкамликка одатлантиради ҳамда рўза одобларига мунтазам риоя қилса, иқтисодий ютуқ ва мўл-кўлликка эришади. Қомати кўркам, сиҳат-саломатлиги мустаҳкам бўлади. Баданда тўпланадиган тузлар ва турли зарарли моддалардан халос бўлиб, аъзолари роҳат қилиб дам олади. Инсон ўз ишига қатъият билан ёндошиб, еб-ичиш ҳақида ўйламасдан ақлий ишларга эътиборини қаратар экан, унинг хотираси ҳам кучаяди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) рўзанинг шунча манфаатларини ҳаммасини  صوموا تصحوا яъни, “Рўза тутинг, соғлом бўласиз”[6] деган бир оғиз сўз билан ифодалаб берганлар[7]. Бу эса одатда, рўзанинг аввалги учинчи ёки тўртинчи кунларида намоён бўлади. Инсон рўзага одатлангач, рўзани бошлаган пайтида бўладиган  заифлик, бўшашиш ва ланжлик ҳолати кундан кунга камайиб, сўнгра йўқолиб кетади.

Юқорида айтилган жисмоний, руҳий, ижтимоий ва саломатликка оид барча фойдаларни қўлга киритиш учун  саҳарлик ва ифторликларда таомни ўз меъёрида танаввул қилиш шарт. Агар инсон бунга амал қилмаса, ҳол аксинча бўлади, куни билан оч юриб ифтор дастурхонида ҳаддан ташқари кўп нарса истеъмол қилса, табиийки, у яхши ҳазм бўлмайди. Натижада, саҳарлик чоғи кераклича тановул қилмайди ва кун бўйи бу ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Бу эса ошқозон фаолиятини бузилишига олиб келиб, иш тескарисига айланади, фойда ўрнига зарар, чарчоқ ва кулфатни орттириб олади. Шунингдек, рўзадан мақсад қилинган натижа рўёбга чиқиши учун рўзадорга ғийбат, чақимчилик ва беҳуда сўзлардан тилини тийиш ҳамда номаҳрамларга шаҳват назари билан қарашдан кўзини тиймоғи шарт қилинган. Бу ҳақда ҳадиси шарифларда бундай дейилган:

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтдилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким ёлғон гапни ва унга амал қилишни тўхтатмас экан, унинг емай, ичмай юрганига Аллоҳ муҳтож эмас”, дедилар».

Қанча рўзадорлар борки, улар рўзасидан фақат очлик ва чанқоқдан бошқа нарса ололмайдилар. Рўзанинг мукаммаллигига путур етказувчи маънавий нарсалардан тийилиш худди рўзани очиб юборадиган моддий нарсалардан тийилиш билан баробар туради. Чунки рўза кун бўйи давом этадиган муттасил ибодат ҳисобланади. Рўзадор тонгдан шомгача ибодатда. У юрса ҳам, турса ҳам, сўзласа ҳам, ҳатто ухласа ҳам ибодатда. Демак, ибодат вақтида унга путур етказадиган хатти-ҳаракатлардан ҳам эҳтиёт бўлиш лозим. Токи, рўза ибодатимиз бекаму кўст адо этилсин. Бу эса Ислом динининг беш устунидан бирининг мустаҳкамлиги демакдир.   

 

Манбалар асосида

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Ёқуб Бухорбоев тайёрлади.

 

[1]  Ваҳба Зуҳайлий. Тафсири мунир. II жуз. 10-нашр. 2009. –С. 494.

[2] Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маънолар таржима ва тафсири.Тошкент, 2009.

[3] Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маънолар таржима ва тафсири.Тошкент, 2009.

[4]  Имом Бухорий ривояти. Саҳиҳ ал-Бухорий,  1905,5065, 5066-ҳадислар.

[5] Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маънолар таржима ва тафсири.Тошкент, 2009.

[6] Жалолиддин Суютий “Ал-Жомеъ-ас-сағийр”.

[7] Абу Наъим “Тиб” китобида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар

Янгиликлар

Top