muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 15 Октябрь 2018 00:00

Мадад Аллоҳдандир

Ҳаммамиз яхши биладиган,  ҳар куни намозларимизда қайта-қайта такрорлайдиган Фотиҳа сурасининг тўртинчи ояти мазмуни бундай:
«Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз». 

Аллоҳ таоло бу ояти каримада мусулмонларни фақат Ўзигагина ибодат қилишга, ширкдан сақланиб, мадад ва ёрдамни Ўзидан сўрашга чақирмоқда. Баъзи инсонлар, афсуски, ёрдам сўрашда айрим хатоларга йўл қўйиб, “Ўтган ота-боболаримиз руҳи қўлласин” ёки “Арвоҳлар мададкор бўлсин” каби ношаръий гаплар билан дуо қилишади.

Бошқалар эса фолбинлардан ёрдам ва мадад сўрашади. “Ишонмаймиз-у, бир бориб қўяверайлик-чи”, деб фолбин ҳузурига қатнайди. Одам ўзи ишонмаган нарсага эргашадими, шубҳали нарсага сарф-харажат қилиб, гуноҳга ботадими? Бидъат, хурофот, афсона ва сафсатага ишониш инсонни битмас-туганмас мусибатларга, улкан ижтимоий талафотларга, ўзаро душманлик ва ишончсизликка етаклайди. Ёмон кўздан асраш учун уйга ёки кийимга тикон, тақа, бўри тирноғини илиб қўйиш каби одатлар, чоршанба, шанба кунлари сафарга чиқмаслик каби ирим-сиримлар ҳали-ҳануз халқимизнинг баъзи қатламини тарк этмаётир.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Ғайб (яширин иш ва нарсалар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас...» (Анъом, 59). Аллоҳ таоло ҳатто пайғамбарларга ғайб ишларини билдирмаган, ўргатмаган. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким фолбиннинг гапини рост деса, у шубҳасиз, Муҳаммад (алайҳиссалом)­га тушган нарсага куфр келтирибди”, деганлар.

Ҳазрат Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу): “Фолбин – сеҳргар, сеҳргар эса кофирдир”, деганлар.

Фолбин келажакни билса, бировнинг ўтириб қолган қизининг “бахтини оча” олса, нега ўз қизининг бахтини очмайди? Бир одамни мансабга кўтариш қўлидан келадиган бўлса, нега ўғли ёки қариндошининг мансабини кўтариб қўймайди?

Бир фолчининг олдига икки киши келибди. Бири фолчига қўлини ушлатиб, “тақдирини эшитиб” турганида, иккинчи шериги фолчининг бор-будини ўғирлаб кетибди. “Ғайбдан хабар берадиган” одам нега бу ишни олдиндан била олмади?

Ислом дини – биз учун ёруғ йўл, бахту саодат. Шукр ва ихлосни кучайтириб, тоат-ибодатни кўпайтириб, Ўзидан сўрасак, мушкулларимизни осон қилиб, омад беради.

Ислом ақидасидек очиқ, аниқ, равшан ва тўғри ақидани билмаслик ҳар бир инсон, ҳар бир жамият учун жуда хавфлидир. Мустаҳкам ва равшан ақидага эга бўлмаган инсон турли бидъат, хурофот, ирим-сирим, афсона, сафсаталарга ишонади. Оқибатда битмас-туганмас мусибатларга дучор бўлади. Мусулмон киши ҳар доим Аллоҳдан ёрдам сўраши, Ўзига ихлос ва таваккал қилиши зарур. «Кимки Аллоҳга таваккал қилса, Аллоҳнинг ўзи унга кифоя қилади» (Талоқ, 3).

Ҳамроқул ХОЛБОЕВ,

Бекобод туманидаги “Улуғбек” жоме масжиди имом-хатиби

“Hidoyat” журналидан

Понедельник, 15 Октябрь 2018 00:00

Ақл ва фикр

Инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турувчи ва унинг асосий хусусиятини белгиловчи “фаҳм-фаросат, ўйлаш, англаш ва тафаккур малакаси”ни англатувчи атама “ақл” дейилади.

Дарҳақиқат, ақл орқали илму маърифат сирлари очилади. Жамиятнинг мураккаб муаммолари ҳал этилади, турли-туман ҳаётий воқеалар, нозик масалалар ўз ечимини топади. Чунки, инсон фақат ақл билан нарсанинг моҳиятини равшан англаши мумкин. У ақл билан фикрлайди, ақл билан ҳаракат қилади.

 Аллоҳ таоло хабар бериб айтади:

“…Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?! Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар”.(Зумар сураси 9-оят)

Аллоҳ таоло мазкур ояти карима орқали инсон ақли илму маърифат ва имон билан ҳамоҳанг эканини таъкидлайди. Зеро, имон ақл воситаси ила юзага келади. Ақл ҳақ билан ботил, ҳидоят билан залолат орасини ажратиб беради. Ёмонлик билан яхшилик ўртасини фарқлайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ақл ҳақ ва ботилни ажратадиган қалбдаги нурдир”, -деганлар.

Омир ибн Абдулқайс: “Ақлинг сени нолойиқ ишлардан қайтара олса, демак сен ақллисан”, — деган.

Аллоҳ таоло инсон зотини ақл туфайли мукаррам этиб, уни барча жонзотлардан афзал қилди. Ақл сабабидан инсонга турли бурч ва вазифаларни юклади.

Аллоҳ таоло Ўз иродаси ва қудрати ила инсонни ақлли қилиб яратди. Шунинг учун ҳам ислом таълимоти ақл ривожи ва тараққиётига катта аҳамият беради. Зеро, ислом дини ақл юритиш, фикрлаш, назар солиш ва ибратлашишга чақирувчи диндир. Ислом ақидасига кўра, илоҳий ваҳий билан ақл ўзаро зиддиятга бормайди, чунки пайғамбарларга берилган ваҳий ва ақл Аллоҳ таолонинг илоҳий туҳфалари ҳисобланади. Қуръони карим оятларини чуқурроқ мушоҳада қилсак, ваҳий ва ақл бир-бирини нақадар қўллаб қувватлашини яққол кўрамиз. Аллоҳ таоло айтади:

 “Албатта, осмонлар ва Ернинг яратилишида, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида, одамлар учун фойдали нарсалар ортилган кемаларнинг денгизда сузишида, Аллоҳ осмондан тушириб, у сабабли (ўлик) ерни тирилтирган сувда, турли жонзотларни унда (ерда) тарқатиб қўйишида, шамолларни (турли томонга) йўналтиришида ва осмон билан Ер орасидаги бўйин сундирилган булутларда ақлни ишлатадиган кишилар учун аломатлар (Аллоҳнинг вужуди ва қудратига далиллар) бордир”. (Бақара сураси 164-оят)

Аллоҳ таоло бошқа бир ояти каримада соғлом ақл эгаларини фикр юритишга ва турли ҳиссиётларни ислоҳ этишга чорлайди.

Қуръони карим оятлари ва Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ҳадислари барча инсонларга илм-маърифат ҳосил қилишда ақлни ишлатиш аҳамиятини, турли ҳаётий муомалаларда ақл билан иш тутишни ўргатади. Ақл – идрок этиш, ажратиш ва ҳукм чиқаришда асосий омилдир. Турли фиқҳий масалалар ечимида ижтиҳод қилиш ва уларни янгилашда ақлнинг ўрни эътироф этилган. Ибодатлар ва ҳаётий ишларда ақлу тафаккурни ўз ўрнида ишлатиш вожиблиги алоҳида таъкидланади.

Шу сабабли яшаётган оиламиз, маҳалла-кўй, қишлоғимиз, шаҳримизда ҳар бир иш қилишимизда, муомаламизда шошқалоқлик қилмай, бўлар-бўлмас гапларга учмай, Аллоҳ берган ақлимизни ишлатишимиз, ҳар нарсани ақл тарозусида ўлчаб, кейин иш қилишимиз ёки гапиришимиз даркор бўлади.

Бишр Ҳофий; “Агар инсонлар Аллоҳ таолонинг буюклиги ҳақида фикрлашса эди, Унга ҳеч қачон осий бўлишмас эди”. деган

Инсон тўғри ва чиройли фикр қилиши орқали барча ёмонлик ва қабиҳликлардан юз ўгириб, чиройли ва мақбул ишларни қилишга киришади. Тафаккур қилиш орқали инсон зоти ўртасида фазилатли муносабатлар ўрин олади. Ғийбат, ҳасад, гуноҳ, масъулиятсизлик, разолат ва жаҳолат чекинади.

Ботир Носиров
Ховос тумани «Ҳуснобод»
жоме масжиди имом-хатиби

 

ЎМИ матбуот хизмати

Понедельник, 15 Октябрь 2018 00:00

Тил билган – эл билади

Бугунги глобаллашув шароитида дунё янгиликларини ўрганиш ва уларни синтез қилиш, оқини қорасидан ажратиб бориш, албатта, муҳим фаолиятдир. Зеро, дунёда бўлаётган жараёнларга эътиборсиз қолиб, кўз юмиб бўлмайди.

Аллоҳ таолонинг иродаси ила дунёда Одам фарзандлари турли миллат ва элат вакилларига ажиратилган. Уларни бир-бирларидан ажиратувчи энг асосий восита бу тилдир. Тиллар бошқаларидан шунчалик даражада фарқланиб кетганки, уларни узоқ ва чуқур ўрганишларсиз тушиниб, англаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам ўз тилидан бошқа тилларни билувчилар жамиятда унчалик кўп учрайвермайди, балки баъзилар бир нечта тилларни билса, бошқалари ундан бошқаларини ўзлаштирган бўлади, ва бошқа тоифа эса фақатгина маҳаллий тилини гина билади холос.

Лекин, уларнинг дунё янгиликларидан бир хил хабардор бўлишга ҳақлари бор ва бу борада улар тенгдирлар. Шундай экан фақат биргина йўл, яъни турли хил тилларда келаётган маълумотларни маҳаллий тилга таржима қилиш ва жамиятнинг барча қатлам вакиллари учун тақдим қилиш зарур бўлади. Бундан маълум бўладики, таржимонларнинг, яъни касб юзасидан эмас, балки таржима қилишга салоҳиятли бўлган шахсларнинг жамият ҳаётидаги ўрни аҳамиятлидир.   

 Аслида таржимадан кўзланган максад - хорижий тил лисоний воситалари ёрдамида яратилган матн ёки нутқни она тили материали асосида қайта яратишдан иборатдир. Бунинг учун таржимон, биринчи навбатда, асл нусхани тўла-тўкис идрок этиши, сўнгра уни ўз тилида беками-кўст қайта ифодалаши даркор. Муаллиф бермоқчи бўлган маълумот ёки яратган воқеъликни тўлалигича идрок этиш учун таржимон кенг мушоҳада қувватига эга булгани ҳолда, асар таркибидаги лисоний воситаларнинг мазмуний ва услубий-эстетик жихатларини туғри англаши, шу билан бирга муаллиф назарда тутган бош ғояни, унинг ният ва мақсадларини. очиқ-ойдин кўзга ташланиб турган воқеа-ҳодисалар тасвиридан ташкари яна матн ортида турган воқеъликни, бир сўз билан айтганда нафақат лисоний, балки ғайрилисоний омилларни ҳам тўла-тўкис тасаввур этиши зарур. Токи натижа шундай бўлсинки, аслият ўз ўқувчи ёки тингловчисига  қандай тушунча ёки завқ бахш этса, унинг таржимаси ҳам асарни аслиятда мутолаа қила олмайдиган ўқувчи ёки эшитувчига ҳудди шундай таасурот инъом этсин.

Таржимада нухсонларни кўрган шахс аслни саёзликда айблайди, ёки умуман ундаги ғояга қарши фикир пайдо қилади. Натижада асл асардан кўзланган мақсад амалга ошмайди, балки тескари таъсир кўрсата бошлайди. Шунинг учун ҳам таржиманинг маълумотлар алмашинуви жараёнларида аҳамияти жуда каттадир.

Мазкур фикрларни хулосаси ўлароқ айтиш мумкинки, барча илмлар қатори таржимонлик илми ёки тил ўрганиш ҳар доимгидан кўра бугунги глобаллашув шароитида энг муҳим вазифалардандир.



Иброҳим АҲМАДЖОНОВ
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

ЎМИ матбуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар ижтимоий тармоқлардаги “Тарих мухрлаган сўзлар” саҳифасидан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

  • Кишига етадиган энг катта мусибатлардан бири – ўз нафсидаги камчилик, нуқсонни билганидан кейин унга парво қилмаслиги, ўша нарса учун маҳзун бўлмаслигидир.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ 

  • Сел келса, балиқ (селда оқиб келган) чумолиларни ейди. Сув қуриса, чумолилар балиқни ейди. Ҳаётда барчанинг фурсати келади. Ҳеч кимни камситманг!

«Тарих мухрлаган сўзлар» 

  • Баъзи пайтларда турган жойингдан кетишинг кўпчиликни сақлаб қолади. 
  • Бир одам Иброҳим ибн Адҳамга болалари кўплигидан шикоят қилди. Шунда у киши: «Улардан ризқи Аллоҳнинг зиммасида бўлмаганини менинг олдимга юбор» дедилар. Ҳалиги одам мулзам бўлиб, жим бўлди.

«Ал Бидоя ван ниҳоя»дан 

  • Аҳмоқлар билан ҳеч қачон тортишманг! Акс ҳолда улар сизни ўз даражаларига тушириб оладилар-да, кейин ўзларининг аҳмоқлик борасидаги тажрибалари билан енгиб қўядилар.

Марк Твен 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

 Нозимжон Иминжонов

 

Понедельник, 15 Октябрь 2018 00:00

Қушларнинг ғайриоддий яратилиши

Қушларнинг яратилиши, уларнинг кўриниши, шакли ўта юксак мутаносиблик, қулайлик ва гўзал шаклда яратилгандир.

Қушларнинг ҳаракати, парвози ҳар қандай замонвий самолёт парвозидан устун туради. Бу эса Буюк Холиқнинг қудратига далолат қилади! 

Соҳа мутахассислари қушлар ҳаёт тарзини ўрганишгандан сўнг ушбу хулосага келишди: “Ушбу жонзотлар ақлларни лол қолдириб, жуда ҳайратлантиради. Уларнинг қанотлари бутунлай ўзгарувчан патлар билан қопланган бўлиб, парвознинг турли вазиятларига қараб мослашувчандир. Бу эса ҳозирги кунгача олимлар (самолёт ишлаб чиқаришда) ўхшатишга уриниб, уддасидан чиқа олмаётган жиҳатлардан биридир. Шунингдек, дум, оёқлар, тумшуқ ва бош... Қушлар танасининг ҳар бир қисми мутлақо ғайриоддий ишловчи техникадир. 

Бундан ҳам кишини ҳайратга соладиган нарса (денгиз қирғоқларида яшайдиган балиқчи) қушлар қандай қилиб денгиз ичидан чиқиб, бирданига баландликка сакрай олади?! Шу билан бирга улар турли манёврлар (эпчил ҳаракатлар, ҳийлалар), мураккаб ҳаракатлар, узоқ муддат қўнмасдан парвоз қилиш ва ҳоказоларни амалга оширади”.

Субҳаналлоҳ!

Сўзимизни мана бу оят билан якунлаймиз: 

 أَلَمْ تَرَ أَنَّ اللَّهَ يُسَبِّحُ لَهُ مَن فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَالطَّيْرُ صَافَّاتٍ كُلٌّ قَدْ عَلِمَ صَلَاتَهُ وَتَسْبِيحَهُ وَاللَّهُ عَلِيمٌ بِمَا يَفْعَلُونَ

“Аллоҳга осмонлар ва ердаги бор жонзот ва саф тортган ҳолидаги қушлар тасбиҳ айтишини ҳам кўрмайсанми?! Ҳар бири ўз дуоси ва тасбиҳини, батаҳқиқ, билмишдир. Аллоҳ нима амал қилишларини ўта билгувчидир” (Нур сураси, 41-оят).

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Янгиликлар

Top