muslim.uz

muslim.uz

Масжидлар – намозларни жамоат билан адо этадиган жой. Бу ер Аллоҳнинг тоати ва зикри билан машғул бўлинадиган маконлар бўлгани учун улар «Аллоҳнинг уйлари» дея васф қилинади.

Қуръони каримда масжидларнинг фазли ва аҳамияти ҳақида кўплаб ояти карималар келган.

Масжидларни обод қилувчилар васфи

 “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топувчи зотлар бўлсалар, ажабмас (Тавба сураси, 18-оят)

Масжидлар фақат Аллоҳники

“Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!” (Жин сураси, 18-оят); 

Масжидга борувчиларни дунё ишлари Аллоҳга ибодатдан чалғитолмайди

 “(У чироқ) бир уйларда (яъни, масжидларда ёқилурки), Аллоҳ уларни баланд кўтариб (бино) қилинишига ва уларда Ўзининг номи зикр қилинишига изн берган (яъни, амр қилган) эди. У (масжидларда) эртаю кеч У Зотни поклайдиган кишилар борки, уларни на тижорат ва на олди-сотди Аллоҳни зикр қилишдан, намозни тўкис адо этишдан ва закотни (ҳақдорларга) ато этишдан машғул қила олмас” (Нур сураси, 36–37-оятлари).

Аллоҳнинг ердаги уйлари

Абу Саид Худрийдан ривоят қилинган қудсий ҳадисда Аллоҳ таоло айтади: «Еримдаги уйларим масжидлардир. Ундаги Менинг зиёратчиларим масжидларни обод қилувчилардир» (Абу Нуайм ривоят қилган).

Аллоҳ таолога маконларнинг яхшиси масжидлар

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таолога маконларнинг яхшиси масжидлар, ёмонроғи бозорлардир», дедилар (Имом Муслим ривоят қилган).

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Масжидлар тақводор зотларнинг жойларидир», деганлар (Имом Муслим ривоят қилган).

Юқоридаги ояти карима ва ҳадиси шарифлардан маълумки, масжидларни фақат иймонли ва амалли кишиларгина обод этадиган, фақат Аллоҳники ва Унинг ердаги уйлари бўлган ва Аллоҳ таолога маконларнинг энг яхшиси бўлган жой экан.

Демак, ҳар бир мусулмон ва муслима бундай улуғ масканни икром-эҳтиром қилиши, унинг қадрига етиши, масжидлар ҳақида фақат яхши гумонда бўлиши, уларда макруҳ саналган амалларни қилмаслиги ва уларнинг тозалиги ва ободлиги борасида қайғуриши лозим экан.

Баҳриддин Хушбоқов

 

الجمعة, 18 أيلول/سبتمبر 2020 00:00

Шарм ва ҳаё

Одоб ва ахлоқ, шарм ва ҳаё инсоннинг кўрки, мусулмонларнинг асосий теран ва гўзал хислатларидан биридир. Мўмин киши барча инсонлар ичида ўзининг гўзал ахлоқи ва ибоси билан чамандагаи энг гўзал гул каби атрофга ўзининг хушбўй ифорини таратиб, гўзал ҳуснини тараннум этади. Кимки ўзи мўмин бўла туриб бундай гўзал фазилатдан бебаҳра экан, қалбидаги имони шаклланмабди демак.

Мўмин эркак ҳам, мўмина аёл ва қиз ҳам ҳеч қачон ҳаёни тарк этмаслиги керак. Кимки ҳаёни тарк қилса, инсониятнинг гўзал фитратлари ичидан улкан насибани йўқотибди демак.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларга:

“Аллоҳдан чинакам ҳаё қилинглар”, дедилар. Улар:

“Ё Расулуллоҳ, биз ҳаё қиламиз, алҳамду лиллоҳ”, дейишди. Шунда у зот:

“Йўқ, у ҳақиқий уялиш эмас. Ҳақиқий шарм бoш вa ундаги бaрчa aъзoни сaқлaш, қoрин ва ундаги бaрчa aъзoни тийиш ҳамда ўлимни ва ундaн кeйинги чиришни эслашдир. Кимки буларга амал қилсa, Aллoҳдaн ҳaқиқий ҳaё қилибди”, дедилар . (Имом Байҳақий ривояти).

Ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розияллоҳу анҳонинг устларига ташлаб юрадиган кийимларига ўралиб, тўшакларида ёнбошлаб ётганларида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу кeлиб киришга рухсат сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу ётган ҳолатларини ҳeч ўзгартирмай у кишини қабул қилдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу кириб мақсадларини айтиб бўлиб чиқиб кeтдилар. Шундан кeйин ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу ҳам кeлиб рухсат сўрадилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу кирганида қандай ўтирган бўлсалар, шундай ўтиравeрдилар. У киши ҳам ҳожатларини битириб чиқиб кeтдилар.

Усмон розияллоҳу анҳу айтадилар: «Умардан кeйин мeн кeлиб рухсат сўраганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнбошларини бузиб ўтирдиларда, Оиша розияллоҳу анҳога қараб: «Кийимларингни йиғиштириб қўй», дедилар. Шунда мeн ҳам кириб ҳожатларимни битириб чиқиб кeтдим. Мeн кeтганимдан кeйин Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Эй Аллоҳнинг расули! Сиз нима учун отам Абу Бакр Сиддиқ билан Умар ибн Хаттобга қилмаган ҳаракат ва муомалани Усмонга қилдингиз?» – дeб сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Усмон уятчан одам, сeнинг кийимингга ўралиб ёнбошлаб ётган ҳолимда унга рухсат бeрсам мақсадларини гапира олмай, уялиб қайтиб чиқиб кeтмасин, дeб қўрқиб шундай қилдим», — деган эканлар».

Улуғ саҳобийлардан Ҳузайфа ибн Ямон (розияллоҳу анҳу) масжидга бораётса, одамлар намоздан чиқиб келишаётган эди. Шунда у киши бир четга чиқиб, одамларга йўл берди. У зотдан нега ундай қилдингиз, деб сўраганларида: “Одамлардан уялмаган кишидан ҳар қандай ёмонликни кутса бўлади”, деб жавоб берди.

Ҳаё – ҳеч ким кўрмайдиган жойда ҳам ўзини ноўрин ҳаракатлардан тийишни тақозо этади. Ҳакимлар: “Ўзидан ўзи уялиш бошқалардан уялишдан кўра кўпроқ бўлмоғи лозим”, деганлар. Уламолардан бири эса: “Кимки очиқ-ойдинда қилиш уят бўлган ишни хилватда қилса, у ўзини нафси олдида қадрсиз қилибди”, дейди.

Инсон кўнглига келганини ҳаёсизларча қилиб кетавериши ҳайвоний сифат саналади. Ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу): “Кимки ҳаё кийимини кийса, бошқаларнинг айбини кўрмайдиган бўлиб қолади”, дейди.

Абубакр домла Сулаймонов,

Марҳамат тумани “Марҳамат”

жоме масжиди имом-хатиби

Масжидлар фазилати ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир неча ҳадиси шарифлари бор.

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат этадилар: “Масжидга (кўнгли) боғланган кишини кўрсангиз, унинг иймонига гувоҳлик беринг», деганлар («Ҳалаби Кабир»).

Ерда холис масжид қурганга жаннатда уй бино бўлади

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким Аллоҳ ризосини истаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда унга бир уй қуриб беради», деганларини эшитганман» (Имом Бухорий, Муслим, Термизий ва Насоийлар ривоят қилишган).

Масжид қурилишига ҳисса қўшганга жаннатда кўшк барпо этилади  

Абу Зарр розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ учун каклик уйидек бўлса-да, масжид қурса, Аллоҳ унинг учун жаннатда бир кўшк барпо қилади», дедилар (Аҳмад ибн Ҳанбал, Баззорлар ривоят қилишган).

Масжидга борганнинг хатоси ўчирилиб, даражаси кўтарилади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким уйида таҳорат қилиб, Аллоҳнинг уйлари (масжидлар)дан бирига Аллоҳнинг фарзларидан бирини адо этиш учун юриб борса, унинг икки қадамидан бири ила хатоси ўчади, бошқаси билан даражаси кўтарилади» (Имом Муслим, Термизий ва Насоий ривоят қилишган).

Масжидга узоқдан келган кўп ажр олади

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Масжиддан қанча узоқ бўлганнинг ажри шунча улуғ бўлур», дедилар (Имом Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган). Яъни масжидга қанча узоқдан келса, шунча савобга эга бўлади, деганидир.

Юқоридаги ҳадиси шарифлардан маълумки, масжидлар – унга доимий қатнайдиган кишининг иймонига гувоҳлик бериладиган, холис масжид қурганга жаннатда уй бино бўладиган, у ерга борганнинг хатоси ўчирилиб, даражаси кўтариладиган, у ерга қанча узоқдан келса, шунча кўп ажр бўладиган жой экан.

Демак, ҳар бир мусулмон ва муслима бундай улуғ масканни икром-эҳтиром қилиши, унинг қадрига етиши, масжидлар ҳақида фақат яхши гумонда бўлиши, уларда макруҳ саналган амалларни қилмаслиги ва уларнинг тозалиги ва ободлиги борасида қайғуриши лозим экан.

Баҳриддин Хушбоқов

 

الخميس, 17 أيلول/سبتمبر 2020 00:00

Бахтнинг ўн бир сири!

Бахт - бу ички туйғу ва у қўл билан ушлаш мумкин бўлган ҳиссий нарсалардан бири эмас. Аллоҳ таолонинг марҳамати ва меҳр-муҳаббатидандир-ки, бахтга етиштирадиган сабабларни амалга ошириш-ла саодатга эришиш имконини берди. Бу инсон руҳиятидаги энг кучли ва энг таъсирчан сабаблардан бири - бу одамнинг ўз бахтини унга бериш ҳеч кимнинг мулки эмаслигини англашидир. Албатта бахт инсонни ичидан отилиб чиқиб ташқи таъсир билан мустаҳкамланади. Қуйида инсонни бахтга этаклайдиган энг муҳим сабаблар баён қилинади:

1. Аллоҳ таолонинг қадари ва қазосини мамнуният-ла қабул қилиш. Тақдирга розилик бахтнинг энг катта сабабларидан биридир, ва розилик бахтли инсонларнинг хос хусусиятидир. Улар ҳар доим ҳаётга ижобий қарашади, ташвишларига эътибор бермайдилар. Чунки, инсон албатта ўзига етган нарса, сабабсиз етмаслигини ва унга етмаган нарса бесабаб бўлмаслигини аниқ ишонч-ла билади.

2. Одамларни табассум билан кутиб олиш. Чунки Ислом динида табассум хайр-эҳсондир, Пайғамбар саллоллоҳу алейҳи ва саллам айтади: Ва биродарингиз юзига табассум қилишингиз хайр-эҳсондир. Чунки табассум қалбларга яхши таъсир қилади, табассум таскин ва хотиржамликни англатади ва табассум эгаси одамлар орасида севилади, чунки одамлар уни кўриб завқланадилар. Амалларни энг яхшиси мўминларнинг қалбига сурур улашишдир.

3. Одамлар орасида саломни ёйиш. Салом – бу ўзига йўлиққан ҳар кишига тинчлик-ҳотиржамлик тилаб дуо қилиш демакдир. Ва бу одамлар орасида севги тарқалишида катта таъсир кўрсатади. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтади: Ва менинг жоним қўлида бўлган зотга қасамки, иймон келтирмагунингизча жаннатга кирмайсиз ва ўзаро бир-бирингизни яхши кўрмагунингизча мўмин бўла олмайсиз! Шунинг учун сизга бир нарса айтайми?, саломни орангизда ёйинг! Чунки салом жамиятда тинчликка очин-ойдин даъватдир ва бу одамлар орасида бахтнинг тарқалишига олиб келади.

4. Камбағалларга ёрдам бериш, муҳтожларга ёрдам бериш ва етим - ногиронларга ҳомийлик қилиш каби ихтиёрий ишларни бажариш. Бахт- ҳадя беришга яширингандир. Ва у ҳожатманд инсон ҳар доим ўзини бор эканини ва бу ҳаётда аҳамиятли эканлигини ҳис қилади. Чунки кўплаб одамларни руҳий касал бўлишлари сабаби ўзларини қиймати йўқ деб ҳис қилганларидадир. Шунингдек ёрдам берувчи назарида кам бўлса ҳам, олувчини камситмасдан тақдим этилади. Чунки у Аллоҳнинг ҳузурида улуғдир.

5. Қариндошлар билан борди-келди алоқаларни боғлаш. Қариндошлар билан борди-келди алоқаларни боғлаш Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек вожиб ишлардандир. Чунки бу одамларнинг қалбига сурур бағишлайди, Қариндошлар билан борди-келди алоқаларни боғлаётган кишини умри узун ва ризқи кенг бўлади.

6. Намозларни масжидда адо этишни муҳофаза қилиш. Чунки намоз намозхонни Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимоясида қилади.

7. Аллоҳни зикр қилишга ҳарис бўлиш. Чунки зикр ташвишларни кетказадиган, юракларни даволайдиган ва кўкрак ва қалбларни енгиллаштирадиган энг муҳим омиллардан биридир.

8. Етимларни таъминлаш, чунки бу яхшилик қилувчини ўша етимларни қалбида яхши номла қолдиради.

9. Илмий мажлисларига ташриф буюриш ва Қуръони каримни ўрганишга интилиш. Илм-фан мажлисларига фаришталар ҳозир бўлади, осойишталик ва раҳм-шафқат ўраб олади, ва уларни чиройли амалларга чорлайди.

10. Ҳушмуомала ва муҳаббат билан яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш.

11. Одамларнинг аҳволига, уларни ғам ва ташвиши ўзиникидан кўра кўп эканини билган ҳолда, назар солиш. Шунда Аллоҳ таолони унга берган кўп неъматларига шукр қилади.

 

Мир Араб ўрта махсус

 ислом билим юрти ўқитувчиси,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

 Қуръоншунослик мутахассислиги 2-курс магистранти

Тожиддинов Абдусамад Абдулбосит ўғли

Самарқанд шаҳридаги кўплаб муқаддас қадамжолар орасида “Хўжа Абду Дарун” мажмуаси алоҳида ўрин тутади. Таҳминан VIII– IX асрларда яшаб ўтган, мутасаввуф олим, адолатли қози, диний ва дунёвий илмлар эгаси бўлган Хўжа Абду Дарун ҳазратларининг ҳоки пойлари ётган ушбу даргоҳ XII асрдан бери сақланиб келади.

Ул зоти муаззамнинг мақбаралари Самарқанднинг қадимий девори – Девори қиёматнинг ичкари (тожикча - дарун) томонида жойлашгани учун Абду Дарун лақабини олганлар.

Хўжа Абду Даруннинг асл исми Муъизуддин бўлиб, хўжа Муҳаммад Яқубнинг фарзанди, у эса хўжа Абди бин Усмоннинг ўғлидир.

Бошқа манбаларда алломанинг Пайғамбаримиз (с.а.в) авлодаларидан эканлиги келтирилган.

 “Қандия”да келтирилишича, “Ҳазрати Шайх Абу Мансур Мотуридий айтган эканларким: “Бизнинг вафотимиздан кейин Ҳазрати Хожа Абду Даруннинг яқинларига дафн этингким, ул киши ярим фарсах ергача атрофидагиларни ўз ҳимояларига олиб шафоат қилурлар ва биз ул кишининг шафоатларидан маҳрум бўлиб қолмайлик”.[1]

Мана шундан икки муҳим хулоса келиб чиқади: биринчидан, Хўжа Абду Дарун чиндан ҳам улуғ инсон эканлиги зеро Шайх Мотуридий каби улуғвор агар у кишининг шафоатларига муҳтож экан; иккинчидан, ул бузургвор кўмилган қабристоннинг қадимийлиги (IX аср), яъни у Шоҳи Зинда қабристонидан ҳам қадимийроқдир. Манбаларда кўрсатилишича, аллома милодий 861 йилда вафот қилган[2].

XIX асрда мақбара ҳовлининг ғарб томонига пешайвонли масжид ва мадраса қурилган. Пештоқ ва девор нақшлари орасида масжидни бунёд этган меъмор ва нақшкорлар номлари ёзилган ҳамда қурилиш тугалланган вақт 1908-1909 йиллар экани кўрсатилган.

Масжид 1981 йилдан буён расмий фаолият кўрсатиб келмоқда. Бугунги кунда «Вақф» хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали тасарруфидаги ушбу мажмуада таъмирлаш-реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Масжид тўлиқ янгидан кенгайтириб қурилмоқда.

“Вақф” фонди томонидан мажмуанинг мақбара қисми таъмирланаётган бўлса, маҳаллий аҳоли, саҳоватпеша инсонларнинг кўмагида етти минг намозхонни сиғдирдира олувчи, миллий меъморчилик  андозалари асосидаги катта масжид қурилмоқда. Қурилиш ишлари 2019 йил март ойида бошланган.

 

Пандемия шароитида ҳам ишлар тўхтаб қолмади, ёзнинг жазирама кунларида ҳам усталаримиз жонбозлик билан меҳнат қилмоқдалар. Ҳар ким ўз ҳимматича масжид ободлиги учун ҳисса қўшиб келмоқда. Савоб илинжида қурилиш материалларини арзонлаштирилган нархларда етказиб беришмоқда”, дейди масжид имом-хатиби Зафар Маҳмудов.

Бугунги кунга келиб, 39х41 ўлчамдаги 3 қаватлик хонақоҳ ҳамда минора деворлари кўтарилмоқда. 100 ўринлик таҳоратхона қурилиб, битказилди. Ҳозирда сўнги пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Хизмат хоналари, ёрдамчи хоналарни қуриш, ташқи фасад, ободонлаштириш ишлари ҳам баробар олиб борилмоқда. Насиб бўлса, тез орада мажмуа таркибида ўзининг юқори имкониятлари билан кенг жоме бўй кўрсатади. Ва ушбу масжид ўзининг сиғими бўйича яқинда Ургут туманида қуриб битказилган масжиддан сўнг вилоятдаги иккинчи катта масжид бўлади.

 

Ибодатгоҳ қурилиши ишларида хизмат кўрсатаётган барча фидоий инсонларга Аллоҳ таолодан мадад ва муваффақиятлар тилаб қоламиз. Ҳиссаларини қўшиш истагида бўлганлар учун:

Ҳ/р 20212000600361444001

ИНН 202610531

Миллий банк код 00278

Click, Payme:

UzCard: 8600 0201 3353 7899     Mahmudov Zafar

VisaCard: 4790 9122 1007 1066   Mahmudov Zafar

 

 

[1] Абул Ҳаким Самарқандий. Қандия–С., 1994 “Суғдиён”. 37-б.

[2] “Қандия”– 37-б.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

 

 

Видеолавҳалар

Top