Маълумот учун: Сизда шаръий масалаларда саволлар бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Telegram’даги @diniysavollar каналига, «savollar.muslim.uz» сайтига ёки фатво бўлимининг 78-150-33-44 рақамли колл-марказига мурожаат қилишингиз мумкин.
muslim.uz
МЕҲР – БЕБАҲО НЕЪМАТ
“Меҳрнинг тафтини туйганмисиз?”
“Бирор марта меҳрдан тўйганмисиз?”
Табиийки, кўпчилигимиз бу саволларни ўқиб ҳайрон бўламиз. Чунки ҳаммамиз ота-онамизнинг, яқинларимизнинг меҳридан тўйиб, жаннатмонанд Ватанимизнинг меҳри тафтини туйиб яшаяпмиз. Яъни бизларга меҳр бегона эмас. Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин.
Лекин... лекин ҳамма ҳам шундай эмас. Меҳрга зор, Ватанга ташна, ширин сўзнинг гадоси, бир бурда нонни кўзига тўтиё айлаганлар бор. Улар бегона эмас. Айнан сизу бизнинг юртдошларимиз. Улар пешонасига ёзилганига рози бўлмасдан, юртимизда яратилаётган кенг имкониятлар, шароитларга қаноат қилмай, мўмай даромад илинжида чет элларга иш излаб кетаётган юртдошларимиздир. Афсуски, улар террорчи тўдаларнинг тузоғига тушиб қолганини кеч англаб етишмоқда.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари ва бевосита топшириқларига биноан “Меҳр 5” операцияси доирасида Суриянинг “ал-Хол” лагерида 3 йилдан ортиқ вақт давомида мажбурий ушлаб турилган 24 нафар аёл ва 69 нафар бола – жами 93 нафар юртдошимиз Ўзбекистонга қайтарилди.
Эсингизда бўлса, аввал ҳам “Меҳр 1”, “Меҳр 2”, “Меҳр 3” ва “Меҳр 4” гуманитар операциялари амалга оиширилиб, 320 дан зиёд ватандошларимиз юртимизга қайтарилган эди.
Ойларнинг энг улуғи – Рамазонда, кунларнинг энг улуғи – жумада бундай хайрли ишларни амалга оширишнинг ажри жуда катта. Чунончи, ҳадиси шарифда: “Одам боласининг ҳар бир эзгу амалига (Рамазон ойида) ортиғи билан мукофот берилади. Бир яхшиликка ўн баробардан то етти юз баробаргача савоб ато этилади” (Имом Бухорий ривояти), дейилган.
Муқаддас Ислом динида жамиятнинг ҳар бир аъзосига, ким бўлишидан қатъи назар, алоҳида эътибор билан қаралади. Махлуқни, яъни инсонни Холиқ туфайли яхши кўрамиз. Чунки барчамизнинг яратувчимиз яккаю ягона Аллоҳ таолодир.
Бугун ҳар қадамда “эътиқод ўғрилари” изғиб юрганини яхши биламиз-ку. Имом-хатибларнинг огоҳлантиришларига қарамасдан, “ҳижрат” аталмиш сохта даъволарга учаётганлар ҳали ҳам учраётгани кишини ташвишга солади. Ваҳоланки, ҳадиси шарифда: “Мўмин киши бир тешикдан икки марта чақилмайди”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).
Ойнаи жаҳон, ижтимоий тармоқлар, интрнет сайтлари орқали “Меҳр 1”, “Меҳр 2”, “Меҳр 3” ва “Меҳр 4” гуманитар операциялари доирасида юртимизга келтирилган фуқароларнинг бошидан не кунларни ўтказганларини кўрдик, эшитдик.
Куни кеча юртимизга келтирилган 93 нафар кишидан 7 нафари боқувчисини йўқотган чин етим болалар экан. Бугун фарзандларини нафақасиз, тарбиясиз, қийин шароитда яшашга мажбур қилган инсофсиз, виждонсиз, оталар, оналар ўзга юртларда ўзгаларнинг алдовига ишониб, пуч орзулар қурбонига айланишди. Уларнинг фарзандлари эса мамлакатимизга олиб келинди.
Ҳар бир инсон ҳурмат-эҳтиромга лойиқ. Меҳр-мурувватга ташна, моддий-маънавий кўмакка муҳтож, ота-онасидан айрилган етимларга икки карра кўпроқ меҳр улашиш динимизнинг асосий кўрсатмаларидан.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар: “Мусулмонларнинг уйи ичида энг яхшиси етимга яхши муносабатда бўлинган уйдир. Мусулмонларнинг уйи ичида энг ёмони етимга ёмон муносабатда бўлинган уйдир” (Имом Ибн Можа ривояти).
Бежиз Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен ва етимни кафиллигига олган киши жаннатда мана шундай бўлади”, дедилар ва кўрсаткич ҳамда ўрта бармоқларига ишора қилиб, бу бармоқлари орасини бир-бирига яқин тутдилар” (Имом Бухорий ривояти), демаганлар.
Шу ҳадиси шарифдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, маъсум болаларга, муштипар аёлларга бошпана бўлган жаннатмонанд Ўзбекистон, ҳеч шубҳасиз, Ер юзидаги энг яхши маъводир.
Бу норасидаларда нима айб?! Улар шу пайтгача ўзбекистонлик бошқа тенгдошлари қатори шу азиз юртдаги мактабгача таълим муассасаларида, умумий ўрта таълим мактабларида таҳсил олишлари мумкин эди-ку! Наҳотки, катталар, яъни ота-оналар шуни англаб етмаган бўлсалар!
Яқин Шарқ мамлакатларидаги қонли тўқнашувлардан, жанггоҳлардан 93 нафар юртдошимизни тинч-осуда юртга қайтаришнинг савоби жуда улуғ, ота-онасидан, яқинларидан айрилган болаларни оталиққа олишнинг ажри жуда юксак. Албатта, бундай юртга Аллоҳ таолонинг раҳмати, файзу баракаси ёғилиши шубҳасиз.
Юртимизда келтирилган 93 нафар киши эндиликда Тошкент вилоятидаги «Бўстон» санаторийсида тинч-осуда, малакали шифкорлар кўригида, меҳрдан тўйишади ва Ватанимизнинг иссиқ тафтини туйишади.
Жасурбек домла РАУПОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби
Ислом тарихидаги турли оқимлар ва уларнинг пайдо бўлиши
Ислом байроғи остида фаолият кўрсатаётган экстремизмнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши тарихнинг муайян даврида устувор бўлган кўплаб омиллар, турли жараёнларнинг ўзаро таъсирлашувининг натижаси деб тушуниш мумкин. Ўрганиш, дин ниқоби остида пайдо бўлган экстремистик ҳаракатларнинг ғоявий илдизлари ислом тарихининг биринчи асрига бориб тақалишини кўрсатади. Республикамиз биринчи Президенти таъкидлаб айтганларки: “Асримиз вабоси бўлмиш бу жирканч иллатнинг фақат шафқатсиз кўринишларини эмас, балки илдизларига етиб бориб, жамият ҳаётидан, дунё халқлари ҳаётидан уни таг-томири билан суғуриб ташлаш – барча давлатларнинг энг долзарб вазифаси бўлиши керак, бу йўлда барчамиз бир тан, бир жон бўлиб ҳаракат қилишимиз, қаттиқ кураш олиб боришимиз шарт”[1].
Тарихий манбаларда мазкур оқимларнинг тарқалиши, фаолияти ва уларнинг ўзига хос йўналишлари батафсил таҳлил қилинган. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда фаолият кўрсатаётган деярли барча экстремистик гуруҳлар ўша оқимларга хос хусусиятларни ўзида жамлаган ҳолда, улар қўллаган услуб ва ғоялардан кенг фойдаланиб келмоқда.
Ислом ниқобидаги экстремизмнинг илк вакиллари сифатида 657 йили халифа Али розияллоҳу анҳу аскаридан ажралиб чиққан, ўзларини ҳақиқий мусулмон, сафларига қўшилмаганларни «диндан қайтган» деб эълон қилиб, уларга қарши муросасиз кураш олиб борган «хорижийлар» (арабча – «ажралиб чиққанлар», «исёнчилар») оқими фаолияти фикримизнинг исботи бўла олади[2].
Демак, Исломда дастлаб пайдо бўлган фирқа хорижийлардир. Бошқа динларда бўлгани каби мусулмонлар ичида ҳам фирқалар бўлган. Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом айтганларидек, Ислом динида 73 та фирқага бўлиниш юз беради. Уларнинг биттасигина тўғри йўлда, қолганлари эса, залолатда ҳисобланади. Қуръон оятлари ва ҳадисларда ҳам фирқаларга бўлинмасликка буюрилади. Хорижийлар ўз талқинларидаги «соф» ислом қоидаларига қатъий риоя қилиш тарафдори эди. Илк Исломда инсон эътиқодини белгилашда ниятга эътибор берилган бўлса, хорижийлар амалга қараб баҳо берди. Айнан хорижийлар ўз қарашлари ва фаолиятига қўшилмаганларни кофирга чиқариш, уларга қарши «жиҳод» олиб бориш ҳақидаги ғояларни ишлаб чиқиб, террор услубини қўллаш орқали ҳукмдорларни жисмонан йўқ қилиш амалиётини бошлаб берган эди. Шунингдек, хорижийлар диндор кишининг ислом арконларига содиқлигини қилган ишларига қараб баҳолаш керак, деб ҳисоблаб, ўзларининг талқинидаги Ислом қоидаларига риоя қилмаган ҳар қандай ҳукмдорга бўйсунмаслик, уни ағдариб ташлаш зарурлиги ҳақидаги ғояни илгари сурган эди. Бундай ғоялар ҳокимият учун курашнинг зўравонликка асосланган усуллари келиб чиқишига ва минглаб кишиларнинг ҳалок бўлишига олиб келди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:»Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар. Насоролар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар. Менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлинади», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «Етмиш иккитаси дўзахда, биттаси жаннатда. У – жамоатдир» ибораси зиёда қилинган[3].
Ҳадиснинг давомида эса келажакда Ислом уммати етмиш уч фирқага бўлиниб кетиши ҳақида хабар берилмоқда. Минг афсуслар бўлсинким, бу гаплар юзага чиқди. Исломга эътиқод қилиб юрганлар ичида ҳам турли-туман фирқалар пайдо бўлди. Кези келганда шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, ушбу ҳадисда ва шу маънодаги бошқа ҳадисларда зикр қилинган фирқалардан мурод ақийдавий фирқалардир. Баъзи бир ҳаддидан ошганлар ўйлаганидек, фиқҳий мазҳаблар эмас. Чунки фиқҳий мазҳаблар ўз номи билан мазҳаб, фирқа эмас. Фиқҳда ихтилоф, бир-бирини кофир қилиш йўқ. Фиқҳда сиртдан хилоф бўлиб кўринган нарса аслида бир нарсани адо этишнинг турли кўринишлари, холос. Эътиқоддаги бўлиниш эса фирқачилик деб номланади. Бунда ҳар бир фирқа бошқасини кофирга чиқаради. Уларнинг келишмовчиликлари тавҳид асослари, қазои қадар, Пайғамбарлик шартлари каби масалаларда бўлади. Ақийда китобларида ана ўша фирқаларнинг асосини қуйидаги олти фирқа ташкил этиши айтилган[4]:
- Рофизалар – шиалар ва уларга тобеълар.
- Жаҳмия – Жаҳм ибн Сафвон Самарқандийнинг бузуқ ақийдавий фирқасига эргашганлар. Улар асосан Аллоҳ таолонинг сифатларини манфий қилиш, амалдан қолдириш билан машҳур бўлганлар.
- Ҳарурия – Хаворижлардан бўлиб, Куфа яқинидаги Ҳаруро деган жойда турганлар. Улар гуноҳкор мўмин дўзахда абадий қолади, гуноҳи кабира қилган мўмин эса кофирдир, дейдилар.
- Муржиъалар – «Калимаи тавҳидни тил билан айтиб, дил билан тасдиқласа бўлди, амалнинг кераги йўқ», деганлар.
- Қадария – қазои қадарни инкор қиладиганлар.
- Жабриялар – «Инсон ҳамма ишларини мажбур ҳолда қилади, унинг ихтиёри йўқ», деганлар. Ушбу асосий олти фирқадан бошқа фирқалар ҳам тарқалган. Бу фирқалар ўзаро талашиб-тортишиб, жуда кўп зарарларга, бало-офатларга сабаб бўлганлар. Имом Абу Довуд қилган ривоятдаги зиёдада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг умматимдан бир қавмлар чиқадики, ҳавойи нафс уларга худди қутуриш касали каби, ҳеч бир томирни қўймай киргандек киради», деганлар. Ушбу зиёдада мазкур фирқаларнинг умумий сифатлари келтирилмоқда. Уларнинг барчаси ўз кибр-ҳавоси касалига учрайдилар. Худди қутурган ит тишлаб, қутуриб қолган одам ҳолига тушадилар. Тафриқачилик руҳи уларнинг томир-томирларигача сингиб кетади. Мўмин-мусулмонларни кофир қилишдан бошқа нарса кўзларига кўринмай қолади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буларнинг ҳукми қандай бўлишини ҳадиси шарифнинг охирида айтмоқдалар:
«Етмиш иккитаси дўзахда, биттаси жаннатда, у жамоатдир». Яъни, Ислом умматида пайдо бўлган етмиш учта эътиқодий фирқадан етмиш иккитаси дўзахга, биттаси жаннатга тушади. Ўша жаннатга тушадиган фирқа жамоат фирқасидир. Яъни, мусулмонларнинг асосий оммасини жамлаб, Китоб ва Суннатга амал қилувчи тоифадир. Бу саодатли тоифа «Аҳли сунна ва жамоа» номини олган, яъни эътиқод бобида Суннатга мувофиқ иш кўрувчи ва мусулмонларнинг оммавий жамоасини бирлаштирувчи мазҳабдир. Алҳамдулиллаҳ, бизнинг юртимиз мусулмонлари доимо шу мазҳабда бўлиб келганлар ва бундан буён ҳам шундай бўлиб қолиши учун ҳаракат қилмоқ лозим.
VII асрнинг иккинчи ярмида хорижийлар орасида раҳбарларининг исми билан аталадиган бир неча фирқалар пайдо бўлди. Ана шундай мутаассиб фирқалар орасида энг муросасиз ва шафқатсиз жамоа номини олган Нофиъ ибн Азрақ бошчилигидаги «Азрақийлар» оқими алоҳида ўрин эгаллайди. Азрақийлар гуноҳи кабира (катта гуноҳ) қилган барча мусулмонларни «кофир» деб, уларнинг таълимотига қўшилмаган кишиларга қарши жиҳод эълон қилиш, ҳаттоки, қария, аёл ва болаларнинг қонини тўкишни ҳалол, деб билганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматнинг 73 фирқага бўлинишини айтганлар. Бу айтганлари вафотларидан кейин ўз тасдиғини топди. У фирқалардан қадария, муржиа ва хаворижларни ўз ҳадиси шарифларида номма-ном келтириб, улардан огоҳ бўлишни васият ҳам қилганлар. Хулафои рошидинлар замонидан то Имом Мотуридий замонасигача, асосан қуйидаги фирқа ёки оқимлар пайдо бўлиб, уммати муҳаммадия ўртасига тафриқа ва фитна солишга ҳаракат қилган эдилар. Улар – қадария, муржиа, хавориж, шиа, мўътазила, равофиз (рофизийлар), сабаия, зирория, жаҳмия, ботиния, каромита, ҳуррамия, карромия (мужассима[5]), жорудия, сулаймония (жаририя), бутрия, баҳния, мугирия, жаноҳия, мансурия, хаттобия, ҳулулия, азориқа, нажадот, суфрия, ажорида, хозимия, шаҳбия, маълумия, мажҳулия, маъбадия, рашидия, мукаррамия, ҳамзия, иброҳимия, воқифа, ҳафсия, ҳорисия, язидия, маймуния, мўтазила фирқаларидан – Василия, амрия, ҳузалия, наззомия, мурдория, маъмария, самомия, жоҳизия, хобития, ҳимория, хатотия,шаҳламия, асҳоби Солиҳ қубба, марисия, каъбия, жуббоия, баҳшамия, муржиа фирқаларидан – Абу Шимр, Муҳаммад ибн Шабиб ва Холидий фирқалари, яна муржиага – юнусия, ғассония, савбония, сумания, марисия, нажжориялардан – бурғусия, заъфарония, мустадрика, карромийлардан – ҳақоиқия, тароқия, исҳоқия. Демак, зикр этилганлардан 20 фирқа рофизийлар, 20 фирқа хаворижлар, 20 фирқа кадарий ва муржиалар, 12 фирқа қолган нажжория, бакрия, зирория, жаҳмия, карромия каби оқимларга тақсимлаб чиқилса, умумий сони ҳадиси шарифда айтилган 72 та адашган фирқаларнинг ададига тўғри келади[6].
73-фирқа эса, Аҳли Сунна вал-Жамоа дея аталувчи мазкур ҳадиси шарифда қайд этилган ножия (нажот топувчи) фирқадирким, Абу Ҳанифа (Имом Аъзам), Имом Молик, Имом Шофиий, Имом Аҳмад, Авзоий, Саврий каби буюк мужтаҳид алломалар ва уларнинг издош ва маслакдошлари унга мансубдирлар.
4-курс талабаси Абдусаттаров Муҳаммад Мубин
[1] Каримов И.А. Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак. 1-жилд. – Тошкент: Ўзбекистон, 2002. – Б. 105-106.
[2] Мутаассиб ва адашган оқимларнинг пайдо бўлиш тарихи (1-қисм). http://muslim.uz/
[3] Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
[4] https://savollar.islom.uz/s/54243
[5] Тажсим – Аллоҳни жисм кўринишида тасаввур этиш; кўпинча ташбиҳнинг синоними сифатида ишлатилади. Тажсим издошларини мужассима фирқаси деб аташади.
[6] А. Тулепов Ислом ва ақидапараст оқимлар. Иккинчи нашр – Т.: «Sharq», 2013. – 41Б.
Ойлар султони — Рамазон: Рўзадор киши рўза тутмаганларга овқат сотса бўладими? Рўзадор ҳолимда оғриётган томоғимга спирт суришим мумкинми?
Навбатдаги суҳбат Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси Зикриё Бобораҳимов билан уюштирилди.
Рамазон ойида кундуз куни шаръий узрсиз рўза тутмаган кишиларга овқат пишириб бериш ёки пишириб сотиш умуман мумкин эмас. Бу Рамазон ойига нисбатан ва Аллоҳнинг фарз қилган рўзасига нисбатан ҳурматсизлик бўлади. Рўза Исломнинг катта шиорларидан ҳисобланиб, уни улуғлаш тақводан бўлади. Аллоҳ таоло: «Ана шундай. Ким Аллоҳнинг шиорларини улуғласа, бас, албатта, бу қалбларнинг тақвосидандир» (Ҳаж сураси, 32-оят). Валлоҳу аълам.
Рўзадор ҳолимда шамоллаган бўлсам, бурнимга спрей-дори сепсам ва томоғимга спирт суртсам бўладими?
Спрейнинг газли (ҳаволи)сидан ёки суртма (маз)га ўхшаш, буруннинг устига суртса ҳидидан димоғ очилиб кетадиган воситалардан фойдаланган маъқул. Спрейнинг суюқлик пуркайдигани рўзани очиши мумкин. Рўзадор киши томоғига спирт суртса бўлади, унинг рўзага таъсири йўқ. Аммо спирт ичга ўтиб кетмаслиги шарт. Валлоҳу аълам.
Рўза тутганман, аммо рўза тутганим ёдимдан кўтарилиб, «қорним очиб кетди» деб юбордим. Гуноҳ бўлмайдими, рўзага таъсири йўқми?
Рўза тутган киши «қорним очиб кетди» дейиши билан рўзаси очилмайди ва рўзадорлиги ёддан чиққанлиги сабаб бу билан гуноҳкор бўлмайди. Агар шу гапни рўзадан малолланиб, Аллоҳ таолонинг фарз қилган рўзасидан сиқилиб айтса, гуноҳкор бўлади. Валлоҳу аълам.
Рўзадор одам қон таҳлили топширса бўладими?
Ҳа, рўзадор одам турли мақсадларда қон топшириши мумкин, бу иш билан унинг рўзаси очилмайди. Чунки рўза ичга кирувчи нарсалар сабабли бузилади. Лекин рўзадор қон топширса, заифлашиб қоладиган бўлса, макруҳ бўлади. Бу ҳолатда қон топширишни ифтордан кейинга қолдириш мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.
"Табаррук зиёрат" лойиҳаси бўйича кейинги қадам ташланди
28 апрель куни Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш, ТТДК) котибияти билан видеоанжуман шаклида маслаҳатлашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
ТТДК Котибиятининг хабар беришича, учрашувда Туризм ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов, Туркий Кенгаш Бош котибининг ўринбосари Мирвоҳид Азимов ва бошқалар иштирок этди.
Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 31 март куни бўлиб ўтган Туркий Кенгашнинг норасмий онлайн-саммитида билдирган туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ташаббусларини амалий амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, аъзо давлатлар ҳудудларида жойлашган муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишни ташкил этишга қаратилган "Табаррук зиёрат" лойиҳасини амалга ошириш бўйича кейинги қадамлар белгилаб олинди.
Томонлар жорий йилда Туркий кенгаш туризм вазирларининг олтинчи учрашувини Ўзбекистонда ўтказиш бўйича ташкилий масалаларни кўриб чиқди.
Учрашув иштирокчилари, шунингдек, ТТДК доирасидаги туризм соҳасидаги ўзаро алоқаларнинг долзарб масалалари, жумладан, «Замонавий ипак йўли» қўшма туризм лойиҳасини илгари суриш, туркий дунё сайёҳлик йўналишларининг рақамли харитасини яратиш ва Туризм таълими бўйича мувофиқлаштириш қўмитасини шакллантириш бўйича фикр алмашди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Нега Ўзбекистонда илк босма нашрлар ХIХ асрда пайдо бўлган?
Матбаа ҳеч қандай муболағасиз инсониятни жуда бойитган ихтиролардан биридир. Китобларнинг кўпайтирилиши билимларнинг тарқалишига олиб келди.
Маълумки, ўқиш нафақат ёруғлик, балки тараққиёт ҳамдир. Китоб чоп этиш учта автоном туғилишни бошдан кечирган деб ҳисобланади. Корейслар (VIII аср), кейин хитойликлар (Х аср) томонидан дастлабки китоблар чоп этилган. Европада 1445 йилда Иоганн Гутенберг Европада чоп этиш тарихини бошлаб берган ҳарфларни ёзиш учун ишлатишни таклиф қилди, деб хабар бермоқда mir24.tv.
Бу ноу-хау нима учун ишлатилган? Худонинг каломини ёйиш учун. Китоб чоп этишнинг илк даврида Муқаддас китоб дунёнинг христиан Европа қисмида энг машҳур ва кенг тарқалган китоб эди.
Шу билан бирга Ўрта Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларида Қуръон – Исломнинг муқаддас китоби ХХ асргача анъанавий тарзда ҳаттотлар томонидан кўпайтирилди.
Нима учун асосан илғор ва илмий Шарқ янги матбаа технологияларини қабул қилишни унчалик истамас эди? Эҳтимол, бу араб шрифтини ёзишнинг ўзига хослиги ва уни матн териш учун ҳарфларга айлантиришнинг қийинлиги билан боғлиқ эди. Лекин бошқа версияси ҳам бор.
"Кўп йиллар давомида ислом китоб илмини тарқатишда Европадан анча олдинда бўлиб келган. Ва умуман, китоб ишлаб чиқаришда", - дейди Халқаро ислом тадқиқотлари маркази раҳбари профессор Ефим Анатольевич Резван. – Агар XII асрда Ғарбий Европадаги энг йирик Клюни монастир кутубхонасида 2-3 минг китоб бўлса, айни пайтда Яқин Шарқдаги хусусий кутубхоналарда 100 минггача китоб бўлиши мумкин эди. Мутлақо таққослаб бўлмайдиган рақамлар. Бу улкан саноат қўлёзма китобларнинг ишлаб чиқариши борлиги билан изоҳланар эди. Ҳаттотларр ва китоб сотувчиларнинг бу синфи жуда кучли ва кўп эди. Ва бу матбаа технологиялари пайдо бўлганда, улар ушбу технологияларнинг қабул қилинмаслиги ва ўз бизнесини бузмаслиги учун ўзларининг етарлича лоббичилик имкониятларига эга эдилар".
Жумладан, китоблар қиммат, аммо жуда машҳур товар бўлган Ўзбекистонда биринчи босма нашрлар фақат XIX асрда пайдо бўлган. Шу билан бирга, ХХ асргача қўлёзмалар ҳали ҳам ишлатилар эди. Бу ерда ҳаттотлик санъати ҳеч қачон унутилиш даврини бошдан кечирмаган кўринади. Улар ҳали ҳам бугун уни ўргатиб келишмоқда. Масалан, Тошкентда жойлашган Кўкалдош мадрасасида (XVI асрда қурилган) маънавий ва дунёвий фанларни ўрганадилар. Ислом Маматов эса бу ерда ҳаттотликдан дарс беради. Унинг фикрича, ҳар бир талаба мавжуд шрифтларни билиши ва ўқий олиши керак.
– Ўрганиш сабр-тоқатни талаб қилади, - дейди ҳаттот Ислом Маматов. – Унда қизиқиш бўлиши керак. Бу мисли бир санъатнинг ўзи.
Ислом Маматов таниқли ҳаттот ҳисобланади. Ва нафақат Ўзбекистонда. Унинг ишлари бутун МДҲ мамлакатлари бўйлаб масжидларни безатади.
Қозон шаҳридаги «Қул шариф» жоме масжидининг фасад ва ички ёзувларини унинг қўллари билан ёзилган.
Шунингдек, у бир неча марта Муқаддас китобнинг энг қадимги қўлёзмаси – Усмон Қуръони рўйхатини тузиш шарафига муяссар бўлган. Бу Қуръон матни еттинчи асрда Халифа Усмон ибн Аффон буйруғи билан ёзилган биринчи китобдир.
Бу Муқаддас битикларни сақлаб қолиш ҳамда уларни бир хиллаштириш учун қилинган. Бундан олдин муқаддас матн оғзаки тарзда айтиб келинган.
Олимларнинг фикрича, жами 6 нусха Қуръон ёзилган бўлиб, улар турли мамлакатларга юборилган. Усмон Қуръони Ўзбекистонда ҳар жиҳатдан энг қадимий ва қиммат китоб ҳозирда Тошкентдаги мадраса Мўйи Муборак сақланмоқда ва намойиш этилмоқда.
"Усмоннинг қадимий Қуръонини кўп марта музейлар учун кўчирганмиз. Малайзия музейининг буюртмаси бўйича биз уни пергаментга ҳам кўчирганмиз, – дейди Ислом Одинаевич – бу энг қадимги куфий ёзувидаги Қуръон. Усмоннинг Қуръонини кўчираётганимизда 4 та қўлёзма ёзувини пайқаб қолдик.
Яъни, Халифалик даврида Қуръоннинг 6 нусхаси кўчирилгани маълум бўлиб, улар кейинчалик турли минтақаларга жўнатилган. Менимча, ёзувлари бир-бирига ўхшаш бўлган ҳаттотлар тўпланган ва уларга кўчириш учун вазифалар берилган". Яъни, араб ёзувларини ёзиш қоидалари ва меъёрларига қарамай, ҳар бир ҳаттотнинг ўзига хос, бирмунча ноёб ёзуви бор. Ва бу фақат ҳарфларнинг ёзилишида эмас, балки уларнинг тартибида ҳам ўз ифодасини топади.
Араб ҳаттотлик шрифтларнинг юздан ортиқ тури маълум. Лекин улардан фақат бир нечаси энг қадимги ҳисобланади. Араб ёзувининг энг қадимги турларидан бири куфий ёзувидир. Анъанага кўра, масжид, мадраса ва минораларнинг фризларини безайди. Аммо девоний шрифти одатда буйруқлар ва бошқа расмий ҳужжатларни ёзиш учун ишлатилган.
"Қуръон ва ҳадислар насх ёзувида ёзилган. Булар ҳар ким ўқий олиши учун классик Қуръон битиклари ҳисобланади, -изоҳлайди ҳаттот. – Бошқа шрифтлар, масалан сульс фақат безак учун ишлатилади".
Ҳаттотлар бамбук, ёғоч ва қамишдан ясалган оддий асбоблар билан ёзадилар. "Қалам" – ғоз пари каби чархланган таёқчанинг номи. Дастлаб араб ёзувининг ўзи қўлёзма безаги бўлган. Вақт ўтиши билан қимматбаҳо тошлар ҳам китобларни безатишда қўлланила бошланган. Муқаддас матнлар олтин безаклар, лирик асарлар эса миниатюралар билан безатилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати