muslim.uz

muslim.uz

الأحد, 21 آذار/مارس 2021 00:00

Лола тухмича ғайратинг йўқму?

Замҳарир қишнинг қаҳратон кунлари чекиниб, юртимизга фасллар келинчаги баҳор ташриф буюрди. Бу фаслни халқимиз интиқиб кутиб, яшариш, яшнатиш айёми сифатида жуда қадрлайди. Ҳатто ёши улуғ инсонлар баҳорга етказсин, деб бежиз дуога қўл очишмайди. Чунки баҳорнинг шифобахш неъматлари танга мадор, руҳга қувватдир.

Юртимизда қадимдан боғ барпо этиш, дарахтлар экиш, гулзорлар ўстириш эзгу анъана сифатида авлоддан-авлодга ўтиб, бу эзгу амаллар айнан баҳор фаслида кўпроқ амалга оширилади. Ҳар йили баҳор бошланиши билан, халқимиз таъбирича, “Ҳамал келди – амал келди” бўлса, қишлоқларда қимирлаган жон борки, далага ошиқади. Эзгу ниятлар билан ерга ниҳол қадайди. Айниқса, ўғил фарзандли бўлган оталарнинг хайрли ниятлар билан тераклар экиши миллат давомийлигини таъминлайди.

Шугина эмас, балки баҳор бебаҳо қадриятларимизнинг наслдан-наслга безавол ўтишини таъминловчи фаслдир. Эътибор берган бўлсангиз, отахонлар ҳашарлар уюштириб, фарзадларига, набира-абираларига дарахтларни қандай буташни, оқлашни, ерга ниҳол қадашни ўргатишади. Бу халқимизга хос катта мактаб.

Ҳашарлардаги дийдорлашувнинг файзи ўзгача: бу жараёнда ёшлар нуронийлардан ҳаёт сабоқларини олишиб, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, хайру саховат каби фазилатларни ўрганишади. Яна бир муҳим жиҳати шуки, ҳашар туфайли халқимиз, ўртасида бирдамлик, ҳамжиҳатлик ёрқинроқ намоён бўлади. Ҳашар қўлни-қўлга бериб, бир ёқадан бош чиқариб ишлашга ундайди.

Шунингдек, ҳашар замирида улкан рамзий маъно мужассам. Сўнгги йилларида чинакам қадрият даражасига кўтарилган ҳашарда атроф-муҳит, маҳалла-кўй, шаҳарларимиз обод бўлиши баробарида кўнгли ўксик инсонларнинг ҳам қалблари шод бўлади: уларга совғалар улашилади.

Муқаддас динимизда ҳам зироат, яъни деҳқончилик қилиш улуғланади. Ердан униб чиқаётган ўсимликлар Аллоҳ таолонинг мўъжизасидир. Қуръони каримда: «Сизлар экаётган зироатларингизни (ўйлаб) кўрдингизми?! Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?!» (Воқеа сураси, 63–64-оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар бир муслим банда кўчат ўтказса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади” (Имом Муслим ривояти), деб марҳамат қилганлар.

Бу ҳадис кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти нечоғли улуғ эканига далолат қилади ва кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савоблардан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, қиёмат кунигача садақаи жория сифатида банда фойдасига хизмат қилади.

Бошқа бир ривоятда “Агар мусулмон банда бирор туп кўчат экадиган бўлса, ундан инсон, ҳайвон ёки қуш еса, бу ўша бандага қиёмат кунигача садақаи жория бўлади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).

Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир киши Дамашқ кўчаларидан ўтаётса, кўчат экаётган одамга кўзи тушибди ва унга: “Нега бу ишни қилаяпсиз, ахир, сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидансиз-ку?” дебди. Шунда у киши: “Шошма, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким бир кўчат экса, ундан одам ёки Аллоҳ яратган махлуқотлардан биронтаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади”, деганларини эшитганман”, дебди» (Имом Аҳмад ривояти).

Аждодларимиз: “Бизлардан олдин ўтганлар кўчат экишди, биз ундан едик. Энди эса, биз экамиз, уни кейинги авлодлар ейди”, дейишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига деҳқончилик, хусусан кўчат экишга тарғиб қила туриб бундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Имом Бухорий ривояти).

Муқаддас динимизнинг ана шу буйруқлари миллатимизнинг ққадриятлари қаторидан жой олиб, истиқлол туфайли янгича маъно-мазмун касб этаётгани айни ҳақиқат.

Заминимиз серунум, ерга чўп тиқсак, ниҳол бўлиб кўкка бўйй чўзишини тажрибада кўп марта кузатганмиз. Лекин афсуски, айримларнинг ҳайҳотдек томорқаси йил бўйи бўш ётиши киши дилини хуфтон қилади. Бундай ҳолатларни кўриб, ҳатто башарияят отаси Одам алайҳиссалом ҳам ердан унумли фойдалангани, деҳқончилик блан шуғуллангани эсимизга тушади. Аллоҳнинг эрка бандаси ҳам серғайрат бўлгани бизга намунадир.

Ён-атрофимизни, ҳашаротларни кузатиб, ибрат олишимиз керак. Бежиз Алишер Навоий ҳазратлари:

Тухум ерга кириб, чечак бўлди,

Қурт жондин кечиб, ипак бўлди.

Лола тухмича ғайратинг йўқму?!

Пилла қуртича ҳимматинг йўқми?! демаганлар.

Демак, кўчат экиш, экин-тикин қилиш, томорқалардан унумли фойдаланиш савобли амаллар сирасига киради. Киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилгандан сўнг ҳам унинг ҳақига муттасил равишда савоб бориб туриши учун ерга ниҳол қадаши керак. Шундай экан, бу эзгу ишдан четда қолмайлик.

 

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

الأحد, 21 آذار/مارس 2021 00:00

Абу Жандал

Абу Жандал ибн Суҳайл ибн Амр ибн Абдушшамс ибн Абдувад ибн Наср ибн Ҳасл ибн Омир ибн Луай ибн Ғолиб ибн Фиҳр Омирий Қурайшийдир. Исми Ос.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг буюк саҳобаларидан бири бўлган. Исломга кирганда отаси уни уйга қамаб, қўлларига кишан солиб қўйди. Ҳудайбия сулҳи кунида кишанларини ечиб қочиб кетди. Ўша пайтда отаси  Росулуллоҳнинг ёнларида сулҳ ёзиш учун ҳозир эди.

Улуғ саҳобий Абу Жандал розияллоҳу анҳунинг ҳижрат қилишлари ҳақидаги қисса улар учун ҳам улар билан бирга хайриҳоҳ бўлганлар учун ҳам жуда оғир қиссадир. Бу ҳижрат Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам жуда оғир машаққат юклади. Чунки Абу Жандал ибн Суҳайл ибн Амр розияллоҳу анҳу Ҳудайбия сулҳи имзоланган пайтда Росулуллоҳнинг ёнларига келди. Отаси Суҳайл ибн Амр Қурайшнинг катталаридан бўлиб, уни қўл оёқларини занжирбанд қилиб қўйган эди. Отаси баджаҳл, қаттиқ-қаттиқ гапирадиган, нутқи фасоҳатли киши эди. Сулҳнинг шартларидан бири, кимки Маккадан мўмин бўлиб ҳижрат қилиб келса, уни ортига қайтариб юбориш эди. Кимки Маккага Росулуллоҳнинг ҳузурларида кетса, улар уни ортига қайтармасликлари эди. Бу иш саҳобаларга жуда оғир келди, айниқса Абу Жандални кишанлардан қийналиб Набий алайҳиссаломдан уни Қурайшдан ҳимоясига олишини сўраб келганини кўрганларида  оғриқлари янада ортди. Шу заҳоти Суҳайл ибн Амр ўзи ва Набий алайҳиссаломнинг ўрталаридаги сулҳни тузди ва айтдики: "Бу орамиздаги биринчи келишувдир". Ва Абу Жандал қайтарилишини талаб қилди. Набий алайҳиссалом бу келишувдан Абу Жандал истисно бўлишини сўрадилар. Лекин Суҳайл бундан бош тортди ва Абу Жандални ўзи билан олиб кетди.

Бу ҳақида Ибн Сириндан келган ривоятда: Набий алайҳиссалом Абу Жандалга: "Эй Абу Жандал сабрли бўл, савоб оласан. Аллоҳ таоло сенга ва сен каби заифларга осончилик беради. Биз қавминг билан аҳдлашдик, аҳдимизга вафо қиламиз, аҳдимизни бузолмаймиз", дедилар. 

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Жандални четга олдилар ва: "Сабр қил Эй Абу Жандал, улар мушриклардир. Албатта, уларнинг қони итнинг қони билан баробардир", дедилар ва Абу Жандалга қилични сопини яқинлаштирдилар.

Кейинчалик Умар розияллоҳу анҳу: "Мен уни қилични олиб, отасини уради деб ўйлаган эдим, лекин отасининг ҳурматини сақлади", деганлар.

Барча сийрат китобларида ривоят қилинадики, Аллоҳ таоло Абу Жандални азиятларини аритди, уни мушриклар қўлидан қутулишга муваффақ қилди ва уни денгиз соҳилида Абу Басир исмли киши билан учраштирди. Иккалалари 70 га яқин одам йиғдилар ва Қурайшнинг карвонларига катта ҳавф туғдира бошладилар. Уларни ёнидан ўтганки карвонни тунаб, ичидагиларни ўлдиришди.  Улар гуруҳларига Маккадан одамларни қабул қилишди. Уларни келганини эшитган кўплаб араб қабилалари уларга қўшилишди, ҳаттоки гуруҳидагилар сони 300 га етди. Ва аҳдига вафо қилишни гап сотаётган Қурайшнинг ўзи Абу Жандалларни Мадинага чақириб олишларини илтимос қилишди. Абу Басир кўксида Набий алайҳиссаломнинг мактублари билан вафот этди. Абу Жандал эса Мадинага қайтди.  Амвос кунида вафот этгунча ўша ерда Аллоҳнинг йўлида жиҳодда бўлди.

 

 

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Ф.Хомидов

Қозоқ, ўзбек, араб, форс, турк ва бошқа туркий тилларда сўзловчи филолог, шарқшунос ва исломшунос олим Акрам Ҳабибуллаев 90-йилларда Яман ва Ливияда араб тили таржимони бўлиб ишлаган, сўнг Буюк Британиядаги Оксфорд исломшунослик марказида тадқиқотчи бўлиб ишлаган, деб хабар беради "Караван" газетаси. Кейин АҚШ университетларида илмий иш олиб борди, 2000 йилда ўша ерга олим оиласи билан кўчиб борди.

– Мен ҳозирги Туркистон вилоятининг Қарноқ қишлоғида туғилганман. Бобом диндор зиёли инсон ва Қуръонни ёддан биладиган ҳофиз эдилар. Унга Совет даврида таълим бериш тақиқланди. Лекин у менга ва бошқаларга муқаддас битиклар, араб ёзуви ҳақидаги билимларни яширинча ўқитди. Совет мактабига борганимда Қуръонни бироз ўқиб, араб ёзувини тушунишим мумкин эди", - дейди Акрам Ҳабибуллаев.

Синфдошлар араб тилида сўзлашган болакайга "мулла" деб таъна қилдилар ва бир муддат Акрам тил ўрганишдан воз кечди.

Аммо мавзуга бўлган муҳаббат ўз самарасини бериб, 1978 йилда суҳбатдошимиз Тошкент Давлат университетининг Шарқшунослик факультетига ўқишга кирди ва 1994 йилда араб шеърияти тарихи бўйича диссертациясини ҳимоя қилди.

– Бошқа соҳаларга ҳам қизиқдим. Менинг лойиҳаларимдан бири XV аср бошларида Сурияни босиб олиш пайтида Амир Темур билан учрашган араб тарихчиси, файласуфи Ибн Халдуннинг таржимаи ҳолини ўрганишдир. Қозоғистон ва Ўзбекистонда чоп этилган бу буюк шахсларнинг суҳбатларини ўзбек ва рус тилларига таржима қилдим", - дейди Акрам Ҳабибуллаев.

Ҳозирда қозоғистон ва ўзбекистонлик ҳамкасблар, Аширбек Мўминов ва Шовосил Зиёдовлар билан биргаликда олим тасаввуф шайхи, коллекционер ва китобсевар Ҳожа Муҳаммад Порсонинг йўқолган кутубхонасини тиклаш билан банд. XII аср охиридан XIX аср ўрталаригача мавжуд бўлган бу талон-тарож қилинган кутубхонада фан, адабиёт, маданият ва ислом динининг барча тармоқларига оид китоблар сақланган. Зарралардан олимлар ўша давр қўлёзмаларини тикламоқдалар, китобларнинг айримлари Тошкент, Бухоро, Олма-ота, Москва, Санкт-Петербург, Франция ва Покистонда топилган.

2007 йилдан бошлаб олим Индиана штатининг Блумингтон кичик шаҳарчасида яшайди ва маҳаллий университетда профессор-библиограф бўлиб ишлайди. Дарвоқе, бу Қўшма Штатлардаги Марказий Осиёни ўрганиш бўйича бутун бир департамент ташкил этилиб, тегишли педагог кадрлар, шунингдек, қозоқ, ўзбек, қирғиз, туркман ва минтақанинг бошқа тилларидаги тарихий, сиёсий ва бошқа мавзулардаги адабиётларни тақдим этган саноқли университетлардан биридир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

الأحد, 21 آذار/مارس 2021 00:00

Наврўзи олам шукуҳи

Гўзал юртимиз истиқлол шарофати ўлароқ халқаро майдонда тенг ҳуқуқли мустақил давлат сифатида муносиб ўринни эгаллаб жаҳонга юз тутди. У ўз овозига, давлат тизими ҳамда Конституциясига, миллий пули, миллий армияси, миллий ва диний байрамларига эга бўлди. Айтиш мумкинки, ер юзида умр кечираётган ҳар бир миллатнинг ўзига хос шундай миллий ва диний қадрият ва анъаналари мавжудки, у миллатнинг тарихини, улуғлигини, буюклигини намоён этиб туради.

 Улуғ халқимизнинг тарихи ва маданиятининг узвий қисми бўлган миллий, тарихий халқ байрами Наврўзи олам ҳам қадимий бўлиши билан бир қаторда, йилнинг баҳорида биз билан бирга янгиланиб, қадр топиб бораётган улуғ ва навқирон айёмидир.

  Наврўз байрамини тарихий, миллий байрам эканлиги ҳақида илмий маълумотларга таяниб айтадиган бўлсак, улуғ муаррих Абдулқосим Фирдавсий ўзининг “Шоҳнома” асарида Наврўз байрами ҳақида алоҳида фикрлар беради. Шу каби Абу Райхон Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида Наврўз байрами ҳақидаги маълумотларни келтиради. Умар Ҳайёмнинг “Наврўзнома” асарида ҳам тарихий маълумотлар баён қилинган. Бундан ташқари Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғатит-турк” асарида Наврўзга бағишланган халқ қўшиқлардан намуналар келтирилган. Машҳур тарихчи Ўрта Осиёлик олим Абу Бакр Наршаҳий ўзининг “Бухоро тарихи” асарида Наврўз кунидаги воқеаларни бир неча минг йиллик тарихга эга эканлигини айтиб ўтган. Дарҳақиқат, Наврўзи олам миллатнинг тарихини, унинг илмий ёндашиш тарзини, фан ва маданиятини, дунёқарашини, фалсафий, ижтимоий ва сиёсий жиҳатларини ўзида мужассам этувчи анъанавий айём десакмуболаға қилмаган бўламиз.

  Мушоҳада қилсангиз, Наврўзи олам мазмуни янги кун, янги фасл, янги йил ёки халқ тилида йилаввали деган маъонларни ифода этади. Аслида Наврўзни қайси ном билан аталмасин, у миллатнинг улуғ куни, янгиланиш, покланиш, яшариш, юксалиш байрами деб қараш мақсадга мувофиқдир. У байрам бўлиши билан бир қаторда йил вақтини белгилаб, кун билан туннинг тенг келганлигини ҳам таъриф этади. Тарихда йил тақвими, яъни фасллар алмашинуви, қутблар орқали билиш кишилар ҳаёт тарзида салмоқли ўрин олган. Таъкидлаш жоизки, аждодларимиз ой, юлдуз, қуёш каби осмон жисмларидаги ўзгаришларни кузатиб, улар тўғрисида муайян билим ва салоҳиятни ўзлаштирганлар. Сабаби, улар кундалик ижтимоий-сиёсий, хўжалик ва ҳаётий юмушларининг режаларини ана шу хисоб-китоб билан белгилаб борганлар.

  Ҳозирда Наврўзи олам билан боғлиқ миллий тадбирларга назар солсангиз амин бўласизки, бу аждодлар руҳониятига бўлган эҳтиром бўлиб, уларнинг қилиб ўтган воқеаларини тарихий анъна сифатида қабул қилишдир. Айнан шунинг учун ҳам Наврўз кунлари  қабристонларнинг зиёрат қилиниши, аждодларни дуоларда эсланиши уларнинг руҳига бўлган ҳурматимизнинг ифодасидир. Наврўз нафақат табиатни ўзгариши, янгиланиши, балки, у инсон қалби ҳамда руҳияти ва онг-шуъур тарзини тараққий этиши ва янгилашидир. Табиийки, атроф-муҳит ва табиатнинг янгиланиши инсон қалбига нур бахш этади. Ана шу нур эвазига инсонга келажакка бўлган умид ва истаги ҳамроҳ бўлади. Айнан шу боис Наврўз айёми тарихда ҳам ҳозирда ҳам тинчлик-осойишталик, тотувлик, дўстлик ҳамда ўз юртига бўлган муҳаббат туйғусини бахшида этади.

  Наврўз айёми тинчлик-осойишталик, тотувлик, дўстлик ҳамда ўз юртига бўлган муҳаббат туйғусини халқимизга бахшида этган бўлсада, афсуслар бўлсинки, шўролар даврида бу байрам буткул қувғин қилинди. Улуғ миллат ҳаёти ва хотирасидан ўчириб ташлаш мақсадида унинг байрам  сифатида нишонлашликни ман этилди.

  Шукрлар бўлсинки, ҳозирда Ўзбекистон юртида,  унинг озод ва обод  заминида Наврўз куни умумхалқ байрамларидан бири сифатида нишонланмоқда. Наврўз куни дам олиш куни деб эълон қилинган. Ҳар йили шу куни байрам сайиллари ташкил қилинади. Байрам куни эрта тонгдан карнай-сурнайлар чалинади. Сайилгоҳларнинг баъзиларида курашчилар, бахшилар, чавандозлар, қўшиқчи-ҳофизлар байрам сайлига ташриф буюрганларга ўз маҳоратларини намойиш этишади. Жойларда Наврўзга бағишлаб тадбирлар ўтказилади, сумалак, ҳалим ва бошқа миллий тансиқ таомлар тайёрланади. Хайриялар ташкил этилиб, эҳтиёжи чекланганлар ҳолидан хабар олинади. “Меҳрибонлик”, “Саховат” ва “Мурувват” уйлари, ёлғиз кексалар, уруш ва меҳнат фахрийлари ҳузурига ташриф буюриб,совға-саломлар билан қутлаб, қалбларига сурур бахш этилади.

  Хулоса қилиб айтиш жоизки, баҳор байрами Наврўзи олам ҳақидаги байрамона томошалар, ҳалқ сайллари, тадбирлар халқимизнинг қадим тарихи ва руҳияти билан узвий боғлиқ эканлигига гувоҳ бўласиз.

  Бир сўз билан айтганда, юртимиз йилдан йилга обод, халқимиз фаровонлиги кун сайин ортиб бормоқда. Миллий ва диний қадриятларимиз  чирой очмоқда. Ўлкамиздаги миллий байрамимиз Наврўзи олам шукуҳи эса бизлар учун тинчлик ва осойишталик рамзи, халқимизнинг бирлиги, Ватанга бўлган садоқати, она заминимизга қут-барака воситаси бўлса ажаб эмас.

Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳри “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-хатиби

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Тожиддинов Абдусамад

Видеолавҳалар

Top