muslim.uz

muslim.uz

Ислом дунёсининг буюк мутафаккири, калом илми пешвоси Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин Насафий каби мамлакатимиздан етишиб чиққан калом илми етакчиларининг ҳаёти ва бой илмий-маънавий меросига, ақидавий манбаларни тадқиқ этиш ва алломалар меросини кенг жамоатчиликка етказиш борасидаги қизиқиш ҳамиша халқаро жамоатчилик, хусусан, дунё олимларининг доимий эътибор марказида бўлиб келган.

Шу муносабат билан, жорий йилнинг 18-феврал куни Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Туркиянинг Салжуқ университетининг Имом Мотуридий дастурлар ва тадқиқотлар маркази ўртасида зоом платформаси орқали онлайн конференция бўлиб ўтди.

الخميس, 18 شباط/فبراير 2021 00:00

Жазоирда масжидлар қайта очилмоқда

Жазоир президенти коронавирус тарқалиш ҳолатлари камайганидан сўнг мамлакат бўйлаб барча масжидлар қайта очилишини эълон қилди. Бу ҳақда iqna.ir манбаси хабар берди.

Frans 24 янгиликлар сайтининг хабар беришича, Жазоир президенти ўз баёнотида ҳукумат коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда мамлакат бўйлаб масжидларни қайта очишга қарор қилганини айтди.

Шунингдек, баёнотда, ҳукумат меҳмонхоналар, давлат ва хусусий марказларнинг барча фаолиятини давом эттириш ниятида эканлиги таъкидланган.

Бироқ, Жазоирнинг айтишича, комендантлик вақти соат 22:00 дан 05:00 гача амал қилган ва мамлакатнинг 48 вилоятидан 19тасида икки ҳафтагача узайтирилган.

Айни пайтда Жазоирда байрамлар, оилавий йиғилишлар, намойишлар ва норозиликлар тақиқланган.

Жазоир ҳукумати мамлакатда коронавирус ҳолатларини камайтиришга қарор қилганини ҳам қўшимча қилган.

Хуршид Маъруф,
тайёрлади

الخميس, 18 شباط/فبراير 2021 00:00

ҲАЁТ ВА УМР ҚАДРИ

Энг гўзал ғазал шарҳи

АЛИШЕР НАВОИЙ
* * *
ҒАЗАЛ
* * *
Истасангким урғасен
давронға тийғи инқитоъ,
Ул видоъ эткунча сен
қилғил бурунроғ алвидоъ.

Жон бериб ширин-у муҳлик
жоҳ учун – илгингда тийғ,
Назъ вақти шарбати
марг истаб айлайсен низоъ.

Асрадинг каттон кафан
қилмоқ учун, не судким,
Ҳашр бозорида беқийматдурур
мундоқ матоъ.

Масканинг охир чу туфроғдур,
не ўткармакдурур
Мадфанинг айвониға
кўк гунбазидин иртифоъ.

Сандалойин эв ясаб,
элдин кўрарсен сарзаниш,
Ким бу янглиғ кўрди
сандалники, еткургай судоъ.

Ер ўпарсен ризқ учун
миннат юкидин хам бўлуб,
Тенгри ёрингким, қилибсен
хуш намозе ихтироъ.

Дур қулоғингда момуқдин
бир чигитдур, эл сўзин
Бу момуқ бирла чигитдин
айламассен истимоъ.

Беша шерин гар забун
қилсанг шижоъатдин эмас,
Нафс итин қилсанг забун,
оламда йўқ сендек шужоъ.

Эй Навоий, Тенгри асрориға
тил маҳрам эмас,
Чок кўнглунг ичра тутким:
«Жовазал-иснайни – шоъ».


НАВОИЙ ВА ИСЛОМ

Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм.
“Истасангким урғасен давронға тийғи инқитоъ” сатри билан бошланувчи ғазал ъайн ҳарфи билан тугаган ғазалларнинг энг гўзалларидандир. Ҳазрат Навоий бу ҳарфдаги ғазаллар туркумининг бошида “Ъайн ҳарфининг ийорларининг аломати «ғаройиб»дин” деб сарлавҳа қўйганлар. Кирил ва лотин ёзувидаги тил қоидаларига кўра, “алвидоъ”, “низоъ”, “матоъ” сўзлари “ъайн”сиз, яъни “алвидо”, “низо”, мато” шаклида ёзилади. Афсуски, мумтоз адабиётдаги шеърларни ўқишда ёзувдаги нуқсонларимиз кўзга ташланиб қолади. Мумтоз шеъриятнинг маъноси, вазни ва оҳангига зарар етмаслиги учун бу сўзларни аслидагидек ифода қилишимиз зарур бўлади.

1. Истасангким урғасен
давронға тийғи инқитоъ,
Ул видоъ эткунча сен
қилғил бурунроғ алвидоъ.

“Агар давронга – яшаб турган замонингга кезиш, узилиш, ажралиш, тугаллаш тиғини урмоқчи бўлсанг, у сенга видоъ айтмай туриб, яъни, ҳали ажалинг келмай туриб, сен унга олдинроқ видоъ айтиб қол”.
Яъни, дунёнинг беҳуда нарсаларидан ўлмасингдан туриб айрилгин. Бу байт “Мутуу қобла ан тамутуу” – “Ўлмасдан олдин ўлинглар” деган ҳадиси шарифнинг шеърий бир шарҳидир.
Ўлмасдан олдин ўлмоқ – ўлимдан кейин инсоннинг бошига келадиган ҳолларни бор ҳақиқати билан англамоқдир. Ҳазрати Шаҳобуддин Суҳравардий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Ўлмоқдан олдин ўлмоқ – қиёматдан олдин тирилмоқдир” деганлар. Яъни, қиёмат кунининг бор даҳшатини, бор ҳақиқатларини ҳали ўлмай туриб идрок этмоқ, тафаккур қилмоқдир.
Содда қилиб айтганда, даврондан узилиш, тирикликка видоъ айтиш, ўлмасдан олдин ўлиш дегани – ҳаётнинг қадрига етмоқ, ҳар нафасни ғанимат билмоқ, дунёни охиратнинг экинзори деб англамоқ, қабрдаги ҳолатларга ва қиёмат кунидаги сўроқ-саволларга яхши тайёргарлик кўрмоқ, дунёнинг ҳавою ҳавасларига берилмасдан, умрни фойдали ишлар билан ўтказмоқ деганидир.
“Мунаббиҳот” китобидан айтилади: “11 - Расул акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Беш нарса келмасдан олдин беш нарсани ғанимат билинг (қадрига етинг): 1) Қарилик келмасдан олдин ёшликни ғанимат билинг; 2) беморлик келмасдан олдин тани сиҳатликни ғанимат билинг; 3) камбағаллик келмасдан олдин бойликни ғанимат билинг; 4) машғуллик (ташвишлар) келмасдан олдин бўш вақт – роҳат ва фароғатни ғанимат билинг; 5) ўлим келмасдан олдин ҳаётни ғанимат билинг. (“Мунаббиҳот, 11-ҳадис).

Мирзо Кенжабек,
“Навоий муҳаббати”
китобидан.

Қиш уйсизлар учун оғир синов. Негаки совуқ об-ҳаво ташқарида кўпроқ хавф туғдиради, COVID-19 эса буни деярли имконсиз қилади. Шунинг учун Канададаги энг кекса масжид уйсизларни қабул қилиш учун ўз эшикларини очди. Ташаббус глобал пандемия авж олаётган бир пайтга тўғри келди, бу вақтда бошпанасиз одамлар ўлимнинг юқори хавфига дуч келишади.

Бу саъй-ҳаракатлар қишда фавқулодда ҳолатларга жавоб бериш дастури доирасида Эдмонтон муниципалитетлари иштирокида амалга оширилмоқда. 6 февралдан 13 февралгача масжид эшикларини очиш режалаштирилган бўлса-да, кейинчалик масжид вақтинчалик бошпанани 17 февраль, чоршанба кунигача чўзди.

"Биз масжидимиз ҳудудида яшовчи барча фуқароларни ёрдам олиш учун барча уйсиз одамларни муассасамизга юборишга чақирамиз", - дейди масжид раҳбарияти.

Islam.ru маълумотларига кўра, 1938 йилда очилган "Ал-Рашид" масжиди Эдмонтон мусулмонлар жамоасида кўплаб ривожланиш бўйича ташаббуслари билан мамлакатдаги етакчи мусулмон хайрия ташкилотларидан бирига айланди. 2020 йилнинг январь ойида ҳам масжид уйсизларга ўз эшикларини очиб берган эди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Фитнанинг турлари кўп: нафсу шаҳват фитнаси, шубҳаю гумон фитнаси, бузуқ эътиқодлар фитнаси, оммавий ёки хос фитналар ва ҳоказо.

Давр тараққиёти ёки тадрижий ихтироларга қараб фитна турлари кўпайиб бораверар экан. Масалан, бундаги ихтиролар ва тараққиётларнинг яхшилиги билан бир қаторда инкор қилиб бўлмайдиган фитналар ҳам талайгина. Жумладан, ёмон ниятда ишлатилаётган телефон ва интернет, инсонлар онгига салбий таъсир қилувчи бошқа ахборот воситалари...

Фитна жуда хатарли. У денгиз каби мавж уриб, кишини йўлдан оздиради. Улуғ саҳоба Ҳузайфа ибн Ямоний айтади: “Биз мўминлар амири Умар розийаллоҳу анҳу билан бирга эдик. У зот биздан бола-чақа, қўни-қўшнилар билан боғлиқ фитналардан ташқари, денгиз мавжлари каби тўлқинланиб, ҳар бир хонадонга кириб борадиган охирзамон фитналари ҳақида Расулуллоҳдан эшитганингиз борми?” деб сўраганларида ҳамма сукут қилди. Шунда мен у кишига Пайғамбаримиздан эшитган мана бу ҳадисни айтиб бердим: Ҳузайфа розийаллоҳу анҳу Фитналар авж олганда қандай йўл тутиш керак? Эсда тутинг Қуръон шифодир айтади: «Биз Умар розийаллоҳу анҳунинг ҳузурида ўтирганимизда, у тўсатдан: “Ким Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фитна ҳақидаги ҳадисларини ёддан билади?” деди. Мен: “Кишининг оиласи, бола-чақаси, моли ва қўшнисидаги фитнасини намоз, садақа, амри маъруф ва наҳий мункар ювиб юборади”, дедим. Умар: “Буни сўрамадим, балки денгиз мавжига ўхшаб келадиган нарсани сўрадим”, деди. Мен унга: “Ундан сизга зарар етмайди, эй мўминларнинг амири. Сиз билан у (фитна)нинг ўртасида ёпиқ эшик бор”, дедим. Умар яна сўради: “Эшик синдириладими ёки очиладими?” Мен: “Йўқ (очилмайди), балки синдирилади”, дедим. Шунда Умар: “Ундай бўлса, у ҳеч қачон қайта ёпилмайди”, деди. Мен: “Тўғри”, дедим”.

Биз Ҳузайфага: “Умар эшик кимлигини биладими?” дедик. У: “Ҳа, худди эртанги кун келишидан олдин тун келишини билганидек аниқ билади. Чунки мен унга ҳадисни хатоларсиз, аниқ айтиб бердим”, деди. Бас, эшик кимлигини билишга қизиқиб, Масруққа: “Уни сўра-чи?” дедик. Масруқ: “(Ўша) Эшик ким?” деб сўраганди, Ҳузайфа: “Умар розийаллоҳу анҳу”, деб жавоб берди».

Хўш, фитналар авж олган пайтда мусулмон киши нималар қилиш керак?

 Биринчидан, ҳар бир уммати Муҳаммадий бу ўринда ўз пайғамбарига қаттиқ эргашиб, у зотнинг саботидан ўрнак олиб, ҳақ устида собит туриши лозим. Зеро, Расули акрам энг оғир синов – ғорда яшириниб турган пайтда ҳам шериклари Абу Бакр розийаллоҳу анҳуга: «Ташвиш чекма! Албатта, Аллоҳ биз билан биргадир!» (Тавба сураси, 40-оят) дедилар.

Иккинчидан, мусулмон киши фитналар кўпайганда уламолар, имомлар, тўғри йўл кўрсатувчи пешволар бошқараётган мусулмонлар жамоасини лозим тутиши керак. Ҳар қандай фитнадан, турли номлар билан урчиб бораётган алламбало фирқалардан жуда узоқ бўлиш лозим. Бежиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло менинг умматимни залолатда жамламайди”, демаганлар (Имом Ҳоким ривояти).

Демак, биз ҳар турли гуруҳбозлик, фитналардан жуда эҳтиёт бўлишимиз зарур. Уламолар тафриқалар, гуруҳбозликлар кўпайса, дарахт илдизини шимиб бўлса ҳам, ўзингни асра, деганлар. Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ динда тортишиб, тафриқага борганларни фосиқлар деб, уларнинг орқаларидан намоз ўқиманглар, деганлар.

Учинчидан, фитналардан сақланмаслик, ғаламис фитначиларга қўшилиш Қуръони каримда очиқдан-очиқ мусулмонларга қилинган амри илоҳийга зиддир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг»(Оли Имрон сураси, 103-оят).

Хуллас, бундай балолардан сақланиш, эҳтиёт бўлиб яшаш, айниқса, киши ўз динида фитналаниб қолиш, ҳар қандай фиқҳий ёки ақидавий асоссиз қарама-қаршиликлар атрофида ўралашиб қолиш масъулияти шунчалар оғир бўлса, бундай фитна-фасодларни келтириб чиқараётганларнинг ҳоллари икки дунёда қандай бўлишини мулоҳаза қилиш азиз ўқувчининг ҳукмига ҳавола. ö

Эргашали РУСТАМОВ,
Чилонзор тумани бош имом-хатиби

Видеолавҳалар

Top