muslim.uz

muslim.uz

19 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги Мўйноқ тумани “Қазақдаря” овул фуқоролар йиғини ҳудудидаги “Қорақум эшон” жоме масжидини давлат рўйхатидан ўтказди.

Шу муносабат билан ушбу масжидда ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон мусулманлари қозиёти қозиси Шамсуддин Баҳоуддинов, Республиканинг Адлия вазирлиги вакиллари ва намозхонлар иштирок этди.

Тадбирда қози Шамсуддин домла Баҳоуддинов иштирокчиларга юртимизда
диний соҳадаги амалга оширилаётган ислоҳотлар, обод бўлаётган масжид ва мадрасалар ҳақида сўзлаб берди, ушбу масжид қурилишига яқиндан ёрдам берган барча инсонларга ташаккур билдирди. Йиғилиш давомида масжид ходимларига жоменинг давлат рўйхатидан ўтгани ҳақидаги гувоҳнома топширилди.

Шундан сўнг масжидда жума намози ўқилди. Қуръони карим хатм қилиниб, “Қорақум эшон” мадрасасининг асосчиси марҳум Қутлихўжа бобо ва бошқа уламолар, ушбу масжидга ҳисса қўшган кишилар ҳақига дуои хайрлар қилинди.

“Қорақум эшон” жоме масжиди Республика марказидан узоқда Мўйноқ туманидаги олис “Қазақ даря” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган.
Маҳаллий ҳокимият томонидан аҳоли мурожаатга биноан масжид қуриш учун “Қозоқдарё” овул фуқаролар йиғини ҳудудидан ер майдони ажратилган эди. Бир йил ичида маҳаллий аҳоли ва саховатпеша тадбиркорлар кўмагида намозхонлар учун барча қулайлиларга эга бўлган жоме қуриб битказилди. Масжидга ўз даврининг маънавият ва маърифат маркази бўлган «Қорақум эшон» мадрасасининг номи берилди.

Маълумот учун, «Қорақум» мадрасаси ХIХ асрнинг ўртаси ва иккинчи ярмида Қорақалпоғистоннинг диний, маърифий ва тасаввуф маркази “Қорақум” масжид-мадрасаси бўлган, унда ХIХ аср охри ва ХХ асрнинг бошида қорақалпоқ халқининг кўплаб фарзандлари таълим олган, шулардан қорақалпоқ халқининг мумтоз шоирлари Бердақ, Кунхожалар таълим олган.

Аллоҳ таоло ушбу масжиднинг мўмин-мусулмон халқимизга қиёматга қадар хизмат қилишини насиб қилсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

Устоз Ҳикматуллоҳ домла

Фатво бўлими

السبت, 20 شباط/فبراير 2021 00:00

Энг бахтли кунингиз қайси кун?

Кимдир: «Уйланган куним», дейди.

Кимдир: «Институтни битирган куним», дейди.

Кимдир: «Фалон шайхни кўрган куним», дейди ва ҳоказо...

Аммо гоҳида бошқача бўлиши ҳам мумкин. Кўчадан ўтиб кетаётиб йўлда ётган тиканни йўлдан олиб ташлаган ва шу иши учун Аллоҳ уни мағфират қилган киши ўша кунни энг бахтли куни эканини хаёлига ҳам келтирмаган эди.

Зинокор аёл чанқаб тиллари осилиб ётган итга сув берганида, бунинг натижаси ўлароқ Аллоҳ уни мағфират қилганида ўша кунни ҳаётидаги энг саодатли кун эканлигини хаёлига ҳам келтирмаган эди.

Улар куни келиб қиссалари оламлар саййиди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидан янграшини, сўнгра мусулмонлар у қиссани келажак авлодларига ибрат ўлароқ нақл қилишларини хаёлларига келтиришмаган эди.

Улар тиканни йўлдан олиб ташлаш ёки итни суғориш қиссасини Аллоҳнинг китобидан сўнг энг ишончли китобда зикр қилинишини билишармиди?!

Бадрда иштирок қилган саҳобалар «Истаган ишингизни қилинг, сизни мағфират қилдим» хитобини эшитган кунлари энг бахтли кунлари эмасмиди?!

Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Уҳудда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўз танаси билан зинапоя вазифасини ўтаганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Талҳа жаннатни вожиб қилди!», деган кун Талҳа розияллоҳу анҳу учун энг саодатли кун эмасмиди?!

Гоҳида бандага биргина ўринда Аллоҳ таоло абадий саодатни ёзиши мумкин. Ўша кунингиз қани? Уни топдингизми ёки у олдиндами?

У гоҳида Аллоҳдан қўрқиб хилватда тўккан бир томчи ёшингиз бўлиши ҳам мумкин.

Гоҳида эса ҳавойи нафсингизга хилоф чиққан кунингиз бўлиши ҳам мумкин.

Ёки бир мусулмоннинг қалбига киритган шодлигингиз ҳам бўлиши мумкин.

У гоҳида бир етимнинг бошини силашингиз ҳам бўлиши мумкин.

У гоҳида онангизнинг қўлидан ўпишингиз ҳам бўлиши мумкин.

У гоҳида мусулмон биродарингизнинг юзига табассумла боқишингиз ҳам бўлиши мумкин.

У гоҳида ҳақ гапни гапиришингиз ҳам бўлиши мумкин.

У гоҳида мазлумга ёрдам беришингиз ҳам бўлиши мумкин.

У баъзан ғазабингизни ютишингиз ҳам бўлиши мумкин.

У гоҳида бировнинг хатосини кечиришингиз ҳам бўлиши мумкин.

У баъзан бировнинг айбини беркитишингиз ҳам бўлиши мумкин.

Биз бахт соати қаердан келишини билмаймиз. Ҳар куни солиҳ амалимиз бўлсин. Махфий бўлса янада яхши бўлади. Балки нажотимизга сабаб бўлиб қолар. Балки бахтли кунимиз ўша кун бўлар!

Абдулқодир Полвонов

Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги сайёҳлик брендининг элчиси Софи Ибботсон пандемия даврида Ўзбекистонда туризмни тиклаш бўйича амалий тавсиялар билан ўртоқлашди. Uzbekistan.travel сайтида Софи Ибботсон видемурожаатининг тўлиқ матни келтирилган.

2020 туризм саноати учун ҳалокатли йил бўлди. Covid-19 пандемияси туфайли нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё инқирозга юз тутди. 2021 йилда туризмда босқичма-босқич тикланишини кўрамиз. Ҳозир биз ички туризм соҳасида ишлаяпмиз ва умид қиламанки, йил охиригача биз бутун дунёдаги биринчи хорижий сайёҳларни кутиб оламиз.

Бунинг учун нима қилиш керак? Аввало, йил давомида бутун туризм соҳасини босқичма-босқич тиклашга тайёргарлик кўришимиз ва соҳани ривожлантириш учун қилаётган ишларимизга амин бўлишимиз керак. Бу муҳлат бу соҳада узоқ муддатли ва барқарор тикланиш учун асос яратади.

Экотуризмга эътибор

Ҳозирги кунда туризм индустриясининг дунё бўйлаб экотуризм йўналишига қизиқиши ортиб бораётганини кўриб турибмиз. Экотуризмни ривожлантириш Ўзбекистон туризм саноати учун анча қўл келади. Биринчидан, яхши экологик шароитлар ва хавфсиз инфратузилма одамларни очиқ ҳавога олиб чиқади, очиқ жойлар, жумладан, тоғлар, ўрмонлар, водийлар ва чўлларни тез-тез зиёрат қилиш имконини беради.

Зиёрат туризми учун имкониятлар

Бугунги кунда Ўзбекистон туризмининг аксарият қисми Буюк Ипак йўли йўналишида жойлашган шаҳарлардан мерос бўлиб қолмоқда.

Ўйлайманки, Ўзбекистон ҳукумати бунга алоҳида эътибор қаратаётгани учун эмас, балки бутун дунёда зиёрат сафарига қизиқиш ортиб бораётгани учун ҳам бу йил зиёрат туризми соҳасида катта ўсишни кўрамиз. Жумладан, мусулмон сайёҳлари минг йиллик ислом маданий мероси билан боғланиб, Ўзбекистонга тез-тез шундай саёҳатлар уюштиришни истайдилар. Мусулмон сайёҳлар мамлакатга сафари давомида намоз ўқишни ва ҳалол таом тайёрланадиган жойларда овқатланишни истайдилар. Бундай имкониятлар Ўзбекистонда мавжуд.

Хавфсиз туризм

Ўзбекистонда тиббий туризмга ҳам қизиқиш катта. Хусусан, қўшни мамлакатлардан келган сайёҳлар Ўзбекистонга юқори сифатли тиббий ёрдам, шунингдек, соғлом дам олиш учун келишни истайди. Шундай экан, соғлом фаол саёҳат, курорт рекреациясини ривожлантириш, Ўзбекистонда сайёҳлар баҳраманд бўла оладиган табиий булоқларни кашф этишга катта эътибор қаратиш лозим.

Мен сиз билан гаплашмоқчи бўлган охирги мавзу маҳаллий туризм инфратузилмасига сармоя киритишдир. Covid-19 хавфсиз бўлиши учун Ўзбекистондаги ҳар бир бизнес истиқболдаги инфратузилмани ўзгартириши керак. Туристлар дам оладиган жойларда, хоҳ меҳмонхона, хоҳ меҳмонхона, хоҳ ресторан, ҳатто аэропортда барча санитария-гигиена шароитлари яратилганлигига ишонч ҳосил қилишлари керак. Ҳамма нарса ўзларини хавфсиз ҳис қиладиган тарзда ташкил этилиши керак.

Бизга маълумки, 2019 йилда Ўзбекистонга 6,7 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюриб, Ўзбекистонни энг яхши сайёҳлик маскани сифатида эътироф этди. Ўзбекистон учун айни порлоқ келажакни орзиқиб кутаман. Биз фақат сабр қилишимиз керак.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Жорий йилнинг январь ойи ўрталарида  бахтсиз ҳодиса сабаб, пойтахтимизнинг Юнусобод тумани «Бободеҳқон» маҳалласида жойлашган учта хонадон аланга ичида қолади. Олов хонадон эгаларининг уйлари билан бирга, бор-будини, кийим-кечак ва ҳатто ҳужжатларини ҳам кулга айлантиради.

Мазкур ҳолатдан хабар топган Вақф фонди мутасаддилари томонидан 29 январь куни “Обод хонадон” акцияси эълон қилиниб, 18 февралга қадар зарур бўлган 90 миллион сўм маблағ йиғилди.

Бугун, Вақф хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё қори Абдураҳмонов, «Бободеҳқон» маҳалласига ташриф буюриб ушбу хонадон эгаларининг ҳар бирига 30 миллион сўмдан жами 90 миллион сўм хайрия маблағлари ва озиқ овқат-маҳсулотларини топширди.

Уйи қайта қурилаётганидан хурсанд бўлган 84 ёшли Абдували бобо: “Вақф фонди ходимлари, хайрия қилган ва ҳисса қўшган барча инсонлардан Аллоҳ рози бўлиб, ўйлаган эзгу ниятларига етказсин, дея дуо қилди.

 “Қисқа фурсатда, маҳалламиз аҳолиси ва саховатпеша ватандошларимиз томонидан, кўплаб моддий ёрдамлар, озиқ овқат маҳсулотлари ҳамда қурилиш моллари эҳсон қилинди. Аксарият кишилар манзилларингизни Вақф фонди ходимларидан олдик деб айтишди. Маҳалламиз номидан фонд ходимлари ва эҳсон соҳибларига ташаккурлар изҳор этамиз”, деди, «Бободеҳқон» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилмурод Бекмуҳаммедов.

Вақф фонди мазкур акцияда иштирок этган барча саҳоватпеша  ватандошларимизга ўз миннатдорлигини билдиради.

 

Вақф хайрия жамоат фонди матбуот хизмати

 

Видеолавҳалар

Top