muslim.uz

muslim.uz

الخميس, 11 شباط/فبراير 2021 00:00

Мажруҳ қизга уйланган олим

Ислом никоҳни ёмон кўрмайди. Оила қуриш Исломда жуда савобли иш. Бошқа маданиятдаги одам ёки Ислом маданиятини билмайдиган инсон буни тушунмайди. Уйланишнинг савоб эканлигига далиллар бор. Сўз сўзга уланиб, мавзудан четлашиб кетишдан, тўғри йўлдан адашиб, манзилни тополмай қоламан деб қўрқаяпман...

Оила қуриш ҳам, тижорат ҳам савоб. Шундай инсонлар борки, савоб учун атайин уйланган. Шу кунларда бўлиб ўтган бир воқеани сизларга айтиб берай. Бир танишим бор, уни яхши биламан. Жуда кибор, ишбилармон, тартибли, покиза, яхши бир подполковник эди. У менга бир воқеани гапириб берганда ҳайрон қолган эдим.

Отаси қўшнисининг эшигини таққиллатиб:

— Зиёратингизга келдим, — дейди.

— Марҳабо, марҳабо устоз! Қани, ичкарига киринг. Бошимизнинг тожисиз. Бизни жуда хурсанд қилдингиз, — деб тўрга ўтқазишибди. Чунки у жиддий, таниқли олим киши бўлган...

— Устоз, қадам ранжида қилганингиз учун Аллоҳ сиздан рози бўлсин. Бирор хизматингиз борми? Бир оғиз айтганингизда ўзимиз борардик, сизни овора қилмаган бўлардик. Қўлингизни, оёғингизни ўпардик. Айтинг, нима хизматингиз ёки истагингиз бор?

— Ҳа, Аллоҳнинг амри, ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам суннатларига мувофиқ сизнинг қизингизга уйланмоқ истагида эдим, розилигингизни олмоққа келдим», — дейдилар.

Кутилмаган воқеадан қўшнисининг бошидан бир челак сув қуйилгандай бўлибди...

— Устоз, мендан агар жонимни сўрасангиз, жонимни ҳам бераман. Аммо қизим сизга лойиқ эмас! Қизимизнинг икки оёғи шол, мажруҳ. Биз — ота-онаси унга зўрға қараймиз. Сиз улуғ олим бўлсангиз, сизга хизмат қиладиган жуфти ҳалол зарур! Қизимиз касал бўлса... — дебди. Ҳалиги олим киши эса:

— Ҳаммасидан хабарим бор, шу қизингизни менга берасиз — деб туриб олибди. Ночор қўшниси рози бўлибди ва қизини унга берибди. Шу қиздан ҳалиги ҳарбий одам туғилган экан. Олим киши: «Бу қиз ногирон бўлгани учун унга ҳеч ким уйланмайди, чиройли бўлганида ҳамма кетидан чопарди. Кел, мен шу фақир, бечорага уйланиб, кўнглини кўтарай, савоб қозонай», — деб уйланган экан...

Уйланиш савоб. Қўша-қўша савоб олиш учун ҳам ўша қизга уйланибди. Мана буни улуғлик, қаҳрамонлик деса бўлади! Бундай инсонга тарихдан алоҳида бир саҳифа ажратиш керак, менимча! Америкада бўлганда эди, бу ҳодисани катта реклама қилган бўлур эдилар.

Ҳа, уйланиш кўнгил истаги, лекин савобдир...

 

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

الخميس, 11 شباط/فبراير 2021 00:00

Британиялик журналистларнинг эътирофи

Таниқли британиялик журналист ва Би-би-си рус хизмати радиобошловчиси Сева Новгородцев мижоз томонидан унутилган бойликларни мусулмон такси ҳайдовчилари қандай қилиб қайтариб беришлари ҳақида бир неча ҳикояларни айтиб берди, хабар бермоқда Новие известия нашри.
Радиобошловчи таксида йўқолган ўз саксофонини қайтариб берган ҳайдовчи билан бўлган воқеани мисол қилиб келтирган.
"Саксофон бу сизга йўқолиши осон калит эмаски, уни йўқотиб қўйсангиз. Аммо бир куни уни унутиб қолдирибман. Бу йил 1980 йилда бўлган эди, лекин қандайдир бир киши менинг чолғу асбобимни топиб, мени қидириб топганини эслайман, у мени топишга эринмади ва қўнғироқ қилди. Мен у ва саксофон билан учрашдим. Эсимда, туйғуларим жўшиб кетганимдан унга пул бермоқчи бўлдим. Бу Лондонда содир бўлди, шунинг учун менинг хаёлимда бир савол пайдо бўлди – бу Ленинград, Сиктивкар ёки Қарағанда шаҳрида содир бўлганда нима бўлар эди? Ёки, билмадим, Нью-Йоркда? Йўқ, Нью-Йоркда нима бўлганини биламан. У ерда такси ҳайдовчиси йўловчини Миллий санъат клубига олиб келиб қўйди. Йўловчи бой бўлиб, у клубда доимий хонадонига эга эди. Ҳисоблагич бўйича пул тўлади, шунингдек чой пули деб 10 доллар ҳам бериб кетди. Ҳайдовчи атрофига қараса - бир ҳамён қолиб кетибди, унда турли машҳур кишилар билан ҳамён эгасининг фотосуратлари, пул ва кўплаб заргарлик буюмлари бор эди. Улардан бири, айниқса, ҳайдовчининг хотинини хурсанд қилди-ва турли тусларда ярақларди. Таксичи хотинининг кўзлари ёришиб кетганини кўриб:,”Бу бошқа бировники, шкафга қўйиб, уни болалардан бекитиб қўйгин”, - деди. Йўловчи бўлмиш жаноб Жеймс йўқолган нарсалар хизмати билан боғланди — у ерда: “Ҳа, Зубаир Яллоҳ исмли шундай ҳайдовчимиз бор, у сизни кутмоқда ва учрашишга тайёр”, деб жавоб беришди. Эртаси куни учрашув тўғри йўловчини тушириб кетган клуб рўпарасида бўлиб ўтди. Ҳайдовчи эгасига ҳамённи қайтарди, у эса унга нақд минг доллар берди. Ҳамёндаги оилавий тақинчоқларнинг нархи юз минг долларга яқин бўлган экан. Ҳайдовчи сўрашади: “Сиз фақат ойига бир ярим минг доллар ишлаб топсангиз, топилмани ўзингизда олиб қолиш истаги бўлмадими?”. “Йўқ”, - қатъий деди Зубаир, - “Бунга менинг эътиқодим йўл қўймайди. Мусулмон тушунчаларимизга кўра, бировнинг нарсасини олиш инсон гўштини ейиш билан баробар. Солиҳ амаллар учун эса доимо мукофот бўлади, агар одамлардан бўлмаса, Аллоҳдан бўлади. Жаноб Жеймс уни кечки овқат учун ўзининг клубига таклиф этди. “Боролмайман”, - деб жавоб қилди мусулмон, - “У ерда дастурхонга ичкилик тортилади”. Қуръон ақидасининг ахлоқий кодексига шубҳа билан қарасангиз, 2005 йилда Лос-Анжелесда афғонистонлик ҳайдовчи таксида деярли ярим миллион долларлик қийматдаги олмос топганини қўшимча қилишим мумкин. Ҳайдовчи эгасини топиб қайтарди. Голландиялик эшкакчи Дидерик Саймон 2006 йилда Афинадаги Олимпия ўйинларида кумуш медални қўлга киритди ва эртаси куни таксида унутиб қолдирди. Уни ҳам қайтариб беришди. Нью-Йорклик таксичи Усмон Чодури ўз машинасида 31 дона миқдордаги олмослар билан унутилган футлярни топиб олди, эринмасдан эгасини топиб, олиб келиб берди ва эвазига 30 цент олди...".

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

الخميس, 11 شباط/فبراير 2021 00:00

Ботил ақидалардан эҳтиёт бўлинг!

Имом Мотуридий кураш олиб борган ботил тоифаларнинг аввалида, шубҳасиз, муътазилийлар турган. Ўша пайтда мамлакатда муътазилийлар ақидаси ёйилиб борар ва уларнинг сафдошлари кундан кунга кўпаяр эди.

Бунга асосан қуйидаги омиллар сабаб бўлган.

Тарихдан маълумки, халифа Мута­ваккил муътазилийлар таъсирига тушиб, дастлаб уларни қўллаб-қувват­ла­ган. Кейинчалик эса уларнинг эъти­қоди но­тўғрилигини тушуниб етгач, аҳли сунна ақидасига қайтган ва муътази­лийлар тарғиб этган энг хавфли ақи­да – “Қуръони карим махлуқ” деган эъти­қод ботил эканини эълон қилган. Шун­дан сўнг муътазилийлар марказдан қу­вилган. Уларнинг аксарияти шарқий минтақаларга кетганлар. Айниқса, уларнинг пешволари ва катта таъсир кучига эга Абулқосим Каъбий (ваф. 929 м/317 ҳ), Абу Зайд Балхий (ваф. 934 м/322 ҳ) Балх­га келиб ўрнашиб олади. Балхдан ­туриб эса Мовароуннаҳр диёрларига таъсир ўтказиш мумкин эди.

Муътазилийларнинг хавфли жиҳати шунда эдики, улар ақида масалаларида Қуръон ва ҳадисни тан олишмай, салафи солиҳлар йўлидан оғиб, фақат ақлга таянувчи йўлни ишлаб чиққан эдилар. Баъзи ўринларда нақлни бекорга чиқариб, унинг ҳужжат бўлишини инкор қилдилар. Ақидавий масалаларнинг барчасида ақлга таяниб иш кўрдилар ва бу ишлари билан мусулмонларга бегона бўлган “асоларни” юзага чиқардилар.

Имом Мотуридий эса уларнинг бу ус­лубини рад этган ҳолда биринчи ўрин­га нақлни қўйди. Ақлни эса нақлий ҳужжат­ларни тушунишдаги восита деб билди.2

Аждодларимиз барча соҳада илмнинг юксак даражаларига етганлар ва мавжуд муаммоларга ечим топишда биринчи галда илм-маърифатдан фойдаланганлар. Жумладан, Ислом динининг дастлабки босқичлари саналган милодий VII асрдаёқ юзага кела бошлаган фикрий бўлинишлар, ақи­давий қарама-қаршиликларга жавобан Ислом олимлари томонидан муносиб чоралар кўрилган ва илмий баҳслар орқали уларнинг йўллари нотўғри экани исбот­лаб берилган.

Мотуридийлик ўз даврида ақидавий буҳронлар авж олган ва мусулмон жа­миятининг якдиллиги хавф остида тур­ган бир вақтда соғлом эътиқод тамо­йиллари­ни тартибга солган ва ботил қа­рашларга барҳам бера оладиган даражадаги кучли таълимот сифатида юзага келди.

Таълимотнинг юксак аҳа­мияти шундаки, Имом Мотуридий Са­марқандда мавжуд бўлган кўплаб ботил фирқалар билан маърифат воситасида кураш олиб борди ва уларнинг фикри нима учун хато ва ҳатто хавфли эканини аниқ кўрсатиб берди.3

Ҳозир юртимизда “Жаҳолатга қарши – маърифат” тамойили остида олиб борилаётган ишлар илдизи ҳам маърифат негизида қурилган мотуридийлик таълимоти асосларидан сув ичмоқда.

Мотуридия таълимотининг аҳа­мияти бугунги кунда жуда юксак. Ақидавий зиддиятлар жамиятнинг таназзулга юз тутишига олиб келувчи энг бирламчи омилдир. Қора ниятли кучлар ўз мақсадлари йўли­да эркин ҳаракат қилишлари учун фойда­ланадиган воси­таларидан бири халқлар, миллатлар орасига эътиқодий қарама-қаршилик солишдан иборат.

Бугунги кунда ана шундай бўлиниш, миллатлар орасини бузиб юбориш син­гари ишларнинг энг асосийси экстре­мизм кўринишида намоён бўлмоқда. Ислом дини ниқоби остида “жиҳод”, “ҳижрат”, “такфир”, “халифалик” сингари чақириқлар билан ёвуз мақсадларини кўзлаган кучлар миллатлар орасига рах­на солишяпти. Диндор, содда одамлар бу алдовларга учиб, қўллари­га қурол олмоқда, бир-бирлари ва тинч аҳоли умрига зомин бўлмоқда.

Эътиқодий бирдамликнинг нақадар муҳим эканини англаб етган Имом Моту­ридий минг йил олдин ёзиб қолдирган асарларида тўғри ақида меъёрларини белгилаб берди ва улар орқали нафақат Ислом олами, балки бутун инсониятни ўзаро ҳамҳижат яшашга чорлади.

Усмонхон МУҲАММАДИЕВ,

Имом Бухорий халқаро

илмий-тадқиқот маркази

Илмий тадқиқотлар бўлими

катта илмий ходими

الخميس, 11 شباط/فبراير 2021 00:00

Огаҳий ҳақида фильм тасвирга олинади

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига биноан “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” ДУК томонидан шоир, тарихчи ва таржимон Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий ҳақида ҳужжатли фильм суратга олинади. Darakchi.uz хабарига кўра, бу ҳақда "Ўзбеккино" Миллий агентлиги Ахборот хизмати маълум қилди.
"Огаҳий" фильми Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил Адиблар хиёбонига ташрифи давомида берилган топшириқлари юзасидан суратга олинмоқда. Мазкур кинокартина "Халқ юраги" номи остида суратга олинаётган 24 қисмли туркум фильмлардан бири. Сценарий муаллифи Гўзалой Матёқубова, постановкачи режиссёр Муроджон Одилов.
Ҳозирги кунда фильм ижодкорлари тайёргарлик жараёнлари учун Хоразм вилояти Хива шаҳрига сафар қилишган. Ижодий гуруҳ ишни Огаҳий қабрини зиёрат қилишдан бошлашди.
Огаҳий (тахаллуси; тўлиқ исм-шарифи Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли) (1809.17.12, Хива яқинидаги Қиёт қишлоғи — 1874.14.12) — шоир, тарихчи, таржимон. Мироб оиласида туғилган. Хива мадрасаларида таҳсил кўрган. Араб, форс, турк тилларини пухта эгаллаган. Хоразмнинг машҳур шоир ва олимлари, адабиёт мухлисларининг суҳбатларида иштирок этган. Шарқ классиклари асарлари, айниқса, Навоий ижодини қунт билан ўрганган, деб хабар берммоқда e-adabiyot.uz нашри. 1829 йилда амакиси ва устози Мунис вафот этгач, Хива хони Оллоқулихон (1825—42) Огаҳийни Муниснинг ўрнига мироб этиб тайинлаган. Шу даврдан эътиборан Огаҳий халқ ҳаёти ва сарой ишлари билан шуғулланган. Қизғин ижтимоий-сиёсий меҳнат билан машғул бир пайтда отдан йиқилиб, оёғи «шакарланг» (шол) бўлиб қолган (1845). 1857 йилдан мироблик вазифасидан истеъфо берган. Умрининг охиригача моддий муҳтож, ғамгин, касалманд аҳволда кун кечирган.
Огаҳий халқ орасида кўпроқ лирик шоир сифатида машҳур. Умрининг охирги йилларида тузган лирик куллиёти — «Таъвиз ул-ошиқин» («Ошиқлар тумори», 1872) бизгача тўла етиб келган. Огаҳий «Риёз уд-давла» («Салтанат боглари», 1844), «Зубдат ут-таворих» («Тарихлар қаймоғи», 1845—46), «Жомеъ ул-воқеоти султоний» («Султонлик воқеаларини жамловчи», 1857), «Гулшани давлат» («Давлат гулшани», 1865), «Шоҳиди иқбол» («Иқбол гувоҳи», 1872) ва бошқа тарихий асарларида Оллоқулихон, Раҳимқулихон (1843—46), Муҳаммад Аминхон (1846 — 55), Сайид Муҳаммадхон (1856—64), Муҳаммад Раҳим ИИ (1864—1910) ҳукмронлиги даврида Хоразмда яшаган ўзбек, туркман, қорақалпоқ, қозоқ халқларининг тарихи, маданий ва ижтимоий ҳаёти, Хива хонлигининг бошқа хонликлар билан муносабати ва бошқа тарихий воқеалар акс этган.

Огаҳийнинг юксак инсонпарварлик руҳи билан суғорилган ғоялари хон ва шоир Ферузнинг сиёсий-маърифий тарбиясига таъсир қилган. У тарихчи олим сифатида Хива хонларига, йирик тарихий шахсларга бағишлаб қасидалар ёзган. Огаҳийнинг «Қасидаи насиҳат» асари Ферузга бағишланган. У ўз насиҳатларида салтанатни бошқаришнинг йўл-йўриқларини кўрсатади, мамлакат ва халқни адолат билан идора этиш йўлларини белгилаб беради. Қасида маснавий жанрида ёзилган бўлиб, унда шоирнинг сиёсий-маърифий қарашлари ёрқин акс этган. Огаҳий фикрича, ҳар қандай давлат бошлиғи ҳокимиятни мустаҳкамлаш учун барча ижобий фазилатларга эга бўлиши лозим. Подшоҳ ҳимматли, шижоатли, адолатли, ғайратли, саховатли, ҳаёли, соф ниятли, маданиятли, ҳамиятли, камбағалпарвар бўлиши зарур. Ҳукмдор шу фазилатларга эга бўлса, унинг ҳокимияти камол топади, мамлакати фаровон бўлади, деган фикрни илгари суради. Огаҳий давлатни бошқаришнинг йўлларини ҳам кўрсатиб ўтган. Шоирнинг фикрича, шоҳ шариат аҳкомларига қаттиқ амал қилмоғи лозим. У айш-ишратдан, фитна ва ғийбатдан, ғафлатдан, ялқовлиқдан, зулм-разолатдан, чақимчиликдан, молпарастликдан узоқ бўлиши керак. Феруз Огаҳийнинг давлатни бошқариш тўғрисидаги маслаҳатларига қулоқ тутган, унинг ҳикматли байтларини мармар тошларга ёздириб, арзхоналарга қўйдирган, кўп эзгу ишларни амалга оширган. Шу боис ҳам Огаҳий тарихий асарлари бадиий наср сифатида ҳамда 19-аср Хоразм воқелигини ҳаққоний акс эттирувчи нодир тарихий ҳужжатлар сифатида қимматлидир. Огаҳий «Равзат ус-сафо» (Мирхонд), «Тарихи жаҳонкушойи Нодирий» (Муҳаммад Махдий Астрободий), «Бадоэъ ул-вақоэъ» (З. Восифий), «Мифтоҳ ут-толибин» (Маҳмуд бинни Шайх Али Ғиждувоний), «Табақоти Акбаршоҳий» (Муҳаммад Муқим Ҳиротий), «Тазкираи Муқимхоний» (Муҳаммад Юсуф Мунший), «Равзат ус-сафойи Носирий» (Ризоқулихон Ҳидоят), «Ахлоқи Муҳсиний» (Кошифий), «Қобуснома», «Зубдат ул-ҳикоёт», «Шарҳи далоил ул-ҳайрат» (Муҳаммад Ворис), «Гулистон» (Саъдий), «Юсуф ва Зулайҳо» (Жомий), «Шоҳ ва гадо» (Ҳилолий), «Ҳафт пайкар» (Низомий) ва бошқа тарихий-бадиий асарларни форс тилидан ўзбекчага таржима қилган. Огаҳий «Ҳафт пайкар»ни насрий йўл билан, «Гулистон»ни қисқартириб, кенг китобхонларга тушунарли қилиб таржима этган. «Юсуф ва Зулайҳо» ҳамда «Шоҳ ва гадо» достонларини эса байтма-байт таржима қилиб (кириш қисмидан ташқари), аниқ ижодий таржима намунасини яратган. «Мифтоҳ ут-толибин» (инв. ?8473), «Равзат ус-сафойи Носирий» (Д-125), «Табақоти Акбаршоҳий» (ТНС—106), «Тазкираи Муқимхоний» (ТНС—105), «Фирдавс ул-иқбол» (С—571), «Шоҳиди иқбол» (С—572), «Юсуф ва Зулайҳо» (ТНС—117), «Таъвиз ул-ошиқин» асарларининг қўлёзма нусхалари Тошкент, Душанба ва Санкт-Петербургда сақланади. «Зафарнома» (Али Яздий), «Баҳористон», «Саломон ва Ибсол» (Жомий), «Ҳашт беҳишт» (Хусрав Деҳлавий) асарларининг Огаҳий таржимаси ҳанузгача топилмаган. «Таъвиз ул-ошиқин» Хивада тошбосмада нашр этилган (1905—09). Ўзбекистонда кўчалар, мактаблар, Хоразм вилояти мусиқали драма ва комедия театри, истироҳат боғи ва бошқа муассасаларга Огаҳий номи берилган. Қиёт қишлоғида Огаҳий боғи ташкил этилиб, шоирнинг уй-музейи очилган; музей олдида Огаҳийга ҳайкал ўрнатилган.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

Тараққиёт ҳаётни ўзгартиради, дунёқарашимиз, тутумларимизга янги ҳаво олиб киради. Яшаш қонунияти шундай. Мақсад эса битта — яхши яшаш ва қулай муҳитда узоқ умр кўриш. Бунинг учун эса соғлом ҳаёт тарзига амал қилиш талаб этилади. Аслида бу жуда осон: тўғри овқатланиш, кўпроқ пиёда юриш, бадантарбия машқларини бажариш, иллатлардан йироқ бўлиш. Бундай кишиларнинг қалби ва руҳияти ҳам поклана боради. Соғлом турмуш тарзи, жисмоний фаоллик диний эътиқодларда ҳам қўллаб-қувватланади.

 

Кучли мўмин кучсиз мўминдан яхшироқдир

 

Муборак динимиз дунё ва охиратга тегишли барча соҳаларни қамраб олган, яхши амалларни тарғиб қилиб, ёмонларидан огоҳлантирган. Жумладан, мусулмон киши ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом ва бақувват бўлиш масаласида Қуръони карим ҳамда Пайғамбаримиз суннатида етарлича кўрсатмалар берилган. Хусусан, фойдали ва соғлиқ учун зарур бўлган жисмоний машғулотлар билан шуғулланишга чақириқ бор.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом жисмонан бақувват бўлгани ва саҳобаларни ҳам жисмоний фаол бўлишга тарғиб қилгани саҳиҳ манбаларда айтилган. Зеро, жисмоний фаол бўлиш, инсон танасига қувват бериб, соғлиқни сақлаш йўлида беназир усул ҳисобланади.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтади: “Бақувват мўмин заиф мўминдан кўра, Аллоҳ таолога маҳбуброқ ва яхшироқдир. Лекин ҳар иккисидан ҳам яхшилик бор”.

Инсон ҳам руҳий, ҳам жисмоний озуқага муҳтож. Руҳиятнинг озуқаси илму маърифат бўлса, унинг моддий озуқаси еб-ичмоқ ва жисмоний ҳаракатлардир. Ҳаракат инсон вужудига қувват бериш билан бир қаторда, танада шаклланаётган ҳар қандай зарарли иллатлар, касалликларни бартараф этади. Ислом дини инсонлар бақувват, жисмонан фаол бўлишига ҳеч қачон тўсқинлик қилмайди. Балки мўмин кишини ақлий, ахлоқий, жисмоний ва илмий жиҳатдан қувватли бўлишини ирода қилади. Жисмонан фаол, бақувват инсон диний ибодатлар ва дунёвий вазифаларни ғайрат-шижоат билан қийинчиликсиз бажаради. Жисмоний фаол, кучли бўлиш учун спортнинг маълум тури билан шуғулланиш шариатимизда мубоҳ амаллардан саналади. Агар соғлиқни сақлаш, бадантарбия зарурати тақозо қилса, мустаҳаб ва муҳим амалга айланади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом замонига назар соладиган бўлсак, биринчи навбатда, Ул зотнинг ўзлари, саҳобалар, ҳатто саҳобия аёллар ҳам жисмоний машғулотларнинг бир неча туридан фойдаланганини кўришимиз мумкин. Саҳобалар кўпгина жисмоний машқларда ўзаро мусобақалашар эди. Пайғамбар алайҳиссалом уларнинг бу ишларини кўрар, лекин инкор қилмасдилар.

Камондан ўқ отиш ҳам уларнинг даврида ривож топган ва жисмоний фаол бўлишни талаб этувчи машғулотлардан бири бўлган. Зеро, жисмоний ҳаракатнинг мазкур тури инсоннинг билаклари бақувват бўлишини талаб этади. Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссалом: “Билиб олинг! Қувват камон отишдадир!”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврида от миниш ҳам жисмоний фаоллик саналган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким ўзарга мукофот бериш йўқ! Магар туя чоптириш, от чоптириш ва ўқ отиш бундан мустасно”, дейилган (Имом Абу Довуд ривояти).

Сузиш ҳам жисмонан соғлом бўлиш, чиройли қомат шаклланишида асосий машғулотлардан бири ҳисобланади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади: “Фарзандларингизга сузишни, ўқ отишни ўргатинглар! Отга бир сакраб чиқишга қодир бўлишларини айтинглар!”. Ҳаммамизга маълумки, отга бир сакраб чиқиш учун киши етарли даражада бақувват бўлиши талаб этилади. Ҳазрати Умардек зот фарзандларни мана шу даражада қувват касб қилишни, жисмонан бақувват бўлишини талаб қилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ота-оналар фарзандларига бефарқ бўлмаслиги, уларнинг соғлом ва жисмоний фаол бўлиши йўлида зарур шарт-шароитларни яратиб беришни тақозо этади.

Яна Пайғамбар алайҳиссалом даврида энг кўзга кўринган, кишининг қай даражада бақувват эканини намоён қиладиган, шу билан биргаликда кенг тарқалган спорт турларидан бири, бу — паҳлавонлик — кураш тури. Унда курашувчилардан бири иккинчисини зарар ва озор бермаган, устидан масхара қилмаган ҳолда, ерга ётқизиш талаб қилинган.

Рукона ибн Абд Язид номли киши Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврида энг номи чиққан, кучли ва енгилмас курашчилардан эди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом уни бир эмас, бир неча бор йиқитганлари сийрат ва суннат китобларида машҳурдир.

Мутахассисларнинг маълумотига кўра, жисмоний машғулот турларининг ичида бадантарбия, пиёда юриш ҳам соғлиқни тиклаш учун энг фойдали машғулотлардан бири. Ҳолбуки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом пиёда юрганларида саҳобалар Ул зоти шарифга ета олмаслиги баён қилинган.

Пайғамбаримиз пиёда тез юрар эдилар, лекин шошилиб юрмасдилар. Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Сафарда Пайғамбар алайҳиссалом билан мусобақалашдим ва Ул зотдан ўзиб кетдим. Кейинчалик гўштим ортганда (яъни вазним ортганда) ҳам мусобақалашдим. Лекин унда Пайғамбар алайҳиссалом мендан ўзиб кетдилар. Шунда У зот: “Эй Оиша! Бу — ўшангадир (яъни биру бир бўлди)”, дедилар. Яъни ўтган сафар сен ғолиб эдинг, бу сафар мен. Иккимиз тенг бўлдик, деган мазмунда сўз айтдилар.

Бу ҳадиси шарифдан ҳам эркаклар, ҳам аёллар жисмоний тарбия билан шуғулланиши жоиз ва яхши экани маълум бўлади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом қад-қоматлари келишган, ўрта бўйли, елкалари кенг ва бақувват инсон бўлганлар. Шайх Муҳаммад Ғаззолий Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қувватли бўлганларига далолат қилувчи уч воқеани зикр қилган.

Пайғамбармиз Маккадан Тоифга пиёда борганлар. Ўша пайтларда йўллар ҳозиргидек текисланган эмас эди. Қолаверса, Макка билан Тоиф орасидаги масофа тоғли, ўнқир-чўнқир йўлларга тўғри келади. Шундай бўлса-да, Ул зот Тоифга пиёда йўл босиб борганлар.

Кунларнинг бирида Пайғамбаримиз алайҳиссалом икки соҳиблари — Али ва Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳума билан сафарга чиқдилар. Уларда биргина улов бор эди. Уни бир киши минар, икки киши эса пиёда йўл босар эди. Али ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Равоҳа иккилари Пайғамбаримиз алайҳиссалом пиёда юриб, ўзлари уловда юришдан хижолат тортдилар. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом уларга кескин жавоб қайтардилар ва сиз иккингиз мендек пиёда юришга қодир эмассизлар ва мен ҳам ажр-савобга сизлардек эҳтиёжмандман, дедилар. Шу зайлда узоқ масофани пиёда босиб ўтдилар.

Ҳандақ ғазотида саҳобалар ер ковлаш жараёнида катта бир тошга йўлиқдилар. Уни парчалашга ожизлик қилганларидан сўнг Пайғамбаримизга мурожаат этишга мажбур бўлдилар. Ул зот келиб, кирка (тош майдалайдиган) билан бир неча зарбада тошни парчалаб юбордилар.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Одамлар Пайғамбар алайҳиссаломга заифлик, ҳолдан тойганликлари борасида шикоят қилиб келдилар. Шунда Ул зот илдам-илдам қадам ташлаб (лўкиллаб) юришга буюрдилар. Улар Расулуллоҳнинг айтганларини қилдилар ва шу усул енгил экан, дедилар”.

Кўриб турганимиздек, динимиз инсонларни ҳар томонлама кучли, бақувват, жисмонан ва руҳан соғлом бўлишга тарғиб этади. Дангасалик, ялқовлик, ожизлик ва заифликдан йироқ бўлишга чақиради. Пайғамбаримиз алайҳиссалом мазкур иллатлар фориғ бўлиш учун Аллоҳдан доимо паноҳ сўраганлар. Аллоҳдан ҳар жиҳатдан офиятда бўлишни дуо қилганлар. Зеро, бақувват ва соғлом инсоннинг ибодатлари ҳам гўзал, бенуқсон бўлади. Қувватли инсон аввало, ўзи учун, қолаверса, атрофдаги, жамиятдаги инсонлар учун манфаатлидир. Куч-қувватли инсон ибодатда мустаҳкам бўлишда, ожиз инсонларга ёрдам қўлини чўзишда, жамият барқарорлигини таъминлашда, айниқса, ризқ-рўзини топиб, фарзандларини камолга етиши йўлида толиқмай меҳнат қилишда бошқаларга ўрнак бўла олади.

Жисмонан фаол бўлган киши доимо кўркам, салобатли, ғайрат-шижоатли кўринади. Соғлом танада эса соғлом ақл ва теран руҳият шаклланади. Жисмонан баркамол инсон ҳар хил иллат ва касалликлардан йироқ бўлади. Ўз саломатлигини назорат қилиш, соғлиғини сақлаш йўлида қайғуриш ҳар бир мўмин ва мўминанинг исломий бурчи ҳисобланади.

Динимизда соғлом ҳаёт тарзини йўлга қўйиш учун энг гўзал кўрсатмалар берилган. Киши соғлом ҳаёт тарзини йўлга қўйиш учун, аввало, тозаликка риоя қилиши, бадантарбия билан шуғулланиши, ўз вақтида дам олиши ва тўғри овқатланишни йўлга қўйиши зарур.

 

Ислом — ҳаракат дини

 

Минг йиллардан буён инсоният саломатликни сақлаш ва узоқ умр кўриш сирларини ўрганиб келади. Кўпчилик олимлар тажрибаларга асосланиб саломатлик гарови руҳий хотиржамлик ва жисмоний фаоллик эканини эътироф этади. Аксинча, руҳий изтироблар, ҳаракатсизлик ва ортиқча вазн эса турли касалликларни бошлаб келади. Айниқса, қулайликлар кўпайган, ҳамма нарса ўтирган жойда бошқариладиган бугунги замонда жисмоний фаоллик масаласи янада долзарб бўлиб бормоқда.

Зубайр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳалол ризқ учун ҳаракат қилишга қизиқтириб шундай деганлар: “Бир киши арқони билан елкасига ўтин орқалаб келиб, уни сотиши хоҳласа берадиган, хоҳламаса бермайдиган одамлар олдига бориб, тиланиб юрганидан яхшироқдир”.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом умрлари давомида ҳалол ризқ талабида бўлганлар, ёшлик даврида қўй боққан бўлсалар, йигитлик даврида Хадича онамизнинг молларини сотиб, тижоратда шерик бўлганлар. Кейин эса Аллоҳ таоло Ул зотга кўп ғаниматлар ато қилди. Хайбарда бир қанча ерлари бўлиб, ўшандан чиққан маблағ билан аҳли аёлларига нафақа берар эдилар. Бошқа ҳадиси шарифда эса: “Киши ейдиган энг яхши таом қўл меҳнати эвазига келганидир. Аллоҳнинг пайғамбари Довуд алайҳиссалом ҳам ўз қўл меҳнати эвазига таом еган”, дейилади.

Ривоят қилинишича, Довуд алайҳиссалом темирчи, Одам алайҳиссалом деҳқон, Нуҳ алайҳиссалом дурадгор, Идрис алайҳиссалом чевар ва Мусо алайҳиссалом чўпон бўлганлар.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг яна бир чиройли одатлари шу эдики, шанба кунлари уловда ёки пиёда ҳолда Мадина чеккасидаги Қубо масжидига яқинларини зиёрат қилиш учун борар эдилар. Демак, динимизнинг буйруғи — силаи раҳм қилиш, қариндошларни зиёрат қилиш ҳам мусулмонни ҳаракатга келтиради.

Исломнинг улуғ фарзларидан яна бири — Ҳаж ибодати ҳам мусулмон кишидан фаол жисмоний ҳаракатни талаб этади. Ҳожи муборак сафари давомида бир неча ўн километрларни пиёда босиб ўтишига тўғри келади. Аллоҳ таолонинг ҳикматини қарангки, бугунги техника ривожланган пайтда ҳам пиёда юрмасликнинг иложи йўқ, чунки одамлар кўплигидан техникада юриб бўлмайди.

Динимиз мусулмонларни Ватан ҳимоясида доим шай туришини талаб қилади. Бу ҳам ҳар бир мўмин-мусул мондан жисмонан соғлом, бақувват ва чиниққан бўлишини тақозо қилади.

Одамлар орасида Ислом дини спортга қарши деган нотўғри тушунчалар юради. Аслида динимиз спортга қарши эмас, лекин унинг қиморга, шафқатсизлик ва қотилликка айланишига тоқатсиз.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаларини турли жисмоний мусобақалар, отда чопиш, сузиш, ўқ отиш, кураш ва ҳоказоларга тарғиб қилардилар. Ўша мусобақалар замонавий спорт турларининг қадимги кўринишлари эди.

Шундай қилиб ихлос билан қилинган ҳар қандай ибодат соғлиғимиз гарови бўлади. Биз у ҳикматларни билсак ҳам, билмасак ҳам, кўплаб фойдалар қўлга киритилади.

Бир сўз билан айтганда, динимиз доимо инсонларнинг фаол жисмоний ҳаракатини, ҳам руҳан, ҳам жисмонан соғлом бўлиб, ўзи ва ўзгаларга фойдаси тегишини олқишлайди. Соғлом бўлиш эса маънан камолотга эришишга ёрдам беради.

Аллоҳ таоло барчаларимизни жисмонан қувватли, руҳан тетик ва ҳадиси шарифда айтилганидек, ўзига маҳбуб мўминлардан бўлишимизни насиб айласин!

 

Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси,

муфтий

"Янги Ўзбекистон" газетаси

Видеолавҳалар

Top