muslim.uz

muslim.uz

Бу мамлакатда жуда кўп миқдордаги гўзалликлар яширинган.
Ўзбекистон сўнгги пайтларда сайёҳлар орасида тобора кўпроқ қизиқиш уйғотаётгани бежиз эмас. Пандемия пайтида баъзи одамлар ўзлари учун янги илҳом манбаларини излайдилар. Ва бу мамлакат улардан бири бўлиши мумкин.
Лекин нима учун? WomanEL сизга Ўзбекистонни севиб қолишингизнинг бир неча сабабларини айтиб беради.

Ипак йўлининг буюк шаҳарлари
Туркиядан Хитойга афсонавий Ипак йўли юриш учун вақтингиз йўқми? Ўзбекистон энг қисқа вақт ичида ҳам ушбу машҳур савдо йўналиши бўйича энг яхши нарсаларни синаб кўриш имкониятини тақдим этади.
Бу ерда сиз пухталик билан қайта тикланган дунёдаги энг яхши ислом меъморий иншоотлардан бирини кўришингиз мумкин. Бундан ташқари, бу ерда жаҳон савдо марказлари бўлганида ҳаёт қандай бўлгани ҳақида ҳақиқий тасаввурга эга бўлишингиз мумкин.

Орол денгизи
Бу дунёдаги энг сюрреалистик манзаралардан бири ҳисобланади. Атроф ташландиқ кемалар ва улар кетидан яроқсиз ҳолга келган қишлоқ хўжалик ерларининг қабристонига айланди. Бу Ўзбекистоннинг энг кўп ташриф буюриладиган сайёҳлик масканларидан бири бўлиб, атроф-муҳитга қанчалик осон ва тез зарар етказиш мумкинлиги ҳақида ҳушёр торттиради.

Бепоён чўллар
Ўзбекистон-чексиз қумли кенгликлар ва тик баланд тоғлар ўлкаси. Бу Ўзбекистоннинг энг машҳур ташриф буюрувчиси Искандар Зулқарнайн кўп асрлар аввал ўтиб келганидан бери кам ўзгарган қисмидир.

Ширин таом
Ўзбек таомлари ҳеч қандай гастрономик мукофотларга эга бўлмайди, лекин у тўйимли ва мазали. Маҳаллий палов ва кўмирда пишган қўй гўштидан кабобни таътиб кўришингизни маслаҳат берамиз.

ЮНЕСКО Жаҳон мероси объектлари
Ўзбекистонда Самарқанд ва Бухоро каби ЮНЕСКО нинг ажойиб Жаҳон мероси объектлари мавжуд. Шунингдек, у Хива каби дунёнинг бошқа кўплаб мўъжизалари билан мақтана олиши мумкин.

Ранг-баранг пойтахт
Тошкент 1966 йилдаги зилзила оқибатида вайрон бўлган ва совет услубида қайта қурилган. Натижада қатъий совет бинолари, классик рус архитектураси ва реставрация қилинган XII аср масжидларининг уйғунлашуви пайдо бўлган. Бу уйғунлашув жуда ҳам ажойиб кўриниш ҳосил қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

الجمعة, 22 كانون2/يناير 2021 00:00

Мазҳабсизлик – очиқ залолат

Мазҳабсизлик – шариатимизга таҳдид соладиган хатарли бидъат. Бу борада сўз юритар эканмиз, аввало, “мазҳаб” сўзининг маъносини аниқлаштириб  олмоғимиз зарур. “Мазҳаб” сўзи араб тилидаги “заҳаба” феълидан олинган бўлиб, ўзбекчада “йўл” деган маънони ифода этади. Истилоҳда эса тўртта фиқҳий мазҳаб имомларининг йўлларидир.

Ўтган аср сўнггида дунё юзида исломни ниқоб қилиб олган экстремистик гуруҳлардан ташқари таҳдиднинг яна бир қатлами пайдо бўлдики, у – мазҳабcизликка чақирувчилар тоифасидир.

Ҳаракат тарафдорларининг даъвосича, Исломда фиқҳий мазҳабларнинг бирига эргашиш шарт қилинмаган. Агар мусулмон шахс, бирор шаръий масалада улардан бирининг йўлини тутса, у кўр-кўрона тақлид қилгани учун хатокор мутаассиб ва динидан ажралган фирқа ва гуруҳлардаги шахслар каби адашади. Ушбу тоифага кирувчи шахслар исломга амал қилишнинг асосида фақат Китоб (Қуръон) ва  сунна туриши лозимлигини таъкидлашади. Уларнинг фикрича, бу икки манба хатолардан холи. Аммо фиқҳий мазҳабларга  эргашиш эса, китоб ва сунна таълимотидан кўра, кўпроқ шахслар ижтиҳод (фикр)ларига тақлид қилиниши билан тавсифланади. Бу эса, хатога йўл қўйиш ва нуқсонлардан холи бўлишни кафолатлай олмайди. Қолаверса, уларнинг наздида исломдаги фиқҳий мазҳаблар ҳижрий III асрдан сўнг пайдо бўлгани боис бидъат ишлардан саналиб, сунна таълимотига кўра ҳар бир динга киритилган янгилик шубҳасиз залолатга  маҳкумдир. Саҳобаи-киромларнинг барчаси Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳнинг суннатигагина мурожаат қилганлар. Ўзларини ислом динининг фидойилари деб эълон қилаётган бу тоифа тарафдорлари Қуръон ва сунна турганда фиқҳий мазҳабларга эргашиш мусулмонлар ўртасида ихтилофлар пайдо бўлишига замин яратиб, бирлигига раҳна туғдираётгани ҳақида жар солмоқда. Аслида-чи?!

Аслида, мазҳабсизлик даъвосини ёйишнинг ўзи ихтилоф манбаи бўлиб, Ислом дини, хусусан, мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид туғдирадиган омил эканига шубҳа йўқ. Улар ўзларини мазҳабсиз деб даъво қиладилар-у, аслида ўзлари ҳам намоз ва бошқа ибодатларда ўша тўртта машҳур мазҳаб имомларидан бирига эргашади. Ижтиҳод қилишга ҳар ким ҳам қодир бўла олмайди. Чунки бу ишни қилиш учун шаръий далиллардан ҳукмларни истинбот қилишга етарли даражада ақлий қувват лозим бўлади. Бу малакани Аллоҳ таоло ҳаммага ҳам берган эмас. Лекин бир-икки масалаларда ихтилоф қилиб, “Мазҳаб деган нарса Расулуллоҳнинг даврларида бўлмаган, биз уларга эмас Аллоҳ ва Расулига эргашамиз” дейдилар. Бу гапларни айтаётган кишилар мазҳаб борасида илмлари  йўқлигини билдиради.

Фикримизнинг далили, Аллоҳ таолонинг “Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг”(Наҳл, 43), деган амридир. Уламолар ижмоъ қилганларки, бу оят ҳукмни ва унинг далилини билмайдиган кишиларни ўша нарсаларни биладиган кишиларга тобе бўлишга буюрмоқда.

Дарҳақиқат, барча усул уламолари бу оятни саводсиз одам мужтаҳид олимга тақлид қилиши кераклигига биринчи далил ўлароқ келтирадилар.

Аллоҳ таолонинг “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашмангки, сизни унинг йўлидан ажратурлар”

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мен ва хулафоий рошидинларнинг йўлини маҳкам тутинглар” деб марҳамат қилганлари мазҳабсизликни даъво қилаётганларнинг гаплари пуч эканига далил бўлади.

Тўрт мазҳабдан бирини маҳкам тутиш вожиб саналади. Бунга барча мусулмонлар уммати ижмоъ қилган. Ҳатто Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари: “Мазҳабсизлик диндан чиқишга олиб борадиган кўприкдир”, деганлар.

Бундан мазҳабсизлик жуда оғир гуноҳ экани аён бўлади. Унинг яна бир хатарли жиҳати, олдинроқ айтиб ўтганимиздек, мазҳабсиз одам фиқҳий масалаларга ўзининг билими етиб ечим топа олмагани боис гоҳ у мазҳабдан, гоҳ бу мазҳабдан далиллар қидиради. Яъни ўзи инкор этган мазҳабларнинг ҳаммасининг ичида довдираб юради. Лекин аниқ бирини ушламагани боис эътибор қозона олмасдан умрини залолатда ўтказиб қўяди.

 

Хайруллоҳ  МАРДОНОВ

 

Жорий йилнинг 20 январь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий мажлисга Мурожаатномасида баён этилган диний-маърифий ҳаётимизнинг устувор йўналишлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ташкил этилган тадбирда муҳокама қилинди.

Анжуманда Диний идора ва тизим таркибига кирувчи бўлинмалар раҳбарияти, ходимлари, шунингдек, Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти вакиллари иштирок этди.

Тадбир анъанага мувофиқ, Қуръони карим тиловати ва хайрли дуо билан бошланди. Шундан сўнг йиғилишни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон Иномов очиб берди.

Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти катта ўқитувчиси Ўткир Мавлонов Президентимиз Мурожаатномасида ижтимоий-маънавий, диний-маърифий ва маданий-гуманитар соҳалардаги кенг кўламли ислоҳотларни давом эттириш бўйича белгиланган асосий вазифалар ҳақида сўзлаб берди.

Шунингдек, йиғилишда сўзга чиққанлар бугунги кунда юртимизда ёшларни илм-маърифатли, одоб-ахлоқли этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бунда йигит-қизларимиз илм-маърифат эгаллашлари учун барча имкониятлар яратиб берилаётгани, бунинг натижасида ёшларимиз илм-маърифат билан улкан муваффақиятларга эришаётганларини таъкидладилар.

Динимизда ёшларнинг одоб-ахлоқли бўлиши, илм олиши энг муҳим шартлардан ҳисобланади. Ҳадиси шарифда: “Илм Чин-Мочин (Хитой)да бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз. Зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, дейилган.

Ҳар инсон юртига ўзининг илми, иш юритиш тартиби, самара берадиган амалий ишлари билан юртимиз тараққиёти ҳисса қўшиши керак. Ушбу фикр-мулоҳазалар йиғилиш иштирокчиларининг якуний хулосаси бўлди. 

Йиғилиш якунида Иброҳимжон домла Иномов дуо-хайрлар қилдилар.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Аёл киши қачон ва қандай ҳолатда эридан талоқ сўраши мумкин? Ўзини ўзи ҳам талоқ қилса бўлади, деб эшитдим. Шунга аниқлик киритиб берсангиз.

— Хотин киши эрини ёқтирмаса ёки эри унга ёмон муносабатда бўлса, эридан талоқ қилишини сўраши мумкин. Бу динимизда хулуъ дейилади. Хулуъ – хотиннинг эрига пул таклиф қилиш ёки маҳрдан бир қисмини қайтариб бериш эвазига талоқ сўрашидир.

Аллоҳ таолонинг: “Агар уларнинг Аллоҳ буйруқларини бажара олмасликларидан қўрқсангиз (эридан талоқ олиш ниятида) эваз беришида (ва эрнинг шу эвазни олишида) эр-хотин учун гуноҳ йўқ” (Бақара сураси, 229-оят), деган сўзи хулуъ мумкин эканига далилдир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Айтди: “Собит ибн Қайс ибн Шамоснинг хотини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келди ва: “Ё Расулуллоҳ, мен унинг хулқи ва динидан нолимайман. Лекин Исломдаги ношукрлигини ёмон кўраман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унга боғини қайтариб берасанми?” дедилар. У аёл: “Ҳа”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Собитга: “Боғни қабул эт ва уни бир талоқ қил”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Бундай ҳолатларда хотин эридан талоқ талаб қилиши мумкин. Бу Ислом динининг адолатини, аёл ва эркакка ўз ҳақ-ҳуқуқларини беришдаги қийматини кўрсатади.

Шариат ўлчовида ақлга сиғадиган сабаб бўлмаса, хотиннинг эридан талоқ сўрашига рухсат берилмайди. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Бирон сабабсиз эридан талоғини сўраган аёлга жаннатнинг ҳиди (ҳам) ҳаром”, деган сўзлари келтирилган (Имом Абу Довуд ривояти).

Агар эр аёлига “ихтиёринг ўзингда” ёки “талоғинг қўлингда”, деса, аёл киши ўзини талоқ қилиши мумкин. Бунинг тафсилотини бу соҳада мутахассис бўлган аҳли илмдан билиб олиш керак бўлади.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

21 январь куни пойтахтимизга Қозоғистон Республикаси Нур-Султон шаҳридан "Kazakh Tourizm" Миллий компанияси бошчилигида делегация ташриф буюрди.
Делегация эътиборига Тошкент шаҳри ва Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудлари бўйлаб инфотур дастури тақдим этилган бўлиб, Тошкент шаҳар Туризмни ривожлантириш департаменти томонидан ташкил этилди. Тадбирнинг асосий мақсадларидан бири Қозоғистон туристик ассоциацияси билан туризм соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, республикада зиёрат туризмни ривожлантириш, ҳамкорлик келишувларига эришиш ва дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашдан иборат.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top