muslim.uz

muslim.uz

 

Савол: Ассалому алайкум, ҳурматли устоз, сўнгги йилларда тиббиёт ривожланиши наижасида "блефаропластика" деб аталадиган жарроҳлик амалиёти кенг қўлланилмоқда. Ушбу турдаги жаррроҳлик амалиёти бўйича динимиз кўрсатмаси қандай?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу. Ислом дини шифо берувчи ёлғиз Аллоҳ таоло эканлигини унутмаган ҳолда беморларга етган касалликлардан даволанишга рухсат беради. Шунингдек, инсонга бир қатор ноқулайликлар келтириб чиқарувчи ҳолатларга сабаб бўлувчи, айниқса, инсоннинг энг муҳим аъзоларидан бўлган кўзнинг очилиши қийинлашаётганлиги сабабли амалга ошириладиган тепа қовоқ пластикаси муолажаси (блефаропластика) динимизда рухсат этилган жарроҳлик амалиёти турларидан ҳисобланади.

Ислом инсонни ўз жонини қийнамасликка буюради. Зеро, ундаги ҳар бир аъзо Аллоҳ томонидан берилган омонатдир.

Бу турдаги касалликлар инсон ҳаёти давомида орттирилган бўлиб, бундай нуқсонларни кетказиш ва даволаш Аллоҳ берган хилқатни ўзартиришга кирмайди. Балки бу бугунги кунда тиббиёт соҳасида эришган ютуқлар туфайли пайдо бўлди. Бинобарин, жарроҳлик амалиёти қилиниб тери ичидаги ёғ қатламини (грыжани) олиб ташлаб, ортиқча терини кесиб ташлаш аъзоларнинг асл ҳолига келтиришдан иборат амалиёт бўлиб, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига мувофиқ келади:

﴿لَقَدْ خَلَقْنَا الْإِنْسَانَ فِي أَحْسَنِ تَقْوِيمٍ﴾

“Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик” (Тин сураси, 4-оят).

Бундан ташқари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Арфажа ибн Асъад розияллоҳу анҳунинг урушда бурни кесилиб кетганида кумушдан, кумуш мос келмагач тилладан бурун қилиб олишга рухсат берганлар (Имом Термизий ривоят).

Ушбу далил ва мисолларнинг барчасини ҳисобга олиб, пайдо бўлган шишларни камайтириш ёки тўлиқ бартараф қилиш ва кўзни яхши очилиши мақсадида қилинган амалиёт шаръан жоиз бўлади. Айни вақтда мазкур амалиётни безарар қовоқларни кичрайтириш, яъни ташқи кўринишни ўзгартириш учун қилинса, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига биноан ҳаром қилинган амалиётлар сирасига кириб қолади:

﴿وَلَآَمُرَنَّهُمْ فَلَيُغَيِّرُنَّ خَلْقَ اللَّهِ وَمَنْ يَتَّخِذِ الشَّيْطَانَ وَلِيًّا مِنْ دُونِ اللَّهِ فَقَدْ خَسِرَ خُسْرَانًا مُبِينًا﴾

"(Шайтон айтди:) “Уларга буюраман – Аллоҳнинг яратганларини ўзгартирадилар”. Кимки Аллоҳни қўйиб, шайтонни дўст тутса (унинг айтганларини бажарса), демак, у аниқ зиён қилибди” (Нисо сураси, 119-оят). Валлоҳу аълам.

Саиджамол МАСАЙИТОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими мудири ўринбосари

الجمعة, 15 كانون2/يناير 2021 00:00

Мусобақада ҳафта ғолиблари аниқланди

Олдин хабар берганимиздек, АzonTV илмий-маърифий онлайн телеканалида юртимизнинг моҳир қориларидан бири, марҳум устоз Зайниддин қори Муҳаммад Юсуф хотираларига бағишланган Қуръон мусобақаси бўлиб ўтмоқда.

Айни пайтда “Қуръони Карим мусобақаси 1442” танловининг ҳифз ва тиловот йўналиши бўйича қориларнинг беллашуви жуда қизғин кечмоқда. Жумладан, ҳифз йўналишидаги қориларнинг Қуръони каримни мукаммал ёд олгани, тиловат йўналишидагиларнинг маҳорати баҳсларнинг янада қизғин ва ҳаяжонга бой бўлишини таъминламоқда.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ва Қуръонни тартил билан тиловат қил” (Муззаммил сураси 4-оят). Шарҳ: Қуръонни тартил билан ўқиш деб уни дона-дона қилиб, ҳар бир ҳарфини ўз ўрнидан чиқариб, оятларини алоҳида-алоҳида қилиб, тажвид қоидалари асосида ўқишга айтилади.

Қуръонни тартил билан ўқишга бўлган фармони илоҳий барча мўмин мусулмонларга оммавий фармондир. Муҳаммад алайҳиссаломга фаришта Жаброил алайҳиссалом Қуръонни тартил билан ўқиб берганлар. Ўз навбатида Пайғамбар алайҳиссалом умматларига тартил билан ўқиб берганлар.

Мусулмон уммати эса авлоддан авлодга ўз Пайғамбаридан қандоқ қилиб олган бўлса, шундоқ ўтказиб келмоқда. Қориларимиз Қуръон қироати қоидаларини тартибга солиб китоблар қилишган. Бу қоидаларни билиш ҳар бир мусулмон учун зарур. Шунинг учун ҳар бир мусулмон тажвид қоидалари бўйича бир китоб ўқимоғи, Қуръон тиловатини тажвид илмига эга бўлган қорилардан ўрганмоғи лозим.

Қуръон мусобақасини қуйидаги манзилларда томоша қилишингиз мумкин:
youtube

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўли юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши, ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ.

Шу маънода Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Мамлакатда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароит ва имкониятларни яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган ва бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида шундай битиклар бор эди: “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборат”.

Дарҳақиқат, ёшларга эътибор бу келажакка эътибор, демакдир.                 Шу эътибордан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган 26 декабрь куни мамлакатимизда биринчи бор ўтказилган Ўзбекистон ёшлари форумида бутун мамлакатимиз ёшларига қилган мурожаатларида шундай дедилар: “Ўз тажрибамдан келиб чиқиб, сизларга айтадиган маслаҳатим шу: Илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ва билим – ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг! Халқимиз, Ватанимиз сизлардан буюк ишлар кутаётганини ҳеч қачон ёдингиздан чиқарманг!”.

Мазкур форумда давлатимиз раҳбари ёшлар келажаги билан боғлиқ жуда ҳам муҳим ва нозик масалага урғу бердилар. Бу масала сўнгги йилларда кескин кўпайиб кетаётган оилалар ажрими ва унинг оқибатида тирик ва сарсон етим бўлиб қолаётган ёш авлод тарбияси масаласи бўлди. Бу ҳақидаги мурожаатлари шундай бўлди:

“Халқимиз азалдан оилани муқаддас билиб, уни доимо асраб-авайлаб келади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият ҳам шунчалик барқарор бўлади.

Бир нарсани унутмаслигимиз лозим: хонадонларимиздаги              тинчлик-тотувлик, аввало, оиладаги соғлом муҳит, мустақил ҳаёт остонасида турган қизларимизни оилавий турмушга тайёрлаш билан бевосита боғлиқ.

Афсуски, бу муҳим масалага лоқайдлик ва эътиборсизлигимиз натижасида жорий йилнинг ўтган 11 ойида ёш оилалар ўртасида 25 минг ажримлар қайд этилган. Бу салбий ҳолат барчамизни жиддий безовта қилиши ва қаттиқ ташвишга солиши керак.

Ахир, ўзингиз ўйланг, 25 минг ажрим – агар ҳар бир оиланинг камида уч нафар аъзоси бўлса, бу – 100 минг одам ҳаётининг барбод бўлгани эмасми?! Бунинг оқибатида қанчадан қанча бегуноҳ болалар тирик етим бўлиб қолади. Қанча инсоннинг тақдири издан чиқиб, сарсон-саргардон бўлади.

Нега мана шу оилаларни сақлаб қолиш учун маҳаллада ҳаракат қилмадик, ёшларга тўғри йўлни кўрсатмадик?

Мен, бугунги имкониятдан фойдаланиб, кенг жамоатчиликка, авваламбор, кўпни кўрган мўътабар нуронийларимизга, оқила ва меҳрибон оналаримизга мурожаат этмоқчиман. Бу оғриқли масалада бизга ёрдам беринглар, деб илтимос қиламан.

Оилавий низоларнинг олдини олиш, ажримларни камайтириш борасида сиз, азиз ёшларимиз ҳам ташаббус ва фаоллик кўрсатсангиз, мен барчангиздан чексиз миннатдор бўлар эдим”.

Тассуфки, сўнгги йилларда оилавий ажримлар сони кескин кўпайиб кетмоқди. Бунинг оқибатида эса қанчадан қанча оилаларнинг обрўси тўкилмоқда. Тул ва бевалар сони ортмоқда. Одатда бу мисол ҳолатларда жамиятда зино ва ҳаёсизликлар юзага келади. Бу ўз навбатида маънавий муҳитни бузилишига эшик очади.

Энг ачинарлиси, ўртадаги бечора фарзандлар тирик ва сарсон етим бўлиб, нима қилишни билмай қолмоқда. Отаси билан қолай десалар онаси норози, онаси билан қолай десалар отаси норози. Алалоқибат уларнинг фарзандлари икки ўтнинг орасида қолиб, меҳр ва шафқатга ташна ёш боши билан тоғ бардош бера олмас бир қанча машаққатларга дуч келмоқда. Одатда бу мисол бузуқ муҳитда ўсаётган ёш авлод меҳр ва оқибатни, раҳм ва шафқат нималигини билмасдан тарбияси бузилади.

Дарҳақиқат, оилавий ажримлар аксар ҳолларда фарзандларни ноқобил, нафақат жамиятга, балки ўз ота-оналарига бешафқат ва бемеҳр бўлиб вояга етишига сабаб бўлмоқда. Негаки, улар учун меҳр ва оқибатни, раҳм ва шафқат мисол инсоний фазилатлар бегона ҳисобланади. Меҳр ва оқибат, раҳм ва шафқатни шу муносабат билан улғайган боладангина кутиш мумкин.

Меҳрибонлик уйлари минг шинам ва гўзал бўлмасин, у болаларнинг уйи эмас. Ҳароба бўлсин, лекин унда боланинг фақир бўлса ҳам меҳрибон ва шафқатли ота-онаси бўлсин.

Оилавий ажримларнинг зарарлари юқоридаги ҳолатлардан бошқа бир қанча зарар ва зиёнлари ҳам мавжуд. Бир оила бузилиши сабабли кўплаб мусулмонларнинг ўрталарида душманчиликни пайдо қилади. Шунинг учун ҳам Шайтонни энг хурсанд қиладиган иш – оиланинг бузилишидир.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иблис ўз тахтини сув устига қуради ва ўз лашкаридан гуруҳларни юборади. Уларнинг энг кўп фитначиси, унга энг яқинидир. Бириси келиб: “Ундай қилдим, бундай қилдим”, дейди. У бўлса: “Ҳеч нарса қилмабсан!” дейди. Кейин бошқа бири келиб: “Уни ҳолига қўярда қўймай оқибатда хотини билан орасини буздим”, дейди. У эса ўшани ўзига яқинлаштириб: “Ҳа, балли, қандай ҳам яхшисан!” дейди”, дедилар” Имом Муслим ривояти.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! ... Хотинларингиз билан хушмуомалада ва тинч-тотув яшанг. (Мабодо хотинларингизни ёқтирмай қолган бўлсангиз, шунда ҳам сабр қилинг!) Зеро, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин” (“Нисо” сураси, 19-оят).

Ҳақ таоло мўмин бандаларига: “Эй иймон келтирганлар”, дея мўмин бандаларини эр-хотинлик ҳаётини саодатли қиладиган ишга йўллаб марҳамат қилади: “Хотинларингиз билан хушмуомалада ва тинч-тотув яшанг”. Яъни ҳар бир эркак аёли билан ўзаро ҳурмат-эҳтиром ва меҳр-муҳаббатда ҳаёт кечирсин, хотинига мудом яхшилик қилсин, бирон сўз ё ҳаракат билан унга ёмонлик қилмасин. Мабодо хотинини ёқтирмаса ҳам сабр қилсин, талоқ қилиб ажрашиб кетмасин. Шоядки, Аллоҳ таоло бу оиланинг сақланиб қолишида кўп яхшиликларни тақдир қилар, отанинг кўзини қувонтирадиган ва умматга фойдаси тегадиган фарзандлар дунёга келар ёки эрнинг қалбидаги ёқтирмаслик кетиб, ўрнини муҳаббат эгаллар ва эр-хотин ўртасида меҳр пайдо бўлар.

Хотинларингиз билан хушмуомалада ва тинч-тотув яшанг. (Мабодо хотинларингизни ёқтирмай қолган бўлсангиз, шунда ҳам сабр қилинг!) Зеро, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин”дан мурод мана шулардир.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: Мўмин эр мўмина хотинидан нафрат қилмасин. Агар унинг бир хулқини ёқтирмаса, бошқа бир хулқидан рози бўлади(Имом Муслим ривояти). Яъни эр хотинидан буткул ғазабланиши жоиз бўлмайди, чунки хотинининг айрим феълидан ғазабланса, унинг бошқа яхши одатларидан рози бўлиб кетавериши керак.

Унутмайлик, бу кўрсатма бутун борлиқни йўқдан бор қилган ва унинг саодати нимада эканлигини яхши билувчи меҳрибон Яратган Роббимиз ожиз ва узоқни билмайдиган бандаларга ўргатган илоҳий йўл-йўриғидир!

Шундай экан ҳар бир янги оила қураётган келин ва куёвлар мазкур оят ва ҳадиси шарифни онгли равишда тушуниб, унга амал қилган ҳолда, оила қурмоғи, атрофдагилар ҳам ушбу қурилаётган оилаларни тинч, бахтли-саодатли яшаб кетишига ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим бўлади.

Таҳлил натижалари 90 фоизидан ортиқ оилавий ажримларга “деди-деди” гап-сўзлар ва мол-у дунё масалалари сабаб бўлишини кўрсатмоқда.

Ушбу иллат бир боланинг, у ўғил ё қиз бўлсин, биргина табассуми ёки “Ота” ёхуд “Она...” деган овозига алмашишга арзийдими?!

Жасурбек Раупов,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Қисқа видеолар сервиси Тик Ток 18 ёшдан кичик фойдаланувчиларга бир қатор чекловлар жорий этди.

Энди 13-15 ёшли болаларнинг аккаунтлари автоматик тарзда хусусийлашади – уларни фақатгина обуначилар кўра олиши мумкин, изоҳ қолдириш имконияти фақатгина “дўст”ларга берилади. Бошқалар учун боланинг аккаунти ёпиқ бўлади.

Прес релизда таъкидланишича, янги чоралар ўсмирларга “платформада чиқишларга ақл билан ёндашиш”га кўмаклашиши учун қилинмоқда. “Тик Ток платформада фойдаланувчилар,шу жумладан, вояга етмаганлар ўз ижодлари билан бўлишишлари учун дўстона ва хавфсиз муҳитни яратмоқчи” деб тушунтириш берилди компания томонидан. Янги тартиб бугундан кучга киради.

Бундан ташқари, 13-15 ёшли фойдаланувчиларга “Бошқаларга ҳисоб қайдномасини таклиф этиш ” функсиясини ўчиради. Дует функсияси, бошқаларнинг лавҳаларидан ўз роликларида фойдаланиш – стичтинг ва видео юклаб олиш ҳам мумкин бўлмайди.

16-17 ёшли ўсмирлар дует опсияси ва стичтинг фақат “дўстлар” учун очиқ бўлади. Бошқа фойдаланувчи муаллиф 16 ёшга тўлган тақдирдагина унинг ролигини сақлаб олиши мумкин.

2019 йил февралида АҚШ ҳукумати Тик Токка вояга етмаганларнинг исми, электрон почтаси ва яшаш манзилини тўплагани учун 5,7 миллион доллар жаримага тортган эди. Шундан сўнг болалар фақатгина видео томоша қила оладиган, аммо контент ва изоҳ қолдира олмайдиган бўлим пайдо бўлди.

2020 йилда Тик Ток дастурчилари “Хавфсиз оила режими”ни илова қилишди. Бу илова ота-оналарга вояга етмаганларнинг шахсий маʼлумотларини тўлиқ сир сақлаш имконини беради. “Оила” режимини ота-она рухсатисиз ўчириш мумкин эмас.

Видеолавҳалар

Top