muslim.uz
Қуръон ила... (Аудио)
Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам – имтиҳон
Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ билан суҳбат
– Ассалому алайкум домла. Айни кунларда бутун инсоният бир синовдан ўтмоқда. Юқумли касаллик тарқалишининг сабабларини ҳар ким ҳар хил талқин қилаётгани сир эмас. Хўп десангиз, шу ҳақда суҳбатлашсак...
– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Дунёдаги барча яхшилик ва ёмонлик маълум ўлчовга биноан, Аллоҳ хоҳлаган сабабларга кўра содир бўлади. Инсонга бирор мусибат етса, бу аввалдан тақдир қилинган нарсадир. Инсон бунинг учун қайғу чекиб, ўзини қийнамаслиги лозим. Чунки тақдирда бор нарса, у хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам, содир бўлиши муқаррар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Хоҳ ерга ва хоҳ ўзларингизга бирор мусибат етса, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-маҳфузда битилган) бўлур. Албатта, бу Аллоҳга осондир. Токи, сизлар қўлларингиздан кетган нарсага қайғурмагайсиз ва (Аллоҳ) ато этган нарса билан шодланиб (ҳаволаниб) ҳам кетмагайсиз...” (Ҳадид сураси, 22–23-оятлар).
Бошқа бир ояти каримада: «Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз. (Кейин) Бизнинг ҳузуримизгагина қайтарилурсиз” (Анбиё сураси, 35-оят), деб хитоб қилинган.
Демак, дунёдаги яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам, аслида, имтиҳон экан. Ҳақиқий мўмин қийинчиликларни сабот билан қарши олади, уни Аллоҳ тарафидан юборилган синов деб билади. Чуқурроқ ўйлаб кўрилса, албатта, ҳар бир қийинчилик ортида ажойиб ҳикматлар ётади. Шундай пайтда ғофил киши хафа бўлади, ўзини ҳар ёнга уради, ғам-ғуссага ботади. Бировларни айблайди. Аммо оқил киши Аллоҳ таоло тарафидан юборилган бу қийинчилик орасидан ҳам ўзига яхшиликни топишга уринади, сабр қилади. Шунинг учун Қуръон сабрга катта аҳамият бериб, уни мақтаган, обрўсини кўтарган ва сабрли кишиларни “жуда ҳам ажойиб кишилар” деб атаган. Сабр Қуръони каримнинг 70 жойида зикр қилинган. Бошқа ҳеч қандай фазилат бу миқдорда зикр қилинмаган. Аллоҳ таоло сабрлиларни яхши кўради ва Қуръони каримда айтади: «Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур» (Зумар сураси, 10-оят).
– Шу йил март ойида юртимизда карантин чекловлари жорий қилинди. Бундай пайтда муҳтожларга ёрдам бериш улуғ ва савобли амаллардандир...
– Ҳа, бундай савобли ишларда муҳтарам Юртбошимизнинг ўзлари намуна кўрсатдилар. Азиз юртдошларимиз ҳам бундай синовли кунларда саховат ишларига янада мустаҳкам бел боғлашса, савоб устига савоб бўлиши шубҳасиз. Зеро, имкон бор пайтда хайр-саховат ишларини амалга ошириш зарур. Фурсат ўтганда бу савобдан маҳрум бўлиб қолиш хавфи ҳам мавжуд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Садақа қилинглар! (ҳали бир вақтлар келадики), бир киши садақасини кўтариб юрса, у (садақа) бериладиган бўлган одам: “Буни кеча олиб келганингда, сендан олишим мумкин эди. Аммо энди менинг унга ҳожатим йўқ”, дейди. Шундай қилиб, уни қабул қиладиганни топа олмайди» (Ҳориса ибн Ваҳб розийаллоҳу анҳудан).
Садақа, хайр-эҳсон қилиш тақво, зоҳидлик ва тариқат йўлида юрган банданинг ишидир. Айниқса, ўзи ўта бой бўлмай туриб, топганидан садақа қилиш катта савоб. Зеро, “садақа” сўзи тасдиқ маъносини англатиб, банданинг имонини тасдиқлашга хизмат қилади.
– Мўмин киши фаровонлик ва танглик дамларида қай мақом, даражада бўлмасин, ўзини чин бандалик йўлида тутиши керак. Бунинг бош омили нимада деб ўйлайсиз?
– Муқаддас динимизда шукрга буюк ибодат сифатида қаралади. Бандаларини ҳамиша ва ҳар қачон шукр қилишга буюрган Раббимиз “...албатта, Аллоҳ шукрни қабул этувчи, доно зотдир”, (Бақара сураси, 158-оят) дея эслатма беради. Бу эса банда қилган озгина амалга ҳам кўп савоб бериш билан уни мукофотлайди, деганидир. Биздан талаб нима экан, беҳисоб неъматларга шукрона айтиш, бари Аллоҳдан эканини эътироф қилиш экан. Ўйлаб кўрайлик, ҳаётимиз чексиз-чегарасиз моддий-маънавий неъматлар билан ўралган. Илм-маърифат, соғлик, мол-давлат, фарзанд, қадр-қиммат сингари инъомлар билан сийланганмиз. Буларнинг барчаси тафаккур ва тадаббур қилишга ундайди. Неъматнинг шукрини унутиш, мусибат етганда умидсизликка учраб, туғёнга кетиш заиф ва иродасизлар ишидир. Мўминга хос бўлган хислат хурсандчиликда шукр қилиб, мусибат етганда сабр қилишдир. Инсон ҳаёти давомида дуч келадиган ҳар қандай ҳолатни ўзининг фойдасига буриши, ундан дунё ва охирати учун фойда олиши мумкин.
Суҳайб розийаллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Мўминнинг иши ажойиб. Унинг барча иши яхшиликдир. Бу фақат мўмин учунгина хосдир. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади, бунинг учун унга яхшилик бўлади. Агар унга зарар етса, сабр қилади, бунинг учун унга яхшилик етади” (Имом Муслим ривояти).
«Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Бордию ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир» (Иброҳим сураси, 7-оят). Демак, яхшиликлар бардавом бўлиши ҳам шукронамизга боғлиқ.
– Дарҳақиқат, Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳудан қуйидаги ўгитлар ривоят қилинган: “Неъмат шукрга боғланган. Шукр эса зиёда бўлиш билан алоқадор. Ҳар иккиси тенг бириктирилган. Банда шукрни тўхтатмаса, Аллоҳ зиёда қилишни тўхтатмайди”.
– Шукр қилиш ҳам ўз-ўзидан бўлмайди, балки ўзидаги моддий ва маънавий неъматлар ҳақида кўп мулоҳаза қилиш, улар берилган тақдирда қандай ҳолатда бўлишини тасаввур этиш, ўзидан қашшоқроқ, қийналганроқ кишиларни ёдга олиш инсонни ўзидаги неъматлар учун Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Бу иши инъом этувчига ҳам манзур бўлади. Натижада неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади. Аксинча, ношукрлик, нонкўрлик каби ҳолатлар инъом этувчида ғазабига сабаб бўлиши мумкин.
Ҳасан Басрий айтади: “Аллоҳ хоҳлаганича неъмат бериши мумкин. Агар неъматга шукр қилинмаса, уни азобга айлантиради. Шунинг учун шукрни “сақловчи” деб номлашган. Чунки у бор неъматларни муҳофаза қилади. Яна уни “жалб” қилгувчи ҳам дейишган. Чунки у йўқ неъматни жалб қилади”.
Шақиқ Балхий бир кишидан: “Эй биродар, менга кенгчилик ва тангликдаги ҳолатингизни сифатланг-чи?” деб сўради. У: “Биз берилса, шукр қиладиган, тўсилса, сабр қиладиган қавммиз”, деб жавоб қайтарди. Шақиқ: “Бу Балх итларининг ҳоли-ку”, деди. Ҳалиги киши ажабланиб: “Унда сизларнинг кенгчилик ва тангликдаги ҳолатингиз қандай?” деб сўради. Шақиқ бунга: “Биз тўсилса, сабр қиладиган, берилса, шукрини қилиб бошқаларга ҳам улашадиган қавммиз”, деб жавоб қайтарди.
Хулоса – шу, қазо ва қадарга имон келтирган инсон бошқалардан айб, хато қидирмасдан неъматларга шукр, гуноҳига истиғфор айтиб, дуоларда бардавом бўлиши лозим.
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ
суҳбатлашди.
“Ҳидоят” журналининг 7 сонидан олинди.
Бир савол сўрасам: 6. Аёл киши турмушга чиққач, эрининг фамилиясига ўтиши мажбурий-ми?
— Аёл киши турмушга чиққач, эрининг фамилиясига ўтиши мумкин-ми? Бу ишда хотинни мажбурлаб бўлади-ми?
— Модомики, урфда бу ҳол кишини танитиш йўлларидан бири ҳисобланса, хотин эрнинг фамилиясини олиши жоиз ишдир. Фақат шарти шуки, бу шариатда қайтарилган насабни даъво қилиш йўли билан бўлмасин. Аммо шунчаки ўзини танитиш воситаси ўлароқ, эр фамилиясига ўтишнинг зарари йўқ. Бунга қуйидагилар далил бўлади: Қуръони каримнинг “Таҳрим” сураси, 10-оятида “Нуҳнинг хотини ва Лутнинг хотини”, дейилади.
Набавий Суннатда келишича, Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг хотинлари Зайнаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, киришга изн сўрайди. Шунда: “Ё Расулаллоҳ, бу Зайнаб, сизнинг олдингизга киришга изн сўраяпти”, дейишди. У зот: “Зайнабларнинг қайси бири”, дея сўрадилар. “Ибн Масъуднинг хотинлари”, дея жавоб қилишганда, “Ҳа, унга изн беринглар!”, дедилар. Унга киришга изн берилди” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, урфда жорий бўлса, аёлнинг эр фамилиясига ўтиши жоиз. Валлоҳу аълам!
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Президент ўқитувчи ва зиёлиларга мурожаат қилмоқда
Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросим бошланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ушбу байрам илк бор давлат раҳбари иштирокида ўтяпти. Бу – таълим ва тарбия масаласи алоҳида устувор йўналиш даражасига кўтарилганининг яққол далили.
– Биз ҳар биримиз ҳаётда қандай муваффақият ва натижаларга эришган бўлсак, бу ютуқларда сизларнинг беқиёс ҳиссангиз борлигини доимо миннатдорлик билан эътироф этамиз, – деди Шавкат Мирзиёев тадбирга йиғилган ўқитувчи ва зиёлиларга мурожаатини бошлар экан.
Ҳақиқатан ҳам, инсон тарбиясида, камолотида устозларнинг хизматлари улуғ. Бу йилги пандемия билан боғлиқ қийин шароитда ҳам жонкуяр ўқитувчилар ўз ишини давом эттирмоқда. Аксарият мактабларда янги ўқув йили бошланди. “Онлайн мактаб” лойиҳаси ва масофавий таълим йўлга қўйилди. Таъбир жоиз бўлса, бугун ўқитувчилар иккита фронтда кураш олиб бормоқда.
Яна бир эътиборли жиҳати, бу йилги табрик ҳам аввалгилардан фарқ қилиб, мурожаат тарзида бўлмоқда.
Президент тарихга назар солиб, IX-XII асрларда юртимиз ҳудудида биринчи, XV асрда иккинчи Ренессанс порлаганини таъкидлади.
- Кўпчилик зиёлилар қаторида мен ҳам бир фикрни ҳамиша катта армон билан ўйлайман: мамлакатимизда учинчи Ренессансни ХХ асрда маърифатпарвар жадид боболаримиз амалга оширишлари мумкин эди. Улар “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас”, деган ҳадиси шарифни ҳаётий эътиқод деб билдилар, - дея таъкидлади Президент.
Ўқитувчи ва мураббийлар байрами муносабати билан имзоланган фармонга мувофиқ, халқимизнинг озодлиги ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида фидокорлик кўрсатиб, миллий таълим ва тарбия тизимини яратишга беқиёс ҳисса қўшган Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхонов “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирлангани маълум қилинди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асосий мақсад қилиб белгиланганини таъкидлади.
- Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак, - деди Президент. - Бу ўлмас мерос ҳамиша ёнимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим. Авваламбор, миллий таълим тизимини ана шундай руҳ билан суғоришимиз керак.
Байрам тадбирида ўқитувчи ва мураббийлар, олимлар, парламент ва ҳукумат вакиллари иштирок этмоқда. Шунингдек, ҳудудлардаги соҳа фидойилари маросимни Қорақалпоғистон ва вилоятлардаги студиялардан кузатиб боряпти.
Эъзоз ва эҳтиромга муносиб зотлар
1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни”
Инсоннинг дунёга келиши ва яхши ҳаёт кечириши учун моддий жиҳатдан ота-онанинг ҳиссаси катта бўлади. Лекин маънавий томондан баркамол бўлиши учун устозларнинг ўрни алоҳида. Шу сабаб халқимизда устоз отангдек улуғ деган ҳикматли гап бекорга айтилмаган. Инсоннинг икки дунёда саодатли бўлиши учун ҳам устозларнинг хизмати беқиёс. Устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдузлар. Улар туфайли инсонлар тўғри йўлни топади ва жаҳолат зулматларидан омонлик қирғоғига етишади.
Ҳар йили 1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни юртимизда кенг нишонланади. Қадимдан диёримизда устозга бўлган чуқур ҳурмат сақланиб қолган. “Домла”, “Муаллим”, “Устоз” каби улуғ номлар билан уларни эҳтиром қилишган.
Дунёда касблар жуда кўп, ҳар бирининг ҳаётда ўз ўрни ва аҳамияти бор. Лекин улар орасида бир улуғ касб борки, бошқа барча касблар унинг негизида шаклланади ва тараққий этади. Бу ўқитувчилик касбидир.
Устоз, муаллимлик касбларнинг энг машаққатлиси. Кимдир шифокор ва ҳарбий бўлиш ҳам қийин. Аммо шифокорни ва ҳарбийларни ҳам мураббий тарбиялайди.
Юртимизда ўқитувчилар меҳнатини қадрлаш, уларга ҳар жиҳатдан ғамхўрлик кўрсатиш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда боғча, мактаб, коллеж-лицей ва олий таълим тизимида ишлаётган тарбиячи, ўқитувчи ва устозлар меҳнатини муносиб қадрлаш, уларнинг иш ҳақини, жамиятдаги нуфузини ошириш бўйича муҳим қадамлар қўйилмоқда.
Ҳар йили 1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни юртимизда кенг нишонланиб келинади. Юртбошимиз бундай деган эди: “Бизнинг барча саъй-ҳаракатларимиз “Ўзбекистонда энг обрўли инсон муаллим бўлиши керак” деган ғояни амалга оширишга қаратилмоқда. Бунинг учун давлат ва жамият томонидан қанча маблағ, ресурс ва имкониятлар зарур бўлса, барчасини сафарбар этамиз”.
Давлатимиз раҳбарининг қатор фармонларига кўра, таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларнинг кўпчилиги Ватанимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирланмоқда. Шунингдек, соҳада алоҳида ўрнак кўрсатган устоз ва мураббийлардан бир қанчаси соҳага масъул вазирликлар томонидан қатор диплом ва совринлар билан тақдирланиб келинмоқда. Таълим соҳасида фаолият олиб бораётган педагогларга давлатимиз томонидан қатор имтиёзлар берилмоқда. Бу уларнинг руҳияти, меҳнатига бўлган муносабатнинг тубдан ўзгаришига сабаб бўлмоқда.
Маърифатпарвар аллома Абдулла Авлоний: “Ҳар бир муаллимнинг саодати, давлатларнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир”, деган эди.
Диёримизда устозлар улуғланиб келинган. Мисол учун, соҳибқирон бобомиз Амир Темур ўз васиятида хокини устози Саид Барака қабри пойига қўйишларини айтган.
Дарҳақиқат, устоз буюклар ичра буюк. Зотан, Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Берунийларнинг ҳам илм оламига илк тетапоялари оддий ўқитувчи, устоз кўмагида ташланган.
Доно халқимиз устозларни эзозлаб: “Устознинг умри – мангу, чунки шогирдлар умри унга уланади”, дейди. Илм нури устознинг қалбидан шогирднинг қалбига ўтади. Агар устоз бўлмаса, бу нур қалбга кирмайди.
Машҳур олим, ватандошимиз Бурҳониддин Марғиноний бундай ҳикоя қилади: “Бир куни Бухоронинг олимларидан бири илм даргоҳида шогирдларига дарс бериб ўтирар экан, дарс асносида гоҳ-гоҳ ўрниларидан туриб, сўнг яна қайта ўтирарди. Бу ҳол бир неча бор қайтарилгандан сўнг, шогирдлари бунинг сабабини сўрашди. У зот: “Устозимнинг кичик ёшли ўғли болалар билан кўчада ўйнаб юрибди, гоҳида эшик олдига келяпти, ҳар келганида устозимга ҳурмат ўлароқ ўрнимдан туряпман,” деб жавоб берганлар”.
Олимларимиз ҳаёти биз учун нақадар гўзал ибратлар бор. Олимлик мақомига етиб, ўзининг илм ҳалқасига эга бўлган олим устозининг ҳали эсини танимаган фарзандини кўрганда ҳам устозга ҳурмат сифатида ўринларидан турган экан.
Минг афсуски, ҳозирда айрим талабалар илм даргоҳини битириб, дарров қалб қўрию кўз нурини сарфлаб илм берган устозларини писанд қилмай қўяди. Бундай ҳолатларни кўрганда беихтиёр улуғ устозларимизнинг пурҳикмат гаплари ёдимизга тушади: “Ким бирор мартабага эришган бўлса, батаҳқиқ, у ҳурмат туфайли эришган. Кимнинг мартабаси тушган бўлса, аниқки, ҳурматсизлик сабабли тушган”.
Юртимиздан қанчадан-қанча қомусий олимлар, муҳаддису фақиҳ, муфассир ва мутасаввифлар, донишманд ва мутафаккирлар, фан арбоблари етишиб чиққан. Уларни санаб адоғига етиш мушкул, уларнинг бизга қолдирган илмий меросларининг эса чек-чегараси йўқ.
Хўш, улуғ боболаримиз бу даражаларга қандай эришди?
Бунинг сабаблари жуда кўп, аммо уларнинг энг асосийларидан бири узтозларига қилган хизмат ва кўрсатган эҳтиромларидир. Чунки уларнинг кўпчилиги бу даражага қандай етганлари ҳақида сўралганда: “Устозимга қилган хизматим ва кўрсатган эҳтиромим туфайли”, дея жавоб берган.
Биз илм олиш истагида юрган эканмиз, буюк бобокалонларимиз изидан юрайлик, устозларга эҳтиром кўрсатайлик, аниқроқ айтганда, аждодларимизга муносиб авлод бўлайлик.
Устозлар ҳақида сўз кетганда беихтиёр ҳазрати Алишер Навоий бобомизнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади:
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила.
Ривоят қилинишича, Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ҳазратлари Маккаи Мукаррамада таълим бераётган чоғда бир зиёратчи Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб келтиради. Бу хабарни эшитган Имом Бухорий Бухоро томонга юзланиб, саломига алик олганларича ҳурмат бажо келтиради, сўнг мактубни икки қўллаб олиб, табаррук қилиб, эҳтиром билан хатни ўқиган экан.
Устоз мисли ёниб турган шамга қиёс. Ўзи ёниб, атрофга нуру зиё сочади. Бошқалар ана шу нурдан баҳраманд бўлади. Шу боис ҳар бир инсон ёши, мавқеи ва даражасидан қатъий назар, сабоқ берган устози олдида мудом таъзимда бўлиши керак.
Имом Нававий айтадилар: “Талаба илмга ҳам, муаллимга ҳам камтарин бўлсин. Зеро, муаллимига камтарин бўлса, илмга эришади. Биз барчага камтарин бўлишга буюрилганмиз. Устозга камтаринлик қилиш эса биринчи ўринда лозимдир. Талаба муаллимга бўйсунсин. Ишларида у билан маслаҳатлашсин. Сўнгра хаста одам билимдон, холис табиб кўрсатмаларига амал қилганидек муаллимнинг панд-насиҳатларига риоя қилсин”. Устозлар ҳурматини жойига қўймаган шогирддан келажакда инсонларга манфаат етадиган етук мутахассис ёки олим чиқишига умид қилинмайди.
Ўзининг кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини ёш авлод тарбиясига бағишлаган ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати, жасорати ҳар қандай юксак баҳога муносиб. Барча устоз ва мураббийларни байрами билан муборакбод этамиз, доимо соғ-саломат ва офиятда юришини, илм нурини таратишда собитқадам бўлишини сўраб дуо қиламиз.
Аллоҳ барчаларимизни устозларимизга итоатли бўлишга, уларни улуғлашдек фахру-ифтихорга ва уларга тавозели бўлишдек обрў мартабага муваффақ қилсин.
Раҳматуллоҳ Усмонов
Қашқадарё вилояти бош имом хатиби