muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 26 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ижтимоий тармоқларда диний мавзуларда фаол фикр-мулоҳазалар билдириб келаётган блогерлар билан самимий мулоқот ўтказилди.
Учрашувда блогерлар томонидан таклифлар ва фикр-мулоҳазалар билдирилди. Айниқса, жума маърузалари таъсирчанлигини ошириш, ақидавий масалаларни кенгроқ ёритиш, Аҳли Сунна ва Жамоа йўналишидаги мазҳабларни тушунтиришда мўътадилликни таъминлаш, Ҳанафий мазҳаби афзалликларини тарғиб этишнинг янги услубларини қўллаш каби таклифларга алоҳида эътибор қилинди.
Шунингдек, масжидлар фаолиятини такомиллаштириш, имом-хатибларнинг мавъиза қилиш маҳоратини ошириш, медиа-макондаги чиқишларини кўпайтириш, муаззинларни азон айтишини тартибга солиш каби мавзулар ҳам муҳокама қилинди. Ёшларнинг диний-маърифий билимларини оширишни таъминлаш, “Вақф” хайрия жамоат фонди халқ ишончини янада кўпроқ қозониши йўлида қилиниши лозим бўлган ишлар юзасидан ҳам фикрлар алмашилди.
Ўзаро мулоқот давомида шаклланган таклифлар Диний идора масъул ходимлари томонидан қабул қилиниб, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг келгуси фаолиятида алоҳида эътиборга олиниши қайд этилди.
Суҳбат дўстона ва самимий руҳда ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الثلاثاء, 25 شباط/فبراير 2020 00:00

28.02.2020 й. Намоз – мўминнинг меърожи

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِيْن، وَأَفْضَلُ الصَّلاَةِ وَأَتَمُّ التَّسْلِيْمِ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْن، أَمَّا بَعْدُ

НАМОЗ – МЎМИННИНГ МЕЪРОЖИ

Муҳтарам жамоат! Маълумки, намоз мўъминнинг меърожи бўлиб, у билан киши ўз Парвардигорига муножот қилади. Намоз динимиз устуни ҳисобланади. Намоз ибодатининг бир қанча дунёвий, ухровий,  жисмоний, руҳий, маънавий ва тарбиявий фазилатлари, фойдалари ва ҳикматлари мавжуд бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:

  1. Қабул бўлган намоз ўз эгасини фаҳш ва мункар ишлардан қайтаради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

إِنَّ الصَّلَاةَ تَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ وَلَذِكْرُ اللَّهِ أَكْبَرُ وَاللَّهُ يَعْلَمُ مَا تَصْنَعُونَ

яъни: “Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри (барча нарсадан) улуғдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур” (Анкабут сураси 45-оят).

Ояти каримада зикр қилинганидек Аллоҳ таолонинг ибодатида бўлган киши ўз-ўзидан ёмон иллатлардан, ножўя ишлардан тийилади. Содда қилиб айтадиган бўлсак, намоз – инсонга гўзал тарбия берувчи илоҳий амалдир.

  1. Намоз ўз эгасининг гуноҳ ва хатолари ўчирилишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:

أرَأيْتُمْ لَوْ أنَّ نَهْرَاً بِبَابِ أَحَدِكُمْ يَغْتَسِلُ مِنْهُ كُلَّ يَوْمٍ خَمْسَ مَرَّاتٍ، هَلْ يَبْقَى مِنْ دَرنهِ شَيْءٌ؟ قالوا: لا يَبْقَى مِنْ دَرنهِ شَيْءٌ، قَالَ: فَذلِكَ مَثَلُ الصَّلَوَاتِ الخَمْسِ يَمْحُو اللهُ بِهِنَّ الخَطَايَا

(متفق عليه عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Биронтангиз эшиги олдидан ариқ оқиб ўтса, у ўша ариқда бир кунда беш маҳал чўмилса, унда кир қоладими?” – деб сўрадилар. Шунда саҳобалар: “Йўқ, ҳеч қандай кири қолмайди” – дедилар. У зот: “Беш вақт намоз ҳам шунга ўхшайди. Аллоҳ у билан гуноҳларни кетказади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Яна бошқа бир ҳадисларида шундай деганлар:

"اَلصَّلَوَاتُ الْخَمْسُ، وَالْجُمْعَةُ إِلَى الْجُمْعَةِ، وَرَمَضَانُ إِلَى رَمَضَانَ مُكَفِّرَاتٌ مَا بَيْنَهُنَّ، إِذَا اجْتُنِبَتِ الْكَبَائِرُ"

(رواه الإمامُ مسلمٌ عن أبي هريرة رضى الله عنه)

яъни: “Жумадан жумагача, Рамазондан Рамазонгача беш вақт намозни ўқиш шу вақт орасида бўлиб ўтган кичик гуноҳларга каффоратдир. Агар кабира (улкан) гуноҳлардан сақланилган бўлса” (Имом Муслим ривоятлари).  

Демак, намозларни рисоладагидек ўқиган одамнинг гуноҳлари кечирилади, дилидаги ғуборлар ювилади, руҳий ҳолати яхшиланади.

  1. Намоз ўз эгасига дунё ва охиратда нур бўлади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада шундай марҳамат қилганлар:

"مَنْ حَافَظَ عَلَيْهَا كَانَتْ لَهُ نُورًا وَبُرْهَانًا وَنَجَاةً يَوْمَ الْقِيَامَةِ، وَمَنْ لَمْ يُحَافِظْ عَلَيْهَا لَمْ يَكُنْ لَهُ نُورٌ وَلاَ بُرْهَانٌ وَلاَ نَجَاةٌ"

(رواه الإمامُ أحمدُ عن عبد اللَّه ابن عمر رضى الله عنهما)

яъни: “Ким намозни ўз вақтида ўқиса, қиёмат куни намоз у киши учун нур, ҳужжат ва нажот бўлади. Ким намозни ўқимаса, қиёмат куни у киши учун нур, ҳужжат ва нажот бўлмайди” (Имом Аҳмад ривоятлари).

  1. Беш вақт намоз учун эллик маҳал намознинг савоби берилади. Маълумки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожга чиққанларида Аллоҳ таоло биз умматларга эллик вақт намоз ўқишни фарз қилди. Суюкли ва меҳрибон Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам намозни бир неча марта қисқартирилишини Аллоҳ таолодан сўраб, охири беш маҳалга туширдилар. Шунда Аллоҳ таоло Расулуллоҳга шундай деди:

يا مُحَمَّدُ، إنَّهُنَّ خَمْسُ صَلَواتٍ كُلَّ يَومٍ ولَيْلَةٍ، لِكُلِّ صَلاةٍ عَشْرٌ، فَذلكَ خَمْسُونَ صَلاةً

(رواه الإمامُ أحمدُ والإمام الترميذي عن أنس رضى الله عنه)

яъни: “Эй, Муҳаммад, албатта, ҳар кечаю кундузда беш маҳал намоз бор. Ҳар бир намоз учун ўнта намознинг савоби берилади. Шунда гўё эллик маҳал намоз ўқилган бўлади (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривоятлари).  

Демак, беш вақт намоз ўқисак, Аллоҳ таоло бизга эллик вақт намоз ўқиганнинг ажрини берар экан.

Айниқса, ҳар биримиз имкон қадар намозларимизни масжидларда жамоат билан адо этишга одатлансак, жуда катта ажр ва мукофотларга эришамиз. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

" صَلَاةُ اَلْجَمَاعَةِ أَفْضَلُ مِنْ صَلَاةِ اَلْفَذِّ بِسَبْعٍ وَعِشْرِينَ دَرَجَةً "

(مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ)

яъни: “Жамоат намози ёлғиз (ўқиган)нинг намозидан йигирма етти даража афзалдир” (Муттафақун алайҳ).

Яна бошқа бир ҳадисларида шундай деганлар:

"مَنْ تَطَهّرَ فِي بَيْتِهِ ثُمّ مَشَىَ إِلَى بَيْتٍ مِنْ بُيُوتِ الله، لِيَقْضِيَ فَرِيضَةً مِنْ فَرَائِضِ الله، كَانَتْ خَطْوَتَاهُ إِحْدَاهُمَا تَحُطّ خَطِيئَةً، وَالأُخْرَى تَرْفَعُ دَرَجَةً"

 (رواه الإمام مسلم عن أبي هريرة رضى الله عنه)

яъни: “Ким уйида таҳорат қилиб, сўнг Аллоҳнинг фарзларидан бир фарзни адо қилиш мақсадида Аллоҳнинг уйларидан бир уйга (масжидга) қараб юрса, ҳар бир қадам ташлаганда унга савоб ёзилиши билан бирга хатолари ҳам ўчирилиб боради”  (Имом Муслим ривоятлари).

"مَنْ صَلَّى العِشَاءَ فِي جَمَاعَةٍ، فَكَأنَّمَا قَامَ نِصْفَ اللَّيْلِ، وَمَنْ صَلَّى الصُّبْحَ في جَمَاعَةٍ، فَكَأنَّمَا صَلَّى اللَّيْلَ كُلَّهُ"

 (رواه الإمامُ الترمذي عن عثمانَ بنِ عفانَ رضي الله عنه)

яъни: “Кимки хуфтон намозини жамоат билан адо этса, гўё туннинг ярмини қоим қилибди. Агар бомдод намозини ҳам жамоат билан адо қилса, тун бўйи қоим бўлган кабидир” (Имом Термизий ривоятлари).

Динимизда фарз намозларидан ташқари суннат ва нафл ибодатларга ҳам алоҳида урғу берилган. Зеро, нафл ибодатлар Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг ҳузуридаги мартабамизни кўтарилишига ҳамда фарз намозларимизнинг камчиликларини тўлдиришда ёрдамчи бўлади. Хусусан, фарзлардан аввал ва кейин ўқиладиган суннатларнинг фазилатлари жуда кўпдир. Жумладан, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

"مَنْ صَلَّى فِي يَوْمٍ وَلَيْلَةٍ ثِنْتَيْ عَشْرَةَ رَكْعَةً بُنِيَ لَهُ بَيْتٌ فِي الْجَنَّةِ: أَرْبَعًا قَبْلَ الظُّهْرِ، وَرَكْعَتَيْنِ بَعْدَهَا، وَرَكْعَتَيْنِ بَعْدَ الْمَغْرِبِ، وَرَكْعَتَيْنِ بَعْدَ الْعِشَاءِ، وَرَكْعَتَيْنِ قَبْلَ صَلَاةِ الْفَجْرِ"

 (رواه الامام الترمذي عن أم حبيبة رضي الله عنها)

яъни: “Ким бир кеча ва кундузда (фарздан ташқари) ўн икки ракат намоз ўқиса, унга жаннатдан уй қурилади. Пешиндан олдин тўрт ва кейин икки ракъат. Шомдан кейин икки ракъат, Хуфтондан кейин икки ракъат. Бомдоддан олдин икки ракъат” (Имом Термизий ривоятлари).

Бу ҳадисни эшитган Умму Ҳабиба  разияллоҳу анҳу онамиз: “Шундан кейин уларни доимо ўқиб келмоқдаман”, – деганлар.

Ҳанафий мазҳабимизда ушбу ривоятни, тўлиғича ҳаётга татбиқ қилинган. Ушбу ҳадисда фарз намозларига тобеъ суннатларни доимий равишда ўқиб боришга қаттиқ тарғиб ва улкан ваъда бор. Бу ваъда – жаннатда ушбу намозлар учун мукофот тариқасида Аллоҳ таоло томонидан қуриб бериладиган алоҳида уй (қаср)дир. Шунинг учун ҳам Умму Ҳабиба онамиз, ушбу ҳадисни эшитганларидан бошлаб, у намозларни асло қолдирмай адо қилганлар.

Яна бир муҳим жиҳат ҳанафий мазҳабимизда фарздан кейинги суннатларни фарзнинг изидан дарҳол ўқилади. Фақат ҳадиси шарифга мувофиқ уларнинг ўртаси қуйидаги калималар билан бўлинади. Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам фарз намозни тугатганларида уч марта “Астағфируллоҳ”дер эдилар ва:

اللَّهُمَّ أَنْت السَّلَام، ومنك السَّلَام، تَبَارَكت ذَا الْجلَالِ وَالْإِكْرَام

(رواه الامام مسلم)

яъни: “Эй, Аллоҳ, сен Салом (саломатлик берувчи)сан, салом (яъни, саломатлик) сендандир, сен муборак бўлдинг, эй, жалол ва икром эгаси!” (Имом Муслим ривоятлари).

Юқоридаги маълумотларга биноан, фарзлардан кейинги суннатларни масжидда ўқиш суннатга зид эмаслиги ва мазҳабимиз қонун-қоидаларига мувофиқ келишини таъкидлаш лозим.

Ҳурматли азизлар! Маърузамизнинг давомида Аҳли сунна вал жамоанинг энг буюк имомларидан бири бўлмиш Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳ алайҳ ҳақларида суҳбатлашамиз. Сабаби, ҳозирги кунда бу улуғ зотни яхши танимасдан у зотга нисбатан ножўя сўзларни айтаётган саёз билимли кишилар кўпаймоқда.  Бу зотнинг Ислом оламидаги ўринларини билиш учун у зотни ҳаётлари ва ижодлари билан яқиндан танишиш керак бўлади.

Фақиҳ, мутакаллим, муфассир, усулул-фиқҳ олими, Аҳли сунна вал жамоанинг шайхи Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий раҳматуллоҳ алайҳ тахминан ҳижрий 248 йилларда Самарқандда туғилиб, 333 ҳ.йилда вафот этганлар. Самарқанддаги Чокардиза қабристонига дафн қилинганлар. Ислом динининг олтин асрларида яшаганлар (яъни, 3-4 ҳижрий асрлар, Аббосийлар халифалиги даври, Мовароуннаҳрда Сомонийлар ҳукмронлиги йиллари). У киши Ҳанафий мазҳабида бўлиб, араб тилида ижод қилганлар. Камолиддин Қози Байзовий Имом Мотуридийнинг насаби машҳур саҳобий Абу Айюб ал-Ансорий разияллоҳу анҳуга бориб тақалишини айтиб ўтганлар. Имом Мотуридий “Ҳидоят имоми”, “Ҳидоят байроғи”, “Мусулмонлар ақидасини тўғриловчи” каби бир қанча номлар билан машҳур бўлганлар. У зот бир қанча китоблар таълиф қилганлар, бизгача асосан учта китоблари етиб келган: “Китабут-тавҳид”, “Таъвилоту аҳли сунна” (бу иккиси чоп этилган, ўрганилган), “Китабул мақолот” (қўлёзмаси бор). Аксарият машҳур Ҳанафий уламолар ақида бобида у кишининг йўлидан юришган.

   Имом Абу Мансур Мотуридий – Аҳли сунна вал жамоа эътиқодини нақлий ва ақлий далиллар билан шарҳлашда Ислом оламида ном қозонган зотлардан бири. Турли ботил ақидавий фирқалар кўпайганда у зот саҳобалар, тобеъинлар ва замондошлари бўлган таба тобеъинларнинг соғлом ақидаларини жамлаб, шарҳладилар ва Аҳли сунна ақидасини ҳимоя қилдилар. У зот ва шогирдлари ақидавий мактаб (йўналиш) ташкил қилишди ва у Мотуридия ақидавий мазҳаби деб аталди. Бу ишда Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг қолдирган илмлари ва ижтиҳодларидан кўп фойдаланганлар. Шу сабабли бу ақида мактаби издошларининг кўпчилиги ҳанафийлардир. Ҳозирги кунда дунё мусулмонлар оммасининг ярмидан кўпи Мотуридия ақидавий йўналишига эргашадилар. Қолган ярми эса, Имом Абул Ҳасан ал-Ашъарий ақида мазҳабига эргашадилар ва икки мазҳаб бир бутун бўлиб, Аҳли сунна вал жамоани ташкил этади.  

   Имом Абу Мансур Мотуридийнинг энг машҳур устозлари қуйидаги уламолардир:

  1. Абу Наср Иёзий. У зот ўз даврининг етук олими бўлган.
  2. Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Солиҳ Жузжоний.

Усул ва фуруъ илмларини ўзида жамлаган ва турли илмларда моҳир бўлган олим эдилар.

  1. Муҳаммад ибн Муқотил Розий. Раъй шаҳрининг қозиси.
  2. Нусайр ибн Яҳё.

   Эътиборли жойи шундаки, Имом Абу Мансур Мотуридий икки устоз воситасида Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад силсиласига боғланадилар. Юқорида саналган тўртта устозларидан Муҳаммад ибн Муқотил, Имом Муҳаммаднинг шогирди Абу Мутийъ Ҳакам ибн Абдуллоҳ Балхийдан дарс олганлар. Қолган учта устозлари ҳам Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадларнинг шогирди бўлган Абу Сулаймон ибн Мусо ибн Сулаймон Жузжонийдан дарс олганлар.

   Бу устоз-шогирдлар силсиласи бизга Имом Мотуридийнинг барча устозлари Аҳли сунна ва жамоа уламолари бўлгани ва Ислом уммати эътироф қилган, бир овоздан қабул қилган мужтаҳид олимларга жуда яқин бўлганини кўрсатади.

Имом Абу Мансур Мотуридий ва Имом Абул Ҳасан Ашъарий Аҳли суннатнинг ақоид бобида имоми эканлари ҳақида кўп уламолар таъкидлашган. Жумладан, Имом Ибн Ҳажар Ҳайтамий шундай дейдилар: 

المراد بالسنة ما عليه إماما أهل السنة والجماعة الشيخ أبو الحسن الأشعري وأبو منصور الماتريدي

яъни: “(Аҳли сунна сўзидаги) Суннатдан мақсад – аҳли сунна вал жамоа имомлари Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий тутган йўлдир” (“Аз завожир ан иқтирофил кабоир” китоби).

Машҳур муҳаддис олим Муртазо Зубайдий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:

"إذا أطلق أهل السنة والجماعة فالمراد بهم الأشاعرة والماتريدية"

яъни: “Агар ҳеч қандай қайдларсиз “Аҳли сунна вал жамоа” дейилса Ашъарийлар ва Мотуридийлар тушинилади” (“Итҳафу саадатил муттақин шарҳу иҳёи улумид дин” китоби).

    Аллома Тошкуброзода айтадилар:

ثم اعلم أن رئيس أهل السنة والجماعة في علم الكلام - يعني العقائد - رجلان، أحدهما حنفي والآخر شافعي، أما الحنفي فهو أبو منصور محمد بن محمود الماتريدي، إمام الهدى... وأما الآخر الشافعي فهو شيخ السنة ورئيس الجماعة إمام المتكلمين وناصر سنة سيد المرسلين والذاب عن الدين والساعي في حفظ عقائد المسلمين، أبو الحسن الأشعري البصري

яъни: “Маълум бўлсинки, Аҳли сунна вал жамоанинг  калом илми (яъни, ақоид)даги раислари икки кишидир: Бирлари ҳанафий, бошқалари шофеъий мазҳабида. Ҳанафийлари Абу Мансур Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий бўлиб,  у зот “Имомул Ҳуда” – "Ҳидоят имоми" деган ном қозонган. Шофеъийлари “Суннат шайхи”, “Жамоат раиси”, “Мутакаллимлар имоми”, “Пайғамбарлар саййиди суннатларига ёрдам берувчи”, “Дин ҳимоячиси”, “Мусулмонлар ақидасини сақлашга ҳаракат қилувчи” Абул Ҳасан Ашъарий Басрийдир” (“Мифтаҳус саода” китоби).

     Имом Муҳаммад Зоҳид Кавсарий айтадилар:

"فالأشعري والماتريدي هما إماما أهل السنة والجماعة في مشارق الأرض ومغاربها، لهم كتب لا تحصى،

وغالب ما وقع بين هذين الإمامين من الخلاف من قبيل الخلاف اللفظي

яъни: “Имом Ашъарий ва Имом Мотуридий машриқу ва мағрибда Аҳли сунна вал жамоа имомларидир. Уларнинг кўп сонли китоблари бор. Улар ўртасидаги аксарият ихтилофлар лафзийдир”.

Хулоса, Имом Мотуридийнинг илмий салоҳияти жуда юқори бўлиб, барча уламолар бир овоздан Аҳли сунна вал жамоанинг имоми деб эътироф этишган. У зот динимизнинг соф манбалари саҳобалар, тобеъинлар ва таба тобеъинларга жуда яқин даврда яшашган ва уларнинг илмларидан баракали фойдаланганлар.

Жорий йил 3-5 март кунлари Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро конференция ўтказилиши режалаштирилмоқда. Ушбу халқаро конференциядан мақсад Буюк аждодимиз, Ислом оламининг фахри Имом Мотуридий раҳматуллоҳ алайҳнинг илмий меросларини янада чуқур ўрганиш, мотуридийлик йўналишининг бузғунчи оқимларга қарши моҳиятини очиб бериш ҳамда Ўзбекистоннинг “Буюк алломалар юрти” сифатидаги тарихий мақомини жаҳон миқёсида кенг тарғиб этишга қаратилган.

Конференцияда Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Таййиб ҳафизаҳуллоҳ, шунингдек, дунёнинг турли мамлакатларидан кўзга кўринган уламолар иштирок этиши кутилмоқда.

Аллоҳ таоло Имом Абу Мансур Мотуридий ҳазратларини Ўз раҳматига олсин! У зотнинг илмий меросларини ўрганишни аввало ўзимизга ва авлодларимизга насиб этсин! Зирриётларимиздан бу зотга ўхшаган “Имамул ҳуда” – Ҳидоят имомларини чиқишини насиб айласин!   

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА мавзусида бўлади.

 

Хабар берганимиздек бугун, 25 феврал куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллиги навбатдаги йиғилишни сайёр тарзида Ургут туманида ўтказишини режалаштирган эди. Ушбу сайёр йиғилишга вилоятдаги барча шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, Ургут туманида фаолият юритаётган 61 та масжид имом-хатиб ва имом ноиблари жалб этилди.

Дастлаб имом-хатиблар гуруҳларга бўлинган ҳолда Ургут туманида жойлашган масжидларнинг фаолияти билан танишдилар, таълим масканлари, маҳалла ва корхоналарда бўлиб, аҳоли билан учрашувлар, жойлардаги қабристон, бозорлар фаолияти билан танишдилар. Кузатувчи мақомида туманга ташриф буюрган имом-хатиблар жойлардаги масжидларда пешин намозини адо этиб, жамоат билан ҳозирги ислоҳотлар, шукроналик фазилати каби мавзуларда суҳбатлар уюштирди.

Куннинг иккинчи ярмида тадбир иштирокчилари йиғилиб, масжидлар фаолиятини ўрганиш бўйича хулосалар қилинди. Аниқланган камчиликлар бўйича кўрсатма ва тавсиялар берилди. Шунингдек, Муборак Рамозон ойига тайёргарлик, масжидларда ҳужжатларни тартибли юритиш, масжидларнинг йиллик ишрежасида белгиланган вазифаларни бажарилишини таъминлаш каби масалалар муҳокама қилинди.

Шундан сўнг йиғилиш қатнашчилари учун Ургут туманининг марказида бино этилаётган “Чўбин” жоме масжидининг янги биносига саёҳат уюштирилди. Масжидда ҳозирги вақтда пардоздаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. Рамазон ойи кунларида намозхонлар ихтиёрига топширилиши кутилмоқда. Меҳмонлар ушбу байтнинг бино эитилишига ҳисса қўшган, бош-қош бўлганлар ҳамда қўли гул устоларнинг ҳақларига дуои хайрлар қилдидилар.

 

 

 ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати

الثلاثاء, 25 شباط/فبراير 2020 00:00

Савоб амалларга шошилайлик!

Савоб арабча бўлиб, яхшилик, эзгулик деганидир. Бу сўз эътиқодимизга кўра, Аллоҳнинг марҳаматига лойиқ иш ва шундай иш учун Аллоҳнинг марҳаматига сазовор бўлишдир. Инсоннинг хатти-ҳаракати ва фаолияти яхшилик ва ёмонликдан иборат бўлиб, бу динимизда савоб ва гуноҳ деб аталади. Динимиз кўрсатмаларини бажариш, инсон манфаати йўлида фаолият кўрсатиш кабилар савоб амаллар ҳисобланади. Инсоннинг номаи аъмолига икки фаришта воситаси билан ёзиб борилади. Охиратда инсонларнинг савоб ва гуноҳлари тарозида тортилиб, натижалар Аллоҳнинг ҳукмига ҳавола этилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни хайрли ишларни қилишга қизиқтирар ва бу борада ўзлари уларга намуна эдилар. Демакки, ҳар бир мўмин солиҳ бўлиши ва солиҳлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат неъматларига эришиш учун хайрли амалларни қилишга шошилиши лозим.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактабларида тарбияланган саҳобалар буни яхши англаб етган эдилар. Шунинг учун савоб амалларни қилиш борасида ўзаро мусобақалашар эдилар. Агар биродарларидан орқада қолишса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб ўзиб кетиш йўлларини сўраб олардилар.

Қаранга, хайрли ва савоб амалларни қилишга интилган саҳобалар уй қуриш, дабдабали ҳаёт ёки бошқа нарсаларда мусобоқалашмас эдилар. Улар савоб амалларни қилишда ким ўзарга киришиб кетар эдилар.

Биз қандай савобли ишларни қилсак Аллоҳга манзур бўлади. Бундай савобли ишлар қаторида қуйдагиларни айтишимиз мумкин:

  • Аллоҳ буюрган ишларни қилиш ва қайтарган ишларидан тийилишлик;
  • Тўғри сўз бўлиш;
  • Ёлғон гапирмаслик;
  • Бир-биридан аразлашган одамларни яраштириб қўйиш;
  • Касални бориб кўриш;
  • Қўшнисига яхшилик қилиш;
  • Бировни оғирини енгиллатиш;
  • Қийналганларга қарз бериш;
  • Мискин ва бечораларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш;
  • Ота-она хизматини қилиш;
  • Адашганга тўғри йўл кўрсатиш;
  • Касб-корни ҳалол қилиш, бировни ҳаққига хиёнат қилмаслик;
  • Салом бериш;
  • Бировларнинг айбини кечириш;
  • Аҳли аёлига ёрдамлашиш;
  • Фарзандларни тўғри тарбиялаш ва уларга илм ўргатиш;
  • Ҳашарларда иштирок этиш;
  • Тинчлик йўлида хизмат қилиш;
  • Одамларга манфаати тегадиган ишлар қилиш;
  • Хайрли ишлар жуда кўп. Фақат бу ишларни қилишда савоб умидида холис бўлиш энг муҳим шарт ҳисобланади.

Нурилло Джамaлов

Наманган шаҳридаги “Яхёхон тўра” жоме масжиди имом хатиби.

الثلاثاء, 25 شباط/فبراير 2020 00:00

Экстремизм – эзгуликлар кушандаси

Ҳушёрлик – давр талаби

Кейинги йилларда, афсуски, экстремизм чуқур илдиз отаётган мудҳиш иллат сифатида дунё ҳамжамиятини ташвишга солмоқда. Жаҳоннинг турли бурчакларида экстремистик ўчоқлар ва ташкилотлар пайдо бўлиб, мутаассиб аъзолари томонидан ақл бовар қилмас жиноятлар содир этилмоқда.

Экстремистларнинг асосий мақсади бирор-бир давлатда ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқариб, амалдаги тузумни ўзгартириш, ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаш, миллий, ирқий, этник ва диний адоват қўзғатиш, маънавиятини емириш, моддий бойликларини талаш, қурол-яроғ ва наркотиклар савдосини кучайтиришдир.

“Экстремизм” тушунчаси Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда қайта-қайта келган “ғулув”, “туғён”, “ҳаддан ошиш” каби сўзлар билан ҳамоҳанг бўлиб, динимиз таълимотида уларнинг барчаси қаттиқ қораланган. Масалан, Қуръони каримда Аллоҳ таоло бандаларини ғулувдан қайтариб, бундай огоҳлантиради: «Эй аҳли китоблар! (Исони илоҳийлаштириб) динингизда ҳаддан ошиб кетмангиз! Аллоҳ (шаъни)га эса фақат ҳақ (гап)ни айтингиз!..» (Нисо сураси, 171-оят). Бошқа ояти карима­да: “Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!” (Моида сураси, 77-оят), деб амр қилинган.

Муқаддас динимизда яккаю ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишга буюрилиб, бирдамликка чақирилади. Динда ғулувга кетиш, ҳаддан ошиш ихтилофга, гуруҳбозликка, ақиданинг бузилишига олиб келади. Тарихда пайдо бўлган равофиз, хавориж, мўътазила ва бошқа тоифаларнинг юзага келиши, асосан, динда ғулувга кетишнинг оқибатидир. Ғулув машаққат бўлгани боис одамлар тўғри йўлдан озиб, диндан нафратланиб, безиб қоладилар. Охир-оқибат шариатда буюрилган амалларни бажаришдан қониқиш ҳосил қилмай, ўзўзига машаққат туғдирадиган янги бидъат амалларни ўйлаб топиши ва динни машаққатдан иборат қилиб кўрсатишга сабаб бўладилар. Бу эса Ислом динининг мўътадиллик ва енгилликка чақирувчи, машаққат ва қийинчиликларни бартараф этишга асосланган таълимотларига зиддир. Зеро, енгиллик бериш Исломнинг асосий шиорларидан биридир.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Осонлаштиринг, асло қийинлаштирманг. Башорат беринг, ҳеч ҳам нафратлантирманг”, дейилган.

Ислом дини фасодга қарши курашиб, ошкора ва ботиний фитналардан қайтарган. Аъроф сурасининг 56-оятида: «Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз!» деб амр этилган.

Муфассирлар ушбу оят тафсирида “арз”, яъни “ер” сўзи, араб қоидаларига кўра, алифлом билан келгани учун муайян бир жойга – Мадина шаҳрига далолат қилади, дейишади. Шунда оятнинг мазмуни: “Мадина шаҳри ислоҳ қилинганидан кейин у ерда фасод ишларни қилманг”, бўлади. Мадина – Ер юзидаги кичкина шаҳар. Мана шу жойда ҳам фасод қилмасликка буюриляпти. Модомики, кичик шаҳарда фасодга чек қўйилмас экан, худди учқун бутун бошли ўрмоннинг кулини кўкка совурганидек, фасод ишлар – экстремизм, терроризм ҳам Ер юзини вайрон қилади.

Ҳозирги кунда айрим давлатларда ғулувга кетган, қўли қонга ботган бир қанча экстремистик гуруҳлар фаолият олиб бораётгани сир эмас. Ғарб мамлакатларининг баъзи оммавий ахборот воситалари ушбу экстремистик гуруҳларнинг қўпорувчилик ҳаракатларини Ислом дини билан боғлашга уринмоқдалар. Ваҳоланки, Ислом дини экстремизмни, терроризмни қаттиқ қоралайди, лаънатлайди. Динимиз экстремизмга қарши курашни ўн беш аср олдин бошлаган. Исломнинг мўътадил дин экани унинг ҳар қандай экстремизмга, хунрезликка қаршилигининг яққол исботидир.

Турли экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган кимсаларнинг гумроҳлиги шундаки, кўр кўрни қоронғида топибди деганидай, улар фақат ўзларига ўхшаш кишиларнинг гапларига ишонишади. Самимий насиҳат қилиб, тўғри йўлни кўрсатган олимлар у ёқда турсин, баъзан айримлари ота-онаси, акасини ҳам тан олмайди. Булар ҳақида Қуръони каримда: «Парвардигорининг оятлари билан насиҳат қилингани­дан сўнг, улардан юз ўгирган кимсадан кўра ким ҳам золимроқдир?! Албатта, Биз (ундай) жиноятчилардан (дунё ва охиратда) интиқом олувчидирмиз» (Сажда сураси, 22-оят), деб марҳамат қилинган.

Шукрки, бағрикенг юртда яшаяпмиз. Мамлакатимизда шонли саналар, байрамлар муносабати билан адашиб турли экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолиб, озодликдан маҳрум этилган, айни пайтда қил­мишига чин пушаймон бўлиб, бутунлай тузалиш йўлига ўтган фуқароларни афв этиш тўғрисида муҳтарам Президентимизнинг фармонлари эълон қилиняпти.

Ибн Аббос розияллоҳу ан­ҳумо муаззам Каъба деворига суяниб бундай деганлар: “Эй Каъба! Аллоҳнинг наздида ҳурматинг баланд. Лекин агар сени етти марта бузиб вайрон қилганимда ҳам бир мусулмонга озор берганимчалик ёмон иш қилмаган бўлар эдим”.

Видолашув ҳажида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, қонингиз, молингиз ва обрўйингиз бир-биринизга худди бугунги кундай, шу шаҳардай ва шу ойдай ҳаромдир” (Имом Муслим ривояти), деб огоҳлантирганлар. .

Ибн Ҳажар Асқалоний ушбу ҳадис шарҳида: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни қадри, улуғлиги, азизлиги, ҳурмати аён бўлган нарсалар: Қурбон ҳайити, Макка шаҳри ва муҳаррам ойи каби ўзаро молларини, жонларини ва обрўларни ҳурмат қилишга даъват қилдилар”, деб таъкидлайди. .

Имом Шотибий “Муваффақот” китобида ёзишича, барча самовий динлар каби Ислом ҳам беш нарсани – нафс, жон, мол, ақл ва нас­лу насабни ҳимоясига олган. Экстремист ва уларнинг ҳо­мийлари эса гуруҳлар шу нарсаларнинг ҳаммасига қарши уруш эълон қилиб, ақидани ҳам, иқтисодни ҳам, жамиятдаги ижтимоий муносабатларни, тинчлик-тотувлик, ҳам­жиҳатликни ҳам бузиш пайида бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, биз ёшларнинг онгу шуурини ҳар қандай зарарли мафкуралардан, ғоялардан ҳимоя қила олсак, одамларга бугунги тинч ва осуда ҳаётнинг қадрига етишни ўртага олсак, дунёнинг айрим минтақаларида кузатилаётган урушлар, қонли тўқнашувлар, вайронагарчиликлар, дин ниқоби остида содир этилаётган ваҳшиёна ҳаракатлардан огоҳ эта олсак, динимизни, юртимизни турли бузғунчи кучлар адоватидан сақлаган бўламиз. Зеро, зарарни даф этиш фойдани жалб қилишдан муқаддамдир.

 

Азизхўжа ИНОЯТОВ,

Бухоро вилоятидаги «Чор-Бакр» жоме масжиди имом-хатиби

Видеолавҳалар

Top