muslim.uz

muslim.uz

الثلاثاء, 12 تشرين2/نوفمبر 2019 00:00

Ўзбекистонлик имомлар Қозоғистонда

11 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан ўзбекистонлик имомлардан иборат делегация Қозоғистонга жўнаб кетди. Ушбу делегация аъзолари қўшни мамлакатда 15 ноябрга қадар бўладилар.

Куни кеча Қозоғистон Республикаси Туркистон шаҳри бош имом-хатиби Юсуфбек Қасимбеков Ўзбекистон делегацияси вакилларини кутиб олди. Пешин намози Туркистон шаҳридаги "Интимоқ" жоме масжидида, шом намози "Туркистон" жоме масжидида ҳамда ҳуфтон намози "Жума" жоме масжидида адо этилди.

Ҳар бир масжидда вакилларимиз Ислом маърифати, динимиз софлигини асраш ва бузғунчи ғояларга қарши кураш бўйича мавъизалар қилдилар. Сафар тафсилотлари билан muslim.uz портали ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида танишинг.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Дарҳақиқат, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп зикр қиладиганлар учун Аллоҳнинг Расулида гўзал ўрнак бордир” (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Мусулмон одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганар экан, у ўзи учун  ҳаётнинг барча жабҳаларидаги фаолиятида энг олий даражадаги одоб-ахлоқ намунасини кўради. Шу боис, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ҳақиқий уммат бўлишни истаган одам, у зотнинг ҳаётларини ўрганиши ва ўзи учун  намуна қилиб олиши лозим бўлади.

Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун инсоният учун, хусусан, мўмин-мусулмонлар учун энг олий ўрнакдирлар. Мана шу ҳақиқатдан келиб чиқиб, Ислом уммати қадимдан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳаётларини атрофлича, қунт билан ўрганиб, ўргатиб келган. Саҳобаи киромлар у зот алайҳиссаломнинг ҳар бир сўзу амалларини, ҳаракату ҳолатларини диққат билан кузатиб, ёдлаб борганлар ва ўзларидан кейинги авлодларга бекаму кўст етказганлар. Уларнинг нақлларини қоғозга тушириш натижасида ҳадис китоблари, сийрат асарлари вужудга келган.

Ҳижрий тўртинчи-бешинчи асрларга келиб, кишиларда илмга бўлган рағбат ва муносабатлардаги ўзгаришларни сезган айрим уламоларимиз мусулмонларнинг амирлари кўпчилик билан ўзаро маслаҳатлашган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахслари ва ҳаётларини, суннатлари ва сийратларини яхшироқ ўрганиш ва халққа етказиш мақсадида у зот таваллуд топган рабиъул-аввал ойини сийратни ўрганиш мавсуми ўлароқ ўтказишни йўлга қўйганлар. Шундай қилиб, бу ойни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхшироқ таниш, одамларнинг у зот ҳақларидаги билимларини ошириш, муҳаббатларини сайқаллаш маъносидаги бир маърифий ойга айлантирганлар. Бунинг учун турли кўринишдаги мавлид маросимларини ташкил қилганлар. Бу иш бугунги кунгача бутун Ислом оламида анъана сифатида давом этиб келмоқда.

Мавлид муносабати билан қилинадиган йиғинлар икки хил шаклда тус олган. Баъзи бир жойларда бу тадбир байрамона кайфиятда, шодлик изҳор қилиш, совғалар улашиш, наът ва нашидлар куйлаш каби ишлар билан ўтказилади. Иккинчиси эса илмий анжуман шаклида ўтказиладиган мавлид йиғинларидир. Булар мавлид ойини сийратни ўрганиш мавсуми сифатида ўтказишга қаратилган тадбирлардир. Бугунги кунда ҳар иккала усулни жамлаган ҳолда мавлид йиғинлари қилиш ҳам кенг ёйилган.

Инсоният тарихидаги энг фасоҳатли, балоғатли ва олиймақом шеърий асарлар “Мадийҳун-Набий” – “Набийнинг мадҳи” дея аталган, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мадҳларида ёзилган шеърлардир. Мусулмон халқларнинг шоирлари ўзлари ва элатларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатларини у зотнинг мадҳларида битган шеърларида намойиш этганлар. Уларнинг энг сара шеърлари ҳам айнан шу мавзуда бўлган. Бу буюк уммон тинимсиз равишда янги-янги “Зилол сувлар” – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мадҳларида битилган шеърлар, қасидалар билан тўлиб келмоқда. Бу асарларнинг ҳар бири Набиюллоҳга бўлган муҳаббатнинг рамзи ва намунаси ҳамдир.

Бугунги кунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган муборак кунларини нишонлаш ва у зотнинг сийрати санияларини ўқиб-ўрганиш ва эшитиш билан бирга, бутун оламга раҳмат этиб юборилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт тарзлари, хулқ-ободларидан ўрнак олиб яшамоқлигимиз керак. Юртимиз равнақи ва тараққиёти, халқимизнинг тинч ва осойишталиги йўлида баракали меҳнат қилишимизда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал одоб ахлоқлари, илм олишга тарғиботлари, хайр-у саҳоватлари, инсонийлик фазилатлари бизларга ҳамиша илҳом бериши лозим.

Бутун дунёда бўлганидек, диёримиз мусулмонлари орасида ҳам қадимдан мавлид кунини байрам қилиш одат тусига кирган. Шу муносабат билан робиъул аввал ойи келгач, барча жоме масжидларимизда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари, юксак одоб-ахлоқлари ва олий фазилатлари ҳақида мавъизалар қилинади, мавлиди шарифлар ўқилади.

Бу каби хайрли тадбирларнинг ўсиб келаётган ёш авлодни гўзал ахлоққа йўғрилган азалий қадриятларимиз руҳида тарбиялашда, уларнинг маънан баркамол бўлиб етишишларидаги аҳамиятлари беқиёсдир.

Албатта, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга уммат бўлиш айни пайтда сизу бизларнинг зиммамизга масъулият ҳам юклайди. Бу масъулият у зот келтирган динни мусаффолигини сақлаб, келажак авлодга омонат билан етказиш, турли хилдаги бидъат ва хурофотларга берилмай, бузуқ эътиқодларга эргашмай, аксинча, адашганларни тўғри йўлга солиб, чин мўмин-мусулмон бўлиб яшашдан иборатдир.

Ҳусниддин ТУРСУНЗОДА,

Фарғона шаҳар “Янги чек” масжиди имом-ноиби

الثلاثاء, 12 تشرين2/نوفمبر 2019 00:00

Фитнанинг энг каттаси

Ҳазрати Умар Ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу шундай деганлар: Аллоҳ таоло юртларни ватан муҳаббати ила обод қилди. Агар, Ватан муҳаббати бўлмаганида юртлар хароб бўларди.

Аслида, заминдаги барча юртлар Аллоҳнинг инояти ила обод бўлади, фақатгина шу юртнинг халқи, одамлари қалбида ўз “УЙ”ларига нисбатан яхшилик, муҳаббат бўлса бас. Агар бунинг акси бўлса – юртни севадиган фарзандлар бўлмаса унда у ерга мусибатлар йоғилади. Тарих ҳам бугунги кун ҳам бунга гувоҳ. Айни кунларда бутун бошли давлатларнинг парчаланиб, жанг майдонига айланаётганининг бош сабаби ҳам ўша мамлакат аҳлининг ватанига нисбатан муҳаббати озлигидадаир, эҳтимол. Чунки, оиласини, юртини севган инсон уни вайрон бўлишига олиб келадиган турли фитналарга учмайди. Иғволарни тингламайди, бўхтонларга қўшилмайди, ёлғонларни қабул қилмайди, аксинча, агар оиласи – ватанида камчилик, нуқсон пайдо бўлса уни бартараф этишга, уни ривожлантиришга, тинчлик чамани бўлишига, оиладошлари, ватандошлари ҳамжиҳатликда яшашлари учун, дунёнинг энг бахтли оилалари жам бўлган юртга айланиши учун жидду-жаҳт билан ҳаракат қилади. Уни асраб авайлайди.

Бугун, ижтимоий тармоқларда ин қурган бир гуруҳ ёвуз ниятли нусхалар олислардан туриб ўз оиласи – ватанига қарши турли фитналар уюштириб, иғво-ю бўхтонларни тарқатишмоқда. Бу манфур кимсалар тарихда ҳам бўлишган, бугун ҳам бор, келажакда ҳам бўлади. Чунки, уларнинг онгларини шайтон бошқаради. Улар фитна қилмаса, уруш-жанжал чиқармаса дунё кўзларига қоронғу бўлиб кетади. Фитнакорлар учун ватан, оила, инсонлар шани ва қадри деган тушунчалар мутлақо бегонадир.

Энг аянчлиси, бузғунчиларнинг аксарияти динни ўзларига ниқоб қилиб, Исломнинг номидан гапириб халқни тўғри йўлдан адаштириш пайида юрибди. Улар учун инсонларнинг жони ва моли қадрсиз. Улар моддий манфаат учун ҳеч қандай айбсиз, асоссиз равишда инсонларнинг, гўдакларнинг умрларига зомин бўлиб қотилга айланишмоқда.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, токи одамлар бошига қотил нима учун қатл қилганини ва мақтул нима учун қатл қилинганини англамайдиган кун келмагунича бу дунё кетмас”, дедилар.
“Эй Аллоҳнинг расули Ул қандоқ бўлур?” дейилди.
“Ҳараж. Қотил ҳам, мақтул ҳам дўзахдадир”, дедилар”.

Шарҳ: Ҳараж-фитна ва одам ўлдиришнинг кўплиги.
Қиёматнинг аломатларидан бири одам ўлдиришнинг кўпайиши ва одам ўлдирган одам нима учун ўлдирганини ва ўлдирилган одам ҳам нима учун ўлдирилганини била олмай қоладиган ҳолатнинг пайдо бўлиши экан.

Бу юрт, бу тупроқ Аллоҳ таолонинг бизга инъом этган улуғ неъматларидандир. Бу неъматга шукр қилиш уни обод қилиш билан, уни турли фитналардан асраш билан амалга оширилади. 

Саидаброр Умаров тайёрлади

 

 

الثلاثاء, 12 تشرين2/نوفمبر 2019 00:00

Нега расмингни қўяверасан?

Ҳозир кўпчилик ёшлар телефонига термулган. Бошини кўтарай демайди. Доимо ёнида олиб юради. Уйғонса, аввал телефонига қарайди. Уйқуга ётганда ҳам телефонига тикилиб ухлаб қолади. Бир таниш йигит бор. У ҳам кўпчилик қатори телефон шайдоси. Қаерга борса, нима иш қилса, нима еса, нима ичса, кимлар билан ўтирса, ҳаммасини расмга олиб, интернетга жойларди. Агар ўша йигитга: 

“Ука китоб ҳам ўқиб тур. Доим телефонга термулиб ўтирасан. Нуқул селфи қилиб, расмингни қўяверасан. Вақт, умр ғанимат. Буни совурма” десам, нима деб жавоб бериши мумкин, буни аниқ билмаймиз. Тахмин қилиб кўрамиз.

Бироз уялиб, хижолат бўлиб, “Фойдали маълумотларни телефонда ўқийман. Расм қўйгим келаверади-да. Қаерда юрганимни, нима қилаётганимни, нима еб ўтирганимни қўйиш одат бўлиб қолган” деб ёки шунга ўхшаш маънода жавоб берса керак.

Мен яна ундан: “Китобнинг ўзидан ўқиган бошқа. Устозларимиз айтишганки, китобнинг муқовасини ушлаб, аста очиб, қўлинг билан варақлаб-варақлаб ўқиганинг бошқа. Унинг таъсири ҳам бошқача бўлади. Бундан ташқари сен еб ўтирган овқатни ея олмайдиганлар бор. Шуни ўйласанг бўлмайдими?!” деб сўрасам, у “Хўп, энди ўзимнинг расмларимни камроқ қўйиб, кўпроқ китоб ўқишга ҳаракат қиламан” деб ёки шунга ўхшаш маънода жавоб берса керак.

Охирида мен унга: “Ўқигин! Кўпроқ Қуръон ўқигин!” дейман. У эса “Хўп бўлади, раҳмат” деб айтса керак.

Азизлар, вақтимизнинг қадрига етайлик. Бу умр чегараланган. Бир кун тугайди. Ҳар бир дақиқамиздан савоб олишни йўлга қўяйлик. Бунинг учун аввало қиладиган ишимиз шариатга мувофиқ бўлсин. Кейин ўша ишни бажаришимиздан олдин ниятимизни чиройли қилиб олайлик!

Зеро, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

“Қиёмат куни то тўрт нарса ҳақида сўралмагунича банданинг қадами жойидан силжимайди:

1) Умрини қандай ўтказгани ҳақида;

2) Ёшлигидан қандай фойдалангани ҳақида;

3) Молини қаердан топиб, қаерга сарф қилгани тўғрисида;

4) Билган нарсасига қанчалик амал қилгани тўғрисида”.

Аллоҳ таоло бизни вақтнинг қадрига етиб, ундан унумли фойдаланадиган бандаларидан қилсин!

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

12 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Озарбайжон пойтахтида бўлиб ўтадиган “Иккинчи Боку дунё диний етакчиларининг саммити” ва унинг доирасидаги тадбирларда иштирок этиш учун жўнаб кетдилар.
2019 йилнинг 14–15 ноябрь кунлари Боку шаҳрида Иккинчи Боку дунё диний етакчиларининг саммити ҳамда шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода табаррук 70 ёшга тўлиши ва шайхулисломлик фаолиятининг 40 йиллиги муносабати билан маърифий тадбирлар бўлиб ўтади.
Тадбирларда дунёнинг турли мамлакатларидан келган таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, профессор-олимлар, етук экспертлар, давлат ва дин арбоблари ҳамда турли конфессия етакчилари иштирок этади.
Мазкур халқаро нуфузли тадбирда муҳокама қилинган масалалар сайтимиз орқали ёритиб борилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top