Дунё янгиликлари

Жиддада “Ўзбекистон – алломалар юрти: Имом Бухорий ватанига саёҳат” китоби тақдимоти ўтказилди

Жидда шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонаси Саудия Арабистонидаги “Masic Holding” инвестицион компаниясида мамлакатимизнинг инвестициявий салоҳиятига бағишланган тадбир ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Саудиялик ишбилармонлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда ёзувчилар қатнашган ушбу тадбирда Бош консулхона томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, иқтисодиётни либераллаштириш ва ташқи савдони ривожлантириш йўлидаги ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун мамлакатимизда яратилган қулайликлар, республикадаги инвестицион ва туристик муҳитнинг жозибадорлиги, амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг ижобий натижалари ҳамда республикадаги эркин иқтисодий ҳудудлар фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.

Шунингдек, тадбир иштирокчиларига Ўзбекистонда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, республикада меҳмонхона хўжалигини такомиллаштириш доирасида хорижий инвесторларга яратилаётган шароитлар ва имтиёзлар ҳақида ҳам сўзлаб берилди.

Анжуман доирасида Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчиси Юсуф ал-Утайбий икки томонлама муносабатлар ҳақида ўз фикрларини баён қилди. Дипломатнинг таъкидлашича, Саудия Арабистони инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳнинг Ўзбекистонга 2021 йил январь ойидаги ташрифидан сўнг ўзаро ҳамкорлик муносабатлари ривожи янада фаоллашди.

Подшоҳликнинг йирик компанияси бўлмиш “Acwa Power” ҳам Ўзбекистон ҳудудларида электростанцияларни барпо этиш учун 2,4 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги инвестициялар киритмоқда. Шунингдек, икки давлат компаниялари ўртасида фармацевтика, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳам ҳамкорлик ўрнатилмоқда.

Юсуф ал-Утайбининг сўзларига кўра, ислом олами ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк уламолар, хусусан, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Маҳмуд Замахшарий каби мутаффаккир олимлар Ўзбекистон заминидан етишиб чиққанини инобатга олиб, ушбу илмий меросни ўрганиш юзасидан икки давлат олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик мустаҳкамланиб бормоқда.

Тадбир доирасида “Ўзбекистон... Алломалар юрти: Имом Бухорий ватанига саёҳат” номли араб тилидаги китобнинг тақдимоти ўтказилди. Йиғилганларга ушбу китоб ҳақида батафсил маълумот берилди. Китобда республикамиздаги тарихий қадамжолар, диний-маърифий масканлар, табиат манзаралари, ўзбек халқининг урф-одатлари, миллий таомлари ва мевалари ҳақида ҳам батафсил ҳикоя қилингани қайд этилди.

Шу ўринда муаллиф Абдулазиз Қосим мазкур китобнинг ёзилиш тарихи ва унинг мазмун-моҳияти, умуман олганда Ўзбекистоннинг инвестицион ва туристик салоҳияти ҳақида батафсил сўзлаб берди.

Тадбир якунида саудиялик йирик тадбиркорлар ва инвесторлар Ўзбекистонда турли лойиҳаларни амалга оширишга ва сармоялар киритишга чақирилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1039 times

Янгиликлар

Top