Ўзбекистон янгиликлари

Буюк алломаларимизнинг беназир хизмати

Ўзбекистон замини қадимдан буюк алломаларга бешик бўлган. Бу юртдан етишиб чиққан мутафаккирлар билан ҳақли равишда фахрланамиз. Уларнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини бутун дунё эътироф этади.

Пойтахтимиздаги “Ракат” жоме масжидида “Марказий Осиё алломаларининг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси” мавзусида имом ноиблар учун навбатдаги маънавият соати бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Ислом тарихи ва манбашунослиги IRCICA” кафедраси мудири, тарих фанлари доктори Неъматулло Муҳамедов иштирок этиб, “Марказий Осиё алломаларининг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси” мавзусида маъруза қилди.

Тадбирда, шунингдек, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳор домла Юнусов иштирок этди ва мавзуга доир ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди.


– Юртимиз қадим цивилизация чорраҳаси бўлибгина қолмай, илм-фан, санъат, адабиёт намуналарининг асоси ва бешиги бўлиб, қадимги ва замонавий оламнинг маданий хилма-хиллиги билан ажралиб туради, – дейди Неъматулло Муҳамедов. – Ислом тарихида цивилизация марказлари кўп бўлган. Бунинг натижасида ушбу заминлардан кўплаб олиму уламолар етишиб чиқди. Мисол учун, астрономияда Абу Райҳон Беруний, тиббиётда Абу Али ибн Сино, фалсафада Абу Наср Форобий, математикада ал-Хоразмий ва шунингдек, ҳадис, фиқҳ, шариат илмлари бўйича уламолар камол топди. Илм-фаннинг ривожланиши ўрта асрлардаги Уйғониш даври асоси бўлди. Инсоният тамаддунига улкан ҳисса қўшган бу зотлар ҳақида ҳар қанча гапирсак оз.

Маънавият соати сўнгида имом ноибларининг саволларига жавоб қайтарилди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги ахборот хизмати

Read 978 times

Янгиликлар

Top