Ўзбекистон янгиликлари

Фуқаролар мурожаати ижобий ҳал бўлганидан мамнун

Бугун, 16 август чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари юртимизнинг турли ҳудудларидан келган фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаатларини ижобий ҳал этиш чора-тадбирларини кўрдилар.

Қабул жараёнида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Самарқанд, Тошкент, Фарғона, Жиззах, Қашқадарё, вилоятлари ва Тошкент шаҳридан келган фуқароларнинг масжидлар ҳолати, имом-хатиб ва отинойилар фаолияти, оилавий масалалар, диний таълим ҳамда моддий ёрдам олиш юзасидан мурожаатлари кўриб чиқилди.

Оилавий муносабатларда келганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди. Жумладан, бир фуқаронинг бемор фарзандининг муолажаси ва дори-дармони учун моддий ёрдам берилди. Шунингдек, Қорқалпоғистон давлат университетида таҳсил олувчи кам таъминланган талабанинг шартнома пулининг бир қисми тўлаб берилди. Яна бир ёлғиз онага кундалик эҳтиёжлари учун моддий кўмак кўрсатилди. Қайд этиш керакки, моддий ёрдамлар тегишли ҳужжатлар асосида ўрнатилган тартиб-қоида асосида тақдим этилди.

Қувонарлиси, Муфтий ҳазратлари бошчиликларидаги имом-хатиблар қабулидан мамнун эканларини ҳам изҳор этиб, ўз миннатдорликларини билдирдилар. Хусусан, олдин қабулга келган бир фуқаро мурожаатига биноан уйи таъмирланиб, қиш ва ёз ойларида истиқомат қилиш учун барча шароитлар ҳозирланганини айтиб, ўз миннатдорлигини изҳор этди.

Дарҳақиқат, бировнинг дардини енгиллатиш, унинг ташвишлари осонгина бартараф этилишига ҳисса қўшиш – савоби улуғ амал. Чунончи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "... Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади", деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ана шу набавий таълимотга асосан бугун Шайх ҳазратлари мутасаддилар билан бирга турли масалалар билан мурожаат қилган кишиларнинг ташвишлари аришига кўмаклашдилар. Илиқ кутиб олинган фуқаролар мутасаддилардан мамнун бўлиб, мурожаатлари ижобий ечим топганидан мамнун ҳолда қайтдилар.

Мазкур қабул жараёнлари Муфтий ҳазратларининг ташаббуслари билан мамлакатимиздаги барча жоме масжидларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1031 times

Янгиликлар

Top