muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 6 февраль куни Урганч шаҳрида диний соҳа ходимлари иштирокида аҳоли орасида юқумли касалликларни олдини олиш ва эмлашнинг аҳамиятига бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди. Унда UNICEF жамғармасининг мутасадди вакиллари, Диний идора ва Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходимлари, Қорақолпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиб ҳамда отинойилар иштирок этди.

Мазкур семинар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита ва БМТ UNICEF жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ўқув-семинар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар домла Камолов Исломда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва эмлаш масаласи ҳақида маъруза қилиб, динимизда инсон саломатлигини асрашга алоҳида эътибор берилиши ҳамда тиб илмида пешқадам бўлган мусулмон олимлари юқумли касалликларга қарши эмлашни тиббиётга биринчи бўлиб олиб киргани таъкидлади.

У нутқи давомида бугун аҳоли саломатлигини сақлаш нафақат тиббиёт ходимлари, балки жамиятдаги барчани бурчи эканини таъкидлади. Шунингдек, бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, хусусан, юқумли касалликлардан сақланиш борасида динимиз кўрсатмаларини аҳолига етказиш билан бирга, шифокор маслаҳатига риоя қилиш лозимлиги борасида ҳам тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилаётганини қайд этди.

Шунингдек, тадбирда UNICEF жамғармаси, Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари ва соҳа мутахассислари ҳам маъруза қилишди.

Маълумот ўрнида, UNICEF Ўзбекистонда 1994 йилдан буён самарали фаолият юритиб келади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини қондиришга кўмаклашиш ва салоҳиятларини ҳар томонлама ривожлантириш масалалари UNICEFга тақдим этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита ва БМТ UNICEF жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида ушбу йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида Англашув Меморандуми имзоланган эди.

Бугунги семинар ҳам мазкур Меморандумда белгиланган ҳамкорлик доирасида ташкил этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

الأحد, 05 شباط/فبراير 2023 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти мудир ўринбосари Музаффар домла Қосимовнинг волидаи муҳтарамалари вафоти муносабати билан марҳумнинг яқинларига чуқур таъзия билдиради.

Аллоҳ таоло марҳум онахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.

Ҳақ таоло марҳумнинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳум онахоннинг яқинларига, хусусан, Музаффар домла Қосимовга ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Январь – “Араб тили ва балоғат фан ойлиги” муносабати билан талабалар ўртасида “Китоб – севимли дўст” шиори остида китобхонлик викторинаси ўтказилди.

Мазкур танлов шартига кўра, рўйхатда кўрсатилган китобларни мутолаа қилган талабалар ўртасида ўтказилган мусобақа ҳакамлар ҳайъат аъзолари томонидан юқори баҳоланди.

Унинг якунида ғолиб деб топилган тўрт нафар китобхон талабага ноутбук, планшет ва телефон каби қимматбаҳо совғалар тақдим этилди. Шунингдек, викторинада фаол қатнашган талабалар ҳам эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Якуний натижага кўра ўғил болалар орасидан қуйидаги талабалар ғолиб деб топилди:
1-ўрин: Мухтаров Исроилжон – ноутбук;
2-ўрин: Зикряев Ҳожимурод ва Икромжонов Абубакр – планшет;
3-ўрин: Исмоилов Абдулазиз – телефон.

Аёл-қизлар ўртасида эса қуйидаги талабалар ғолиб бўлди:
1-ўрин: Муротова Нодира – ноутбук;
2- ўрин: Солиева Муслима – планшет;
3- ўрин: Зиннура Наимова – ошхона жиҳози;
4- ўрин: Баракаева Моҳибону – ошхона жиҳози;
5-ўрин: Мухаммадназирова Ҳусния – ошхона жиҳози.

Тошкент Ислом институти Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 4-8 февраль кунлари Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳрида 29-халқаро Қуръони карим мусобақаси бўлиб ўтади. Унда 58 та араб ва ислом давлатларидан 108 нафар қори иштирок этади.

Куни кеча ушбу мусобақада Ўзбекистон номидан иштирок этиш учун Тошкент шаҳар “Мирбобо ота” жоме масжиди имоми ноиби Аълохон қори Нуриддинов Миср Араб Республикасига жўнаб кетди. Аълохон қори Осим қироатининг Ҳафс ва Шўъба ривоятларида Қуръони каримни ўқиш ва ўқитиш бўйича ижоза соҳибидир.

Мусобақа қуйидаги 4 йўналишда ўтказилади:
– Қуръони каримни тажвид қоидаси асосида тўлиқ ёдлаш билан бирга Каломуллоҳнинг луғавий маъноларини ҳам билиш;
– Қуръони каримни тўлиқ ёддан тиловат қилиб бериш билан бирга Каломуллоҳ маъноларининг таржимаси ва унга оид илмларни тадбиқ этиш қоидаларини билиш;
– Қуръони каримни етти хил қироатда ёддан ўқиб бериш ва мазкур қироатлар қоидаларини билиш;
– Қуръони каримни тажвид қоидаси асосида ёддан ўқиб бериш.

Аллоҳ таолодан қоримизга нуфузли мусобақада муваффақият ва омадлар тилаб қоламиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими

 

Ўз соҳасида тинимсиз меҳнат қилиб, ташкилот ва юрт равнақига муносиб ҳисса қўшаётган ходимларни рағбатлантириш, уларнинг саъй-ҳаракатларини муносиб тарзда мукофотлаш, уларнинг кучига куч, шижоатига шижоат қўшади. Келажакда уни яна унумли ва самарадорроқ ишлашига туртки бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида ҳам бугунги кунда дин йўлида хизмат қилиб келаётган соҳа ходимларини муносиб рағбатлантириш доимий тарзда йўлга қўйилган.

Хусусан, яқинда “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси Мударрислар Кенгашининг йиғилиши хулосасига кўра, 2021–2022-ўқув йили давомида таълим сифатини яхшилашда фаоллик кўрсатган, бўлим бошлиғи Камолиддин домла Раимов номзодини ўзи истаган хориж давлатига саёҳат учун юбориш таклифи маъқулланди.

Камолиддин домла ўзига берилган имкониятдан фойдаланиб, Саудия Арабистонига умра сафарига боришни ихтиёр этди. У кишининг сафар сарф-ҳаражатлари “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси томонидан қопладиган бўлди.
Куни кеча Камолиддин домла Раимов муборак сафарига жўнаб кетди.

Ҳар қандай ташкилоту идорада йўлга қўйилган бундай рағбат унинг тараққий этишига хизмат қилади, иншааллоҳ.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top