muslim.uz

muslim.uz

الجمعة, 06 كانون2/يناير 2023 00:00

Саховат аҳлига саломлар бўлсин

Бугун, 28 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раиси Афзал Ирматов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда бугунги кунда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида хорижга ишга кетаётган юртдошларимизга борадиган мамлакат қонунчилиги, анъаналари ва одоб-ахлоқ нормалари, турли зарарли иллат ва ёт ғоялар таъсиридан ҳимояланиш, экстремизм ва терроризмга қарши хабардорликни оширишга қаратилган учрашув ҳамда давра суҳбатлари ташкил этаётгани фуқароларимиз учун манфаатли бўлаётгани таъкидланди.
Учрашув чоғида Муфтий ҳазратлари хорижда ишлаётган юртдошларимиз доимий Диний идора эътиборида эканини таъкидлаб, жорий йил давомида ҳам таниқли уламоларимиз бир неча чет давлатлар, хусусан, АҚШ, Россия. Жанубий Кореяда бўлиб, у ерда меҳнат қилаётган ватандошларимиз билан диний-маърифий суҳбатлар қилиб, кўплаб эътирофларга сазовор бўлганлигини алоҳида қайд этдилар. Шу билан бирга бундай ташкилий ишларга эҳтиёж катта экани ва бунинг учун агентлик билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва фуқароларимиз манфаати учун кўплаб ишлар қилиш лозимлигини билдирди.
Мулоқот давомида кейинги йилларда Давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан меҳнат мигрантларимизга алоҳида эътибор қаратилиб, уларга зарур ёрдамлар кўрсатилаётгани, ҳар доим улар ўз ҳукумати ёрдамини ҳис қилиши учун барча чоралар кўрилаётганини таъкидлади.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раиси Афзал Ирматов ҳам ўз сўзида Диний идора билан ҳамкорликда ташкил этилаётган амалий чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этишини қайд этиб, бу ҳамкорликнинг ривожи меҳнат мигрантлари фаровонлигига хизмат қилишини қўшимча қилди.
Учрашув сўнггида Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бугун, 27 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Тошкент шаҳридаги Уруш ва меҳнат фахрийлари учун Республика пансионатига ташриф буюриб, хайрия тадбирида иштирок этдилар.

Маросим Қуръони карим тиловати ва эзгу дуолар ила бошланди.

Файзли даврада Муфтий ҳазратлари улуғ ёшдаги отахон ва онахонларга катта эътибор бўлаётгани, уларга ҳукуматимиз томонидан кўп ғамхўрлик кўрсатилаётганини сўзлаш баробарида уларнинг панду насиҳатлари ила ҳаётимиз қут-баракага тўлиши, ёшларимизни маънавий баркамол инсон этиб тарбиялашда катта ибрат эканларини қайд этдилар.

Шунингдек, Муфтий ҳазратлари сўзларида давом этиб, динимиз кексаларни эъзозлашга буюриши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичикларга раҳм-шафқат қилмаган ва кексаларимизни қадрларини билмаганлар биздан эмас” , дея марҳамат қилганларини баён этдилар.

Тадбирда пансионат директори юртимизда уруш ва меҳнат фахрийларига алоҳида ғамхўрлик кўрсатилиб, уларга кенг имкониятлар берилаётганини таъкидлаб, ушбу жойдаги яратилган шарт шароитлар ҳақида сўзлаб берди.

Пансионатда истиқомат қилаётган табаррук 95 ёшдаги муҳтарама онахон яратилган шароитлардан беҳад мамнун эканларини изҳор, этиб мана шундай улуғ савобли ишларга бош бўлган Давлатимиз Раҳбари ва барча мутасаддиларнинг ҳақларига чин юракдан дуолар қилдилар.

Хайрия тадбири асносида отахон ва онахонлар Муфтий ҳазратларига ўз миннатдорлигини билдириб, дуолар қилдилар.

Тадбир давомида уруш ва меҳнат фахрийларига зарур жиҳозлар улашилди ҳамда эҳсон дастурхони ёзилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Айни куз-қиш мавсумида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратларининг ташаббуслари билан Самарқанд вилоятидаги Ҳадис илми мактабига муқобил электр энергия билан таъминловчи “EASTERN LION” электрогенератор қурилмаси тақдим этилди.

Бу ўз навбатида, мактабда ўқув жараёнларининг узлуксизлигини таъминлаб, олиб борилаётган таълим сифатини янада оширишга хизмат қилади, иншоАллоҳ.

Муфтий ҳазратларининг мазкур хайрли ташаббуслари юртимизда энергия соҳасида олиб борилаётган тадбирлар билан ҳамоҳанг бўлиб, келгусида илм масканидан исломий, хусусан, ҳадис илми бўйича етук мутахассислар етишиб чиқишига муҳим ҳисса бўлади, иншоАллоҳ.

Шунингдек, айни кунларда республикадаги тўртта масжидда ана шундай қуёш панелларини ўрнатиш режа қилинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الأحد, 25 كانون1/ديسمبر 2022 00:00

Мусибат етган хонадонга кўмак берилди

Инсон дунёда турли хил синовларга дуч келиши мумкин. Аллоҳ таоло қайси бир бандасига бериб, кимнидир маҳрум қилиб синайди.

Яқинда 18 декабр куни Тошкент шаҳар Олмазор туманида “Қорасарой” маҳалласида яшовчи Латиповлар хонадонида ёнғин келиб чиқиши натижасида уй эгалари катта зиён кўрди: турар жой биноси тўлиқ ёниб кетди. Ҳайриятки, хонадоннинг икки оила аъзоси 5 нафар ёш фарзандини қутқариб қолишга муваффақ бўлишди.

Мазкур воқеадан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари чуқур қайғуга тушиб, мазкур хонадонга тезда ёрдам бериш бўйича топшириқ бердилар. Хусусан, кеча жума намозида бир неча масжидда имом-хатиблар ҳомийларни жалб қилган ҳолда 74 миллиондан зиёд маблағ жамланиб, жабр кўрган оилага етказилди.

Таъкидлаш жоиз, бир мусулмоннинг бошига тушган қайғуни аритишни Пайғамбар алайҳиссалом суннати, ўгитлари деб билган доно халқимизнинг саховатпешалик, мурувватлилик хислатлари таҳсинга сазовор. Зеро, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бир машаққатни аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади”, деб марҳамат қилганлар.

Шу ўринда азиз юртдошларимизга яна бир бор илтимос қилган бўлардикки, иссиқлик манбаларидан фойдаланишда ҳар биримиз, аввало, ўз ҳаётимиз, кишилар ҳаётини сақлаш, қолаверса, моддий мулкларимиз хавфсизлиги учун ёнғин келиб чиқишининг олдини олишга қатъий эътибор қаратишимиз, ёнғин хавфсизлиги талабларига тўлиқ риоя этишимиз зарур. Акс ҳолда ўзимиз, шунча меҳнат билан топган моддий бойлигимизга, уй-жойимизга зиён етиши мумкин, Аллоҳ сақласин!

Аллоҳ таоло барча бандаларини бундай офатлардан Ўз паноҳида асрасин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар билан ишлаш бўлими

Янгиликлар

Top