muslim.uz

muslim.uz

الثلاثاء, 14 حزيران/يونيو 2022 00:00

Фарзандларимизни ёт ғоялардан асрайлик!

Бугун фаровон ва тўкин ҳаётда яшаётганимиз учун Аллоҳ таолога қанча шукр қилсак – шунча кам. Табиийки, ҳаётимизни жуда осонлаштираётган воситаларнинг фойдалари кўп. Бироқ танганинг иккинчи томони ҳам борлигини унутмаслигимиз керак. Гап шундаки, бугун турли ғаразли кучлар ахборот технологиялари орқали фарзандларимизни ёт ғоялар домига тортмоқда.

Ана шундай ёт ғоялардан бири, шубҳасиз, ўзларини салафий деб номлаган сохта салафилардир. Бу оқим XVIII асрда яшаган наждлик Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг мутаассибона ғояларига таянади. У эса, аслида, илк экстремистик ташкилот – хорижийлик ақидасидир.

Шунга кўра, улар наздида, мусулмонлар учун ҳақиқий нажот Қуръон ва ҳадисни маҳкам тутиш бўлиб, ҳар қандай кўринишдаги мазҳаб бу мақсадга эришишда халақит беради.

Улар шу тариқа барча мусулмонларни Қуръон ва ҳадисни ўрганиб, ўз ақли ва иқтидори доирасида амал қилишга, ижтиҳод қилишга чақиради. Имом Аҳмаднинг: “Ким динда тақлид йўқ деса, Аллоҳ ва Унинг расули олдида фосиқдир. Унинг сўзи суннат ва салафи солиҳлар қарашларини рад қилишдир”, – деган таърифи, бизнингча, ушбу қарашга ўринли раддия ҳисобланади.

Абу Бакр Ҳаравийнинг ёзишича, инсонлар динда ё муқаллид (тақлид қилувчи) ва ё мужтаҳид бўлади. Бунда илми йўқ олимларга тақлид қилади,  билмаганини олимлардан сўраши ва шу орқали уларга тақлид қилиши фарз ҳисобланади.

Инсонлар ақли, ҳаётий тажрибаси турфа экани эътиборга олинса, бунинг натижасида инсонлар орасида қарама-қарши фикрларнинг кўпайиши ҳолатларини идрок этиш мумкин бўлади.

Энг муҳими, фиқҳий мазҳаблар натижасида қонли ихтилофлар вужудга келмайди, аммо ушбу тоифа хатти-ҳаракатлари кенг маънодаги зўравонликлар ва ҳатто қонли тўқнашувлар учун сабаб бўлиши мумкин.

“Сохта салафийлар” қаерга қадам босмасин, ўша ерда жаҳолат, ихтилоф ва ташвишлар илдиз отади. Зеро, уларнинг йўли Аҳли сунна вал жамоанинг ҳам, саҳобалар ва тобеинларнинг ҳам йўли эмас.

Муҳаммад Сиддиқ Ҳасан Қиннавжий “сохта салафийлар” ҳақида ўзининг “Тақлидул аимма” асарида бундай ёзади: “Ҳозирги кунда бир риёкор ва шуҳратпараст гуруҳ пайдо бўлди. Бу гуруҳ аъзолари ўзларини энг тақводор ҳисоблаб, бошқаларни мушрикликда айбламоқда. Аслида, уларнинг ўзи энг мутаассиб ва динда чуқур – ғулув кетганлардир. Уларнинг иши диндан эмас”.

Сохта салафийларнинг кирдикорлари шу қадар кўпки, уларнинг кеча пайдо бўлган ишлари бугунга, бугунги ишлари эса эртага тўғри келмайди. Кундан кунга янгидан-янги фитналарни ўйлаб топиб, мўмин-мусулмонлар ўртасида низо чиқаришга тиришадилар.

Сохта салафийларнинг ёшлар онгини заҳарлаш мақсадида ўйлаб топган фитналари қуйидагиларда намоён бўлади:

1) мазҳабларни инкор қилади. Мазҳабсизлик ғояси кўпчилик ғўр ёшларнинг адашиши, ёт ғоялар таъсирига тезроқ тушиши эҳтимолини кучайтиради;

2) ўзларига эргашмаганларни “кофир” санайди. Динимизда 99 амал куфрга, биргина амал имонга далолат қилса, имонга ҳукм қилинади. Бу тоифа вакиллари эса бу ишнинг зиддини қилади. Ўзининг ғояси Аллоҳ ҳузурида энг мақбул ва маъқул эканига аниқ далил бўлмагани ҳолда, қабул қилмаганларни кофир, деб аташ улкан адашиш ва чуқур илмсизлик ҳисобланади;

3) жамиятни иккига: “мусулмон” ва “динсизлар”га ажратади. Бу билан динлараро адоват уйғотишга, жамиятларни нотинч қилишга уринади;

4) бошқа дин вакилларига муросасиз ва ҳатто шариат ҳукмларини улар ўйлагандек тўлиқ бажармаётган мусулмонларга нисбатан ҳам зўравонлик сиёсати олиб боради. Расулуллоҳ “Ла илаҳа иллаллоҳ”, деган инсонни ўлдирган Усома ибн Зайдни қаттиқ танқид қилганлар. Шунда Усома: “Энди ҳеч қачон “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кишини ўлдирмайман”, – деб ваъда берган.

Шу ва шунга ўхшаш динимиз таълимотига мутлақо зид гапларни ёшлар орасида тарқатаётган сохта салафийлар Аллоҳ таолонинг: «Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир» (Бақара сураси, 191-) ояти каримасини билишармикин?! Ваҳоланки, улар фақат ояти карима ва ҳадиси шарифга амал қиламиз, деб даъво қилишади-ку!

Бугун юртимизда диний-маърифий соҳага берилган эркинларни суиистеъмол қилаётган бузғунчи, ғаразли кимсалар масжидларга кириб, атайин сафда оёқлар орасини кериб, намозхонларнинг жиғига тегишмоқда. Аслида диёримизда асрлар оша ҳанафий мазҳабига амал қилиб келинган.

Машҳур аллома Абдулҳай Лакнавий ўзининг “Мажмуатул фатово” китобида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирган: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеий ҳам, ҳанбалий ҳам, моликий мазҳаби ҳам тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи, ижтиҳод даражасига етмаган кишиларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади”.

Хулоса қилиб айтганда, бугун биз ёшларимизни турли ёт ғоялар таъсиридан асрашимиз шарт. Чунки динимиз таълимотида ҳар биримиз қўл остимиздагиларга масъул ва мутасадди эканимиз баён этилган. Шундан экан, келажак авлодни фитналардан, сохта салафийларнинг кирдикорлридан асрайлик!

 

Эшмурод АХБЎТАЕВ,

Сергели тумани бош имом-хатиби

الثلاثاء, 14 حزيران/يونيو 2022 00:00

Астраханда яшил масжид очилди

Шу йил 10 июнь куни Менжинский кўчаси, 90-уйда жойлашган Астраханда Яшил масжид очилди. Ушбу ҳудуд собиқ Царевская Слобода номи билан танилган ва инқилобдан олдин 8-масжид деб номланган диний бинонинг ўзи бой ва жуда қизиқарли тарихга эга.

Islam.ru хабарига кўра, Яшил масжид деярли юз йил давомида ўша пайтдаги кўплаб ибодатхоналар сингари 1938 йилда ёпилгунга қадар мўмин мусулмонларни маънавий жиҳатдан жалб қилиш маркази бўлиб келган эди. Бинони маданий ва ижтимоий эҳтиёжлар остига берилди. Кўп йиллар давомида 2012 йилда уни қайта қуриш бошлангунга қадар масжид бошқа мақсадларда ишлатилган.

Ташаббускорлар маҳаллий аҳоли бўлди. Қайта тиклаш учун маблағлар, анъанага кўра, мазҳабга мансублигидан қатъий назар, ҳамма томонидан тўпланган.

Шунингдек, катта қўллаб-қувватлашни кўрсатган ҳомийлар ҳам топилди. Ва бугунги кунда Яшил масжид ибодат учун биринчи мусулмонларни қабул қилмоқда. Айтганча, у тахминан 250 кишини сиғдиради.

Узоқ кутилган воқеани нишонлашда Астрахан вилояти губернатори Игорь Бабушкин, Россия Олий муфтийси, Россия мусулмонлари марказий диний идораси раиси Талгат Тажуддин ва Астрахан вилояти мусулмонлари минтақавий диний идораси раиси Рауф Джантасовлар мўмин мусулмонлар билан бирга бўлишди.

"Барчангизни Яшил масжиднинг очилиши билан табриклайман. Бу бой тарихга эга ва мусулмонлар учун катта аҳамиятга эга. Ишончим комилки, у маънавий маърифат ва исломнинг асл қадриятларини тарқатиш марказига айланади, шунингдек минтақамизда динлараро ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилади", - деди Игорь Бабушкин.

Вилоят раҳбари совға сифатида Яшил масжид имом-хатиби Зинур Самигулинга Қуръони Каримни совға қилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الثلاثاء, 14 حزيران/يونيو 2022 00:00

Комил мўминнинг нишонаси

Инсоннинг ҳар бир аъзосининг алоҳи­да вазифаси бор. Масалан, кўзнинг ва­зи­­фаси кўриш, қулоқнинг вазифаси – эшитиш, тилнинг вазифаси – сўзлаш ва қалбнинг иши севишдир.

Қалб ё Аллоҳ таолони севади ёки У зотнинг махлуқларини яхши кўради. Банданинг қалбида ё охират муҳаббати ёки дунё муҳаб­бати бўлади. Охиратнинг муҳаббати билан қалб яхшилик­ларга шошади. Дунё муҳаббати эса, ҳадиси шарифда бундай таърифланган:

حُبُّ الدُّنْيَا رَأْسُ كُلِّ خَطِيئَةٍ

яъни “Дунё муҳаббати ҳамма ёмонликларнинг бошидир” (Имом Байҳақий ривояти).

Уламоларимиз ушбу ҳадиснинг шарҳини бундай баён қилганлар:

وَ تَرْكُهَا مِفْتَاحُ كُلِّ فَضِيْلَةٍ

“Дунёнинг муҳаббатини (қалбдан) чиқа­риш ҳар бир фазилатнинг калитидир”. Яъни, дунё муҳаббатини қалбдан чиқариб ташлаш ва Аллоҳ таолонинг муҳаббатини қалбга жойлаш мукаммал мўминликдан далолатдир.

 

Шайх Зулфиқор Аҳмад

НАҚШБАНДИЙ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Нуриддин домла ҳазратлари

Янгиликлар

Top