muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Жорий йилнинг 13-14 сентябр кунлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида икки йилда бир марта ўтказиладиган “Замонавий дунёда диний қадриятлар” номли II-халқаро диний форум бўлиб ўтмоқда.

Халқаро форумда Яқин Шарқ, Форс кўрфази минтақаси, Африка, МДҲ давлатларининг диний ташкилот вакиллари ва Россиянинг турли ҳудудларидан уч юзга яқин соҳа мутахассислари иштирок этди.

Шунингдек, бу йилги форумни нафақат илоҳиётшунослар, балки кўплаб олий ўқув юртлари ўқитувчилари, дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, миллий-маданий автономиялар ва турли миллат диаспора раҳбарлари, олимлар ва экспертлар, сиёсий арбоблар ҳамда форумга катта қизиқиш билдирган 200 нафар талаба ҳам онлайн тарзда кузатиб борди.

Халқаро анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Уйғун домла Ғофуров ҳам иштирок этди.

Форум доирасида илмий ва диний мулоқотлар ташкил этилди. Унда диний таълимотларнинг асосий мақсади тинчлик, илм ва маърифат тарқатиш экани таъкидланди.

Шунингдек, ўзаро алоқаларни яхшилаш, зўравонликнинг ҳар қандай кўринишини қабул қилмаслик, диний ва маънавий-ахлоқий муаммоларни назорат қилиш муҳимлиги ҳам қайд этилди. Халқаро анжуман давомида анъанавий динлар ўртасидаги муносабатларни яхшилаш, муаммоларни аниқлаш, дунёдаги этник-диний вазиятни уйғунлаштириш механизмларини яратиш, экстремизмга қарши курашиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама этилди.

Форум якунида муҳокама этилган мавзулар юзасидан амалий чора-тадбирлар кўришга келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Обидхон Икрамов,
Наманган вилоят бош имом-хатиби ўринбосари

الخميس, 14 أيلول/سبتمبر 2023 00:00

Даврий нашрларга обуна бошланди

“Обуна–2024

 Хайрли, савоб ишларнинг тури кўп. Ҳар бирининг ихлос ва самимиятга қараб ажри бор, савоби бор. Илло, маърифат улашишнинг, мўмин-мусулмонларнинг хонадонларига зиё киритишнинг савоби жуда катта.

Таҳлилларга кўра, бир дона босма нашрни бир кишидан ўн кишигача мутолаа қилар экан. Мисол учун, биргина “Ҳидоят” журнали бугунги кунда 86 минг нусхада чоп этилаётган бўлса, демак, 860 минг киши ўқийди дегани. Бу яхши, албатта. Бироқ аҳолисининг 95 фоиздан ортиғини мусулмонлар ташкил қиладиган юртимизда мазкур нашрнинг адади янада кўпайса, мақсадга мувофиқ бўлади, иншоаллоҳ.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйининг “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасига 2024 йил учун обуна мавсуми бошланди.

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакиллиги мажлислар залида “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасига 2023 йил учун обуна мавсумида фаоллик кўрсатган, мазкур нашрларга энг кўп обуна уюштирган туманлар бош имом-хатиблари совғалар билан тақдирланди.

– Камтарона хизматимиз эътироф этилиб, мукофот билан тақдирланганимиз учун Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин, – дейди Норин тумани бош имом-хатиби Камолиддин домла Ҳамроқулов. – Иншоаллоҳ, келгуси йил учун ҳам обунани уюшқоқлик билан ташкил этамиз. Бу жараёнда туманимиздаги имомларнинг хизмати катта.

Шу билан бирга, йиғилишда мазкур нашрларга 2024 йил учун обуна мавсуми бошлангани, мўмин-мусулмонларнинг маърифатини янада юксалтириш, уларга муқаддас динимизнинг соф таълимотини етказишда “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасини қимматли нашрлар экани айтиб ўтилди.

Тадбир сўнгида хайрли дуолар қилинди.

“Тафсир” рукни остида Каломуллоҳ оятлари маъноларини ўқиб-уқишни, “Ҳадис шарҳи” орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак насиҳатларидан баҳраманд бўлишни, “Саҳобалар ҳаёти”ни мутолаа қилиб саодат асрига саёҳат қилишни, “Масала” рукнида долзарб ва муҳим савол-жавобларни ўрганишни, “Аслида қанақа?” рукнида ҳар бир воқеа-ҳодисанинг асл моҳиятини билишни, яна бошқа кўплаб мавзуларда энг ишончли маълумотларга эга бўлишни истасангиз, “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасига обуна бўлишга шошилинг!

Жорий йилнинг 12-15 сентябрь кунлари Малайзия пойтахтида жойлашган халқаро савдо ва кўргазмалар марказида бўлиб ўтаётган “MIHAS-2023” Халқаро ҳалол маҳсулотлари кўргазмасида Ўзбекистон элчихонаси кўмагида республикамизнинг маҳаллий корхоналари вакиллари иштирок этмоқда, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.

Халқаро ҳалол маҳсулотлари кўргазмаси (Malaysia International Halal Showcase – MIHAS-2023) ҳалол маҳсулотлар саноатида дунёдаги энг йирик тадбир бўлиб, 2004 йилдан бери ҳар йили Малайзия пойтахтида ўтказиб келинади. Ушбу кўргазма ташкилотчиси – Малайзия савдо ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Халқаро савдони ривожлантириш корпорацияси (MATRADE).

Ушбу тадбирда ҳар йили 40 дан ортиқ мамлакатлардан 1000 га яқин компаниялар, 80 дан ортиқ мамлакатлардан 25 минг киши иштирок этади. Мазкур йилда кўргазмада 43 мамлакатдан 549 та компания ва 64 мамлакатдан 16,5 минг киши иштирок этмоқда.

“MIHAS-2023” очилиш маросимида Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим иштирок этди. Тадбир давомида иштирокчилар “ҳалол” саноатидаги янги йўналишлар ва тенденциялар билан танишдилар.

Тадбир иштирокчиларига мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти, маҳаллий маҳсулотларни хорижий мамлакатлар бозорларига чиқариш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва маҳсулотлар таннархини тушириш бўйича фойдаланилаётган халқаро транспорт коридорлари бўйича батафсил маълумотлар берилди.

Тадбир давомида Ўзбекистондан ташриф буюрган “Eclair”, “Elice” ва “Asia Premium Deluxe” компанияси вакиллари Малайзиянинг бир қанча ишлаб чиқарувчилари, шу жумладан “Imedikel Pharma Holding Berhad”, “RCAB food ventures Sdn. Bhd.”, “Eramas Group”, “Mahkota”, “Quanterm Logistics Sdn Bhd”, “The Vida World Sdn Bhd” ва “Matase Sutera” компаниялари билан музокаралар олиб бордилар. Унда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни Малайзия бозорига экспорт қилиш ва Малайзия ишлаб чиқарувчи компанияларини республикамизда инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Кўргазмада иштирок этаётган Малайзиянинг “Imedikel Pharma Holding Berhad”, “RCAB food ventures Sdn. Bhd.”, “Makhota Detergent” ва “The Vida World Sdn Bhd” компаниялари Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқишга қизиқиш билдирдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

الخميس, 14 أيلول/سبتمبر 2023 00:00

Роналду Марокашга ёрдам кўрсатди

Жаҳон футболи юлдузи Криштиану Роналдуга тегишли Марокаш меҳмонхонаси зилзила қурбонларини текин қабул қилди, деб хабар берди испаниялик сайёҳ “Canal 24 Horas” телеканалига берган маълумотида.

Жабрланганлар бошпанасига айланган 38 ёшли футболчининг 4 юлдузли “Pestana CR7 Marrakech” меҳмонхонаси Марокаш аэропортидан беш километр узоқликда жойлашган.

“Биз Марокашнинг янги ҳудудига боришимиз керак эди, у ерда кўпроқ, айтганда, ҳашаматли меҳмонхоналар мавжуд. Энди биз чеккада жойлашган Криштиану Роналду меҳмонхонасини хона билан таъминлашга кўндира олдик”, - деди Ирен Сеихас.

Бунгача сайёҳлар мамлакатни тарк этиш йўлини топиш муаммосига дуч келган. Улар самолёт чипталарининг аксарияти сотилиб кетганини, қолганлари эса минг евро атрофида эканлигини пайқади.

Маълумот учун, Роналдо Пестана тармоғи билан бирга бешта меҳмонхонага эгалик қилади. Марокаш меҳмонхонасида 174 та хона бор. Шунингдек, унда фитнесс маркази, ресторан ва очиқ бассейн мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, 9 сентябрь куни эрталаб Марокашда 7,2 магнитудали зилзила содир бўлган эди. Бу сўнгги 120 йилдаги энг ҳалокатлиси бўлди.
Ушбу офат натижасида 2 012 киши ҳалок бўлди, яна 2059 киши турли даражадаги оғирликдаги жароҳатлар олди. Қутқарув гуруҳлари иши давом этмоқда. Марокаш қироллигида уч кунлик миллий мотам эълон қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top