muslim.uz

muslim.uz

Фарзанд ҳаётимиздаги энг катта неъматлардан биридир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Агар ораларингизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганда эди, бошингизга балолар ёмғирдек ёғилар эди".

Демак, орамизда ёш болаларнинг борлиги бу барчамиз учун Аллоҳнинг раҳмати экан. Буни асло унутмаслигимиз лозим.

Умму Холид ёшлигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига боргани ҳақида сўзлаб беради. У Ҳабашистондан отаси билан бирга келган ва эгнига сариқ рангли кўйлак кийганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўриб: "Сана, сана (Ҳабашистон лаҳжасида "яхши" деган маънони англатади)" дедилар сўнгра қизалоқ билан кулишиб, ҳабаш лаҳжасида гаплашдилар. Чунки қизалоқ Ҳабашистонда туғилгани учун фақат шу лаҳжада гаплаша оларди.

Қизалоқ жажжи қўлларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўйлакларининг орқасига киритиб, чап куракларининг устки қисмидаги кабутар тухумидек келадиган пайғамбарлик муҳрини ўйнай бошлади. Буни кўрган қизалоқнинг отаси қаттиқ танбеҳ берди. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Уни тинч қўй!" дедилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қўлларини кўтариб унинг ҳаққига: "Кўйлакингни кийиб, эскиртиравергин, Аллоҳ ўрнига бераверсин. Кийиб, эскиртиравергин, Аллоҳ ўрнига бераверсин" деб дуо қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари сабабли ўша қизнинг умри узун бўлди. Эскиргунича чиройли кийимларни киярди, кейин янада чиройлисини сотиб оларди.

Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кичик болага қандай муносабатда бўляптилар. Жажжи қизалоққа қанчалик меҳрибонлик кўрсатдилар. Болаларнинг қизиқувчанлиги, ўйинқароқлигини яхши билганлар ва шунга муносиб жавоб қайтарганлар. Биз ҳам бундан ўзимизга ўрнак олишимиз керак. Зеро, бу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болаларга нисбатан муомаларига оид суннатлари, хулқларидан биридир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларни алоҳида ҳурмат қилардилар

Жамиятда инсонларнинг аксарияти болаларни четга суришади. Айтайлик, улар бирор нарса сотиб олмоқчи ёки сотмоқчи бўлишса, сотувчи ҳам, сотиб олувчи ҳам уларга эътибор бермайди. Ҳеч ким уларга аҳамият бермайди, гўёки уларнинг қўлидан ҳеч қандай иш келмайди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир болага алоҳида аҳамият берардилар.

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сув келтиришди. У зот алайҳиссалом ундан ичдилар. Набий алайҳиссаломнинг ўнг томонларида 10 ёшлик Ибн Аббос, чап томонларида эса Абу Бакр Сиддиқ ва яна бошқа катта саҳобалар розияллоҳу анҳум ўтиришган эди. Аслида ичимлик ичишни ўнг томондан бошлаш суннат саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга қараб: "Буни Абу Бакрга узатишимга изн берасанми?" деб рухсат сўрадилар. 10 яшар Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: "Ҳаргиз ундай қила олмайман. Сиздан бўлган насибамни бирор кишига раво кўрмайман. Мен Сиздан кейин ичишни истайман", деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини болакайнинг қўлига қўйиб, бу нарса унинг ҳаққи эканлигини билдириб қўйдилар. Яъни болакай ёш бўлишига қарамай ўз навбатида сув ичди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болалар билан мулоқотдаги услублари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болалар билан шундай гаплашар эдиларки, улар ўзларини худди катталардек ҳис этишарди. Аммо айрим одамлар болалар билан кулгили товушлар чиқариб ўйнашади. Баъзан кўчадаги болалар билан ҳам уларнинг жиғига тегиб, ўзлари қочиб кетмагунча ҳазиллашадилар. Ҳатто 10 ёшар болани юзларини чимчилаб худди гўдакка ўхшаб кулишини кутамиз. Бундай эркалашларда бола ўзини катталардек ҳис қилмайди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос билан суҳбатлашганда, унга нималарни айтганларини биласизми? У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Эй болакай! Мен сенга калималарни ўргатаман. Аллоҳни(нг буйруғу қайтариқларини) муҳофаза қилгин, шунда У Зот сени муҳофаза қилади. Аллоҳни муҳофаза қилсанг, У Зотни рўпарангда топасан. Сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан сўра. Кўмак истамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан иста. Билки, агар бутун уммат (маҳлуқотлар) сенга бирор манфаат бериш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини бера олмайди. Агар уларнинг ҳаммаси сенга бирор зарар етказиш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини етказа олмайди».

Ушбу муборак ҳадис Ибн Аббос розияллоҳу анҳу орқали бизгача етиб келди. Бу гўзал сўзларни Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тинглаганларида бор йўғи 9 ёшда эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хато қилган болаларга муносабатлари

Ҳеч шак-шуҳбасиз, ҳар қандай ёш бола хато қилади. Баъзан нотўғри иш қилади. Ахир у бола-ку. Аммо кўпчилигимиз болаларнинг хатосини қабул қила олмаймиз. Фарзандимиз ёки бошқаларнинг фарзандининг хатоларидан қаттиқ ғазабланамиз. Баъзилар ҳатто фарзандини калтаклайди, уради. Аммо, унутмангки! Аллоҳ тоало ёш болаларни ҳисоб-китоб қилмайди.

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмо дарахтига тош отаётган болаларнинг олдидан ўтиб қолдилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Болаларим, дарахтга тош отманг! Чунки бу билан дарахтга ҳам, одамларга ҳам зиён етказасиз. Лекин ерга тушган хурмоларни териб, енг. Аллоҳ сизнинг қорнингизни тўйдирсин", дедилар.

Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал хулқни ўргатдилар, ёмонликдан қайтардилар ва уларнинг ҳақига дуо қилдилар.

 

Аллоҳ таоло сизни яхши кўради

Фарзандларимизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни хулқларини, суннатларини ўргатсак, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриб қоладилар. Бу барчамизнинг вазифамиздир. Бунинг учун аввало ҳар биримиз амалда ўрнак бўлишимиз талаб этилади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади” (Оли Имрон сураси, 31-оят).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Ягона олимпиада ҳар йил Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқотлар бўлими томонидан республикадаги 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг битирувчи курс талабалари ўртасида ўтказилади.

Бугун, 1 июнь куни ушбу олимпиада Тошкент ислом институтида бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Диний идора Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов, Дин ишлари қўмита Диний-маърифий таълим муассасалари билан ишлаш бўлими ходими Элёр Алимқулов, институт ректори Уйғун домла Ғафуров ва бошқа мутасадди вакиллар, ўрта махсус ислом таълим муассасалари раҳбар ва ўқитувчилар, талаба-ёшлар иштирок этмоқда.

Тошкент ислом институти биносида “Ягона олимпиада” танловини акс эттирувчи баннерлар тайёрланди, ўқув биноси фойесида институт ҳаётини акс эттирувчи лавҳалар ҳамда китоблар ва хаттотлик кўргазмаси намойиши ташкил этилди.

Тафсилотларни кузатиб боринг!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун, 1 июн куни юртимизнинг бир гуруҳ таниқли ва воиз уламолари Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги масжидларга ташриф буюриб, пешин ва хуфтон намозидан сўнг мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбатлар қилиб беришади.

Қуйида уламолар ва намозларга бориладиган масжидлар рўйхати билан танишишингиз мумкин:

“Беш каппа” масжидига:
пешинга Ҳомиджон домла Ишматбеков;
хуфтонга Мансур домла Мансуров;

“Сирли” масжидига:
пешинга Абдулҳамид домла Жуманов;
хуфтонга Мирзоҳид домла Мирғоппаров;

“Невич” масжидига:
пешинга Муҳаммадраҳим домла Абдуқодиров;
хуфтонга Имомбой домла Ҳусниддинов;

“Бойқозон” масжидига:
пешинга Илҳомжон домла Мадалиев;
хуфтонга Рашид домла Рустамов;

“Кунгай” масжидига:
пешинга Раббимқул домла Муҳамадиев;
хуфтонга Миршавкат домла Тўйчиев;

“Новдак” масжидига:
пешинга Собиржон домла Рустамов;
хуфтонга Яҳёхон домла Бобохонов;

Аллоҳ таоло уламоларимизнинг суҳбатларини манфаатли ва давомли қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жидда шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

ЎзА хабарига кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг матбуот хизмати маълумотига кўра, меморандум имзолаш маросими “Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг роли” мавзусидаги халқаро семинар якунида бўлиб ўтди. Мазкур семинар 22-26 май кунлари Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси 19-доимий сессияси доирасида ташкил этилди.

Сессия ишида Ўзбекистон делегацияси раҳбари Мирзатилло Тиллабоев ва мамлакатимизнинг Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги доимий вакили иштирок этди.

Меморандум Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари М.Тиллабоев ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси раиси Хаджи Али Ачикгюл томонидан имзоланди.
Томонлар ушбу меморандум доирасида умумий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ўзаро ҳамкорликка тааллуқли масалаларни муҳокама қилиш учун мунтазам равишда маслаҳатлашувлар ўтказиш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қўшма тадбирлар, дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдилар.

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси раиси Хаджи Али Ачикгюл Меморандум инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида узоқ йиллар хизмат қилишини ва биргаликда фаолият юритиш учун энг мақбул механизм вазифасини бажаришини қайд этди. Ушбу ҳужжат Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари учун муносиб намуна эканини алоҳида таъкидлади.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг 19-халқаро сессиясида Ўзбекистон делегацияси томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот тақдим этилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг бу борадаги тизимли фаолияти, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, жумладан, инсон ҳуқуқлари соҳасида қабул қилинган янги қонунлар, инсон ҳуқуқлари таълими йўналишидаги Ўзбекистон тажрибаси ҳақида атрофлича сўзлаб берилди ҳамда тадбир мавзусидан келиб чиққан ҳолда бир қатор таклифлар билдирилди.

Сессия иштирокчиларига 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган инсон ҳуқуқлари бўйича мақсад ва вазифалари ҳақида ҳам батафсил ахборот берилди.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, жорий йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Глобал форумга Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси аъзолари томонидан катта қизиқиш билдирилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бу дунёда инсон яшар экан доимо юзи ёруғ бўлишига интилади. Айниқса, инсоннинг юзи қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида ёруғ бўлиши жуда ҳам муҳим. Мўмин-мусулмон ҳар доим дуосида “Эй Аллоҳ, икки дунёда юзимни ёруғ қил” деб дуо қилади ва шунга мувофиқ ҳаракат қилади.

Инсоннинг динда бидъат ишларни қилиши уни залолатга етаклайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизлар менинг ва тўғри йўлда юрувчи, ҳидоят топган хулафоларимнинг йўлини тутиб, уни озиқ тишларингиз билан тишлагандек маҳкам ушланглар. Динга янгиликлар киритишдан сақланинглар, албатта, ҳар қандай бидъат – залолатдир" – деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Ислом динида тафриқаларни юзага келтириш, турли хил оқимларга бўлиниш, тарафкашлик қилиш каби ишлар залолатга олиб борувчи бидъатлардир.

Залолат эса қиёмат куни инсоннинг юзини қора бўлишига сабабчи бўлади.  Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Баъзи юзлар ёруғ ва баъзи юзлар қораядиган Кун (қиёмат)ни эсланг..." (Оли Имрон сураси, 106-оят), деган оятни: "Аҳли сунна вал-жамоат"нинг юзи ёруғ бўлади, аҳли бидъат ва залолатнинг юзи қораяди" - деб тафсир қилганлар (Имом Молик, Имом Дайламий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни турли хил залолатлардан асраб, Ўзининг ҳақ йўлида бардавом қилсин!

 

Р. Акбаров,

Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими

Мақолалар

Top