Мақолалар

Ҳайз кўрган аёл видолашув тавофини қандай қилади?

Cавол: Аёл киши Видолашув тавофини қилмай туриб, ҳайз кўриб қолса, нима йўл тутади?

 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аёл киши Видолашув тавофи қилмасдан туриб ҳайз кўриб қолса, бунинг тафсилоти бор. Ундай аёл Макка бинолари жойлашган ҳудуддан чиқиб кетгандан кейин пок бўлса, Видолашув тавофи соқит бўлади. Қилмагани учун ҳеч қандай жарима ёки гуноҳ бўлмайди. Лекин Макка бинолари жойлашган ҳудуддан чиқмай туриб покланса, ортга қайтиб Видолашув тавофини қилиши вожиб бўлади. Бажармаса, жонлиқ сўйиши лозим.

Агар қачондир яна умра ёки ҳаж учун бориб, мазкур тавофни бажариб қўйса, уни тўлиқ адо қилган бўлади. Бу ҳолатда ҳеч қандай жарима ёки гуноҳ бўлмайди. Бу ҳақда фиқҳий манбаларда бундай дейилади:

“Ҳайзли аёл Макка биноларидан ажрашдан аввал пок бўлиб қолса, садар(видолашув) тавофини бажариш лозим бўлади. Агар Маккадан чиқиб кетгандан кейин пок бўлса, ортга қайтиб тавоф қилиш вожиб бўлмайди. Чунки бу аёл Макканинг уйларидан чиқиб кетган вақтда мусофир бўлади ва шунга биноан унинг зиммасига қайтиш ҳам, жонлиқ сўйиш ҳам вожиб бўлмайди” (“Иршодус сорий” китоби).

Бу маънодаги гаплар “Фатовои Оламгирия”, “Мавсуъатул фиқҳия ал-Кувайтия”, “Ғунятун носик” каби китобларда ҳам айтилган.

Видолашув тавофи мийқотдан ташқаридан келувчилар учун вожиб ҳисобланади. Унинг вақти Тавофи зиёратдан кейин бошланади. Агар Тавофи зиёратдан кейин нафл тавоф қилиб, гарчи Видолашув тавофи деб ният қилмаган бўлса ҳам, Видолашув тавофининг ўрнига ўтади. Агар ҳайз кўрган аёл Тавофи зиёратдан кейин ва уйига кетишидан аввал мана шундай нафл тавоф қилган бўлса, видолашув тавофи ўрнига ўтади.

Умрада Видолашув тавофи бўлмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

1136 марта ўқилди

Мақолалар

Top